Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради.
Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28 оят).
Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. Муслим ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан:
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”.
Абу Умома ал-Бохилий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид, бирлари эса олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олимни обидга фазли мени энг пастларингизга бўлган фазлим кабидир”. Термизий ривояти.
Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди:
- Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким?
- Илм талаб қилувчи олим.
Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм дарё, ҳикмат денгиз, уламолар дарё бўйида айланиб юрсалар, ҳакимлар денгиз ўртасида шўнғиб юрадилар, орифлар нажот кемасида сузиб юрадилар”. Яна дедилар: “Ким ўзини инсонларга имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин. Тили билан одоб беришдан олдин ўз сийрати билан одоб берсин”.
Айтиладики – олим бу уммат табиби, дунё эса уммат касаллиги, агар табиб касалликни талаб қилса, бошқаларни қандай даволайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимни ҳалокати икки нарсада, илмни тарк қилиш ва мол дунё жамлаш”. У зотдан амалларни афзали сўралганда шундай дедилар: “Аллоҳ учун илм ўқиш ва динида фақиҳ бўлиш”. У зотга яна савол қайтариб: “Эй Расулуллоҳ сиздан амал ҳақида сўрасам илм ҳақида жавоб бердингиз. Шунда у зот: Илм билан озгина амал сенга фойда беради, жаҳолат билан кўп амал сенга фойда бермайди” дедилар.
Айтилади, ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида юқорига кўтарила олмайди. Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Уламолар билан ўтир, уларга яқин бўл, Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради”.
Шаъбий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Кимда икки хислат бўлса бу илмни талаб қилади. Ақл ва тақво. Агар тақволи бўлиб, ақлли бўлмаса, айтадики бу ишга фақат ақллиларгина эришади деб, уни талаб қилмайди. Агар ақлли бўлиб тақволи бўлмаса айтадики: бу ишга фақат тақволиларгина эришади деб уни талаб қилмайди. Бугунги кунда ақл ва тақводан бири бўлмаган ҳолда илм талаб қиладиганлардан қўрқаман”.
Абу Юсуф (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Фарзандим вафот топди. Ўша куни Абу Ҳанифани (роҳматуллоҳи алайҳи) дарслари бор эди. Дарсларига қатнаша олмасликдан қўрқиб ўғлимнинг дафн маросимини бошқа одамга топширдим”.
Илм олиш борасида юртимизда ибрат бўларли алломаларимиз жуда ҳам кўп. Улар жумласидан нафақат юртимизда балки бутун оламга машҳур бўлган Имом Бухорийдир. У киши ҳақларида Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ҳузайма шундай дейдилар: “Бу дунёда ҳадис илми ҳақида Муҳаммад ибн Исмоилдан билувчироқ ва ёд олувчироқ бирор кишини кўрмадим.
Ҳаттоки Бухорий билмаган ҳадисни бу ҳадис эмас дейиларди”. Бухорий ўзлари айтадилар: “Юз минг саҳиҳ, икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олдим. Саҳиҳ китобимга бир ҳадисни ёзишдан олдин ғусл қилиб икки ракат намоз ўқирдим. У саҳиҳ ҳадисларни олти юз минг ҳадислар ичидан танлаб олдим ва уни ўн олти йилда ёзиб тамомладим сўнгра уни ўзим билан роббим ўртасида ҳужжат қилдим”. Алломанинг бу сўзларини эшитиб, инсонда илм олишга рағбат ортиб, мен ҳам улар каби олим бўлиб, динимга, халқимга ҳизмат қилсам, дейди.
Ҳалил ибн Аҳмад (роҳматуллоҳи алайҳи) илм борасида инсонлар ҳақида шундай дейдилар: “Улар тўрт тоифа бўладилар:
- Бир киши билади ва у ўзи билишини ҳам билади. У киши олим бўлиб ундан илм олинглар.
- Бир киши билади ва у ўзи билишини билмайди. У эсдан чиқарувчи бўлиб, унга эслатинглар.
- Бир киши билмайди ва у билмаслигини билади. У толиби илм бўлиб, унга таълим беринглар.
- Бир киши билмайди ва у билмаслигини ҳам билмайди. У аҳмоқ бўлиб, ундан қочинглар”.
Ривоятларда келишича, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр учрашганларида бир қуш келиб тумшуғида дарёдан бир томчи сув олиб Ҳизрнинг кафтларига қўйдида учиб кетди. Шунда Ҳизр Мусо алайҳиссаломга қараб: “Эй Аллоҳнинг набийси бу қуш айтдики: “Эй Мусо сен Аллоҳ сенга билдирган илм эгасисанки, уни Ҳизр билмайди. Ҳизр Аллоҳ унга билдирган бир илм эгасики, уни Мусо билмайди. Мен ҳам Аллоҳ менга билдирган бир илм эгасиманки уни сен ҳам Ҳизр ҳам билмайди. Мени илмим, сени илминг ва Ҳизрнинг илми Аллоҳнинг илми олдида денгиздан олинган шу қатра сувга ўхшайди””.
Бу ривоятдан оладиган хулосамиз шуки, инсон ҳар қанча илм олиб юқори чўққиларга эришса ҳам ўз илми билан кибрланиши, мақтаниши ва ўзгаларни камситиши жоиз бўлмайди. Балки илм уни янада тавозеликка, камтаринликка ва хушмуомалаликка олиб борсин.
Андижон шахар
“Чинор” жоме масжиди имом хатиби
Авазбек Мўминов