islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ақидалари

Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ақида илми борасида аввал ўтган салаф имомларидан ҳисобланадилар. Улуғ имом бу илм билан шуғулланганларидан сўнг Аллоҳ таоло у зотга фиқҳ илмини суюкли қилди. Бу илмда шу даражага етдиларки, ҳатто барчадан ўзиб кетдилар. Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи айтганларидек, фиқҳ илмини ўрганадиган ҳар бир инсон у зотнинг боқимандаси бўлиб қолади. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи ҳақ йўлдан чиққан фирқаларга қарши раддия берган имомларнинг биринчиси ҳисобланадилар. имом Абдулқоҳир Бағдодий ўзларининг «Усулид-дин» номли китобларида шундай дейдилар: “Мазҳаббошилар ва фақиҳлар орасида биринчи ўринда турадиган мутакаллим олимлар – бу Абу Ҳанифа ва Шофеъийдир. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи қадарияларга раддия ўлароқ бир китоб ёздилар ва уни «Ал-фиқҳул акбар» деб номладилар”. Усул илмининг олимларидан имом Абу Музаффар Исфиройиний Шофеъий ўзининг «Ат-Табсир фид-дин» китобида шундай дейди: “Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг «Ал-олим вал мутаъаллим» деган китобида ҳаддан ошганлар ва бидъатчиларга қарши ўта кескин раддиялар бор. Ишончли йўл ва саҳиҳ иснод билан Музор ибн Яҳёдан, у Абу Ҳанифадан ривоят қилган «Ал-фиқҳул акбар» китоби ва Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи Амр ибн Усмон Баттийга ёзган «Ал-васийя» китобларидаги нарсаларнинг барчаси бидъатчиларга раддия сифатида ёзилган. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг ушбу китобларини ва Имом Шофеъий таълиф этган китоблардаги маълумотларни ўқиган киши иккисининг мазҳабида фарқ йўқлигини кўради. Икки мазҳаб ўртасидаги юқорида биз айтиб ўтган ихтилофларга келсак, буларнинг барчаси бидъатчиларнинг тўқиб чиқарган бўхтонидир. Шу йўл билан улар ўз бидъатларини ривожлантирганлар”. Фиқҳ ва ҳадис илмида имом эканига ижмо қилинган имом Абу Жаъфар Таҳовийнинг «Уммат фақиҳлари бўлмиш Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳиларнинг ақидаси» деган боб билан бошланадиган рисоласи жуда ҳам улкан ўринга эга. Айни вақтда бу рисола аҳли сунна вал жамоанинг ақидаси бўлиб, Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳининг эътиқодларини баён қилади. Бу рисола кўп бора шарҳланган ва баъзи шарҳлари чоп қилинган ҳам. Муваффақ Маккий Абу Юсуфгача бўлган санадлари билан ривоят қиладилар: «Абу Юсуф деди: Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи 150 йили шаввол ойининг ўрталарида вафот этдилар». Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳи Хайзарон ерига дафн қилинишларини васият қилиб кетганлари учун ўша ерга дафн қилиндилар. Жанозага жуда катта одам йиғилди. Уларнинг сони тахминан эллик мингтага етган эди. У зотга олти марта жаноза намози ўқилди. Охирги жанозаларини ўғиллари Ҳаммод ўқидилар. 4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 680

