islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Юртимиздан етишиб чиққан етук фақиҳ, имом Дабусий ҳақида биласизми?

Етук аллома, фақиҳ имом Дабусийнинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий бўлиб, Абу Зайд унинг кунясидир. Аллома 978 йили (ҳижрий 360) йили Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги Дабусия шаҳрида туғилган. Дабусия шаҳри ҳозирги Самарқанд вилоятига қарашли Пахтачи тумани ҳудудларига тўғри келади. Бу зотнинг яшаган даври Аббосийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Манбаларда аллома Дабусий туғилган шаҳар «Дабуса», «Дабус» деб ҳам номланган. Бу зот Самарқанд ва Бухорода таҳсил олди. Фиқҳни Абу Бакр Жаъфар ал-Устуршонийдан таҳсил олган. Унинг ота-онаси, оиласи ва ёшлиги ҳақида таърих китобларида маълумотлар кам учрайди. Унинг «отам бу ҳадисни Бағдодлик шайхлардан ривоят қилган» деган гапидан келиб чиқиб, отаси Умар ибн Исо диний илмлардан хабардор бўлганини хулоса қилиш мумкин. Абу Зайд ад-Дабусий яшаган даврда Мовароуннаҳрда илм-фан ривожланган бўлиб, ҳанафий ва шофеий мазҳаблари ўртасида илмий баҳс-мунозаралар, тортишувлар кучайган эди. У зот усулул фиқҳ олими ва ҳанафий олимларнинг катта фақиҳларидан бўлган, араб тилида шеърлар ҳам ёзган. Имом Дабусий Қорахонийлар даврида расмий қози вазифасида ишлагани сабабли у фиқҳий асарларда «Қози Зайд» деб номланган. Ҳаттоки ҳужжатларни келтиришда қарашлари ўта кучли бўлгани учун унинг номи зарбулмасал қилинган. Ибн Холликон айтганидек бу зот хилоф илмида кўзга кўринган кишилардан бўлган. Бу алломани кўплаб ёзган китоблари бўлиб, улардан машҳурлари қуйидагилар: ал-Анвор Тақвиймул адилла (усулул фиқҳга оид). Таъсийсун назар (хилоф илмига оид). ал-Асрор (усул ва фуруъ масалаларига оид) ал-Амрул ақсо (ҳикматлар ва насиҳатларга оид) Шарҳу жомиул-кабийр (фуруъ масалаларига оид) Алломанинг айниқса «Тақвиймул адилла» асари усулул фиқҳ фанининг ривожланишида улкан ҳисса қўшган манбалардан ҳисобланади. Бу зот 1039 йили (ҳижрий 430 йили) Бухорода вафот этган. Имом Абу Бакр ибн Тархон яқинига дафн қилинганлар. Аллоҳ таоло у кишининг бизга қолдириб кетган меъросларидан манфаат олишимизга муваффақ қилсин. 4-курс талабаси Улуғбек Ҳасанов 194

