islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Улуғ муфассир ва машҳур тафсирга бағишланган семинар

Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятида “Маҳмуд аз-Замахшарий ва унинг ал-Кашшоф асари” мавзусидаги диний соҳа ходимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тадбир Қуръони карим оятлари тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари илмий-амалий семинарни кириш сўзи билан очиб, шундай сўзларни айтдилар: – муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий ва илмий-ижодий соҳаларда катта тарихий воқеалар юз бермоқда. Жумладан, қўлёзма асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Миср, Туркия ва Татаристон каби мамлакатларда хизмат сафарларида бўлишди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмалардан бири – Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асаридир. Ушбу асарни ҳар томонлама ўрганиш ва аҳамиятини жамоатчиликка етказиш мақсадида, ушбу илмий-амалий сайёр семинар ташкил этилди. Илмий-амалий семинарда Диний идора Котибият бўлими мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов Маҳмуд аз-Замахшарий улуғ муфассир, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларида чуқур илмга эга бўлган олим, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан ва илм-фаннинг кўплаб соҳаларида шуҳрат қозонган забардаст уламо экани тўғрисидаги маълумотларни келтирди. – Маҳмуд аз-Замахшарий тафсир, фиқҳ, қироат, тилшунослик, адабиёт, жўғрофияга оид олтмишга яқин асар таълиф этган. Унинг энг машҳур асари “ал-Кашшоф”китобидир. Имом Замахшарий ижодларининг энг мўътабари “ал-Кашшоф” номли тафсир ҳисобланади. Ушбу асарнинг тўлиқ номи “Ал-Кашшоф ан ҳақоиқит-танзийл фи вужуҳит-таъвил” деб номланади, дея ушбу асарнинг мазмун-моҳияти ҳақида нутқ қилди Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков. Шунингдек, илмий-амалий семинарда Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов “Маҳмуд аз-Замахшарийнинг маънавий мерослари”, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Пардаев “Имом аз-Замахшарийнинг “ал-Кашшоф” асарида эътиқодий масалаларнинг ёритилиши” мавзуларида маърузалар ўқишди. Семинар якунида мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. 598

Қалблар ҳаёти

Ҳаё – гўзал ишларга ундовчи ва қабиҳ амаллардан тўсиб турувчи фазилат бўлиб, нафснинг мақтовли сифатларидан ҳисобланади. У – олийжаноб хулқларнинг тожи, иймон зийнати, Ислом шиоридир. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Муҳаққақки, ҳар бир диннинг ўз хулқи бўлади, Ислом хулқи эса ҳаёдир” (Ибн Можа ва Имом Молик ривояти). Демак, ҳаё сифати динимизнинг асосий хулқларидан, доимо сезилиб, билиниб турадиган фазилатларидан экан. Ҳаё – ўз соҳибидаги эзгуликка далолат қилувчи, қалб саломатлигидан дарак берувчи ва маломат тошларидан ҳимоя қилувчи бир қўрғондир. Ваҳб ибн Мунаббеҳ айтади: “Иймон бамисоли яланғоч тан кабидир. Унинг либоси тақво, безаги ҳаёдир”. Машойихлар дейдиларким, “Кийими ҳаёдан тикилган кишининг айби халойиққа кўринмас”. Шоир айтади: Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас, Кишининг фазлига далилдир ҳаё, Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас, Ўликдир у инсон, мурдадир гўё. Ҳа, қалб қанчалик тирик бўлса, ҳаё хулқи ҳам шунчалик кучли ва мукаммал бўлади. “Ҳаё” билан “ҳаёт” сўзининг ўзаги бир эканлиги ҳам бежиз эмас, албатта. “Ҳаё” тириклик маъносини англатувчи “ҳаёт” сўзидан олинган бўлиб, халқ назарида хунук саналган, айбситиладиган бирор ишни қилганда кишига етадиган эзилиш, синиқиш ва юздаги ўзгаришни англатади. Бу нарсанинг “ҳаёт” сўзига қандай алоқаси бор деган саволга имом Замахшарий шундай жавоб беради: “аслида арабча “حي” ёки “استحيى” (“ҳаё қилди”) дегани мажозан “ҳаётига нуқсон етди, иллатланди”, деган маънони ифода қилади. Чунки, қилган ишидан уялиб, хижолатга ботган кишига етадиган эзилиш, сиқилиш туфайли у бамисоли дармони кетиб, ҳаётига нуқсон етган каби бўлади. Халқ орасида кенг тарқалган “مات فلان حياء” “фалончи уятдан ўлди”, “уятдан тамом бўлди”, деган сўзлар ҳам шу маънони тасдиқлайди” (“Ал-Лубоб фий улум ал-китоб”). Ҳаё сифати ўзига хос фазилат ва хусусиятларга бағоят бой бўлгани учун ҳам динимиз кишиларни у билан хулқланишга чақиради. Ҳатто бу сифат иймон шохчаларидан бир шохчадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборат. Уларнинг энг афзали (энг юқориси) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” сўзи бўлса, энг пасткиси йўлдан зарарли нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймон шохобчаларидан бир шохобчадир” (Саҳиҳайнда ривоят қилинган). Юқоридаги ҳадисда иймон калимаси бўлмиш “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” сўзидан кейин кишининг мўминлигига далолат қилувчи бошқа ишлар ҳам борлиги, бўлиб ҳам анча-мунча эканлиги ижмолий тарзда баён қилингач, йўллардаги азиятни бартараф қилиш ҳамда ҳаёли бўлиш ҳам иймон бўлакларидан бир бўлак эканлиги алоҳида қайд қилинган. Бу ҳам бўлса, ҳаёнинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради. (Бўлак дейилар экан мажозий маъно ирода қилинган. Иймон тақозоси бўлган амаллардан эканлиги назарда тутилмоқда. Зеро, иймон аслида бўлакларга бўлинмайди). Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “ҳаё билан иймон бир-бирига чамбарчас бириктирилган, агар уларнинг бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади”, (Имом Бухорий: “ал-адаб ал-муфрад”; Ҳоким: “ал-Мустадрак”). Ҳаё билан иймоннинг бир-биридан айрилмаслиги, ўзаро жипс боғлиқлигининг сири, уларнинг ҳар иккисининг ҳам эзгуликка чорлаб, ёмонликдан узоқлаштирувчи нарсалар эканлигидадир. Шунинг учун ҳам орифлардан бири “ҳаётда қанча-қанча хунук ишларни қилишимдан фақат ҳаёгина тўсиб қолган”, деган эди. Шундай экан, бирор кимсада ўта журъаткорлик, ахлоқсизлик ҳамда беодоб ва бепарда сўзларнинг кўп гапирилишига гувоҳ бўлсангиз, билингки, бунинг асосий сабаби ҳаёнинг йўқлигидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “илк нубувват ўгитларидан инсонларга шу бугунга қадар (ўзгармасдан) етиб келган ҳикматли сўзлардан бири: “агар уялмасанг, билганингни қил!”, деган сўздир” (Имом Бухорий ривояти). Яъни, Одам алайҳиссалом давридан то Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом...