ҚУРЪОНДА ЗИКРИ КЕЛГАН ПАЙFАМБАРЛАР

2-қисм Идрис алайҳиссалом “Идрис” арабча исм- ўқувчи, таълим олувчи, билимга чанқоқ, тиришқоқ, ғайратли ва билимдон деган маъноларда келган. Чунки  Идрис алайҳиссалом Аллоҳнинг каломини кўп ўқир эдилар.[1] У кишининг исмлари “Тавротда” ва “Инжилда” “Хунух” тарзида келган. Арабчасига “Ахнух” шаклида бўлади.[2] Идрис  алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 2 марта зикр қилинган. [3] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Марям 19 56 Анбиё 21 75 Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарларнинг Одам Атодан кейинги энг қадимгиси Идрис алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло у зот ҳақларида: «Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди. Ва уни олий мақомга кўтардик»[4] Шунингдек: «Ва Исмоил, Идрис ва Зул Кифлни эсла. Уларнинг ҳар бири сабр қилгувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир»[5], дейди. Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Шийс алайҳиссаломга етиб боради. У кишининг оталарининг исми Ёрид, боболарининг исми Маҳлоил бўлган. У зотга, Одам ва Шийс алайҳиссаломлардан кейин, учинчи бўлиб, пай­ғамбарлик берилган. Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳининг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир. Уламоларнинг рожиҳ гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Аввал Шис алайҳиссаломда бўлган илмни ўрганганлар. Кейинчалик Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берган. У зот Набий бўлганларидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломлар шариатига даъват қилганлар. У зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик қабул қилмаган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб ҳижратга чиққанлар.[6] У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар. Мисрда турган пайтларида одамларни динга даъват қилганлар. Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар, одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан. Идрис алайҳиссалом ўз ҳикматлари ила маш­ҳур бўлганлар. Ровийлар Идрис алайҳиссаломдан асар бўлиб қолган баъзи ҳикматларни ҳам келтирадилар: «Дунёнинг яхшиси ҳасратдир. Ёмони надоматдир». «Бахтиёр ўзига назар солган кишидир. Унинг Роббиси ҳузуридаги шафоатчиси амали солиҳидир». «Сабр иймон ила бўлса зафар келтиради». Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Ундан сўнг Аллоҳ таоло у зотни Ўзига кўтарган.[7]   405 – гуруҳ талабаси Шодиев Юсуф [1] Аҳмад Муслиҳ Ҳусайн Дурайдий. “Ал-Аълам фил-Қуръан ал-Карим”. [2] Муҳаммад Сайид Тантовий. “Пайғамбарлар тарихи”. [3] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [4] Марям сураси, 56–57-оятлар [5] Анбиё сурасида, 85–86-оятлар [6] Қаранг, 2- илова [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. 675

ҲУД АЛАЙҲИССАЛОМ

“Ҳуд” арабча исм- юмшоқ, яхши, йўлдош деган маъноларда келган.[1] Ҳуд алайҳиссаломнинг исмлари Қуръони Каримда 7 марта зикр қилинган. [2] Сура номи Суранинг тартиб рақами Оят рақами Аъроф 7 65 Ҳуд 11 50, 53, 58, 60, 89 Шуаро 26 124 Қуръони Каримнинг бир сураси у зотнинг исмлари билан аталиб «Ҳуд» сураси дейилади. Шунингдек, бошқа бир сура у зотнинг яшаган ери номи ила «Аҳқоф»[3] деб аталган. Ушбу пайғамбар  алайҳиссаломнинг тўлиқ исм­лари Ҳуд ибн Абдуллоҳ ибн Рабоҳ ибн Халуд ибн Од. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг Сом исмли ўғлига бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади. Од қавми боида араблардан ҳисобланади. Араблар учга бўлинади: Боида, Ориба ва Мустаъраба. Боида араблар энг қадимги араблардандир. «Бои­да» сўзининг маъноси «ўтиб, тугаб кетган» деганидир. Од қавми ҳам ўша араблардан бўлиб, ўзининг саркашлиги билан машҳур. Шунинг учун ҳам, уларнинг пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади. Биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир. Бу қавм денгиз бўйида, кўчиб юрувчи қумликлар ичидаги Аҳқоф номли жойда, Яман, Уммон ва Ҳазрамавт ўрталиғидаги маконда яшаб ўтганлар.[4] Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшаганлар. Шунинг учун ҳам, Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади. Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини мўъжиза билан қувватлаш, қавмларига эса тавба қилиб, ҳидоятни топиб олишларига имкон беришни ирода қилди ва кетма-кет уч йил бир томчи ҳам ёмғир ёғдирмай қурғоқчиликка мубтало қилди. Аммо қавм тавба қилмадилар ва ваъда қилинган азобни ишонмаган ҳолларида сўрадилар. Ҳуд алайҳиссалом  дуо қилдилар ва шу онда осмонни қора булут қоплади. Қабила аҳли бу ёмғир булути деб булутдан кўз узмадилар.[5] Од (Ҳуд пайғамбар қавми) эса, даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳукмрон қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни (чириб) ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганини кўрасиз. Бас, улардан (бирор) асоратни кўраяпсизми?! (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар).[6] Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилгандан сўнг Ҳуд алайҳиссалом Ҳазарамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазарамавтнинг Тирийм номли шаҳрига яқин жойга дафн этилдилар.[7] Ҳуд алйҳиссалом тўрт юз олтмиш ёшда Ҳазарамавтда вафот этганлар.[8]  4-курс талабаси Шодиев Юсуф [1] Ибну Шариф. “Пайғамбарлар исмларининг маънолари”. [2] Доктор Шавқий Абу Ҳалил. “Қуръон атласи”. [3] Арабча “Ҳиқф” сўзининг кўплик шакли бўлиб, луғавий маъноси “қум билан лиқ тўла макон, жой”дир. [4] Қаранг, 4- илова [5] Раҳматиллоҳ қори Обидов “Пайғамбарлар тарихи исломият тарихидир 1-жуз”. [6] Ал-Ҳаққоҳ сураси, 6-7-8-оятлар. [7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ҳадис ва Ҳаёт 20-жуз”. [8] Анвар қори Турсунов. “Пайғамбарлар тарихи”.   842