Ажал ёш танламас

«Ўлим келиб, у: «Роббим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлардим», деб қолмасингиздан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ ажал келганда ҳеч бир жонни (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 10–11-оятлар). Дарҳақиқат, умр ўткинчи. Шунинг учун уни ботил йўлда зое қилмаслик, ғанимат кунларни жоҳиллик билан ўтказмаслик зарур. Фарзандларни етим, аёлларни тул қолдирадиган, акани укадан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутишгина тўғри йўлда юриш мезонидир. Бойлигини турли шаҳвоний истакларга сарфлаб, умрини беҳуда ўтказаётганлар ўлимни унутганлардир. Ҳадиси шарифларда: «Ибрат учун ўлим, машғулот учун ибодат, тўғрилик учун ишонч кифоядир», дейилган. Биздан сўнг ўзга уммат, Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин ҳаргиз бошқа пайғамбар келмайди. Ўтиб кетганлар кейингиларни кутмоқда. Ўлим остонасида турганда на ҳасрат-надомат, на бола-чақаю ва на молу дунё фойда бера олмайди. Инсон кўз очиб–юмгунча ҳам, олган нафасини қайтиб чиқаргунича ҳам ўлимдан омон бўлмайди. Азроил келганда уни бирор қўриқчи, бирор посбон тўхтата олмайди. Ажал паймонаси қасд қилган кишисига етмасдан қолмайди. Шунинг учун токи инсон тирик экан, либосни тоза тутишга интилгандек, руҳни поклашга, динни асрашга ҳаракат қилмоғи керак. Бўш қоп тик турмайди дейишади. Сафарга чиққан одам йўл учун керакли нарсаларини – кийим-кечагини, озуқасини жомадонига юклаб олади. Шундай экан, нега энди охират учун озуқа тўплашга интилмаймиз? Шу вақтгача ажал домидан қутулган киши йўқ. Ўлим ота-онага ҳам, болага ҳам раҳм қилиб ўтирмайди. Аммо амалларимиз худди мангу яшайдигандек. Ўлимга бўлган ишончимиз гумонга, қайта тирилишга бўлган иймонимиз эса бўҳтонга аралашиб қолмаяптимикин? Солиҳ зотлардан бири кўрган тушини шундай баён қилади: «Бир киши кийик қувмоқда, у эса тутқич бермай қочмоқда. Иккисининг кетидан баҳайбат арслон ҳам тушди. Киши арслоннинг келаётганини сезиб турса-да, унга парво қилмай, ўлжасининг кетидан югурмоқда. Унга етай-етай деганда арслон орқадан етиб олиб, уни ҳалок қилди. Кийик эса унинг ўлимига назар ҳам солмай юришда давом этаверди. Негадир арслон кийикнинг кетидан тушмади. Сал ўтмай ўша кийикнинг орқасидан бошқа одам тушди. Арслон уни ҳам қувиб етиб, ҳалок қилди. Сўнг яна биров кийикнинг ортидан югурди. У ҳам мақсадига етмай, арслон чангалида жон таслим этди. Шу йўсинда кийикнинг кетидан тушган одамларнинг бирортаси уни тута олмай, арслонга емиш бўлаверди. Кийик эса ҳамон тирик, сакрашда, югуришда давом этмоқда. Буни тушунмай лол қолиб турганимда арслон менга қараб: «Нимадан ажабланасан? Менинг кимлигимни, кийикнинг нималигини тушунмадинг шекилли? Мен ўлим фариштаси – Азроилман. Кийик эса дунё. Уни қувлаётган одамлар – дунё илинжида бойлик кетидан югуриб, ўлимдан қочмоқчи бўлганлар. Мен уларни бирма-бир тутиб, жонини олавераман», – деди». Ҳар бир инсон бир кун келиб, ўлим эшигидан кириши муқаррар. Эшикнинг нариги томонида нималар бўлиши эса фақат Парвардигоргагина аён. Аммо бир нарса аниқ –Тўғри яшаганлар неъматли ҳаётга, хилоф ишни тутганлар жаҳаннамга маҳкумдир. Аллоҳнинг дўстлари вафот этиб, жаннатга кирсалар, У Зотнинг душманлари абадул абад жаҳаннам азобидадир. Ийсо алайҳиссалом ҳузурида ўлим зикр қилинса, унинг қўрқинчи сабаб баданларидан тер томарди. Ийсо алайҳиссаломдек пайғамбар шу куйга тушган экан, бизнинг кўзимиз нега намланмайди? Баданнинг соғлиги, бойликнинг кўплиги, умрнинг ёшлигига ишонманг. Ўлим фариштаси кичикка иззат, каттага ҳурмат қилиб ўтирмай, ўз ишини бажариб кетаверади. Азроил келганда инсон унга: «Менга имконият бер, яна озгина, ҳеч бўлмаса бирор кун яшай», – дейди. Азроил: «Эй ғофил банда, кунларингни яшаб бўлгансан», –  деб...

Шогирдларни эслаб

Қоронғу тунларни нурафшон этган, Муҳаббат боғида очилган гулзор. Гина-кудуратни ичига ютган, Шукрки, сиздайин шогирдларим бор. 132

Бировни куфрда айбламанг

«Гуноҳи кабиралар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди» (Саъдуддин Тафтазоний, «Шарҳул ақоидин Насафия»). Ояти карима ва ҳадиси шарифлардан биламизки, қотиллик, ўғирлик, сеҳргарлик, зино, ароқ ичиш, бўҳтон қилиш, ота-онага оқ бўлиш, рибо ейиш шариати исломияда қаттиқ қораланган гуноҳи кабиралар сирасига киради. Қатор ақийда китобларида куфрдан бошқа ҳар қандай гуноҳ мўмин бандани иймондан чиқармаслиги айтиб ўтилган. Ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол санаган, фарзни инкор этган, куфр сўзларни гапирган, махлуққа сажда қилган, Қуръоннинг илоҳий каломлигига шак келтирганлар кофир саналади. Шундай экан, ҳар қандай мўминни куфрда айблаш асло мумкин эмас. Бу айрим «такфирчи»ларнинг ишидир. Бизнинг ақийдамизга кўра, иймон шартларини инкор этмаганлар иймонини ҳаргиз йўқотмайди. Мўътазилийлар наздида амаллар иймоннинг бир қисми саналиб, уларнинг фикрича, гуноҳи кабира қилган банда мўмин ҳам, кофир ҳам бўлмайди, балки шу икки манзил ўртасида аросатда қолади. Исломда илк ихтилоф қўзғаб, аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан тоифа – хаворижлар «Гуноҳи кабира қилган кофир бўлади», деб эътиқод қилишган. Бугунги кунда шу каби ғояларни илгари сураётганлар мазкур тоифалардан қай бирининг услубини тутган экан-а? Биз – аҳли сунна вал жамоа мазҳабидагилар «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдан иборат, амаллар эса иймоннинг шартига кирмайди», деб эътиқод қиламиз. Буни машҳур мутакаллим Нуриддин Собуний (ваф.580/1184 й.) ҳам айтиб ўтганлар. Гуноҳи кабира қилган одам фосиқ бўлади. Фосиқлик тавба билан ювилади. Бу тавбадан сўнг қайта иймон келтириш шарт эмас. Тавбадан сўнг иймон калимасини айтиш эса муртадларга шарт, холос. Оят ва ҳадисларда гуноҳ қилган кишиларга «кофир», «мушрик», «муртад», «иймонсиз» деб мурожаат этилмагани фикримизнинг яққол исботидир. Уларнинг мўминлигига эса қуйидаги ҳадис далил бўлади: Набий алайҳиссалом: «Бирор банда Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини айтса, сўнг мана шу эътиқодида вафот этса, албатта жаннатга киради», – деганлар. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?» – деб сўраганларида, у зот: «Ҳа», – деб жавоб берганлар. Ушбу ҳадисни тан олмаган ёки аксинча инкор этганлар, шубҳасиз, аҳли сунна вал жамоадан ажраган ва адашганлардир. Эркин ҚУДРАТОВ, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, Махсус  сиртқи бўлим 1-курс талабаси 194

