Ислом дини илм-у маърифат динидир. Илм инсонни икки дунё саодатига элтувчи бир восита бўлиб, ҳар – бир қилинадиган амал илм асосида бўлиши лозим. Ҳар қандай иш ёки бир амал мукаммал адо этилиши унинг илм асосида бўлишлигига боғлиқ. Илм олиш инсонга ҳурмат ва фазилат олиб келади. Халқимизда “олим бўлсанг олам сеники” деган ибора бежиз айтилмаган. Инсон қанчалик илм олишда давом этар экан унинг билим доираси кенгайиб боради, тафаккури очилади, теран фикрлайди. Шунинг билан бирга ҳар қандай ишнинг ечимини топади. Муқаддас ислом динимиз ибтидосида нозил қилинган ояти кариманинг бошланиши “Ўқи” калимаси экани ҳам илм олишнинг зарурлигига далолат қилади. Жорий йилнинг 22 декабр куни Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мажлислар залида Тошкент ислом институти ўқитувчиси Аъзамов Баҳодир томонидан билим юрти талабаларига “Илм олиш фазилатлари” мавзусида маънавий-маърифий суҳбат ташкиллаштирилди. Суҳбат асносида Баҳодир Аъзамов, билим юрти мудир муовинлари талабаларга фойдали, келажак ҳаётида манфаат берадиган, дарсларни ўзлаштиришга ёрдам берадиган фойдали маслаҳат ва таклифларини бериб ўтдилар. Устозлар талабаларнинг саволларига атрофлича жавоб берди. Талабалар бу суҳбатдан ўзлари учун зарур бўлган маслаҳатларни ва кўрсатмаларни олди ва бу маслаҳатларга амал қилишларини таъкидладилар. Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти, Маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари Адилбай Ережепов 275
Имом Жаъфар Содиқ роҳимаҳуллоҳ “Силсилаи Нақшбандия” (“Олтин силсила”)нинг тўртинчисидир. 80-ҳижрий йилда (милодий 699) ва ёки 83-йилида (милодий 702) да Мадинада дунёга келди. Отаси 12 имомнинг бешинчиси Имом Муҳаммад Боқир, онаси ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг набираси Қосим бин Муҳаммаднинг қизи Умму Фарводир. Яъни Имом Жаъфар Содиқ ота тарафидан ҳазрати Али розияллоҳу анҳу, она тарафидан ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Имом Жаъфар Содиқ роҳимаҳуллоҳ Асҳоби Киромни кўриш шарафига муяссар бўлган тобеъинларнинг катталаридандир. Иршод фаолиятини 34 йил давом эттирди. Ниҳоятда хушчеҳра, ширинзабон киши эди. Қувватли ва ўрта бўйли эди. Сочлари қум ранг эди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга ўхшаб кетарди. Ўнта фарзанди бўлиб, еттитаси ўғил, учтаси қиз эди. Ўғилларининг исмлари Мусо Козим, Исҳоқ, Муҳаммад, Исмоил, Абдуллоҳ, Аббос ва Али. Уларнинг ҳаммаси ўша даврнинг олими ва авлиёларининг катталаридан эди. Имом Жаъфар Содиқ илмни отаси Муҳаммад Боқирдан ўрганган эди. Илм ва фазилатда даврининг ягонаси бўлди. Диний илмлар каби, фанда ҳам илғор эди. Унинг талабалари алжабр ва кимё илмларида турли кашфиётлар қилган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари Имом Жаъфар Содиқнинг тадрис ва суҳбатларида қатнашиб, унинг хос ва ошкор маърифат манбаидан, илм ва авлиёлик йўлида кўп истифода қилган. *** Бир куни замонасининг машҳур олими ва зоҳидларидан Довуд Тойи ҳазратлари Имом Жаъфар Содиқ ҳазратларининг ёнига келиб: – Эй Пайғамбаримизнинг набираси, менга бир насиҳат қилинг, қалбим қорайди!– дея илтижо қилди. – Эй Довуд, сен давримизнинг зоҳиди, Аллоҳдан энг кўп қўрққан инсон, менинг насиҳатимга не эҳтиёжинг бор?– деб сўради Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари. – Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, сизнинг қолганлардан устунлигингиз бор, томирларингизда буюк Пайғамбарнинг қони айланмоқда, шу боис ҳар кимга насиҳат бериш сизларга вожибдир, –деди Довуд Тойи. – Эй Довуд, қиёмат куни аждодим Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва саллам менинг қўлимдан тутиб “Нечун мен билан уйғун ҳаракат қилмадинг?” деса, нима қиламан? Ахир бу уруғ-аждод масаласи эмас, ибодат ва амал ишидир!– деди Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари. Довуд Тойи ҳазратлари буни эшитиб, йиғлай бошлади ва: – Ё Раббий, у Пайғамбарлик уруғидан дунёга келди, сўзлари ҳар кимга далилдир. Бобоси Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва саллам, онаси Батул (ҳазрати Фотима) бўлгани ҳолда, шундай деб турса, Довуд Тойи ким бўлибдики, қиймати бўлсин!– деди. *** Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари орифларнинг, ҳақ ошиқларининг сарвари, тафсир илмининг ҳам буюкларидан эди. Калом илмида бузуқ эътиқодли аҳли бидъат ва фалсафачиларга қарши соғлом васиқали жавоблари Аҳли Суннат китобларидан ўрин олди. Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари ҳадис илмида ҳам ишончли бир ровий ўлароқ машҳурдир. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари Имом Жаъфар ҳақда “Ундан ҳам фақиҳ, фиқх илмини теран билган бир киши кўрмадим”, деганлар. Тўғрилиги ва садоқати туфайли унга “Содиқ” тахаллуси берилган. Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари бир муддат узлатга чекилди. Уйидан ташқари чиқмай, ёлғизликни танлади. Буюк авлиёлардан Суфён Саврий унинг уйига бориб: – Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг набираси, инсонлар баракатли нафасингиздан– суҳбатингиздан маҳрум қолди, нечун узлатга чекилдингиз, – деб сўради. – Бугун шуниси маъқул. Замон бузилди, дўстлар ўзгарди. Сўзимизнинг ҳақиқати ўртага чиқди,– деди ва шу маънодаги байтни ўқиди: Кечган кун каби кечди вафо ҳам. Ким хаёл изида, ким умид олдида. Дўстлик, вафо қолди шаклда, Қалбларда эса ғиж-ғиж чаёнлар. *** Бир куни Имом Жаъфар ҳазратларидан: “Аллоҳ Таоло фоизни нега ҳаром қилди?” деб сўрашди. – Инсонлар бир-бирига яхшилик ва эҳсон қилишлари учун ҳаром қилди. Агар фоиз ҳаром бўлмасайди, бир-бирига беғараз (бадалсиз) яхшилик этган одам қолмас эди. Қилинган ҳар бир яхшилик учун бир манфаат кутмаган одам қолмас эди, – деб жавоб берди Имом Жаъфар ҳазратлари. *** Имом Жаъфар Содиқ ҳазратлари дуоси...
