Аллоҳ таоло Духон сурасининг 1-6- оятларида шундай марҳамат қилади: Аниқ Китоб (Қуръон) билан қасамёд этурманки, албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур. (У ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган ишлардир. Дарҳақиқат, Биз (пайғамбар) юборувчидирмиз. Бу Роббингиз (томони)дан раҳматдир. Албатта, Унинг ўзи Эшитувчи ва Билувчидир.[1] Имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Жумҳур уламоларнинг сўзларига кўра, ояти каримадаги муборак кечадан мурод Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик.”[2] Ва: “Рамазон ойи Қуръон нозил қилинган ойдир.”[3]Сўзларига биноан Қадр кечасидир.” Сўнгра айтадилар: Қуръони карим бир жумлада лавҳул маҳфуздан дунё осмонига Қадр кечасида нозил қилган. Сўнгра унга эҳтиёж тушганида Жаброил алайҳиссалом уни Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлинган ҳолатида олиб тушган. Баъзилар, Қуръони каримни бўлинган ҳолда нозил қилиниши бошланиши Қадр кечасида бўлган дейдилар. Муборак, унда тушадиган яхшилик ва барака ва дуонинг қабул бўлишидан иборат яхшилиги кўп маъносида. Агар бу кечанинг унда Қуръон бўлганидан бошқа фазилати бўлмаганида ҳам, баракотли эканлигига шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди.[4] [1]Духон сураси 1-6-оятлар. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [2]Қадр сураси 1-оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [3]Бақара сураси 851-оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти. [4]Имом Насафий. Тафсирун насафий 1109 б. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби А. Собиров 782
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни эътикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1]. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар,тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2] Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар. “Тунларини тирилтирар эди”деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар. “Аҳлларини уйғотар эди”деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди. [1]Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175) [2]Имом Бухорий ривояти(1913) [3]Имом Насаий ривояти(1641) [4]Имом Бухорий ривояти(952) ТИИ ўқитувчиси, Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби А. Собиров 1 334
Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи ғолиблари Умра зиёратига ота-оналари ва ҳамроҳлари билан биргаликда бориш имкониятини қўлга киритганлари ҳақида маълум қилинган эди. Жорий йилнинг 6 июнь куни, муқаддас Рамазон ойининг 21-кунида эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортида бир гуруҳ талабаларимиз ўз яқинлари билан муборак Умра зиёратига кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистонлик қориларнинг зиёрати жараёнидан фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Манба: Muslim.uz 853
Азон бу Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент ислом институти асосий биносида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан талабалар ўртасида “Нажотга шошилайлик” шиори остида азон мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақанинг асосий мақсади – талабаларда азоннинг тарихи ҳамда унинг талаффузи ва тараннуми, фиқҳий қоидаларини ўзлаштиришларига қизиқтириш, талабалар азонни маҳорат билан айтиш малакасини ҳосил қилишларига кўмаклашишдир. Мусобақа икки шарт асосида ўтказилди: биринчи шартда иштирокчиларнинг азонни маҳорат билан айтиб бериши талаб этилди ва ҳакамлар овоз, тараннум ва тўғри талаффуз меъёрлари; иккинчи шартда иштирокчилар билет асосида азонга доир фиқҳий саволларга жавоб бердилар, ҳамда жавобларнинг тўлиқ ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилди. Якуний тўпланган баллар йиғиндисига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар: 1-ўринни Мавланов Абдулаҳад, 2-ўринни Марданов Муҳаммад, 3-ўринни Зиёуддинов Муҳаммад Содиқ қўлга киритдилар. Мусобақа ғолиблари Тошкент Ислом институти томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, аввал хабар берганимиздек, Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлигига кўра 1-ўрин соҳибига 1 000 000 сўм, 2-ўрин соҳибига 500 000 сўм, 3-ўрин соҳибига 300 000 сўм ҳамда қолган 11 нафар иштирокчиларга 100 000 сўмлик тўлов-шартнома маблағлари тўлаб бериладиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 910