Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – бутун жамиятнинг вазифаси. Тадқиқотлар аксарият жиноятчиларнинг шахси, дастлаб тарбиясизлик оқибатида шаклланишини кўрсатмоқда. Шубҳасиз, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимининг самарали ишлаши, ички ишлар идоралари профилактика хизмати ходимлари, улар билан ёнма-ён фаолият кўрсатаётган жамоат тузилмаларининг вакиллари ҳамда фуқаролар ҳамкорлигининг тўғри ташкил этилишига боғлиқдир. Жорий йилнинг 3-декабрь куни Тошкент ислом институтига “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш” мавзусида талаба қизлар билан давра суҳбати ўтказиш мақсадида подполковник С.Мелиева ва “Ҳазрати Имом” маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис З.Ю.Турсунова таклиф этилди. Суҳбатда талабалар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, куратор С.Валиева ҳамда институт устозлари иштирок этдилар. Суҳбат аввалида услубчи З.Суярова талаба қизларга меҳмонларни таништириш билан бир қаторда ҳозирги кунда ёшлар ўртасида жиноятчиликларни олдини олиш борасида маҳалла идоралари ҳамда ўқув юртлари ҳамкорликда иш олиб боришлари қай даражада муҳим эканлигини таъкидлаб ўтдилар. Сўнгра суҳбатни подполковник С.Мелиева давом эттирди. Улар жиноятчиликнинг ёшлар ўртасида ҳам авж олаётгани жамиятимиз келажаги учун қанчалик ачинарли ҳолат эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун амалий олиб борилаётган ишлардан яққол далиллар билан мисоллар келтириб ўтдилар. С.Мелиева талаба қизларимизни хушёрликка ва огоҳликка чақириб, келажакда жамиятда ана шундай ҳолатларда ёшлар билан ишлай оладиган салоҳиятли мутахассис бўлиб етишишларига тилакдош бўлди. Сўнгра З.Ю.Турсунова сўзга чиқиб, маҳаллаларда фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар, ёшларнинг нотўғри йўлларга кирмасликлари чора-тадбирлари ҳақида сўзлади. Суҳбат давомида устоз ва талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. С.Мелиева ва З.Ю.Турсунова барча саволларга жавоб бердилар ҳамда мисоллар билан изоҳлаб бердилар. 614
Жорий йилнинг 3 декабр куни Тошкент ислом институти Ахборот ресурс маркази кутубхоначиси И.Акмалова томонидан “Китобхонлик куни” муносабати билан талаба – қизлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш хамда тарғиб қилиш мақсадида “Китобхонлик – маънавий эҳтиёж” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. И.Акмалова хозирги кунда Республикамизда олиб борилаётган ислохотлар, талаба-ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, кафедра ўқитувчилари томонидан яратилган ўқув адабиётлари ҳамда хорижий адабиётлар тўғрисида талабаларга маълумот бериб ўтди. Шунингдек, институт Ахборот ресурс маркази фондида мавжуд янги бадиий адабиётлар, яқинда нашр этилган “Адабиёт христоматияси” билан талаба-қизларни таништирди. Республикада чоп этилаётган оммавий нашрларни доимо кузатиб бориш, 2017-2021 йилларда харакатлар стратегияси бўйича олиб борилаётган ишларни, газета ва журналларда ёритиб борилишини ўқиб бориш кераклигини таъкидлаб ўтди. Ҳамда халқимизга диний-маърифий билим бериб, ҳуқуқий саводхонликни ошириб, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан билим ва тажрибаларини ошириб боришда салмоқли фаолият кўрсатиб келаётган “Ҳидоят” ҳамда “Муминалар” журнали ва “Ислом нури” газеталарига талаба қизларни мақолалар ёзишга тарғиб қилди. Тадбир сўнгида куратор С.Валиева сўзга чиқиб, талаба-қизларнинг мутолаа маъданиятини ривожлантиришда китоб ўқиш фойдалилиги, талаба-қизлар ўртасида китобхонлик маъданиятини ошириш, хамда оммавий ахборот воситалари орқали кўрсатилган бадиий адабиётлар хақида тўхталиб, институтда китобхонликни тарғиб этишга қаратилган кўрик-танловларида талабаларнинг фаол иштирок этишлалилигига чақириб қолди. Ахборот ресурс маркази кутубхоначиси И.Акмалова 651
