Жорий йилнинг 2 март куни Тошкент ислом институтида “Мўътабар сулола вакилаларидан ўгитлар” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Бу муборак учрашувда талаба қизларимиз йирик дин ва жамоат арбобларидан бири, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташкилотчиси, муфтий Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг ўғиллари, Тошкент ислом институти пойдеворининг меъмори Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг сулола вакилалари билан учрашди. Бу тадбирда Зиёвуддин домланинг фарзанд анжумандларидан Анисахон ая ва Мухлисахон аялар ва келини Рафиқахон опанинг ҳис-ҳаяжон тўла ҳаётий ҳикоялари талаба қизларимиз учун ўта нодир маълумот бўлди. Айниқса, Анисахон ая, падари бузруквори ҳаётидаги мустабид тузум бошларига солган оғир машаққатлари, илм-фан ривожи учун қўшган улкан ҳиссалари ҳақида талабаларга кенгроқ маълумот бериш мақсадида тўлқинланиб гапирганларида ҳамманинг кўзига ёш қалқиди. Тадбирда, талаба қизлар устоз сулоладан ўтганларнинг хотирасига бағишлаб, хатми Қуръон дуолари ва ўзлари таёрлаган ҳазратнинг илм-дин соҳасида амалга оширган ислоҳотлари, ҳаёт йўллари хақида маълумотларни ўзида мужассам этган слайдларни тақдим этди. Шунингдек, тадбир сўнгида ЎМИ таълим ва кадрлар бўлими ходимаси З.Қосимова сўзга чиқиб ҳазрат ҳақида хотираларини меҳмонлар билан ўртоқлашди. Меҳмонларнинг хотира суҳбати даврага ўзгача файз бағишлади. Талаба қизларнинг таъсуротлари бир олам бўлиб, келгуси ҳаётида мана шундай улуғ инсонлар каби хайрли амаллар йўлида хизмат қилишни мақсад қилдилар. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 350
Ҳурматли юртдошлар! Муҳтарам отахон ва онахонлар! Қадрли ёшлар! Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада халқимизнинг эзгу қадриятларини ўзида мужассам этган, одамларимизни бирлаштириш, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тўй ва маросимлар муҳим ўрин тутади. Шу маънода, бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз. Афсуски, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда. Ушбу долзарб масала неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келмоқда. ХХ аср бошида жадид боболаримиз тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзганларини эслайлик. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатимиз тараққиётига тўғаноқ бўладиган икки нарса бор: бу – тўй ва азадир, деб айни ҳақиқатни ёзган эди. Афсуски, йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда. Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда. Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда. Тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига, энг хавфлиси, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келмоқда. Бундай нохуш ҳолатлар жамоатчиликнинг ҳақли эътирозини уйғотмоқда, оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўй, аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинмоқда. Лекин кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, афсуски, бу борада жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Муҳтарам отахон ва онахонлар! Қадрли ватандошлар! Тўй ва маросимлар шахсий иш эмас, мамлакат ва миллат тақдирига дахлдор ижтимоий аҳамиятга эга масаладир. Халқимизнинг миллий табиатига мутлақо ярашмайдиган, оилаларнинг моддий аҳволини оғирлаштирадиган, уларнинг турмушини издан чиқарадиган бундай бемаъни ҳолатларга барҳам беришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу муносабат билан биз юртимиз аҳолисига, кенг жамоатчилик, ҳурматли зиёлиларимиз, азиз фарзандларимиз, мутасадди раҳбарларимизга мурожаат қиламиз: ҳар биримиз ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этайлик. Бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтирайлик. Қуръони каримда: “Енглар, ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Зеро, Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни севмагай”, деб буюрилган. Бир кунлик тўй деб бутун умр йиққан-терган маблағини совуриш, бандасига ато этилган ноз-неъматни исроф қилиш катта гуноҳ эканини эсдан чиқармайлик. Сохта обрў орттиришга қаратилган бундай ишлар ўрнига бева-бечораларга, ночор инсонлар, муҳтож оилаларга ёрдам берайлик. Хайрли ва савобли ишга қўл урган, етим-есирнинг бошини силаган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, аёлларимиз ва болаларимизга тушунтирайлик. Ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий...