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган!

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз таълим берганлар! Саҳобалар, тобеинлар, табъа тобеинлар, мутақаддим ва мутааххир қироат уламолари Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз етказганлар! Қуръонни тажвид қоидаларига қатъий амал қилиб ўқиш фарзи айн эканига барча уламолар ижмо қилганлар! Қуръонни, тажвид аҳкомлари зое бўлишига олиб борадиган турли шайтоний мусиқалар билан бузиб тиловат қилиш ҳаром эканига ҳеч бир уламо хилоф қилмаган! Аммо, замонамизда одамларнинг Қуръонга муҳаббати йўқолганини, Унинг тиловатидан зерикадиган бўлиб қолганини кўрмоқдамиз. Соатлаб мусиқа эшитиб зерикмайдиган мўминлик давосидаги бу одамлар ҳатто 5-10 дақиқа ҳам Қуръон эшитишга сабри етмайдиган бўлиб қолишди. Қуръонни турли назму насрий сатрлардан ажратмайдиган, фарқига бормайдиган, Уни куйга солишни яхши кўрадиган баъзи ҳофизлар эса ушбу ҳолатни сабаб қилиб ушлаб олиб: «Одамлар Қуръонни оддий ўқисангиз эшитмайди. Оддий ўқилган тиловатдан малолланишади. Шунинг учун Қуръонни мақомот билан ўқиш керак, одамларга шу ёқади, шуни эшитади», дейдилар. Ваҳоланки, Қуръон Аллоҳнинг каломи, оддий махлуқнинг сўзидан олийдир. Уни мусиқа билан аралаштириш қатъий ҳаром. Энди юқоридаги гапга кўра, «одамлар жоҳил, Қуръоннинг ўзини оддий тиловат қилсангиз эшитишмайди. Шунинг учун Уни мусиқага солиш керак. Уларга Қуръонни эшиттирсак бўлдику!» дейдиган бўлсак, бу гап худди «одамлар алкаш, замзам сувининг ўзини берсангиз ичишмайди. Шунинг учун унга ароқ қўшиб бериш керак. Уларга замзамни ичирсак бўлдику!» деган гапга ўхшаб қолади. Замзам мусаффо, ароқ эса ҳаром ва нажосатдир! Шунингдек, Қуръон ҳам мусаффо, мусиқа эса ҳаром ва нажосатдир! Одамларни софликка ўргатиш учун соф нарсани ифлослаш, нажосат билан булғаш телбалик, нодонлик бўлади!… (c) Сурия қироат мактаби катта олимларидан, асли Тунислик Доктор Абдуллоҳ Нодир ҳафизаҳуллоҳ  4-курс талабаси Йўлдошбек Нуриддинов таржимаси 823

Нега айнан минг ойдан яхши?

