Бугун, 7 ноябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги парламентининг Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Ғомидий бошчилигидаги делегацияси Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров мулоқот қилишди. Учрашув аввалида, томонлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихида янги саҳифа бошлангани, ўзаро дўстона ва ишончли муносабатлар, иттифоқчилик ва ҳамкорликни ривожлантириш борасида дадил қадамлар ташланаётганини мамнуният билан таъкидладилар. Шунингдек, суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона алоқалар кўп жабҳаларда, жумладан, парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани, бундай ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун икки томонда ҳам қизиқиш катта экани алоҳида таъкидланди. Мулоқотда муфтий ҳазратлари меҳмонларга сўнгги вақтларда диёримизда дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар бўлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани ва ихтисослашган илмий мактаблар иш бошлагани тўғрисида гапириб бердилар. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров суҳбат чоғида юртимизда ислом маданиятига оид осори атиқалар ва маънавий меросни асраб-авайлашга катта эътибор қаратилаётгани таъкидлаб, мана шу йўналишдаги ишларни кенг кўламда олиб бориш мақсадида, Президентимиз ташаббуслари билан пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини маълум қилди. Шунингдек, Ш.Минаваров диёримиз аҳолисининг Саудия Арабистони мамлакатига бўлган муҳаббати ўзгача экани, айниқса, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварага доимо талпиниб яшашларини алоҳида қайд этди. Ш.Минаваров сўзида давом этиб, мамлакатимиз ҳудудида жуда кўп саҳобаларнинг ҳоки поклари қўним топганини, халқимизнинг уларга бўлган ҳурмат ва эҳтироми чексиз эканини гапириб берди. Ислом тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алломаларга бешик бўлган бу заминнинг ўзига хослиги, мўътадил иқлими бугунги кунда хорижий сайёҳларнинг эътирофига сазовор бўлаётгани, хусусан, Саудия Арабистони мамлакатидан диёримизга сайёҳларни жалб этиб, мана шундай гўзал масканлар, табиатимиз ва миллий урф-одатларимиз билан уларни танишитириш мақсадида, зиёрат туризми ташкил этилаётганини батафсил изоҳлади. Учрашувда Тошкент давлат Шарқшунослик институти ректори Абдураҳим Маннонов иштирок этиб, ушбу институт таркиби, фаолияти ва араб тилини ўқитиш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида гапириб берди. Учрашувда Саудия Арабистони делегацияси раҳбари Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, Ўзбекистон замини қадим-қадимдан ўзининг етук алломалари, кўплаб ноёб асарлари ва илмий кашфиётлари билан маълуму машҳур эканини алоҳида қайд этди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Ибн Сино каби олимларнинг мусулмон дунёси ривожидаги хизматлари беқиёс эканини эътироф қилди. Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўзида давом этиб, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон парламентларо дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришдан икки мамлакат манфаатдор эканини изҳор қилди. Саудия Арабистони делегацияси аъзоси Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний мулоқотда сўз олиб, Ўзбекистонда охирги йилларда қилинаётган ишларни кузатиб бораётганини билдириб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини қўллаб-қувватлаб, Саудия Арабистонида ҳам “2030 йилга нигоҳ” дастури асосида жуда катта ишлар бошлаб юборилагини ва бу дастур доирасида Саудияда улкан музей ташкил этилаётгани ва албатта ушбу музейда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигини баён қилди. Имом Бухорийнинг заминида қилинаётган кенг кўламли эзгу ишларни, албатта, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятига етказишини, – Абдулла ибн Руфуд ас-Суфёний билдирди. Мулоқот якунида Аҳмад ибн Муҳаммал ал-Ғомидий сўз олиб, ўтган куни диёримиздаги масжидларнинг бирида аср намозини адо этгани ва у ердаги узоқ-яқиндан келган намозхонлар масжидларни тўлдириб ибодат қилаётганини кўриб беҳад мамнун бўлганини айтди. Делегация аъзоларининг “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташрифи давомида Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон ва Мўйи Муборак мадрасалари, “Тилла Шайх” ва “Намозгоҳ” масжиди каби обидаларни ҳам зиёрат қилишди. Меҳмонлар Мўйи муборак мадрасасида сақланаётган қадимий “Усмон Мусҳафи”ни...
