Умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани учун, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини исташ бўлиши керак. Агар дунё ноз – неъматларига эришмоқчи, “ҳожи” ёки “умрага борган” номларини қозонмоқчи, “ҳўжа кўрсин” ёки асосий мақсади ўзга юртларни сайр қилиб, бир йўла умрани адо этиб келмоқчи бўлса, умра ибодати қабул бўлмайди. Аллоҳ таоло буюради: وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّه “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!”. Бақара сураси, 196. (عَنْ أبِى هُرَيْرَةَ ؛ أن رَسُولَ اللهِ ( صلى الله عليه وسلم ) قَال : (العُمْرَةِ إِلَىَ العُمْرَةِ كَفَارَة لِمَا بَيْنَهُمَا Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир…”. Саҳиҳи Бухорий, 1773. عنعطاء قال سمعت ابن عباس رضي الله عنهما يخبرنا يقول قال رسول الله صلىالله عليه وسلم لامرأة من الأنصار سماها ابن عباس فنسيت اسمها ما منعك أنتحجين معنا قالت كان لنا ناضح فركبه أبو فلان وابنه لزوجها وابنها وتركناضحا ننضح عليه قال فإذا كان رمضان اعتمري فيه فإن عمرة في رمضان حجة Ато розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорий аёлга: “….Рамазон ойи келса у ойда умра қилгин, чунки рамазон ойидаги умра ҳаж қилган билан баробар савобга эгадир”-дедилар. Термизий ривояти. Мазҳабимиз хулосасига кўра умра суннати муаккададир. У буюк зиёратдир! Зеро, мусулмон киши бунда бутун қалби, руҳи ва бадани ила Аллоҳ таоло учун энг суюкли бўлган жойни зиёрат қилади. Бу омонлик диёрида кўнгиллар хотиржам бўлади, кўзлар эса уни кўришликка ошиқ бўлади. Бу диёр мусулмонлар қалбидан улкан ўрин эгаллаган Макка ва Мадинадир. Ҳаммамизга маълумки, умра қилишни қасд қилган ҳар бир мусулмон улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни истайди. Ўз-ўзидан биз учун бу нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши умра қонун – қоидалари билан бир қаторда сафар қоидалари ва одобларини яхшилаб ўрганиши лозимдир. Улар қуйидагилардир: Умра ибодатини аввало холис Аллоҳ таоло учун ният қилиш унинг мақбул бўлишидаги асосий шартлардан биридир. Зеро, риё аралашган амал биноларининг пойдеворлари ўша биноларни қулатади; Бу улуғ ибодат сафарига отланишдан олдин гарданидаги бошқаларнинг ҳақларини ўз эгаларига қайтариши; Мол-мулк сифатида қийматга эга бўлган нарса қўлида мавжуд бўлса сафардан олдин уни васият қилиб қўйиши; Бу ибодат сафари учун мўлжалланган маблағ ҳалол йўл билан топилган бўлиши; Йўлга чиқишдан аввал оиласига ҳадисда айтилганидек қуйидаги дуони айтади: أسْتَوْدِعُكُمُ اللهَ الّذِي لَا تَضِيعُ وَدَائِعُهُ “Аставдиъукумулллоҳал-лазий ла тазиъу вадаъиуҳу (маъноси: “Сизларни Унга топширилган омонатлар зоъе бўлмайдиган Зот Аллоҳга омонат топширдим”)”. Ибни Можа ривояти; Автомашина, тайёра ёки шунга ўхшаш сафар уловларига минганида ушбу ҳадисга амал қилади: عنابن عمر رضي الله عنهما ( أن رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) كان إذااستوى على بعيره خارجاً للسفر حمد الله تعالى وسبح وكبر ثلاثاً ثم قالسبحان الذي سخر لنا هذا وما كنا له مقرنين وإنا إلى ربنا لمنقلبون اللهمإنا نسألك في سفرنا هذا البر والتقوى ومن العمل ما ترضى اللهم هون سفرناهذا واطو عنا بعده اللهم أنت الصاحب في السفر والخليفة في الأهل اللهم إنيأعوذ بك من وَعْثَاءِ السفر وكآبة المنظر وسوء المنقلب في الأهل والمالوالولد وإذا رجع قالهن وزاد فيهم آيبون تائبون عابدون...
