У ЗОТНИНГ ШАЙХЛАРИ Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мусулмонлар диёрлари ичида буюк муҳаддислар яшаётган муҳим минтақаларга сафар қилганлар. У зот омонатдор ва ишончли шайхлардан ҳадис эшитдилар. Бу борада жуда ҳам кўп шайхлардан истефода қилдилар. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ Абу Довуднинг Сунан ва бошқа китобларидаги келтирган ҳадисларини эшитган устозлари адади уч юзга яқин эканлигини зикр қилганлар. Абу Довуд ҳадис ўрганиш учун борган илм марказларида бир неча олимлар билан учрашганлар, улардан ҳадис ўрганганлар. Абу Довуд ҳадис ўрганган ҳадисшунос олимлардан машхурларини қуйида санаб ўтамиз: Имом, фақих, муҳаддис, ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний ал-Марвазий ал-Бағдодий (164-241). Абу Закариё Яҳё ибн Маъин ибн Авн ас-Сақафий (в.233). Абул Ҳасан Усмон ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба Иброҳим ибн Усмон ал-Абси ал-Кофи (в. 239). Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Маслама ибн Қаънаб ал-Қаънабий ал-Хорисий ал-Маданий (в. 211). Абул Ҳасан Мусаддад ибн Мусарҳад ал-Асадий ал-Басрий (в. 228). Абу Салама Мусо ибн Исмоил ат-Тамимий ал-Манқорий ат-Табузкий (в. 223). Ҳасан ибн Амр ас-Садусий ал-Басарий. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг айтишича 230 йилда вафот этган. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Нуфайл ал-Ҳузаий ал-Ҳамароний (в. 234). ШОГИРДЛАРИ Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадис ва унга боғлиқ илмларда улуғ мартабага эришдилар. Бу зотнинг илму ирфонларидан баҳраманд бўлиш учун дунёнинг ҳар тарафидан толиби илмлар оқиб кела бошлади. Ҳатто у зотнинг баъзи дарс ҳалқаларида мингдан зиёд кишилар ҳадис эшитар эдилар. Шу боис у зотнинг шогирдлари ададини муайян миқдорга чеклаш мумкин эмас. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётларини ҳадис илмига фидо қилдилар. Бу йўлда кўплаб шогирдлар чиқардилар. У кишининг қўлида таълим олган машҳур шогирдлар орасида Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Алий ибн Ҳасан ибн Абд, Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик, Абу Саид ибн Аъробий, Абу Алий Луълуъий, Абу Бакр ибн Доса, Абу Солим Муҳаммад ибн Саид Жалудий, Абу Амр Аҳмад ибн Алий каби улуғ олимлар бор эди. Абу Довуддан у кишининг шайхи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Атийра ҳадисини ёзиб олган. Бу ҳадисни у киши Абулашар Доримийдан, у отасидан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан Атийра тўғрисида сўралди. У зот уни чиройли санадилар. Ибн Абу Довуд айтади: “Отам шундай деди: “Бу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбалга айтиб берган эдим, у уни маъқуллади ва: “Бу ҳадис ғарибдир”, деди. Кейин менга: “Ўтириб тур”, деб кириб қоғоз, қалам ва сиёҳдон олиб чиқди-да: “Менга айтиб бер”, деб мендан уни ёзиб олди. Сўнг бошқа куни у билан кўришганимда, унинг олдига Жаъфар ибн Абу Самина келган экан. Аҳмад ибн Ҳанбал унга: “Эй Абу Жаъфар, Абу Довудда бир ғариб ҳадис бор. Ундан ёзиб ол”, деди. Шунда у мендан сўради. Мен унга айтиб бердим”. Атийра ражаб ойида сўйиладиган жонлиқ бўлиб, жоҳилиятда унга амал қилинар, Ислом келгач у насх қилинган эди… 405 – гуруҳ талабаси Нурбаев Ҳурмуҳаммад 663
