Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, оила-аъзолари, асҳоблари ҳамда қиёматгача уларга яхшилик ила эргашган зотларга саловат ва саломлар бўлсин. Амма баъд: Албатта, улуғ набавий ҳадис ақида, шариат ва ахлоқ жиҳатидан Исломнинг иккинчи масдари ҳисобланади. Лекин мақбул ҳадисни мақбул бўлмаган ҳадисдан ажратиб олиш ниҳоятда муҳим. Айнан ман шу мақсад учун ҳам ҳадис илмларининг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Ҳадис илмларини ўрганишга киришишдан олдин қуйидаги жиҳатларни билиб олиш алоҳида аҳамият касб этади. Набавий ҳадиснинг аҳамияти Таърифлар Ҳадис илмининг тарихи Биринчидан: Набавий ҳадиснинг аҳамияти Қуръони каримда фарз намозларнинг саноғи ва ҳар бир намознинг неча ракат эканини топа оласизми? Албатта, буларни сиз Қуръони каримда топа олмайсиз. Балки буларни батафсил тарзда ҳадиси шарифда топасиз. Ҳадис ҳаётнинг барча жабҳасида Исломнинг иккинчи масдаридир. Ҳадиси шарифнинг аҳамиятига қуйидагилар далолат қилади: 1) Ҳадис Аллоҳ таолонинг ваҳийсидир. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг: وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى (3) إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى (4)[1] Яъни, “(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир”. деган сўзидир. Ояти каримадаги “هُوَ – у” калимаси “يَنْطِقُ – сўзлаётган” феълига қайтади. Шунда оятнинг маъноси: Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзи Аллоҳ томонидан бўлган ваҳийдан бошқа нарса эмас. Ушбу жумла араб тилига хос тарзда чеклаш услубида тузилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаётган барча сўз, у Қуръон ёки Ҳадис бўлсин, Аллоҳ таоло томонидандир. Лекин Қуръони каримнинг лафз ва маъноси биргаликда ваҳий қилинади. Ҳадиснинг эса фақат маъноси ваҳий қилинади. 2) Ҳадиснинг Қуръони карим билан боғлиқлиги. Ушбу боғлиқликни бир неча жиҳатдан кўришимиз мумкин: А) Набавий ҳадис такидловчидир. Қуръони карим кўплаб оятларида намозга ундаб келган. Ушбу ундовларни ҳадислар ҳам такидлаб келганини кўрамиз. Б) Набавий ҳадис тафсир қилувчидир. Яъни Қуръонда келган маъноларни шарҳлайди. Қуръонда намозга буюрилган, лекин кўриниши баён қилинмаган. Ҳадис намозларнинг кўринишини баён қилган. Т) Набавий ҳадис хословчидир. Яъни, оятлар кўпинча умумий қоидалар асосида келган. Ҳадислар ушбу қоидаларни хослаб, яъни истисно қилиб келган. Аллоҳ таоло “Ўлимтик, қон сизларга ҳаром қилинди[2]” деган. Ушбу ҳукмдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бизга иккита ўлимтик балиқ ва чигиртка ҳалол қилинди[3]” деган сўзлари билан баъзи ўлимтиклар истисно қилинган. С) Набавий ҳадис Қуръонни қайдловчидир. Яъни, ҳадис шаръий ҳукмлар учун Қуръон зикр қилмаган шартларни зикр қилган. Аллоҳ таоло Қуръонда: وَالسَّارِقُ وَالسَّارِقَةُ فَاقْطَعُوا أَيْدِيَهُمَا جَزَاءً بِمَا كَسَبَا نَكَالًا مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ[4] “Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг – қилмишларига яраша жазо ва Аллоҳдан (берилган) азоб сифатида – қўлларини кесингиз! Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир” деган. Лекин оят қўл кесилиши учун тўлиқ топилиши вожиб бўлган шартларни зикр қилмаган. Ушбу шартлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги: لاَ تُقْطَعُ الْيَدُ إِلاَّ فِي دِينَارٍ أَوْ عَشَرَةِ دَرَاهِم[5] “Қўл бир дийнор ёки ўн дирҳамда кесилади” каби ҳадисларида зикр қилинган. Ж) Гоҳо набавий ҳадисда Қуръони каримда мутлақо келмаган янги ҳукм келган. Бунга уйланган зинокорларга жазо сифатида тошбўрон қилиш ҳукми келганини мисол қилиш мумкин. Шу ўринда бир савол туғилади, Қуръон сабабли ҳадисдан беҳожат бўлиш мумкинми? Баъзилар Қуръони каримнинг ўзи кифоя қилмайдими? Қуръонда барча нарса баён қилинмаганми? Аллоҳ таоло: مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْء[6] “Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” деб марҳамат қилганку, дейишади. Ушбу саволларга жавобимиз қуйидагича: А) Агар оятда...