Орзиқиб кутганимиз Рамазоннинг ҳам ярми ўтиб бўлди… Аллоҳ таоло Ўзи азиз қилган ой… ундаги ҳар бир яхшиликлар, ибодатлар, тасбеҳу зикрларнинг қанчалар бизларга фойда келтиришини биз бандалар тасаввур ҳам қила олмаймиз. Шу боис Сарвари олам солаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматларим Рамазон фазилати ва ундаги бўладиган мукофатлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилишар эди”, дея марҳамат қилганлар. Рамазон ўтиб боряпти, унда бошланган хатми Қуръонлар ҳам аста-секин тугаб боряпти. Рамазоннинг таърифини гўзал эшитяпмизу, лекин аслида биз ундан қанчалик фойдаланиб қоляпмиз? Рўзани қалбан тутган, қўлидан келганича саҳоват, яхшиликда фаол бўлган, кечалари Қуръони каримга муҳаббат билан таровиҳларда тик турган эътиқод соҳибларидан бўла оляпмизми? Масжидларда ҳавасли манзаралар… ҳеч бир нарсага қиёслаб бўлмас ва ҳеч қачон тарк этгинг келмас илоҳий раҳмат муҳити ҳукмрон. Бу жойда покиза қалб соҳиблари Роббилари билан суҳбат қурмоқдалар. Унга муножотлар қилиб, шашқатор ёшлар ила хатолари, гуноҳларига истиғфорлар айтмоқдалар… Бандаликнинг, инсонийликнинг юксак мақоми, покиза фитратнинг шамойилидир бу ҳолат… Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Мирза Ғолиб” жоме масжидида ҳам куни кеча Қуръони карим хатмонаси бўлиб ўтди. Бу масжидда уч йилдан буён хатми Қуръон ўтказиб бераётган ҳофизи каломуллоҳ Тошкент ислом институти талабаси Аълохон қори Нуриддинов бу йил ҳам тартил билан, гўзал савт билан ҳар куни икки жуздан ўқиб Қуръони каримни ниҳоя қилиб берди. Масжид имом-хатиби Муҳаммад домла Султонхонов Қуръони карим якуни билан жамоатни муборакбод этди. Аллоҳ таолодан хатмоналарни қабул этишини сўраб дуолар қилинди. Бу улуғ кечада яна кўплаб дуолар қилинди: юртимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, бутун мусулмон олами тинчлиги, бирдамлиги, иймонимиз, қалбимиз саломатлиги, икки дунё саодатини тилаб ва албатта хатми Қуръон қилиб берган қори ҳаққларига чин ихлос ила дуолар қилинди. Бу кеча энг юқори даражада турган юзлари мунаввар қорига бутун жамоат ҳавас қилдилар, бизнинг зурриётларимиздан ҳам ана шундай ҳофизи Каломуллоҳлар чиқсин дея қалбдан илтижолар қилдилар. Ёшгина мухлис болалар энди йил бўйи Қуръонни ўрганишни ўқишни, ёдлашни мақсад қилдилар. Бу эса Рамазоннинг ҳикмати эди: “Қуръон тугамайди, тўхтамайди!” Ҳа, Рамазон бизда, бизнинг ўлкада шундай ўтмоқда! Бу дамлар учун Ўзингга беҳисоб шукурлар бўлсин Буюк Тангримиз! Азиз диндошим, хатми Қуръонлар бошқа масжидларимизда давом этмоқда. Агар ҳали таровиҳга бора олмаган бўлсангиз, албатта боринг, фурсат бор. Ғанимат рамазон кечаларининг шукуҳини, раҳмат онларини ҳис этмай, роҳат топмасдан Рамазонни тугатиб қўйманг. Зоиржон Содиқов Манба: Vakillik.uz 903
Жорий йилнинг 31-май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси томонидан талабалар ўртасида “Май ойи – хатоба, нутқ маданияти ва воизлик санъати фан ойлиги” муносабати билан “ЭНГ НАМУНАЛИ ХАТИБ” мавзуида мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, устоз мураббийлари ва талабалари иштирок этдилар. Мусобақа анъанага кўра Қуръони карим тиловати билан бошлангандан кейин Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва Кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов тадбирни очиб бериб, иштирокчиларга омад ва муваффақият тиладилар. Мусобақани олиб борувчи “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов домла талабалар хатоба-воизлик сирларини пухта ўзлаштириши уларнинг келажакда халққа диний илмларни етказишларида