   Бизларга Ўз розилиги ва тоати йўлларини очиқ кўрсатиб берган Аллоҳ таборака ва таъолога ҳамду санолар бўлсин. Шу йўлдаги вазифани мукаммал адо қилган, бу ишларда юксак намуна бўлган ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул Зотга ҳақиқий уммат бўлган барча саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва жумла мусулмонларга салоту саломларимиз бўлсин. Аммо баъд: Қадр кечаси – бу Аллоҳ Ўз элчиси ва суюкли Пайғамбарига Каломи Шарифини нозил қилишни бошлаган, Рамазон ойи кечаларидан бир кеча. Бу кеча Қуръони Карим нозил бўлгани учун белгиланган осмону ердаги мавжудодлар байрам кечаси. Бу кеча омонлик, бардавом неъмат, том яхшиликлар, олий мукофотлар ва юксак мақтовларга эга кечадир. “Лайлатул қадр” дегани:  а) улуғ ва шарафли; б) қазо қадарлар тақсимланувчи кеча, деган маъноларда тушунилади. Бу кечада дуолар ижобат бўлиши, офатлар кўтарилиши, ғам қайғулар кетказилиб хурсандчилик ёйилиши учун осмон эшиклари очилади ва бу қадр кечасининг нақадар буюк ва фазилатли эканига далолат қилади. Агар сиз ҳақиқатда қадрини билмоқчи бўлсангиз бу кеча махлуқотлар таниган барча улуғ кечалардан шараф ва қадр жиҳатидан минг чандон  устун келадиган кечадир. Бу фақат адад жиҳатидан бир қарашгина холос. Қуръони Каримдаги бу таъбирдан(минг ойдан яхши) узоқ муддат қасд қилинган маълум муддат эмас, деган фикрлар ҳам бор. Бу кеча жами инсоният учун хайрият боши бўлган кечадир. Чунки, Қуръони Карим нозил бўлгани сабаб инсонларнинг кўзи очилди, оқу қорани ажрата ва қулоқлари эса ҳақни эшита бошлади ва Ўз Роббисининг каломини фаҳмлай кетди. Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Бу кечани “лайлатул қадр”, деб номланишининг сабаби шуки бу кечада юксак қадрли Китоб олий қадрли фаришта тилида умматларнинг энг яхшиси учун баланд қадрли пайғамбарга нозил қилина бошланганидир. ” Азиз биродарим! Юқоридагилар сабаб бу кеча минг кечадан афзал ва яхши бўлди. Минг ой дегани бу саксон уч йилу тўрт ойга тенг. Ва бу миқдор  инсоннинг ғолибан дунё ҳаётидаги умр миқдори бўлади. Шундай экан бу бир инсонниг бутун умридан, ўтганию қолганидан яхши ҳисобланди. Мана шунинг учун Қатода роҳимаҳуллоҳ жуда ажойиб сўзни айтдилар: “Аллоҳ таъоло маҳлуқотлари ичида пок бандаларини танлаб олган. Фаришталари ва бандалари орасидан элчиларини танлаб олган. Каломлар ичида Ўз зикрини танлади. Ердан эса масжидларни танлади. Ойлар ичидан Рамазон ойини ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини танлади. Кечалар орасидан қадр кечасини танлади. Шундай экан эй мусулмон жамоаси Аллоҳ улуғлаган нарсаларни қадрини жойига қўйиб азизланг!” Аллоҳ барчамизни шу ишларни ҳақиқий ихлос билан бажарувчи ва ниҳояда Ўз розилигига эришувчи бандаларидан қилсин! Омин!   Имом Валиюддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ироқийнинг «Шарҳис содр бизикри лайлатил қодр: фазоил ва аломату лайлатил қодр (Лайлатул қадр зикри ила қалбни хурсанд қилиш: унинг фазилатлари ва аломатлари)» китобидан Абдуллоҳ Охунд таржимаси. 773
1 1 214 1 215 1 216 1 217 1 218 1 523