Уламоларимиз Қуръони карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб, бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар: Қуръони каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак. Қуръони каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим. Қуръони каримни қироат қилувчи чўкка тушиб, тавозуъ билан ўтириши керак. Қуръони каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёнбошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак. Қуръони каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир. Қуръони каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади. Қуръони каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак. Қуръони каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак. Тиловатдан вақтни қизғаниб ёки бошқа сабаблар билан шошилиб ўқимаслик. Қуръони каримни қироат қилувчи оддий киши бўлса, ҳар куни бир порадан ўқиб, бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръони каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса, уч кундан кам бўлмаслиги керак. Қуръони каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир. Қуръони каримни қироат қилувчи имкони борича тиловатни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир. Қуръони каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир. Қуръони каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз. Қуръони каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса, ўша мусҳаф қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим. Қуръони каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган калом башарнинг эмас, Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим. Тиловатга киришишдан олдин ақлни машғул қиладиган турли омиллардан зеҳнни холи қилиш. Ҳар гал тиловатга киришиш олдидан Аллоҳ таолодан уни осон этишини чин дилдан сўраш ва У Зотдан доимо ғайрат, куч-қувват ва имкониятлар сўраб дуою илтижода бўлиш. Зотан Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қувват ва ёрдам йўқдир. Бу ўринда оддий матнни эмас, балки, буюк илоҳий китоб, лафзи ҳам, маъноси ҳам Аллоҳ томонидан бўлган, У Зотнинг қадим каломи бўлмиш Қуръони каримни, илоҳий ваҳийни ўқиётганини унутмаслик, бу ҳақиқатни доимо ҳис қилиб туриш. Бу йўлда тўғри ният билан қилинган ҳар бир ҳаракат ва машғулот ибодат ҳисобланишини доимо ёдда тутиш. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 291
Ёшларнинг илм олишига муносиб ҳисса қўшган устоз – Малика опа Нормуҳамедова 2018 йил 23 декабрь куни вафот этди. Малика опа Нормуҳамедова 1944 йил Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1966 йил Тошкент давлат университети ва 1997 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган, педагогика фанлари номзоди эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида кўп йиллар самарали хизмат қилган устоз 1993 йил Тошкент шаҳридаги Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг ташкил этилишига улкан ҳисса қўшган. Шу билан бирга Тошкент ислом институтида аёл-қизларни ҳам таълим олиши учун жуда кўп ташаббус кўрсатган. Устоз Малика опа 1993-2009 йилларда Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида мудира вазифасида ишлаб, қизларнинг яхши таълим-тарбия олишига тинмай ҳаракат қилган. Устознинг билим юртига меҳри бўлакча бўлгани сабабли нафақага чиққандан кейин ҳам турли тадбирларда дуолари ва эзгу тилаклари билан мадраса фаолиятида ҳамнафас бўлди. Ҳақ таоло Малика опанинг охиратларини обод айласин. Устознинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Аллоҳ таоло устозни Ўз мағфиратига дохил қилсин, фарзанду набираларига сабру жамил бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин. Нозима ИБРОҲИМОВА, билим юрти мудираси Манба 326
22 декабрь куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Қишлоқ хўжалиги касб-хунар коллежида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди, хабар берди ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги. Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 2-давра тингловчиларига энг долзарб мавзулар бўйича дарслар ташкил қилинди. Дарсларни намунали ташкил қилиш ва ўтказиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланди. Тингловчиларга дарсларнинг 1-кунида маърузачилар томонидан “Диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузилишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар”, “Қуръон тиловати одоблари: тажвид қоидалари”, “Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий китоблар ва масалаларнинг мартабалари”,“Мотуридийлик таълимотида имон масаласи”, “Исломдаги ғоявий ихтилофлар, оқимлар ва фирқалар: тарих ва бугунги кун” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилди. Мазкур малака ошириш ўқувларида Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Я.Раззоқов ўз машғулотларини олиб бормоқда. 394