islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Файз ва баракага эришишни хоҳлайсизми?

Менимча юқоридаги саволни ўқиган ҳар қандай шахс, унга жавобан: “Албатта, мен файз ва баракага эришишни хоҳлайман” дея жавоб берган бўлса, ажаб эмас. Чунки, инсонлар бу дунё беш кунлик бўлсада, унда яхши ҳаёт кечиришни ҳоҳлайдилар. Албатта, бундай яхши ҳаёт кечиришга Аллоҳ таолонинг Ўзи каломида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида тавсиялар берганлар. Ана шу тавсиялардан бири “Мулк” сураси ҳақида бўлиб, бу суранинг фазилатлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳазрати Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Мулк сураси) сақловчи ва нажот берувчидир. Қабр азобидан нажот беради”, деганлар. Мулк сураси халқимиз орасида “Таборак” номи билан ҳам маълум-машхурдир. Шунингдек у “Сақловчи” ва “Нажот берувчи” деб ҳам юритилади, чунки у бандаларни Дўзах азобидан сақлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида: “Албатта, Аллоҳнинг китобида (Қуръонда) бир сура бор,  унинг оятлари ўттизта бўлиб, ўз ўқувчисини қиёмат куни шафоат қилади. Уни Дўзахдан чиқариб, Жаннатга  киритади. У “Таборак (Мулк) сурасидир” деганлар. Бошқа бир ҳадисда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мулк сураси ҳар бир мўьмин қалбида бўлишини ҳоҳлардим”, деганлар. Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: “Ҳар ким “Мулк” сурасини ўқиса, Қадр кечасига етишганнинг савобини топади. Бу сура ўз ўқувчисини шафоат қилади ва унинг гуноҳлари авф этилади. Ҳар ким бу сурани ўқиса, Аллоҳ таълонинг ҳамма китобларини ўқиганлик савобига эришади. Агар сидқ билан унинг оятларини ўқиса қабр азобини кўрмайди. Агар қабр бошида ўқилса, ўша қабодаги майитнинг азоби енгил бўлади ва қабри Жаннат бўстони айланади”. Ривоят қилинади, кимки оғир бир мусибатга учраса, Аллоҳ таолодан сўраб, тўғри соф иймон-эътиқод ва ихлос билан маъноларини тадаббур ва тафаккур қилиб, “Мулк” сурасини кирқ бир марта ўқиса, иншаа Аллоҳ, У зот енгиллик беради. Ва яна бирор бир манзил-маконда юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда ушбу сура ўқилса, у ерда, иншаа Аллоҳ, файз ва барака зиёда бўлади. Агар кимки кўз оғриғига учраган бўлса, уч кун давомида ҳар куни уч марта “Мулк” сурасини, бунда ҳам юқорида айтиб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда  ўқиса, инша Аллоҳ, шифо топади. Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 1 081

Ихлос – илм ва амал пойдевори

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ўтказилган тарбиявий соат мавзуси “Ихлос – илм ва амал пойдевори” деб номланди. Суҳбатни институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ҳасан домла Қодиров ўтказди. Домла суҳбатни “бошланган ўқув йилимиз баракали ва манфаатли бўлсин”, дея хайрли тилаклар ила бошлаб сўнг давом этди: Ихлос – холис қилиш, дегани. Инсонни қилаётган амалларидан барча дунёвий ғаразларни олиб ташлашига холис амал дейилади. Ҳар қандай яхши амалда ихлос бўлмаса, уни бажаришда холислик бўлмаса ёки бирор-бир ғараз кўзланган бўлса, ундай амални Аллоҳ қабул қилмайди. Аллоҳ амалларни қабул қилмаслик билан тўхтаса қанийди! Аммо тўхтамайди, қилинган амалнинг ким учун қандай ҳолатда қилинганига қараб бу дунёда зажр (жазо) беради. Айниқса толиби илм энг биринчи ихлосни маҳкамлаши керак.Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Кутилмаганда, олдимизга оппоқ кийимли, қоп-қора соқолли, уст бошида сафарнинг ҳеч бир аломати йўқ, бирортамиз ҳам танимайдиган бир киши кириб келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига ўтирди-да, икки тиззасини У зотнинг тиззаларига суяди (теккизиб ўтирди), икки кафтини эса У зотнинг икки сонларига қўйди ва: “ Эй Муҳаммад, менга “Ислом” ҳақида хабар беринг! (Нима ўзи у?)”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир, деб гувоҳлик бериб, намозни тўла-тўкис адо этишинг, закотни беришинг, рамазон рўзасини тутишинг ҳамда йўлга (борди-келдига моддий ва жисмонан) қодир бўлсанг Байт (Каъба)ни зиёрат қилмоғингдир”, дедилар. Ҳалиги одам: “Тўғри айтдингиз”, деди. (Умар ибн Ҳаттоб) Бу кишининг ўзи сўраб, яна ўзи тасдиқлашидан таажжубландик (ҳайрон қолдик). У: “Энди менга “Иймон” ҳақида хабар беринг! (Нима у?)”, деди. У зот: “Иймон – Аллоҳга, фаришталарига, (пайғамбарларига туширган) китобларига ва пайғамбарларига ишонишинг ҳамда қадар (тақдир)га, унинг яхшилик ва ёмонлигига ишонишингдир”, дедилар. У: “Тўғри айтдингиз”, деди-да: “Энди менга “Эҳсон” ҳақида хабар беринг! (Нима дегани у?)”, деди. У зот: “Эҳсон – Аллоҳга Уни кўриб турганингдек, гарчи сен (ожизлигингдан) кўролмаётган бўлсангда, У сени аниқ кўриб турганини ҳис қилиб (ҳаёт кечириб, бандалик) ибодат қилишингдир”, дедилар. У: “Менга “Қиёмат” ҳақида хабар беринг! (У қачон бўлади?)”, деди. У зот: “Бу масалада сўралувчи (яъни мен) сўровчидан (сендан)да билимдон эмас (яъни сен билмаганингдек, бу масалани мен ҳам билмайман”, дедилар. У: “(Ундай бўлса), Қиёматнинг белгилари ҳақида хабар беринг”, деди. У зот: (Биринчиси) “Она ўзининг қиз (бир ривоятда ўғил) хўжайинини туғмоғи яъни хали қиёматга яқин ота-оналарни фарзандлар бошқарадиган бўлиб қолганини кўрасан. (Иккинчиси эса) Ялангоёқ, яланғоч, камбағал қўйбоқарларнинг бино қуришда мусобақа (ким ўзар) қилаётганларини кўрмоғинг”, дедилар. Ҳазрат Умар: “Саволлари тугагач, ҳалиги киши кетди-ю, мен эса анча вақт (ҳайрон бўлиб) жойимда туриб қолдим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “ЭйУмар, ана у савол сўровчи кимлигини биласанми?”, дедилар. “Аллоҳ ва расули билур”, дедим. У зот: “У Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келган эди”, дедилар. (Имом Муслим ва Бухорий ривояти). Ихлоснинг даражалари ҳам ҳар хил бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисни эсласак бўлади. Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Инсон намозини тугатганда намозининг ўндан бир, тўққиздан бир, саккиздан бир, еттидан бир, олтидан бир, бешдан бир, тўртдан бир, учдан бир ёки ярмининг савобига эга бўлиши мумкин”. Насоъий ривояти. Намоздаги рукнларнинг тўла адо этилгани, хушуъ ва хузуънинг даражаларига қараб савобнинг миқдори ўлчанар экан. Ибодатда гарчи бир хил кўринишда бўлса ҳам савобнинг ҳаммага ҳар хил берилиши қалб ва ундаги ихлоснинг мезони билан ўлчанади. Бунга мисол қилиб, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни кўришимиз мумкин: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир...