нақадар муҳим эканини қуйидагича таъкидлаб ўтди: “Имом-хатиб бевосита халқ мураббийси бўлгани учун унинг доимий аудиторияси халқ бўлади. Воиз қавмига етказмоқчи бўлган мақсадини ифода этишда уни ўзини тутиши, воизликнинг одобларига риоя этиши ҳамда халқ тилида содда тарзда нутқ қилиши тингловчилар эътиборини жалб қила олишда асосий омил эканини таъкидлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта, баён (сўзни тўғри ва гўзал ифода этиш)да сеҳр-жозиба бордир[1]”, деган ҳадиси шарифларини ҳаммага эслатиб ўтдилар. Мусобақа қуйидаги шартлар асосида бўлиб ўтди: Хатоба фанига оид назарий савол; Жума ёки ийд намози хутбасини ёддан ўқиб бериш; Таровеҳ намозлари тасбеҳларни ёддан ўқиб бериш. Мусобақада иштирок этган талабаларнинг юқоридаги шартлар бўйича чиқишларини қуйидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолаб бордилар: Сайдалиев Мўминжон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси; Рустамов Собиржон домла – “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси; Неъматов Жаҳонгир домла–“Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири; Жангиров Муҳаммаджон домла–“Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси. Юқорида зикр қилинган шартлар бўйича: 3- босқич талабаси Халилов Шавкат 83 балл билан биринчи ўринни 2- босқич талабаси Мансуров Мусохон 79 балл билан иккинчи ўринни 1- босқич талабаси Ғаффоров Умарали 69 балл билан учинчи ўринни эгалладилар. Мусобақа сўнгида институт ректори У.Ғафуров ташкил этилган мусобақа борасидаги ўзининг ижобий фикрларини билдириб, келгусида ташкил қилинажак мусобақалар бундан-да кўтаринки кайфиятда ўтишини тилаб қолди. Ғолиб гуруҳлар институт раҳбарияти томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. _____ [1] Ҳадисни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоят қилган. “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Б.Азамов 924
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи вассалам) Қизил денгиз ва Шарқий Ўрта Ер денгизи минтақасида ўз замонасисининг фаол савдогарлардан бўлганлар. У Зот олиб келган янги Ислом дини Макка ва Мадина зодагонлар савдосида ўзининг илк ўрнини топа бошлаган, аммо айрим савдогарлар бунга қарши чиқишди. Чунки улар эксклузив – тамоман янги бўлган диннинг келиши натижасида тижорат соҳасига салбий путурлар етказиши мумкин деб чўчий бошлашди. Умуман тижорат, маслак сифатида Ислом дунёси доимо Оврўпага қараганда юқори ўринда бўлиб келган. Савдогарлик кўпгина мусулмонларнинг деярли зарурат манбаи эди. Жумладан, мусулмон киши умри давомида бир маротаба адо қилиши керак бўлган муборак ҳаж сафарини молиялаштириш, Макка сафарида йўл-йўлакай майда-чуйда савдо-сотиқ товарларини олиб сотиш уларга одатий ҳолга айланган эди. Испаниядан тортиб то Хитой сарҳадларига етиб борган Ислом фатҳи империяси, Ички Осиёда денгиз йўли: Ўрта Ер денгизи ва Ҳинд океанини ҳам қамраб олган улкан иқтисодий савдо йўлини яратди. (Ўрта аср даврлардаги иқтисодий фаолиятнинг энг йирик марказлари). Бу ҳосил бўлган кенг майдонда сиёсий тўсиқ – чегараларнинг йўқлиги, нафақат савдо соҳасининг ривожланишига, балки, харбий тизим, хунармандчилик, олимлар ва зиёратчи ҳожилар сафининг кенгайишига ҳам улкан ҳисса қўшди. Ҳукумат, шаҳарлар, қишлоқ хўжалиги ва узоқ масофали савдо-сотиқларнинг ўзаро бир-бирларини қўллаб қувватлашлари натижаси, минтақада деярли ҳар бир соҳанинг гуллаб яшнашига олиб келди. Ислом дунёсининг йирик шаҳарлари озиқ-овқат ва ҳомашё базаларига, саройлар ва масжидларга муҳтожлиги, зодагонларнинг эса