ЎМИнинг muslim.uz сайтида “Соғлом эътиқод сабоқлари” деб номланган янги рукн ташкил этилди. Тўғри эътиқодли бўлиш ва хато эътиқодий қарашлардан сақланиш ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун сайтда мазкур рукн остида зарурий эътиқодий масалаларни содда, тушунарли ва лўнда шаклда баён қилиб борилади. Рукнга “Диний фанлар” кафедраси “Ақоид” фани ўқитувчиси А.Пардаев муҳаррирлик қилмоқда. “Соғлом эътиқод сабоқлари”да А.Пардаевнинг “Имон калималари” номли мақоласи рукннинг илк мақоласи сифатида эълон қилинди. Аллоҳ таоло бошлаган ушбу ишни хайрли ва манфаатли бўлишини таъминлаган бўлсин. 417
1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати хабар бероқда. Унда тасаввуф олимлари, профессор-ўқитувчилар, уламолар, имом-хатиблар ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат ва дуо қилиниб, сўнг муаллиф Комилхон Каттаевга сўз берилди. Муаллиф мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, устозларнинг беқиёс кўмаги, келтирилган маълумотлар илмий асосга эга экани, асарда келтирилган азиз авлиёлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Тасаввуф алломалари” китоби ҳақида гапирар экан, муаллиф ушбу китобни ёзишда жуда кўп меҳнат қилгани, соҳа мутахассислари ва тарихий манбаларга мурожаат этганини билдирди. Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг қабрларини топишда Комилхон Каттаев жуда катта ҳисса қўшганини маълум қилди. Жумладан, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг қабрларини топишда иштирок этганини айтиб ўтди. Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими Сайфиддин Сайфуллоҳ тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” китобида улуғ авлиёлар ва ориф зотларнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олингани, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида маънавий меросимизга янгича ёндошиш туфайли тасаввуф алломаларига бўлган эътибор катта бўлаётганини билдирди. Эндиликда уларнинг илмий-маърифий меросларини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш улкан ижобий натижаларни беришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, тадбирда профессор ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, муаллифнинг ижодига улкан муваффақиятлар тилашди. 297
28 февраль куни Тошкент ислом институти 3-курс талабалари мурабиййи А.Олимов билан биргаликда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси) асосчиси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари ва у кишининг оила-аъзолари уй музейига ташриф буюрдилар. Эшон Бобохон ҳазратларининг набиралари Амир Саид ака диний назорат бошқармаси тарихи ва Эшон Бобохонлар оиласининг динимиз ривожига қўшган улкан хизматлари ҳақида батафсил маълумот берди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратларининг Ўзбекистонда ислом дини тикланиши, унинг ривожига қўшган ҳиссаси, бутун Ўрта Осиё мусулмонларини бирлаштирдаги саъйи ҳаракатлари ва Диний идора тизимига асос солиши билан боғлиқ барча маълумотлар музейдаги кўплаб фотосуратларда акс этган эди. Ташриф давомида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг диний назоратдаги муфтийлик фаолияти билан биргаликда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини ташкил этишда қилган улкан хизматлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Шамсиддинхон Бобохонов ҳазратларининг муфтийлик йилларида амалга оширилган хайрли ишлари, элчилик соҳасида эришган улкан ютуқлари ҳақида маълумот ҳам тўлиқ маълумот берилди. Тадбир сўнгида талабалар томонидан қилинган Қуръони карим хатми уларнинг ҳақларига бағишланди. Талабалар музейнинг ташриф дафтарига ўз таассуротларини ҳақида қайд қилиб қўйди. 3-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 531