Қарз олди-бердилари қадимдан буён инсонга зарур бўлган асосий муомалалардандир. Чунки инсон жамоавий шахс бўлиб, бир ўзи яшаш инсонга қийинчилик туғдиради, шу боисдан ўз биродарига муҳтож бўлади. Шунинг учун инсонларнинг баъзиси баъзиларидан қарз олиб туради. Замон ўзгаргани сайин бу муомаланинг кўринишлари аста ўзгариб борди. Ҳозирги кунга келиб эса бунинг кўринишлари ўзгача бир кўриниш касб этди. Айрим қарздорлар қандай йўл билан бўлмасин, олган қарзини қайтармаслик илинжида бўлиб қолган, шунингдек молдор инсонлар ҳам қарз беришдан қочган. Бунинг оқибати яхши бўладими, ёки йўқми, бу уни мутлоқ қизиқтирмайди. Араб мамлакатларида “қарз” ҳамда “дайн” сўзлари мавжуд бўлиб, “пулни қарзга олмоқ” маъносида “қарз” сўзини, “бирор таварни қарзга олмоқ” маъносида эса “дайн” сўзини ишлатишади. Бизнинг диёрларда эса битта “қарз” сўзи ишлатилади. “Қарз” луғатда арабча “اَلْقَطْعُ” яъни “кесмоқ” маъносини англатади. Бу “қарз”нинг аслий маъноси ҳисобланади. Бундан ташқари “қарз” “إِحْسَانٌ” “яхши” ёки “إِسَاءَةٌ” “ёмон” маъноларида ҳам ишлатилади. Агар бир одам “Фалончига қарз бердим” деса, бундай ҳолда “Фалончига ўз молимдан маълум миқдорини кесиб, унга мулк қилиб бердим” деган маънода айтган бўлади. Бундан ташқари “қарз” сўзини бошқа бир неча маънолари ҳам мавжуд бўлиб, жумладан: “чақмоқ”, “кемирмоқ”, “ўймоқ”, “олдини олмоқ”, “барҳам бермоқ”, “қирқмоқ”, “тўқимоқ” ва ҳоказолардир. Ислом шариатида эса қарзнинг таърифи бундай «Аллоҳ йўлида, маълум муддатга, қайтариб беришни ният қилган, ундан фойдаланадиган одамга молни бериш»дир. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса бадалини берса бўлади. “Дурарул-ҳуккам фи шарҳи мажалладил-аҳком” китобида эса “қарз” бундай таърифланади: “Қарз деб – қарздорга берилган молнинг бадалини кейинчалик қайтариб олиш шарти билан берилган молга айтилади”. Қарз – қийматли (ўлчамли) ва мислий (бир-бирига ўхшаш) нарсаларда бўлади. Шунга кўра қарз “мақруз-қарз берилган нарса” деган маънони ҳам билдиради. Қарзнинг шаръий маъноси: «Бошқа кишига мислий (бир-бирига ўхшаш) молни унинг мислини қайтариб олиш шарти билан топшириш ва беришдир». Бу таърифда “мислини қайтариб олиш шарти билан” деган жумланинг қайд этилиши билан қарз доирасига омонот, ҳиба, садақа, ория каби тасарруфлар кирмайди. Ҳиба ва садақага берилган нарсаларнинг айни ўзини ҳам эвазини ҳам қайтариб бериш шарт бўлмасада, лекин омонат ва орияга берилган нарсаларни айни ўзини қайтариб бериш вожиб бўлади. 4-курс талабаси Жамолов Нодиржон 830
Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илми борасида кўплаб китобларни ёздилар. Далоилун Нубувва, Китобут Тафаррут фис Сунан, Имом Аҳмаддан сўралган масалалар китоби, Носихул Қуръан ва мансухуҳу, Китобуз Зуҳд шулар жумласидандир. 1. المراسيل бу асар 1310 ҳижрий санада Қоҳирада чоп этилган. 