Рабиъул аввал ойи – мусулмонлар учун хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу ойни мўмин-мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расули Акрам алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади. Бугун, 24 ноябрь куни республикамизнинг кўплаб масжидларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари, юксак ахлоқ-одоблари ва олий фазилатлари ҳақида мавъизалар қилинди. Шунингдек, жоме масжидларда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, ахлоқлари тўғрисида битилган “Мавлиди шариф” китоби ўқилди ва бунга намозхонлар чин ихлос ила сомеъ бўлишди. Ана шундай мавлид маросимларидан бири пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” жоме масжидида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қатнашдилар. Дастлаб, муфтий ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллудлари, ёшлик, йигитлик ва пайғамбарлик даврлари ҳақида атрофлича маъруза қилдилар. Сўнгра мавлиди шариф ўқилди, Расули акрамга саловотлар айтиб, қалби муҳаббатга тўлган намозхонлар Муфтий ҳазрат бошчилигида жума намозини адо этишди. Масжидлардаги мавлиди шарифлар якунида юртимиз тинчлиги ва олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ривожини сўраб, дуои хайрлар қилинди. Шундай экан, сиз-у биз ҳам У зотга ушбу кириб келган рабиъул аввал ойида кўплаб саловотлар айтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатларимизни янада зиёда қилишимиз, ваъда қилинган мукофотларга сазовор бўлишга жидду жаҳд қилишимиз лозим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 304
Носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Бугунги ғоят таҳликали, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий инқирозлар кучайиб бораётган, ёшлар онгини ёлғон ва сохта ахборот хуружлари дахл қилаётган, уларнинг қалбига дин ниқоби остидаги зарарли таъсирлар ортиб бораётган хатарли замонда барчамиздан уйғоқлик, хушёрлик талаб қилинади. Интернетдаги диний экстремизм, терроризм, ахлоқсизликни тарғиб қилаётган “Одноклассники” сайтини олайлик. Ҳозирда мазкур сайтга мурожаат қилаётганлар сони 1,5 миллиард кишини ташкил этмоқда. Сайтга аъзо бўлганлар 205 миллион нафарни ташкил этса, уларнинг саккиз миллиони ўзбекистонлик бўлиб, аксарияти ёшлардир. Ўнлаб сайтлар ёлғон ваъдалар билан ёшларни тузоққа илинтиришга зўр бермоқда. Оилада, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. Маҳалла аҳли, айниқса кексалар кўчада нобоп иш қилаётган бола олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган, шу заҳотиёқ танбеҳ бериб тўғри йўлга чақирган. Зеро, ҳар томонлама чиройли, одобли, гўзал хулқли бўлиш, нафсни поклашга буюрувчи муқаддас динимиз оилага катта аҳамият беради. Оиладаги муҳит ота-она ўз маъсулиятларини ҳис қилиши билан барқарор бўлади. Болаларнинг одобли бўлиб улғайиши учун ота-она билан бир қаторда маҳалла-куй ҳам катта ибрат мактабидир. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз. Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта бола тарбияси ўта мураккаб ва маъсулиятлидир. Бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, болалар тарбиясига оид барча маълумотлардан бахобар бўлиб боришни талаб этади. Фарзанд тарбияси бу шунчаки тажриба, оддий кўрсатма ва билимлар жамланмаси эмас, балки ўз ичига диний-ахлоқий билимлар, тиббиёт, этика, психология, педагогика каби соҳаларига оид билимларни ҳам қамраб оладиган мураккаб жараёндир. Бугунги кунда оилавий тарбиянинг қийинлашуви шундаки, биринчидан, жамият тараққий этиб боргани сари ҳар томонлама етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Бу эса оилада болага эстетик, жинсий тарбия, ахлоқий тарбия бериш сифати ва кўламини ошириш талабини қўяди. Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар. Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган. Фарзанд тарбияси жараёнида бола ҳуқуқларининг камситилмаслиги талаб этилади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбияга нисбатан болаларнинг руҳий оламига, ҳиссиёти ва туйғуларига чуқур таъсир кўрсатади. Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ,...
Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда иймон келтирган илм эгаларининг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилган. Илм эса амални амал эса ихлосни ёрдамга чақиради. Агар ёрдамга келмаса илм у кишидан қочади. (Адабуд-дунё ва дин китобидан) Яхши тушунмоқ керакки! Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Фаридиддин Аттор ҳазратлари илоҳиятда аввал ихлос кейин илм туради дейдилар. Яъни: ихлоси бўлмаган кишига минг бор илм борасида сўзланса ҳам у одамда зарра миқдорда фазилат, даража, юксак бир мақом белгиси унда кўринмайди. Шу сабабдан ҳар бир амал ихлос ила бажарилса кундан – кун у ислом немати билан яшай бошлайди. Ихлоснинг маъноси Шайтондан тўлиқ халос бўлишдир. Шайтондан холий бўлмас экан унинг барча илмлари ўзига ва барчага зарарга хизмат қилади. Дунёда илмдан кўра даража ва мартаба йўқдир. Шу сабабли юртимиздаги ва бошқа юртдаги барча олимлар ўзларини фойдаси кенг даражаси зиёда амалга ўзларини фидо қилишган. Баъзи илмларни ўрганиш мутлоқа мумкин эмас. Аллоҳ таолонинг зотини билиб бўлмайди. Биринчидан, бу ҳақда чуқур баҳс юритиш шаръан ман этилган. Иккинчидан, Ҳақ таолони билишга бандаларнинг чекланган билими ва ақлининг қуввати етмайди. Буни Суфи Оллоёр “Саботул- ожизин”да содда ва тушунарли баён қилганлар: Эрур ҳокимки ҳукмин ўзга этмас, Анинг зотиға ҳеч кимнинг ақли етмас. Фаришталар, набилар етмадилар, Буйин сундилару фикр этмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир соат тафаккур қилиш инсон ва жинларнинг ибодатидан яхшироқдир”, дедилар. Шайҳ Худойдод Вали Ҳазратлари Аллоҳ у зотни раҳмат айласин шу ҳадисга ишорат қилиб айтадилар: “Менинг наздимда бир марди ҳақ олимнинг олдида бир соат ўтириш 50.000 минг йиллик зикр ва фикр қилишдан яхшироқдир, деганлар. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадилар: “Кам мин аммин лиаййакувна алиман ва кам мин қорнин лиаййакувна валиййан”, “Қанча- қанча йиллар керак бир марди ҳақ олим бўлиш учун ва қанча- қанча асрлар керак бир марди ҳақ валий бўлиш учун деганлар”. Чексиз мартаба ва даражалар манбаи бу амал ҳисобланади. Инсонлар учун ягона нажот йўли – Қуръони каримга амал қилиш. Чунки Қуоъон – ёғду, нур, билим йўли ва ҳидоят манбаидир. Пайғамбар алайҳиссалом илм борасида айтадилар: “Аввало олим бўл! Лоақал таълим олувчи ёки тингловчи ёхуд уларга эргашувчи бўлгин. Аммо бешинчи одам (мазкур тўрт хислатдан ташқаридагиси) бўлмагинки, ҳалок бўлурсан”. Жололиддин Румий Ҳазратлари дунёда ҳамма нарса сувга туяди. Балиқ сув ичида юрса ҳам сувга тўймайди. Буни илмга қиёс қилиб айтадиларки: “Гуё сизлар илм олишда балиққа ўхшанглар, балиқ сувга тўймагани каби сизлар ҳам илм ичида юриб илмга тўйманглар”. Абу Муъин ан- Насафий ҳазратлари “Насафий” тафсирларида бир муборак ҳадиси шарифни келтиради буни сизларга ҳам маълумот сифатида келтирмоқчимиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир толиби илм бир қабрстоннинг ёнидан ўтса унинг шарофати билан 40 кун қабрда азоб тўхтайди, деганлар”. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтадилар: Олим билан обид ўртасидаги фарқ, даража 700 баробардир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик йўлдир. Ҳар бир даража ораси Осмон билан Ерчадир. Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадилар: “Ким ўзини олим билан даража тенгман деб ҳисобласа! Билсинки у шайтондан қолган меросдир”. Инсон илм орқали нафсига сайқал бериш керак. Нафсни...