Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари юксалиб боради. Китоб мутолаа қилмаган инсоннинг онги ривожланмай маънавий қашшоқликка олиб боради. Шундай экан инсон ҳаётида маънавиятини юксалтириб бориши лозим. Бунинг учун эса илм ўрганиб, китоб ўқиб, билмли бўлиши даркор. Юқоридаги фикрларга мувофиқ, талабаларнинг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2018 йил 22 сентябрь куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриётида чоп этилган китоблар ҳамда ТИИ АРМга июль-сентябрь ойларида келган янги китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада 58 номдаги жами 160 дона китоб намойиш қилиниб улардан Айман Рушдий Сувайднинг “Ҳилятут тилава”, Имом Муҳаммад бин ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг “ал-Асл”, Али ал-Қорийнинг “Тафсирул Мулла Али ал-Қорий”, Акмалуддин ал-Ҳанафийнинг “ал-Иная шарҳул ҳидая”, Фахруддин ал-Ҳанафийнинг “Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзид дақоиқ”, Муҳаммад Абдулҳақ ал-Ҳанафийнинг “ал-Иклил”, Ш.Воҳидов, А.Қодировларнинг “Қуръони каримдаги сўзлар ва ибораларнинг арабча-ўзбекча кўрсаткичли луғати”, Ж.Тошқулов, Н.Юсупова ва И.Бекмирзаевларнинг “Ислом ҳуқуқшунослиги” ҳамда М.Султонова, Н.Аббосхоноваларнинг “Саййидлар шажараси” каби кўплаб турли диний-маърифий мавзуларга оид китоблар институт жамоасига ҳавола этилди. Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази мудири Камолиддин Маҳкамов 1 115
XIX аср охири ХХ аср биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиққан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. У киши ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарварлар ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади. Собитхон тўра 1866 йил Наманганда таниқли олим Саййид Файзхон тўра хонадонида туғилди. У илмий муҳитда ўсиб улғайди, илк устози отаси бўлди. Сўнг Наманган мадрасасида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимлари, жумладан, Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олди. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Ҳўқанди латифга борди. Бу ерда бир неча йил туриб, “Мадрасаи Хон”да илм сирларидан воқиф бўлди, мадрасани муваффақиятли битириб, она шаҳрига қайтди. Ёши улғайгач, ҳажга борди. Мадинада уч йил муқим яшаб қолди. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. У зот олимга “ватанга қайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у ота юртига қайтиб, қолган бутун умрини Наманганда ўтказди. XIX асрнинг сўнгги йилларида Намангандан етишиб чиққан олимларнинг кўпи ундан сабоқ олишган. Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширинсўз ва тақволи инсон бўлган. У илм бобида улкан муваффақиятга эришган эди. У мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақлар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эди. “Тафсири Жалолайн”ни кўп ўқир эди. Собитхон тўра тасаввуф, тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ ва бошқа илмлардан яхши хабардор эди. Ўзи ҳам араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилди. Олимнинг “Башорат ан нажот фи ишорат ас-салот” китобида диний амаллар, ибодатларга оид турли фиқҳий масалалар жамланган. Ушбу асарнинг 52 бетдан иборат қўлёзма нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Ушбу даргоҳда унинг қаламига мансуб “Тажҳиз ал амвот” асари қўлёзмаси ва бу китобнинг 1907 йили Бухорода нашр этилган тошбосма нусхаси ҳам бор. Ушбу асарда ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган. У хурофий тушунчалар авжига чиққан бир даврда ёзилгани боис катта аҳамият касб этган ва одамларни ҳидоят йўлига бошловчи муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, олим фиқҳ илмига оид яна бир нечта асарлар ёзган. Собитхон тўра тафсир ва ҳадис илмлари тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Ўша даврда Туркистон аҳолисида ушбу илмларга эътибор сусайиб кетгани учун ҳам шу йўналишга алоҳида эътибор берган. Саййид Собитхон тўра турмуши ҳашамсиз яшаган, дунё лаззатларига парвосиз эканидан мол-дунё орттирмаган. Тушган совға-саломларни камбағалларга, илм толибларига эҳсон қилиб юборган. Саййид Собитхон тўра юртимизни жуда ҳам севар, шу боис чоризм мустамлакасига айланиб қолган муқаддас Ватанини озод ва ҳур кўришни орзу қилар эди. Талабаларига Ватан озодлиги учун ҳаракат қилиш, керак бўлса, бу йўлда жон бериш кераклигини таъкидлар эди. Болшевиклар инқилоби бошлангач, Собитхон тўра шогирдларини Ватан мустақиллиги йўлида бирлашишга руҳлантирар эди. Собитхон тўранинг халқ ўртасидаги нуфузини яхши билган болшевиклар уни зимдан кузатиб, назорат қилиб туради. Собитхон тўра Абул Маоний 1927 йили 63 ёшда оламдан ўтди, Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Исломхон Убайдуллаев Манба 828
