Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин. Мусулмон киши Охиратда Аллоҳ азза ва жалланинг жаннатига киришга доимо муштоқ бўлиб яшайди, шунга қараб амал қилади ва Аллоҳдан жаннатига дохил қилишини ёлвориб сўрайди. Дўзохга тушишидан паноҳ сўрайди. Бугунги ҳадис шариф олдингилари каби Рамазон рўзаси фазилати ҳақида бизларга хабар беради. عن سَهْلِ بنِ سَعْدٍ السَّاعِدِي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلّم: «إنَّ في الجنةِ بَابًا يُقَالُ لَهُ رَيَّانُ، يَدْخُلُ مِنْهُ الصَّائِمُونَ يَومَ القيامةِ، لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، يُقَالُ: أين الصائمون؟ فَيَقُومُونَ، لاَ يَدْخُلُ مِنْهُ أَحَدٌ غَيْرُهُمْ، فَإِذَا دَخَلُوا أُغْلِقَ، فَلَمْ يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ». رواه البخاري ومسلم Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жаннатда «Райён» номли эшик бор. Қиёмат куни ўша эшикдан рўзадорлар киради. Улардан бошқа ҳеч ким у эшикдан кирмайди. «Рўзадорлар қаерда», деб айтилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким у эшикдан кирмайди. Рўзадорлар кириб бўлишгач, эшик беркилади. Қайтиб ҳеч ким ундан кирмайди». Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари. Ушбу ҳадис шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларга Аллоҳ таоло жаннатнинг махсус эшиги – Ройянни хослагани ҳақида хабар бермоқдалар. Араб тилида «Ройян» сўзининг маъноси – «сувни тўйиб ичган» деган маънони англатади. Ушбу эшикнинг «Ройян» деб номланиши ҳикмати шуки, банда бу дунёда чанқаган ва оч қолган ҳолда холис Аллоҳ учун рўза тутади. Охиратда ушбу чанқоқлик ва ташналик эвазига таом ва сувга тўйинганлик мукофоти билан тақдирланади. Аллоҳ азза ва жалла барчамизга қиёмат куни «Рўзадорлар қани?» деб чақирилганда ўрнидан туриб, рўзадорлар учун хос бўлган жаннатнинг Ройян эшигидан киришни насиб қилсин! Амин. Я Роббал аъламийн! «Ҳадис ва ислом тарихи» кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов 1 051
1941 йил II Жаҳон уруши бошлангач Совет Иттифоқи ҳудудида дин ва диндорларга бўлган муносабат ўзгарди. Бунгача 1917-18 йилдан буён босқичма-босқич дин ва диндорларга нисбатан зулм ва қатағон сиёсати юргизилди. Масалан, 1917-20 йилларда «Ҳужум» компанияси, «Худосизлар ҳаракатлари» диний муассасалар, масжид, мадрасаларни вайронага айлантирди. 1923 йили «Туркистон шароитида аксилдиний ташвиқот олиб бориш» резолюцияси қабул қилинди. 1925-32 йилларда Тошкентда очилган «Фан ва дин» журналида дин, эътиқод қораланди. 1937-39 йилдаги қатағонда Ўзбекистонда 43 000 киши қамалди, 6 920 нафари отиб ташланди. II Жаҳон урушида фашист Германияси Совет Иттифоқидаги атеистик сиёсатни қоралаб турли миллат ва дин вакиллари орасида тарқоқликни келтиришни кўзлади. В.Коларц «Совет Иттифоқида дин» китобида 1941 йил 22 июндаги воқеалар шўроларни динга қарши олиб бораётган тарғиботларни тўхтатишга мажбур бўлди, деб ёзади. Урушнинг аввалги ойларидаги катта йўқотишлар ҳукуматнинг мусулмонларга нисбатан узлуксиз давом этган таъқибларни барҳам беришга мажбур бўлди ва диндорларнинг ҳукуматни қўллашини кўзлади. Вазиятни яхши англаган Эшон Бобохон бошчилигидаги қардош республика уламолари 1943 йил 12 июлда СССР Олий Совети Президиумига Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини очиш таклифи билан расмий хат йўллайди ва шу йилнинг 31 июлида 55-қарор билан диний идора очишга рухсат олишади. 1943 йилдан буён ишлаб келаётган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний назорати 1992 йилдан Марказий Осиё республикаларининг ҳар бирида қайта ташкил этилиб, юртимиздагиси Ўзбекистон мусулмонлари идораси дея юритила бошлади. Манба «Ўзбекистон уламолари» китоби 1 206
Бир вақтлар жуда бой ва қўли очиқ Ҳотам исмли киши яшаб ўтган бўлиб унинг минглаб чорва ҳайвонлари кенг яйловларни тўлдирган эди. Ўз мол-мулкини ўзгалар билан баҳам кўришни ёқтирадиган бу кишининг Туман дақабли уқур қора оти бор эди. Туман шу қадар ноёб от эдики, ҳамма жойда унинг шамолдек елиб юриши ва бургут каби парвозининг донғи кетган эди. Ҳотам бу отини кўз қорачиғидек асраб-авайлар уни ҳеч нарсага алишмас эди. Кунларнинг бирида Ҳотамнинг сахийлиги ва отининг гўзаллиги султоннинг қулоғига бориб етди. Шунда султон бош вазирига: ”Мен Ҳотамни синаб кўрмоқчиман. Ундан севимли оти Туманни сўраб кўрайлик –чи, нима қилар экан”- деди. Эртаси куни султоннинг одамлари йўлга тушдилар. Улар Ҳотамнинг қишлоғига ёмғирли кечада кириб боришди ва унинг уйида меҳмон бўлдилар. Ҳотам меҳмонларни ҳаяжон билан кутиб олди. Унинг буйруғи билан дастурхон тузалди. Кабоблар ейилди. Меҳмонлар охорли ва чиройли тўшакларда ухладилар. Эртаси куни эрталаб султоннинг одамлари нима учун келганликларини айтганда, Ҳотам чуқур қайғуга ботди. Ва уларга шундай деди: “О, келган вақтингиздаёқ султоннинг буйруғини айтганингизда эди! От гўштини яхши кўришингизни биламан. Кеча тунда келганингизда об-ҳаво ёмон бўлганлиги сабабли сизларга кабоб тайёрлаш учун Тумандан бошқа ҳайвонни топа олмадик”. Ҳотамнинг сахийлиги икки дона эчки сўраб келганга кўп эҳсон қилган пайғамбаримизнинг сахийликларига ўхшайди. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сахийлик нима эканлигини қандай ҳам чиройли тушунтириб берганлар: السخي قريب من الله قريب من الجنة قريب من الناس بعيد من النار “Сахий киши Аллоҳга, одамларга, жаннатга яқин ва дўзахдан йироқдир” (Термизий, “Бирр” 40) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ваМуаттар Абдулқаюм таржимаси 1 118