Интернет маълумотларига назар соладиган бўлсак, сайёрамиз аҳолиси 7111 тилда сўзлашаркан. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида (70 тилда) Ер шари аҳолисининг 90 % гаплашади. Қолганлари жуда кам миқдорда аҳоли гаплашадиган, йўқолиб кетиш арафасида турган тиллардир. Ҳар икки ҳафтада Ер юзида битта тил умуман йўқолиб кетмоқда. Қувонарлиси шуки, бизнинг ўзбек тилимиз ана шу барқарор 0.5 фоизга киради. Ўзбек тилида Ер юзида 40 миллиондан ортиқ аҳоли гаплашади. Бу Ер юзида ҳар 200 нафар одамдан бири ўзбек тилида сўзлайди, деганидир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ўзбек тили сўзлашувчилар сонига кўра сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 тилдан биридир. (Бу тилларнинг ҳар бирида камида 30 миллион аҳоли гаплашади). Кўриниб турибдики, ўзбек тилининг мақоми халқаро миқёсда ҳавас қиладиган даражада. Бугун бу тил мамлакатимизнинг давлат тили бўлибгина қолмай, қўшни Афғонистоннинг расмий тилларидан бири ҳособланади. Бу мамлакат шимолидаги саккизта вилоят аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ташкил қилади. Расмий маълумотларга кўра, қўшни Тожикистон аҳолисининг 13 % и, Қирғизистоннинг 15 %и, Қозоғистоннинг 4 %и, Туркманистоннинг 6 %и ўзбек тилида гаплашади. Бундан ташқари, Туркия, Хитой, Эрон, Россия, АҚШ, Швеция, Латвия, Украина, Мўғулистон сингари мамлакатларда ҳам ўн минглаб миллатдошларимиз яшайди. Шу ўринда, жаҳонда мавжуд тиллар ҳақида баъзи қизиқарли маълумотлар келтириб ўтамиз: хозирги кунда дунё миқёсида 5000 га яқин тил ва шеваларда гаплашилинади. Шулардан 845таси Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади; инглиз ва хитой тилларидан сўнг дунёдаги энг кенг тарқалган ва энг кўп гаплашилинадиган тил бу Испан тилидир; ҳозирги кунда дунёда йигирма бешта турли алфабетлардан фойдаланилади; дунёдаги энг кўп харфлардан ташкил топган тил бу Комбоджа тилидир. Ушбу тилда оз эмас кўп эмас 72 харф мавжуд; Вэтнамликларнинг тили бўлмиш Сэданг тили дунёдаги энг кўп унлилар мавжуд тил сифатида эътироф этилади. Ушбу тилда 55 та унли товушлар бор; энг кам унли товушли тил эса Абхазия тили деб юритилади. Унда атиги 2 та унли товуш бор; АҚШнинг Миннэсота штатидаги Шимолий Америка ҳиндуларининг “Чиппэва” деб аталувчи тилида 6000 та феъл замонлари бор; жаҳон тилларининг ҳеч бири “а” унлисисиз мавжуд ҳам машҳур ҳам эмаc, яъни дунё тилларининг барчасида “а” харфи мавжуд. Интернет маълумотлари асосида “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Дилшод Насиров тайёрлади. 676