2. الرد على القدرية Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ бу асар ҳақидаги фикрларини “Тадриб” китобида ва Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида “الرد على أهل القدر” номи билан келтирганлар. Бу китобни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган зот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яқуб ал-Мутавассий ал-Басрийдир. Фуод Сизкин: “Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг Ал-исоба асарида бу китобдан иқтибослар келтирган”, деганлар. 3. “الناسخ و المنسوخ” бу китобни Абу Довуддан ривоят қилган зот Абу Бакр Аҳмад ибн Салмон ан-Нажжоддир. Имом Суютий ҳам бу асар ҳақида гапирганлар. Бу китобни Исмоил Бағдодий “ناسخ القرآن و منسوخه” номи билан зикр қилган. 4. “مسائل الإمام أحمد” бу асар фиқҳ бобларига монанд тартиблангандир. Унда Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳга берилган саволлар ва у зотнинг бу саволларга берган жавобларини зикр қилганлар. Бу китоб фиқҳ эътиборидан жуда мўътабар китобдир. Имом Абу Довуд бу асарда Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг фикрларини омонат билан бизга ривоят қилганлар. 5. “كتاب الزهد” бу китоб парҳезкорлик бобида мўътабар асар ҳисобланади. Бугунги кунда унинг асл нусхаси Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирийя” ва Фас шаҳридаги “Қорвин” кутубхонасида мавжуддир. 6. Ўзининг Сунан асари ҳақида ёзган рисоласи. Бу рисола Қоҳира шаҳрида аллома Муҳаммад Зоҳид Кавсарийнинг таҳқиқ ва таълиқлари билан 1369 ҳижрий санада чоп этилган. 1393 ҳижрий санада эса “بذل المجهود” асари билан бирга чоп этилди. 7. “إجاباته عن سؤالات أبي عبيد محمد بن علي بن عثمان الآجري” номли асари. Бу ҳақда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни зикр қилади: “Абу Убайд жарҳ,таъдил, тасҳиҳ ва таълил борасида Абу Довуд роҳимаҳуллоҳга берган саволларига ўзининг берган жавобларини зикр қилган. Бу жуда фойдали асардир”. Фуод Сизкин эса бу китобни “سؤالات أجاب عنها أبو داود في معرفة الرجال و جرحهم و تعديلهم” номи билан зикр қилган. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида бу рисоладан фойдаланганлар. 8. “تسمية الإخوة الذين روي عنهم الحديث” асаридир. Бу асар ҳам учинчи ҳижрий асрнинг мўътабар асардаридан бири. Чунки муаллиф унда замонасининг ҳақиқий ҳадис ривоят қилишга салоҳиятли бўлган муҳаддислар номини зикр қилади. Бу асар ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. 9. “أسئلة لأحمد بن حنبل عن الرواة و الثقات و الضعفاء” бу асар аввали ноқис нусхалардан бўлиб, ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. Ҳижрий 1353 йилда “مسائل أبي داود” номи билан чоп қилинган. 10. “كتاب البعث النشور” бу асар ҳам ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. 11. “المسائل التي حلف عليها الإمام أحمد”, бу асар ҳам Дамашқда мавжуддир. 12. “دلائل النبوة” бу китоб номини Исмоли Бағдодий ва ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳлар “تهذيب التهذيب” асарида зикр қилганлар. 13. “التفرد في السنن”, бу китобнинг номини Исмоли Бағдодий ўзиниг “هداية العارفين” асарида зикр қилган. 14. “فضائل الأنصار”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تقريب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 15. “مسند مالك”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تقريب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 16. “الدعاء”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 17. “ابتداء الوحي”, бу...