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بنِ مَسعودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا “ Абдуллоҳ ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Албатта ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Албатта яхшилик жаннатга олиб боради. Киши ростгўйликда ва тўғри сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзиб қўйилади…”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Халқимиз азал-азалдан турли хил миллий ва умуминсоний фазилатлари билан дунё ҳамжамияти орасида алоҳида ажралиб турувчи халқ ҳисобланади. Бағрикенглик, меҳмондўстлик, ҳушмуомалалик, катталарга ҳурмат – буларнинг барчаси халқимизнинг олий фазилатларидандир. Шу жумладан ростгўйлик ҳам. Муқаддас динимиз ҳам инсонларни ростгўй бўлишга чақирувчи ва ростгўйликни тарғиб қилувчи дин ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳали нубувват келмасидан олдин ҳам халқ ичида “ал-Амийн” яъни “ишончли” дея ном чиқарганликлари эса бу гапимизга ёрқин далил бўла олади. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Юқоридаги ҳадиси шарифда Набиий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани рост гапиришга ва ростгўй бўлишга чақирганлар. Шу билан бирга ростгўйларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақомини баён қилиб берганлар. Ростгўйликда бардавом бўлган инсон ростгўйлиги учун жаннатга киритилишини ва унга Аллоҳ таоло ҳузурида “Сиддиқ” деб ном берилишини эшитган ҳар бир мусулмон, шубҳасиз ростгўй бўлишга интилади. Ҳамма ростгўйликка интилса, инсонлар орасидаги тушунмовчиликларга ҳам барҳам берилади. Натижада, жамият ҳаёти ҳам ижобий томонга ўзгаради. Тўғрисўзликнинг Аллоҳ ҳузуридаги мақомининг боиси ҳам айни мана шунинг учун бўлса ажаб эмас. Уламоларимиз: “Ростгўйлик бу – қалбингдаги ҳақиқатни тилингда зоҳир қилишингдир”, – дейишган. Демак, зоҳиран қилган ишларимизнинг барчаси қалбимизда бўлмоқлиги керак. Ҳеч бир ҳаракатимизни ростгўйликдан йироқ ҳолда, хўжакўрсинга қилмаслигимиз лозим бўлади. Ростгўйлик – Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қилишда, инсонлар билан муомала қилишда, ваъдада, олди-сотди масалаларида, никоҳ ва бошқа масалаларда кишининг зоҳири худди қалби каби бўлмоқлигидир. Киши инсонлар билан муомалада бир хил бўлиши, ваъдасига вафо қилиши, олди-берди масалаларида ва бошқаларида тили ва ҳаракатларини қалби ила мутаносиб қилиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифнинг давомида: “…Ўзингизни ёлғончиликдан сақланг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик оловга олиб боради. Киши ёлғон сўзлашда ва ёлғон сўзлашга ҳаракат қилишда бардавом бўлади. Ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида каззоб деб ёзиб қўйилади”,- дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳақида Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Ростгўйлар билан бирга бўлинглар”. (Тавба,119) Уламоларимиз: “Ёлғон бу – қалби тасдиқ қилмаган нарсани айтишдир. Омонатга хиёнат ҳамда бошқалар томонидан айтилган рост сўзни била туриб тасдиқламаслик ҳам ёлғондир” ,-деганлар. Ёлғон гапириш динимиз ҳаром қилган амаллардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни қай даражада ростгўйликка тарғиб қилсалар, ёлғончиликдан шу даражада қайтарганлар. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки лаби ва икки оёғи орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, дедилар. (Бухорий ривояти). Бу ҳадиси шарифдан ҳам маьлум бўлмоқдаки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким менга икки лаби орасидагига кафолат беролса, мен у учун жаннатни кафолат бераман”, демоқдалар. Агар жаннатга киришимиз учун тилимиз аҳамиятли бўлмаганида эди,...
Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар. Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар. Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура бор, унинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга киритади. У “Таборак (Мулк) сурасидир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар ким “Мулк” сурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”. Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради. Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади. Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 1 080