عن عائشة رضى الله عنها “أن النبى صلى الله عليهِ وسلم كان يصلىِّ إحدى عشرة ركعة، كانت تلك صلاته – تعنى بالليلِ – فيسجدُ السجدة من ذلك قدْر ما يقرأ أحدُكُم خمسين آية قبل أن يرفع رأسه، ويركعُ ركعتينِ قبل صلاةِ الفجرِ ثُمّ يضطجعُ على شقه الأيمنِ حتى يأتيه المؤذنُ للصلاةِ” Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқирдилар. Шу намозларида бир сажда қилсалар унинг миқдори сизлардан бирингиз ўртача эллик оят ўқийдиган даражада бўларди. Сўнг бошларини саждадан кўтарардилар ва бомдод номозидан (яъни фарзидан) олдин икки ракат намоз ўқиб, ўнг томонларига ёнбошлардилар то муаззин намозга чақириб келгунча (яъни бомдодни фарзини масжидда жамоатга ўқиб беришни сўраб келгунча)”, дедилар. Шарҳ: Витрнинг луғавий маъноси тоқ, деганидир. Аммо витрнинг ҳукмида мазҳаб имомлари ихтилоф қилишган. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги “Албатта Аллоҳ сизларга бир намозни зиёда қилди, ўша намоз витрдир” сўзларига асосланиб вожиб, дейилган. Демак, Ҳанафий мазҳабида витр намози вожиб, бошқа мазҳаблар эса вожиб эмас, дейишган. Чунки Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда фарз ва вожиб тушунчалари бир маънони, яъни Ҳанафий мазҳабидаги фарз маъносини англатади. Шунинг учун беш вақт намоз фарзлиги ҳақидаги далил ва ҳужжатларни келтириб, уч мазҳаб вакиллари витрни ҳам вожиб, десак олти вақт намоз бўлиб қолади, деган фикрга боришган. Ҳанафий мазҳабимизда эса, фарз билан суннатнинг орасида вожиб борлиги ва витр намози ҳақидаги далиллар фарздан кучсиз, суннатдан кучли бўлгани учун вожиб, дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда ўн бир ракат намоз ўқишни одат қилгандилар. Уни шу даражада чиройли адо этиб, қироат, рукуъ ва саждаларни узун қилардилар. Саждаларининг миқдори сизлардан бирингиз мўътадил ҳолатда Аллоҳнинг китобидан эллик оят ўқиш миқдорича бўлар эди. Бу каби амал мусулмонлар Аллоҳга юзланишга, ибодатни ғафлат пайтида кўпайтиришга ундаш маъносида эди. Рукуъ ва саждаларида “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика Аллоҳуммағфирлий” деб кўп айтардилар. Шунингдек, бомдод намози фарзидан олдин икки ракат намоз ўқирдилар. Кейин муаззин келиб, масжидда жамоатга бомдод фарзини адо этишларини талаб қилиб келгунича қисқа ҳолда роҳат олиш учун ёнбошлаб олардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани охирида бедорлик сабабли пайдо бўлган чарчоқдан дам олишлари учун кечани охирида ёнбошлаб роҳатланардилар. Ёнбошлашда ўнг томонни ихтиёр қилишлари ўнг томонни яхши кўрганликларидан ва яна ҳикматларидан бири уйқуга чўмиб кетмаслик учун эди. Чунки қалб чап томонда жойлашган. Киши чап томонга ёнбошлаб ётгудек бўлса уйқуга чўмиб кетиши осонроқ бўлади. Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Витрдан кейин намоз йўқлиги. Кечасидаги намозларни саждасини эллик оят миқдорида узун қилишга тарғиб этилгани. Бомдодни фарзидан олдинги суннат икки ракат эканлиги. Бомдод намозидаги афзал нарса аввалги вақтидан кечиктирилиши. Муаззинни имомга намоз вақти бўлганидан огоҳ этиши. Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ, ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири 458
Қуръон илмлари мавзулари орасида маккий ва маданий суралар баҳси катта ва муҳим мавзулардан бўлиб, ҳатто баъзи уламолар улар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битишган. Абулқосим Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ан-Найсобурий (ваф. 406/1016 й.) “Ат-Танбеҳ аъла фазл улум ал-Қуръон” (Қуръон илмлари фазилати борасида эслатма) китобида: “Қуръон илмларининг катта мавзулари сирасига нозил бўлиш ва унинг сабаблари илми, Макка ва Мадинада нозил бўлган суралар тартиби, Маккада нозил бўлиб, ҳукми маданий бўлган оятлар, Мадинада нозил бўлиб, ҳукми маккий бўлган оятлар, Маккада Мадина аҳли учун, Мадинада Макка аҳли учун нозил бўлган оятлар, маккий сураларга ўхшаб кетадиган маданий суралар, маданий сураларга ўхшаб кетадиган маккий суралар, Жуҳфада[1] нозил бўлган оятлар, Байтул Мақдисда нозил бўлган оятлар, Тоифда нозил бўлган оятлар, Ҳудайбияда нозил бўлган оятлар, кечаси нозил бўлган оятлар, кундузи нозил бўлган оятлар, жам бўлиб нозил бўлган ояталар, алоҳида нозил бўлган оятлар, маккий суралар ичидаги маданий оятлар, маданий суралар ичидаги маккий оятлар, Маккадан Мадинага кўтарилган оятлар, Мадинадан Маккага кўтарилган оятлар, Мадинадан Ҳабашистон ерларига