Тўғри эътиқод – саодат калитидир

Аҳли сунна вал жамоанинг икки имомидан бири бўлган улуғ бобомиз Муҳаммад Абу Мансур Мотуридий Ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган, хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тоифалар кўпайиб, бир-бирлари билан тортишган, ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солиб турган бир пайтда, Аҳли сунна ҳимоясига бел боғлаб, ақида масалаларини тўғри баён қилиб берганлар. У зот Мотуридия мазҳабига асос солганлар. Бу мазҳабнинг ривожланиб, тараққий этишига жуда кўплаб уламолар хизмат қилганлар. Камол ибн Ҳумом, Нуриддин Собуний Бухорий, Абу Ҳафс Нажмидин Умар Насафий, Абул Юср Паздавий ва бошқалар шулар жумласидандир. “Март ойи – Ақоид фани ойлиги” муносабати билан 2019 йил 27 март куни соат 13:30да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти аёл-қиз талабалари ўртасида “Тўғри эътиқод – саодат калитидир” мавзуcида мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси ўринбосари З.Тўраев, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари Я.Раззақов, Ф.Жўраев, Қ.Сидиқметов, С.Жўраев, Ҳ.Зойирова, Н.Усмонова ҳамда институтнинг аёл-қиз талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада “Имом Таҳовий давомчилари”, “Имом Мотуридий шогирдлари”, “Имом Насафий авлодлари”, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳлари иштирок этишди. Ҳар бир гуруҳда 6 тадан иштирокчи қатнашди. 1-шартда иштирокчилар Мотуридия таълимоти уламолари таржимаи ҳоли, илмий мерослари ҳақида жавоб беришди. 2-шартда эса “Бадъул амолий” матнидан ёддан байтларни айтиб, белгиланган жойларни маъноларини айтиб, шарҳлаб беришди. 3-шартда Ашраф Али Таҳонавийнинг “ал-Интибоҳотул муфида” асарида келган ақлий эътиқодий қоидалардан бирини ёддан айтиб, шарҳлаб бердилар. 4-шартда Сўфи Оллоҳёр ҳазратларининг “Саботул ожизин” асаридан билет асосида ёддан айтиб беришди. 5-шарт эса, иштирокчиларга аввалдан мавзулар бериб қўйилганди. Улар мавзу юзасидан мақолалар ёзишган. Мақолаларни кафедра ақоид фани устозлари баҳоладилар. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа натижаларига кўра, “Имом Мотуридий шогирдлари” гуруҳи 196,6 балл билан биринчи ўринни, “Имом Таҳовий давомчилари” гуруҳи 175,6 балл билан иккинчи ўринни, “Имом Абу Ҳанифа ворислари” гуруҳи 175,2 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ш.Ибрагимов 516