Ҳадисни инкор қилувчилар қуйидаги даъволарни қилади. Биринчи даъво. Қуръони карим динга тегишли барча ишлар ва ҳукмларни ҳеч бирини четда қолдирмай ҳаммасини ўзида қамрайди. Аллоҳ таоло айтади: 4 مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْء “Китобда ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз” (Анъом, 38 -оят). Барча ҳукмларни мукаммал тарзда баён қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақида хабар бериб айтади: وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ “Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик.” (Наҳл, 89-оят). Агар ҳадис ва суннат Қуръони каримни баён қилади дейилса Аллоҳнинг сўзига тўғри келмайдиган гап айтилган бўлади. Оятда келган маънога тескари фикр туғилган бўлиб чиқади. Аллоҳ таолонинг каломига эса ҳеч ҳам хилоф қилиб бўлмайди. Биринчи даъвога жавоб. Ҳақиқатдан ҳам Қуръони карим дин асосларини ва умумий ҳукмлар қоидаларини ўзида мужассам қилди. Айримларига очиқ далил келтирди. Бошқаларининг баёнини эса Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қолдирди. Модомики, Аллоҳ таоло инсонларга динларининг ҳукмларини баён қилиш учун пайғамбар юборар экан, ўша пайғамбар ҳукмларни баён қилиши Аллоҳнинг Китобига баён бўлади. Бунда эса Қуръони карим ва ҳадиснинг тармоғи бўлган бўлган ижмо ва қиёсдан олинган шаръий хукмлар Аллоҳнинг китобидан ҳукм ёки насс (матн) ёки далолат бўлади. Бундай ҳолда ҳадисни ҳужжатлиги ва Қуръони карим ҳар бир нарсага баён бўлиб келганида бир-бирига зиддият йўқ. Имом Шофеий роҳматуллоҳи алайҳ: “Бирор кишига дин ишидан бирон нарса келса, албатта, унга Аллоҳни китобида кўрсатма бор”, деганлар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло айтди: وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ Сенга Китобни ҳар бир нарсани баён қилгувчи этиб, нозил қилдик. (Наҳл, 89-оят) Баён – бир неча фаръий қоидалар жамланмасининг маъноларини ўзида қамраган исм. Аллоҳ таоло бандаларга ибодат қилишни баён қилиши ҳар-хил жиҳатлардан бўлган. Шулардан: Бандаларга насс тарзда баён қилган. Масалан, бандаларга намоз, закот, рўза ва ҳажни фарзлиги, фаҳш ишларнинг зоҳири-ю ботини ҳаромлиги, зино қилиш, ўлимтик ейиш, қон ва чўчқа гўшти ҳақидаги насслар. Фарзлигини Қуръон карим билан ҳукм қилиб Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали кайфиятини баён қилди. Масалан, намозни неча ракатлиги, намоз вақти, закотни ҳукмлари, закотнинг миқдори. Уларни Қуръони каримда Аллоҳ айтган, бошқа жиҳатларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар. Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб, унда Аллоҳ таоло тарафидан ҳукмга насс йўқ. Аллоҳ таоло Китобида Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, ҳукмларда У зотга мурожаат қилишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳ таолонинг фарзи билан қабул қилган бўлади. Аллоҳ таоло бандаларига ижтиҳод қилиб топишни фарз қилган. Фарз қилинган ишларда бандаларнинг итоат этишини синагани каби ижтиҳоддаги бўйсунишларини ҳам имтиҳон қилди. Хулоса ўрнида айтганда, банда Қуръони каримдаги фарзларни Аллоҳдан қабул қилади. Аллоҳ таоло ҳар бир инсон Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни ва ҳукмларга бўйсунишни фарз қилди. Демак инсон Аллоҳ таолонинг ҳукмларини Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали қабул қилади. Ҳукмларни Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилган киши Аллоҳдан қабул қилган бўлади. Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукмларни қабул қилиш юзаки қарагандан икки хил йўл. Лекин ҳукмларни Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабул қилиш ҳам Аллоҳ таолодан қабул қилиш билан баробар. “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Ойбек Хошимов 527