“Ўзбекистон” нашриёт матбаа-ижодий уйи томонидан “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби 8000 нусхада нашр этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати шу ҳақида хабар бермоқда. “Қуръони карим маъноларининг қорақалпоқ тилидаги таржимаси ва тафсири” китоби – таржимон Шамсуддин Баҳоуддиновнинг ижодий меҳнати маҳсули. Китобдан муқаддас Ислом дини асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримнинг қорақалпоқ тилидаги илк таржимаси жой олган. Шунингдек, Шайх Абдулазиз Мансурнинг тафсир китоби ва араб тилидаги тафсир китоблар ҳам манба сифатида олинган. 506
Диний адабиётларда “салаф, халаф” атамаларини учратамиз. Бу сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари қуйидагича: Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади. Халаф (حلف) деб луғавий жиҳатдан, бир асрдан кейинги аср авлодларига айтилади. Агар яхши авлод бўлса уларга ломнинг фатҳаси билан “халаф” деб айтилади. Мабодо аждодларига муносиб авлод бўла олмаган бўлса, уларга ломнинг сукуни билан “халф” (حلف) дейилади. Ушбу оятга эътибор қаратамиз: فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ وَرِثُواْ الْكِتَابَ Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики… (Аъроф, 169). Имом Қуртубий шу оят тафсирида: танқид қилишда ломнинг сукуни билан “халф” дейилади. Мақташда эса “халаф” деб ломнинг фатҳаси билан ўқилади,-деган. Илмий истилоҳда эса “Салаф” сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди—уммати муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди кўзда тутилади. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейинги авлод. Кейин улардан кейинги аср авлоди, –деганлар. (Бухорий, Муслим, Аҳмад). Шу уч аср авлодининг яхшилиги шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзал ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг бошида тўғридан тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳобалардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ! Кейинги авлод эса тобеъинлар бўлиб, улар саҳобаи киромларнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод–табаъ тобеъинлар келди. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан ислом дини бизгача соғ-саломат етиб келди. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир! Иброҳим ал-Лаққоний “Жавҳара”да айтади: “Салафи солиҳ” калимаси қайдланмасдан умумий ишлатилса, ундан саҳобаи киромлар тушунилади. Чунки саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли, ишончли олимлар эди. Уларнинг ҳар бир ривояти, гарчи хато бўлса ҳам қабул қилинади. Чунки уларнинг хатоси ижтиҳод билан бўлган. Мужтаҳиднинг хатосига эса Аллоҳ савоб беради. Саҳобалар шу умматнинг энг ҳурматли устозлари эди. Уларнинг орасида бидъатчи, адашган аҳли залолат битта ҳам бўлган эмас. Аммо саҳобалардан кейинги авлод ичида ишончли уламолар кўп бўлиши билан бирга, бидъатчи ва ҳадис тўқийдиган уйдирмачи ваззоълар ҳам бор эди. “Салафи солиҳ” атамаси яна саҳобалардан кейинги даврга мансуб фақиҳлар, муҳаддис ва муфассирлар каби ўз даврининг пешво уламоларини ҳам қамраб олади. Масалан, тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳни. Шунингдек, имом Авзоъий, Мужоҳид, Суфёни Саврий ва Суфён ибн Уяйналар ҳам “Салафи солиҳ” атамаси ичига киритилади. “Халаф” сўзининг фиқҳий истилоҳий маъноси эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган уч асрдан кейин то қиёматгача бўлган жамики раббоний олимлар, фозиллар ва солиҳлардир. Халафларнинг ичида худди салафлар давридаги каби ишончли диний уламолар бўлади. Бироқ, улар ичида яхшилардан кўра ёмонлар, ҳавосига эргашган бидъатчилар кўп бўлади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз динини Ўзи сақлаб олади. Ҳар даврда ҳар қанча динбузар кўп бўлмасин, барибир битта бўлсада ҳақгўй солиҳ халаф топилади! Аллома Ибн Ҳажар “Завожир” да Имом Заҳабийдан нақл қилиб айтади: мутақаддим уламолар билан мутааххир уламолар орасини ажратиб турувчи чегара учинчи асрнинг сўнггидир! Яъни дастлабки ҳижрий уч аср. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби Авазбек Мўминов 502
Тошкент ислом институтида 2019 йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Илҳом Бердияров “Ислом ва ҳозирги замон” фанидан биринчи курс талабаларига “Ислом молиявий ташкилотлари, уларнинг фаолият услублари ва тартиблари“ мавзусида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О. Тангиров 616