Ҳадис илми мактабига замонавий автобус топширилди

Жорий йилнинг 27 март куни Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабига замонавий автобусни топшириш маросими бўлиб ўтди, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Унда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов замонавий автобусни Ҳадис илми мактабига топшириш чоғида давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ушбу таълим даргоҳини ташкил қилиниши мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этиши, келгусида ушбу мактабдан ҳадис олимлари етишиб чиқишига тилак билдирди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маросимда олий мактабдаги жуда кўп қулайликлар билан бирга ушбу замонавий автобус Ҳадис илми мактаби фаолиятида катта хизмат қилиши, энг замонавий ва қулай шароитлардан унумли фойдаланган талаба-ёшлар келгусида Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Доримий каби улуғ муҳаддислар бўлиб етишишларига умид боғладилар. Шунингдек, Аллоҳ таборака ва таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, неъматларни янада зиёда бўлишига асосий омил эканини шарҳладилар. Муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳам мазкур олий мактабга муносиб совға топширилишини билдирдилар. Маросимда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, таниқли уламолар, бош имом-хатиблар, мадрасалар мудирлари ва тажрибали имом-хатиблар иштирок этди. 519

Афв фазилати

“Афв” калимасининг луғавий маъноси- “кечирмоқ”, “тузатмоқ”, “ўчирмоқ”, “даволамоқ”, “озод қилмоқ”, “қутқармоқ”, “афв этмоқ”- деган маъноларни ифодалайди. Уламолар наздида эса, “ уқубат ва зарар етказишга қодир бўлатуриб, уни тарк қилиш”, авф дейилади. Араб тилида “сафаҳ” калимаси “афв” сўзнинг маънодоши бўлиб, уни маънолари- “гуноҳидан ўтмоқ””, “узрини қабул қилмоқ” ва “олийжаноблик” каби маъноларда келади. Иккисини маънолари бир-бирига синоним бўлсада,  “сафаҳ” калимаси маъно жиҳатидан кенг қамровли ҳисобланади. Афв  қилиш ўзаро дўстлар орасида бўлса, муҳаббатни зиёда қилади. Аразлашганлар ўртасида бўлса, улфат ва бир-бирларини яқинлаштиради. Душман ва макрли кишиларга қилинса, ёмонликларидан омонда бўлиб, мушкилларни осон, тугун бўлиб турган  ишларни  ечилишига сабаб бўлади. Бундан бошқа унда яна жуда ҳам кўплаб фойда ва манфаатлар мужассамдир. Иншааллоҳ.  Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло пайғамбари  ва мўмин-мусулмон бандаларига шу сифат билан зийнатланишликка амр этган. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят). Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар (Табарий тафсиридан). Бошқа ояти каримада: …وَلَوْ كُنْتَ فَظًّا غَلِيظَ الْقَلْبِ لَانْفَضُّوا مِنْ حَوْلِكَ فَاعْفُ عَنْهُمْ… …Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг… (Оли Имрон сураси, 159 оят).   Яна бошқа оятда эса, فَاصْفَحْ عَنْهُمْ وَقُلْ سَلَامٌ فَسَوْفَ يَعْلَمُونَ Бас, (Эй, Муҳаммад!) Улардан юз ўгиринг ва “Саломатлик бўлсин” денг! Бас, улар яқинда (ҳақиқатни) билиб олажаклар. (Зуҳруф сураси, 89-оят).  Ойша онамиз тўғрисида бўҳтон тўқиганларга қўшилиб кетганлардан бири Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг холаваччаси Мустаҳ ибн Асаса розияллоҳу анҳу эди. У Бадр жангида қатнашган бўлиб, ўзи мискинликда яшарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу унинг бу ишидан кейин зинҳор моддий ёрдам бермасликка қасам ичади.  Шунда куйдаги оят  Абу Бакр розияллоҳу анҳу хусусида нозил бўлади:  وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَى وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ  Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир (Нур сураси, 22 оят). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Уяйна ибн Ҳиср деган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳузурларига кириб: “Эй, Хаттобнинг ўғли! Аллоҳ номи ила қасам ичиб айтаманки, бундан кўпроқ  бермайсанми, сен бизнинг ўртамизда адолат билан ҳукм чиқармаяпсан”-деди. Шунда, Умарнинг ғазаби чиқди, ҳатто энди бир кор-хол бўлади, деб атрофдагилар қайғуга тушиб қолишди. Шу пайт бир киши: Эй, амирал мўминин! Аллоҳ таоло ўз пайғамбарига  خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!  (Аъроф сураси, 199 оят) –деб буюрмаганмиди, бу ўша жоҳил одамлардан  экан” -деди. Умар розияллоҳу анҳу Қуръон ояти тиловатини эшитиши биланоқ, ғазаб отидан тушди, ҳамда Аллоҳнинг китобига мувофиқ иш тутди (Бухорий ривояти). Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят...
1 1 260 1 261 1 262 1 263 1 264 1 522