Мўминнинг бахти

Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман. Албатта, ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади.   Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам, ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 816

Ақиқанинг тиббий манфаатлари

Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб, мубоҳ амалдир. Арабча “ал-ақийқа” “اًلعقيققة” шаклидаги сўз бўлиб, унинг ўзаги “عقوق”, “уқуқун”, маъноси кесмоқ, қирқмоқдир. Шаръий-истилоҳий маъноси ҳам луғавийсига яқин, албатта. Ақиқа ўғил ёки қиз чақалоқ туғилганининг еттинчи кунида сочини олиб, унинг вазнича тилла ёки кумуш садақа қилиш ёхуд ўғил болага иккита, қиз болага   битта қўй сўйишдир. Исломнинг бу ақл бовар қилмас кўрсатмасини бугуннинг тараққий топган тиббиёти ҳозирда ўрганиб, қуйидагича  хулоса бермоқдалар! Чақалоқ сочини олишнинг тиббий фойдалари  1. Бола она қорнидалигида қуриб қолмаслиги учун ва онанинг бачадонидан чиқаётгандаги тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун унинг танасини ёғли модда қоплайди. Бу модда гўдакнинг бош терисига микроб ва вирусларни тўплаб, унинг соч илдизларига зарар етказиб, уни заифлаштира бошлайди. Шу ёпишқоқ моддадан халос бўлиш учун биринчи ҳафтасида унинг сочини қириб олмоқ лозим. Ундан кеч қолинса, бактериялар тўпланиб, ўрнашиб олади. Ундан кейин соч олиш унчалик фойда бермайди. 2. Сочни олиш бош-мия тешикларини очиб, ундаги буғланиш-димланишларни чиқариб юбориши билан кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 3. Сочни олиш соч илдизларини бақувват қилади. Заиф сочдан қутулиб, ўрнига бақувват соч чиқишига сабаб бўлади. 4. Гўдакнинг сочини олиш унинг ташқи кўринишини ҳам покиза ва ёқимтой қилиб қўяди. Бошқалар қалбини унга нисбатан нафрат, ҳасад ва ёқтирмаслик каби нарсалардан тозалайди. 5. Мусулмон одам ўзига берилган буюк неъмат – янги чақалоқ хурсандчилигини бошқалар билан бирга баҳам кўради. Қўй сўйиб, камбағалларга тарқатиши билан ёки гўдакнинг сочи вазнича тилла ёки кумушни садақа қилиши ила бошқаларни ҳам хурсанд қилади. Ақиқа ҳам боланинг соғлигига фойда, ҳам камбағалларнинг шодлигига сабаб, ҳам бу ишларни холис ниятда қилган ота-онага ажр-мукофот олишга қулай имконият, у биргина фарзанд ёки ота-онасига эмас, балки жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож вакилларига ҳам манфаат келтирувчи Исломий кўрсатмалардан бири экан. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли Манба 1 129

Бахилнинг боғи кўкармас

Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар  келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига  яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят). Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади. Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди.  Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир. Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор....
1 1 372 1 373 1 374 1 375 1 376 1 537