Тошкент ислом институтида 2019 йилнинг 28 март куни Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси Маркази бўлим бошлиғи Муҳиддин Тўйчиев “Мусулмон мамлакатлар янги тарихи” фанидан биринчи курс талабаларига “Мусулмон мамлакатларида илм-фан, маданият, туризм каби соҳалардаги тараққиёт“ мавзусида маъруза қилиб берди. Маъруза сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О. Тангиров 538
“Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”. Машойихлар. Бу кишининг тўлиқ исмлари Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Хамадон бўлиб, Бағдоднинг Ҳанафий фақиҳларидан ҳисобланади. Бу улуғ олим ҳижрий 362-санада туғилиб, ҳижрий 428-санада вафот этган. Касблари қозон ясаб сотиш бўлганлиги учун “Қудурий” деган ном билан машхур бўлган. Бу эса ҳар бир инсон ўзига кифоя қиладиган даражада ҳалол касб билан тирикчилик қилиши лозим эканлигига далолат қилади. Гарчи ўша касби қозон ясаб сотиш каби содда оддий бир касб бўлса ҳам. Имом Қудурий ушбу касби машаққатли бўлишига қарамасдан ўз ҳунарини моҳир устаси эди. Шу билан бирга илм олишга ва шогирдларига дарс беришга ҳамда китоб ёзишга алоҳида вақт ажратар эди. Ушбу имом бизга буюк китобларни тақдим қилди. Шулардан бири ҳанафий мазҳабининг энг ишончли асарларидан бири ҳисобланган матн бўлиб, кўпчилик илм аҳллари узра қўлма-қўл бўлган. Ҳатто аср машойихлари “Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”, деганлар. Улғайишлари Имом Қудурийнинг оталари олим ва муҳаддис эди. Ёшлик даврларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди ва уни доимо тиловат қилиб юрадиган бўлди. Шунингдек, турли шаръий илмларни ўрганди. Сўнгра Ироқдаги таълим даргоҳида илм олди. Ўша давр Аббосийлар ҳалифалиги даври бўлиб, Бағдод шахри илм пойтахти ҳисобланар эди. Илм даргоҳида имомнинг қадр-қиммати юксалди. Бунга сабаб у киши фикрларини чиройли ифода қилишлари ва гапга уста эканлиги ҳамда доимий равишда Қуръони каримни тиловат қилиб юришлари эди. Имом Қудурий ўз даврларида бир қанча китоблар таълиф қилдилар. Шулардан энг машхури ҳанафий мазҳабига асосланган “Мухтасари Қудурий” бўлиб, бу китоб уламолар орасида катта эътиборга сазовор бўлган. “Мисбаҳу-л-анвор фий адъияти-л-лайли ва-н-наҳар” китобининг соҳиблари Зайниддин Антокий ал-Ҳанафийайтади: “Ҳанафийлар вабо тарқаган кунларда ушбу китобни табаррукан ўқишар эди. Бу муборак китоб бўлиб, уни ёдлаган киши фақирликдан омонда бўлади. Ҳаттоки, агар бирор киши солиҳ устоздан ушбу китобни таълим олса ва унинг ҳаққига устози барака тилаб дуо қилса, ўша одам китобдаги масалаларни ададича дирҳамга эга бўлади, дейишган”. Ушбу китоб ўн икки минг масалани ўз ичига олган бўлиб, унга ёзилган шархлар жудаям кўп. Улардан машҳурлари: “Ал-жавоҳиру-л-музийя” ва “Кашфу-з-зунун” асарлари ҳисобланади. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини ҳам “Мухтасари Қудурий”нинг шарҳларидан бири дейиш мумкин. Чунки Имом Марғиноний ўз китобига “Мухтасари Қудурий” ни ва “Жомеъу-с-сағийр”ни асос қилиб олган. Устозлари 1-Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Маҳдий Журжоний. 2-Абу Ҳусайн Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Шайбоний. 3-Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Сувайд ал-Муъаддаб. Шогирдлари 1-Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий. 2-Қозию-қузот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ад-Дамғоний ал-Кабир. 3-Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ақтоъ. 4-Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Сарахсий. Асарлари 1-Ал-мухтасар. 2-Шархи мухтасари Кархий. 3-Жузъун фи-л-ҳадис. 4-Адабу-л-қозий ъала мазҳаби Абу Ҳанифа. 5-Ат-тажрид. Имом Қудурий тўртинчи табақадаги таржийҳ аҳлидан, яъни, мазҳабимиз масалаларининг баъзисини баъзисидан афзал ва авлога ажрата оладиган уламолардан ҳисобланади. Имом Қудурий ҳижрий 428 санада ражаб ойининг бешинчиси, душанба куни (мил. 1036 йил 25 октябр) Абу Халаф йўли бўйидаги уйида вафот этади ва ўша ерга дафн қилинади. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, кейинчалик унинг жасади Мансура кўчасидаги қабристонга, ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Абу Бакр Хоразмий қабри ёнига кўчирилган. Андижон шахар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби Авазбек Мўминов 960