Осуда тонгларга шукрона айтиб, қуёш нурин ёйсин йўлларингизга, Яратган беҳисоб куч ато этсин, дуолар тўкилаган қўлларингизга Она! Бу табаррук сўзни айтиш ёки эшитиш билан юрагимизда бехосдан чексиз меҳр пайдо бўлади. Ва ҳар сафар вужудимизда онанинг мунис ва меҳрибон сиймоси акс эта бошлайди. Томирларимизда самимият ва яхшилик дарёдай жўш уради. Она, дейиш билан тилимиз ҳам, дилимиз ҳам беқиёс инсоний меҳр-муҳаббатга, эзгуликка тўлиб-тошиб бораверади, бораверади… Бизда катта байрамлар, йирик тантаналар “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш, онани зиёрат қилиш билан бошланади. Бу зиёратда ҳикмат бор… Гўё онанинг пок дуоси бор. Шу муносабат билан жорий йилнинг 5 март куни, Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва 1-курс талаба қизлари билан олийгоҳга яқин жойда истиқомат қилувчи Фотимахон аяни зиёрат қилиш мақсадида ташриф буюришди. Ўзбек онаси ҳамиша жонкуярлиги, меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги билан бошқа миллат оналарига ибратдир. Мунис онахонни ғарибона ташрифимиздан кўзлари ёшланди. Фотимахон аянинг бу холисона зиёратдан бошлари осмонга етиб беихтиёр меҳнатдан қаварган, титроқ қўлларини олийгоҳимиз ва талаба қизларимизнинг ҳақларига дуо қилиш учун кўтарди. Ҳадис муборакда “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” дейилгани айни ҳақиқатдир. Муқаддас Ислом динимизда аёл – она нечоғлик улуғлаганлигини миллий урф-одат ва қадриятларимизда ҳам кўришимиз мумкин. Миллатнинг улуғлиги — онанинг улуғлиги билан белгиланади. Онага бўлган эҳтиром — миллатга бўлган эҳтиромдир. Миллат комиллиги — она комиллиги билан ўлчанади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 468
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Рафик Муҳаметшин, Қозон шаҳридаги Россия ислом университети ректори: – Ислом динини мотуридия таълимотисиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, глобаллашув жараёнлари кучайган ҳозирги шароитда Имом Мотуридийнинг бундан бир неча асрлар олдин айтган фикрлари, муқаддас динимизнинг софлигини асраш бўйича илгари сурган қарашлари муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли бизнинг университетимизда ҳам бу улуғ имом асарларини таржима қилиш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва бошқа диний таълим муассасалари, илмий марказлар билан яқин ҳамкорликда ишлаймиз. Умуман, азалдан Татаристондаги дин соҳаси вакиллари, уламолар ўзимиздаги мадрасаларда ўқиган бўлса-да кейинчалик Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига келиб, ислом дини таълимотини ўрганган, билимларини оширган. Бу анъана бугун ҳам давом этмоқда. Ўзим ҳам Ўзбекистонга кўп келаман ва ҳар гал янги таассуротлар оламан. Ушбу муқаддас замин ўзининг бой ўтмиши, юксак маданияти, маънавияти билан ҳамиша дунё аҳлини ўзига ром этиб келган. Бугун бу анъаналар асраб-авайланмоқда ва улуғ алломалар номи билан боғлиқ масканлар обод этилмоқда. Шу билан бирга буюк аждодларнинг илмий-маънавий мероси ўрганилиб, тадқиқ этилмоқда. Бугунги конференция ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан эътиборли. Манба: ЎзА 401
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда ўтаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этаётган Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Шайх Аҳмад Тоййиб Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва ушбу йўналишда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. – Улуғ алломалар юрти ҳисобланмиш Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратлари абадий қўним топган масканда бунёд этилган илмий марказ халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради. Кейинги йилларда Миср билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, илмий-маърифий йўналишдаги келишувларимиз ўз самарасини бермоқда. Энг муҳими, томонлар бу ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилмоқда, – деди Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари. Шайх Аҳмад Таййибнинг фахрий меҳмонлар китобига ёзган қуйидаги фикрлари ҳам эътиборга молик: “Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, мен ҳаётимдаги энг катта орзуларимдан бири бўлмиш Имом Бухорий ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш ва унинг номи билан аталувчи халқаро илмий-тадқиқот маркази билан яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Мен Ўзбекистонга ушбу улуғ зотнинг илмий мероси, шахсиятини ўрганишга, шунингдек, бу муқаддас заминдан етишиб чиққан аҳли илмни, барча мусулмонларнинг имомлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бўлган катта эътибори учун ташаккур билдираман. Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Умид қиламанки, илмий меросга юксак эҳтиром ҳамда ушбу меросни ўрганиш, унинг нуфуз ва салобатини, араб ва ислом оламига таъсир кўрсатадиган адашган фалсафаларга қарши турадиган равнақини қайта тиклаш йўлида бор имкониятларни сафарбар этишда Ўзбекистон бошқа мусулмон давлатларига намуна бўлади”. Манба: ЎзА 547
“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида шундай деди: “Руҳимиз Макка ва Мадинага, ақлимиз эса ҳамиша Самарқандга ошиқади”. Самарқандда ўтказилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Шайх Аҳмад Таййиб бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Мотуридий мақбараси, Имом Бухорий мажмуаси, Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини бориб кўрди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида яратилган шароитлар Аҳмад Таййибни ҳайратда қолдирди. Мартабали меҳмон бу икки муассасанинг ислом меросини ўрганишдаги аҳамиятини юксак баҳолади. – Ўзбекистон раҳбарига ушбу марказда шундай шароитлар яратиб бергани учун ташаккурлар айтаман, — деди Аҳмад Таййиб. – Бу ердан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишига ишонаман. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ал-Азҳар мажмуаси билан сермаҳсул ҳамкорлиги Аҳмад Таййибда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, марказга Мисрдан олиб келинган қимматли китоблар меҳмонлар эътиборини тортди. Манба: ЎзА 525
Самарқандда ўтказилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари анжуманни шўъба йиғилишларида давом эттирди. Биринчи сессияда ўзбекистонлик исломшунос олимлар, илмий марказлар раҳбарлари билан бир қаторда, Германия, Болгария, Малайзия, Қозоғистон ва Қирғизистон вакилларининг маърузалари тингланди. “Имом Мотуридий услубияти ва ёшларни ғулув ва бегоналашишдан ҳимоя қилиш”, “Мотуридийликнинг ислом ақидасига хизмат қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари”, “Мотуридийнинг дуализмга асосланган билиш назарияси”, “Мотуридия таълимоти: қалб ва ақл бирлиги”, “Мотуридия калом мактабига оид янги манбалар таҳлили”, “Жамиятда соғлом ижтимоий муҳит барқарорлигида мотуридия таълимотининг аҳамияти (Абул Муъин Насафий қарашлари асосида)”, “Ҳанафий-мотуридийлик таълимоти ривожида Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарининг ўрни” сингари сермазмун маърузалар иштирокчилар томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Иккинчи сессия “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида дин ва давлат муносабатлари”, “Сохта салафийлик соясида: Имом Мотуридийнинг суннийлик илоҳиятини ўрганиш”, “Абу Мансур Мотуридийнинг фиқҳий ва усулий қарашлари”, “Мотуридийликнинг яхшилик ва ёмонликка масалаларига доир қарашлари”, “Ақл ва билим Имом Мотуридий таълимотида муҳим асос сифатида” мавзуларига бағишланди. Мазкур мавзуларда Ўзбекистон, Босния ва Герцеговина, Миср, Малайзия, Туркиянинг ислом динига ихтисослашган олий ўқув юртлари, илмий марказлари, академиялари олимларининг маърузалари тингланди. Халқаро конференция эртага ўз ишини давом эттиради. Манба: ЎзА 415