Муҳаммад ибн Маҳмуднинг ибн Абу Мансур Муҳаммад Мотуридий Самаркандий Ансорий Ҳанафий Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида ҳижрий 238 йилда (милодий 852 йил) (бошқа манбаларга кўра – 256/870) туғилган. Машҳур илоҳиётчи олим Абу Мансур Мотуридий Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлган Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳу авлоди ҳисобланади. Абу Мансур фиқҳда ҳанафийлар мактаби вакили бўлиб, фиқҳ илмини Аҳмад Жавозжоний ва бошқалардан, ва ақида илмини машҳур “Фиқҳул Акбар” номли китоби орқали Муҳаммад ва Абу Юсуфдан таълим олди. Имом барча Ислом олимлари сингари, ёшлигидан Қуръони каримни ва ҳадиси шарифни тўла ўрганди. Лекин унинг асосий фаолият йўналиши ақида, илоҳиётшунослик, шариат қонунлари билан боғлиқ эди. Имом Мотуридийнинг фаолияти эътиқод илми билан шуғуллангани ва шуҳрат қозонгани учун у “Ҳидоят имоми” ва “Калом илми олимлари етакчиси” (“Имомул Мутакаллимийн”) деб аталди. У кўплаб шогирдлар ва издошлар етиштирди ҳамда кўплаб маърузалари билан минглаб замондошларини ҳақиқат йўлига юриши учун сабабчи бўлди. Мотуридий хаворижлар, қарматийлар, шиалар, муътазилийлар ва бошқа кўплаб йўналиш вакиллари билан баҳс-мунозараларда иштирок этди. Илоҳий илҳом, табиий истеъдод ва чуқур билими туфайли Имом Мотуридий баҳсларда ғолиб келиб юксак обрў-эътиборга сазовор бўлди. Замондошлари имомни Қуръони каримнинг чуқур билимдони ва яна табиий қобилиятга эга ақлли инсон, файласуф, ўз даврининг психологи сифатида ҳам таниганлар. У баҳсларда суҳбатдошга диққат билан қулоқ солиб кейин хулосалар чиқариш, тўғри маслаҳат бериш ва қарашларини ҳимоя қилишда истеъдодли бўлган. Мотуридий ўз устида доимо ишлаб, билимларини муттасил ошириб борди. Мотуридийнинг мусулмонлар эътиқодини ҳимоя қилиш билан боғлиқ илмий изланишлари нафақат ўзи яшаб турган ҳудуд, балки бутун мусулмон олами уламолари диққат эътиборини қозонди. Шу сабабли, мотрудийлик ақида мактаби шаклланди. Абу Мансур Мотуридий кўплаб китоблар ёзди: “Китабут тавҳид”, “Радду аъла Карромия”, “Радду китабил имам”. Шунингдек, Қуръони карим бўйича “Товилатул Қуръан”, калом илми бўйича “Китобул малакат фил калам” ва фиқҳ бўйича “Маҳазул шаръиййа” номли китобларнинг ҳам муаллифидир. Имом Мотуридий 333/944 йиллар атрофида вафот этган, у Самарканддаги Чокардиза қабристонида дафн этилгани тўғрисида маълумотлар бор. Ҳозирда Самарқанднинг Хатирчи туманида Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси бунёд этилган. Бу қадамжога бутун дунёдан зиёратчилар ва меҳмонлар келиб, Қуръон ўқиб имомнинг ҳақига дуолар қилмоқдалар. Манбаларда имомнинг шахсий ҳаёти тўғрисида маълумотлар деярли учрамайди, лекин бизга, унинг ҳаёти муътазилийлар, қадирийлар, жабрийлар, жаҳмийлар, карромийлар, қарматлар, ботинийлар ва бошқалар билан баҳсу мунозараларда ўтгани маълум. Аллоҳ олимни раҳматига олган бўлсин! Ҳадис ва ислом тарихи фанлари ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев Манба 834