бойлик ва куч-қудрат намойиши учун ҳашаматларга эҳтиёжи туғила бошлади. Араб савдогарлари уларни таъминлашга тайёр эди. Ислом савдогарларининг Италиядаги ҳамкасблари билан савдо муносбатлари Европа тиллари оиласига янги: чек, брокер, тариф, трафик, журнал, карвон ва бозор каби янги сўзларни таништирди ва бойитди. Карвон йўллари Ислом дунёсининг кўп қисмини кесиб ўтди. Улар одатий йўллардан боришар эди, улар қатори шаҳарлар аро ғилдиракли карвонларни қўллаб-қувватлайдиган йўллар барпо этилди. Каравон ташиш деярли фақат туяларнинг ортларига юкланар эди. Баъзи шахсий карвонларда туяларнинг сони 5000 тагача борар эди. Буюк Ипак йўли кучли ислом тараққиёти ва ўзининг ҳашаматли масжиди билан ном таратган Хитой ғарбий пойтахти Цянь’дан бошланиб, ички Осиё шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Марв ва Форсдан Бағдодгача чўзилган эди. Бошқа карвонлар эса ички Осиё шаҳарлари бўйлаб Қора денгиз бандаргоҳларигача етиб борди. Шунингдек, кенг савдо йўли Русия шимолидан жанубигача кесиб ўтиб Ислом дунёсига мол-мулк етказиб берди. Карвон йўллари Боғдоддан Ўрта Ер денгизи ва Қизил денгиз орқали Араб сахроларини ҳам туташтирди. Инглиз тилидан Encyclopedia of Society and Culture in the Medieval World. манбааси асосида Робиа Курбанова тайёрлади 876
Нақд пулсиз, пулини кейин тўлаш шарти билан бўлган ёки бўладиган савдо муомаласи тилимизда насия савдо деб аталади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида насия сўзи «муҳлатни чўзиш», «кечиктириш», «қарз» маъноларини англатади. Араб тилида бу савдо “بيع بالنسيئة” ёки “بيع مؤجل” дейилади. Насия савдо умумий бўлиб унинг бир неча турлари бор. Сотувчи ва олувчи нархни келажакда, маълум белгиланган жойда кечиктириб тўлашга келишиб олинган савдо туридир. Тўлов бир маротаба тўланадиган ёки бир неча маротаба бўлакларга бўлиб тўланадиган бўлиши мумкин. Шунга кўра: байъ муажжал – тўлов нархини кечиктириб тўланадиган савдо, байъ тақсит – тўлов нархини кечиктириб, бўлакларга бўлиб тўланадиган савдо. Савдода тўлов нархини эмас балки сотиладиган нарсанинг кечиктириб берилиши муажжал савдонинг тескариси бўлиб салам савдоси дейилади. Бу савдонинг жоизлигига Қуръони каримдан ушбу оят далил бўлади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ “Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг”. (Бақара. 282) Суннатдан далил: عن عائشة قالت: اشترى رسول الله من يهودي طعاماً بنسيئة، فأعطاه درعاً له رهناً Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан таомни насияга сотиб олдилар ва унга (яҳудийга) ўзининг совутини гаровга қўйдилар”. Муттафақун алайҳ. Насия савдо қилганда унинг муддатини белгилаш шарт: Юқоридаги оятга кўра Аллоҳ рухсат бераётган насия савдоси маълум муддатга бўлишига қайдланяпти. Яъни: “…маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда…” Ва яна Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу тўғрида қуйидагича кўрсатма берганлар: قال قدم النبي صلى الله عليه وسلم المدينة وهم يسلفون بالتمر السنتين والثلاث فقال من أسلف في شيء ففي كيل معلوم ووزن معلوم إلى أجل معلوم Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳли ҳурмони икки йил ёки уч йилга насияга савдо қилишар эди. Бу ҳолатга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бирон нарсани салаф байи қилиб олди берди қилса, бас, ўлчами аниқ бўлсин ёки вазни аниқ бўлсин ва аниқ муддатга бўлсин”. Бухорий ривояти. Булардан билиндики, насия савдода пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши керак. Тошкент Ислом институти битирувчиси Робиа Муҳаммад Ризо қизи 2 928