Қахва тарихи

Ҳар куни дунё бўйлаб 1.6 миллиард финжон қаҳва истеьмол қилинади. Бу Олимпия ўйинларида ташкил этиладиган ҳовузларнинг 300 (уч юз)таси ҳажмига тенг деганидир. Қаҳва жаҳон саноатида истеьмол сифатида нефтдан кейинги ўринда туради. Шу ўринда қаҳванинг пайдо бўлиш тарихига назар соламиз: Бундан 1200 йил олдин Шимолий Африкалик деҳқонлар бепаён ерларда тиним билмай меҳнат қилишарди. Уларнинг орасида Холид исмли йигит бўлиб, унинг бир гала эчкиси бор эди. Кунларнинг бирида Холид эчкиларини боқаётган ерда ғалати ҳолатга гувоҳ бўлди: эчкилар ҳар гал ўша ернинг ўсимлиги донидан ейишганда олдингидан кўра тетик ва чаққон бўлиб қолишарди. Холид бу ўсимлик дони кейинчалик ҳаёт таъмини ўзгартириб юборишини, одамлар уни сув билан қайнатиб, қаҳва тайёрлашларини билмас эди. Яманда истиқомат қиладиган Сўфийлар қаҳвани кўп истеьмол қилишарди. Чунки, қаҳва ёрдамида улар кечанинг охирига қадар зикрда қоим бўлишар эди. Сўнгра Ислом оламида қаҳва савдогарлар ва ҳожилар ёрдамида тарқала бошлади. Натижада, XV аср охирларида Маккадан Туркияга, XVI асрда эса Қоҳирага тарқалди. Ҳатто миллий ичимликга айланди. Қаҳва Шимолий Африка, Миср ва Истанбулдан тижорат йўли билан Европага етиб келгач,  милодий 1645 йили Венеция(Venice)да биринчи қаҳвахона пайдо бўлди. 1650 йили Туркиялик савдогар Паску Рўзий(Pacque Rosee) қаҳвани Ангилияга олиб кирди. Лондондаги Ломбард кўчаси(Lombard Street)да жойлашган Жорж майдони(George Yard)да қахвахона очиб уни сота бошлади. Бундан 8 йил ўтиб, Корнҳил(Cornhill)да “Sultaness Head” номли қаҳваҳона очилди. XVII аср охирларида Лондонда яна бир машҳур қаҳвахона очилди. Унинг номи “Lloyds Coffee House” бўлиб савдогарлар ва кема аҳолиси учрашадиган жой эди. Кейинчалик у амалдорлар сиёсат ишларини баҳс қиладиган жойга айланди. Тарихдаги либераллар ҳаракати айнан мана шу жойдан бошланган. 1700 йилга келиб Англияда 3500 га яқин қаҳвахона бўлиб, унинг 500 таси Лондонда жойлашган эди. Европада қаҳва тайёрлаш усули мусулмонлар тайёрлаган услубга кўра амалга оширилган. Яъни, бунинг учун янчилган қаҳва дони, шакар ва сув керак бўлган. 1683 йилда қаҳва тайёрлаш ва ичишнинг янгича йўли ўйлаб топилди ва қаҳвахоналарда машҳур бўлди. Қаҳва ҳақида машҳурлар сўзи Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Жазийрий: “Қаҳва оддий инсоннинг олтини бўлиб, ичувчига улуғворлик ва олийжаноблик жалб этади”. Инглиз ёзувчиси Жонатан Свифт(Jonathan Swift): “Қаҳва бизни ғайратчан, тиришқоқ ва файласуф қилади”. Изоҳ: Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал- Ансорий ал-Жазийрий 1588 йилда қахва тарихи ҳақида биринчи бўлиб асар ёзган. “Muslims heritage in our world”китобидан. Инглиз тилидан: Тошкент ислом институти битирувчиси Халилуллоҳ Юсуф таржимаси  1 153
1 207 208 209 210 211 225