Абу Лаҳаб 1 марта. Озар 1 марта. Жолут 3 марта. Сомирий 3 марта. Фиръавн 60 марта. Қорун 4 марта Ҳомон 6 марта АБУ ЛАҲАБ Абу Лаҳаб (маъноси: дўзах оловининг отаси). Исми Абдул Уззо ибн Абдулмутталибдир. Бу бадбахт кўзи ғилай бўлиб, сочини икки ўрим қилиб юрарди. Ўзи Пайғамбаримизнинг (ота бир она бошқа) амакиси бўлса ҳам, у зотга жуда кўп озорлар етказган эди.[1] Абу лаҳабнинг Атба ва Утайба исмли икки ўғли Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизларига уйланган. Абу Толиб ўлимидан сўнг (619-йил) у бану Ҳошим қабиласининг бошлиғи бўлган. Дастлаб Абу Толиб каби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳомийлик қилган. Аммо Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳли сиғинган уч маъбудни тан олишдан бутунлай воз кечганларидан сўнг, қайноғаси Абу Суфён таъсирида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишдан бош тортган. Пайғамбар алайҳиссаломни масхаралаб, хотини билан биргаликда у зотга қарши ҳар хил макрлар ишлатган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари ичида Қуръонда исми келтирилган ягона шахсдир. Қуръоннинг 111-сурасида Абу лаҳаб лаънатланади.[2] ОЗАР Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари Қуръони Каримнинг бир жойида исми зикр қилинган. Унинг асл исми Торих бўлган у ясаган бутнинг исми Озар бўлган шунинг учун бу ном билан аталган. Озарнинг тўлиқ исми Торих ибн Ноҳур ибн Соруғ ибн Арғу ибн Фолиғ ибн Обир ибн Шолих ибн Қайнон ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ алайҳиссаломдир.[3] ЖОЛУТ Жолут – Қуръонда зикр этилган шахс. Толут (Саул)га душман қўшин бошлиғи. Куръонда айтилишича, Толут Жолутга қарши оз сонли қўшин билан отланган, бироқ Аллоҳ таолонинг ёрдами билан зафар қозонган. Жолут Довуд алайҳиссалом томонидан ўлдирилган. Жолут тўғрисидаги ривоятлар келиб чиқиши жиҳатидан турли (барбар, хананей, одий, самудийлардан) бўлсада, лекин у Фаластиннинг туб аҳолиси вакили саналади. Мусулмон ривояти Жолут шахси атрофида исроилликларнинг қўшни халқлар билан кураши ҳақидаги бошқа ривоятларни ҳам гурухлаштирган.[4] СОМИРИЙ Уламолар, Сомирий асли сомаролик бўлиб, Бани Исроилга кузатувчи–йўл кўрсатувчи одам эди, деганлар.[5] Сомирийнинг исми Қуръони Каримда Тоҳа сураси (85, 87, 95) оятларида уч бор зикр қилинган. Сомирийнинг Бани Исроил кўрмаганини кўргани–Жаброил алайҳиссаломнинг ҳаёт отига миниб келишлари. «Расул»дан мурод Жаброил алайҳиссалом. Изидан олинган бир сиқим эса, Жаброил алайҳиссалом миниб келган отнинг туёғи тагидан олинган тупроқ. У тупроқни сочган жойи эса, Бани Исроилнинг зеб-зийнатлари тўплаб қўйилган жой. Сомирий ана шу ишларни қилганида зийнатлар бузоққа айланиб, ундан овоз чиқадиган бўлади. Сомирий уларга тилла тақинчоқлардан овоз чиқарадиган бузоқ ҳайкали ясаб берди. Ривоятларда келишича, ҳайкалнинг ортидан шамол кирса, оғзидан бузоқнинг бўкирганига ўхшаш овоз чиқар экан. Мусо алайҳиссалом Сомирийни Бани Исроилдан қувғин қилдилар. Бани Исроил одати бўйича, «тегиш йўқ» номли қувғин жазоси бор эди. Ана ўша жазо Сомирийга нисбатан қўлланди. У қувғин қилинди. Саҳроларда яккамохов ҳолида хору зор бўлиб юрди. Бирор одам кўриниб қолса, «тегиш йўқ» дер эди, холос. Яъни, мен «тегиш йўқ» жазосига маҳкум этилганман, менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман, дерди. Бировга бундан бошқа гап айта олмас эди. Бу Сомирий учун дунёвий жазо эди.[6] ФИРЪАВН Фиръавн алайҳи лаъна Қуръони Каримнинг 27 та сурасида 60 ўринда зикр қилинган. Фиръавн Миср подшоҳи. Мусо алайҳиссалом даврларида Рамзес II фиръавн бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Фиръавн туғёнкор, золим ва худолик даъвосини қилган подшоҳдир. Қуръони Каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат этган, кишиларга ўзини Робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйинсунмай, уни айтганини қилмаган, унга...