кўтарилган оятлар, мужмал нозил бўлган оятлар, тафсир қилинган ҳолатда нозил бўлган оятлар, ихтилоф қилинган суралар ва баъзилар маккий, баъзилар эса маданий деган суралар илми киради. Бу мавзулар йигирма беш хилдир. Ким буни билмаса ва уларнинг орасини фарқлай олмаса унга Аллоҳнинг Китобидан сўзлаш дуруст эмас!” – деган. Ибн Арабий ўзининг “Ан-Носих вал-мансух” асарида: “Қуръон борасида биз билган нарсалар шуки, улар орасида маккий ва маданий суралар, сафарда ёки муқимликда нозил бўлган оятлар, кечаси ёки кундузи нозил бўлган оятлар, осмонда ёки ерда нозил бўлган оятлар, Ер-у Осмон ўртасида нозил бўлган оятлар, ғорда нозил бўлган оятлар мавжуд”, дейди. Ибн Нақиб[2] эса ўз тафсири муқаддимасида шундай дейди: “Қуръонда нозил бўлган суралар тўрт қисмдир: маккий суралар, маданий суралар, баъзиси маккий ва баъзиси маданий бўлган суралар, маккий ҳам маданий ҳам бўлмаган суралар”. Инсонлар маккий ва маданий борасида уч ҳил таъриф берадилар: Уларнинг энг машҳури: Маккий суралар деб – Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларидан олдин нозил бўлган оят ва суралар, маданий суралар эса, ҳижратдан кейин нозил бўлган оят ва суралардир. Уларни Мадинада нозил бўлиши, Маккада нозил бўлиши, фатҳ йили ёки ҳажжатул вадоъда нозил бўлиши ёки бирор сафарда нозил бўлишининг эътибори йўқ. Усмон ибн Саид санади билан Яҳё ибн Салломдан ривоят қилади: “Маккада нозил бўлган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мадинага етиб боришларидан олдин йўлда нозил бўлган оят ва суралар маккий ҳисобланади. Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларидан кейин бирор бир сафарда нозил бўлган оят ва суралар маданий ҳисобланади”. Ушбу ривоят ҳижрат сафарида нозил бўлган оят ва суралар маккий эканлиги олинадиган муҳим ривоятдир. Иккинчиси: Маккий деб, гарчи ҳижратдан кейин нозил бўлган бўлса ҳам Маккада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Маданий деб эса, Мадинада нозил бўлган оят ва сураларга айтилади. Бу гапга кўра орада яна бир нарса келиб чиқади. Сафарларда нозил бўлган оят ва сураларга на маккий ва на маданий деган ном ишлатилади. Табароний “Ал-Кабир” асарида Абу Умомадан қуйидаги ривоятни келтиради: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон уч жойда нозил бўлди: Макка, Мадина ва Шомда”, дедилар. Валид буни Байтул-Мақдис деб тафсир қилади. Ибн Касир эса, буни Табук деб тафсир қилса яхшироқ бўларди, дейди. Маккийларга унинг атрофида нозил бўлган оят...
Аввалроқ, 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида зиёрат туризмини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни жадаллашлатириш мақсадида, давлат ташкилотлари ва етакчи сайёҳлик фирмалари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилиб, унда зиёрат туризми ассоциация ташкил этиш бўйича таклифлар билдирган эди. Туризм, айниқса, зиёрат туризми соҳасини ривожлантиришда хорижлик мутахассисларни жалб этиш, хориж тажрибасини ўрганиш ушбу соҳани тараққий топишида муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига ташрифи доирасида туризмни ривожлантириш ва координация қилиш мақсадида туркиялик мутахассислар таклиф этилган эди. Туркия Миллий ассамблеяси собиқ депутати Содиқ Бадак Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланади. Бу ҳақда Қўмита Матбуот хизмати хабар берди Қўмита берган хабарга кўра, 30 йиллик тажрибага эга бўлган Содиқ Бадакнинг вазифалари нимадан иборат экани келтирилган. Туркия Республикаси зиёрат туризмини ривожлантиришда катта ютуқларга эришган мамлакат ҳисобланади. Ушбу диёрга ҳар йили зиёрат мақсадида миллионлаб хорижликлар ташриф буюради. Туркиянинг зиёрат туризми йўналишида эришган ютуқларидан бири бу нафақат мусулмонлар, балки насронийларни ҳам қадамжоларга жалб қила олганидадир. Ўзбекистонда ҳам диний бағрикенглик, динлараро тотувлик таъминлангани, буни халқаро мутахассислар томонидан эътироф этилганини ҳисобга олиб, ушбу йўналишда ислоҳотларни амалга оширишда туркиялик экспертнинг жалб қилингани мақсадга мувофиқдир. Мутахассис Ўзбекистон ҳудудларининг туристик инфраструктурасини ривожлантиришда иштирок этади. Содиқ Бадак шунингдек, Ўзбекистон учун салоҳиятли чет эл бозорини ўрганиш ишларида ҳам қатнашади. Янги сайёҳлик маҳсулотларини яратиш ишларига, туристик брендлар ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Содиқ Бадак лавозимга ноябрь ойида тайинланиши белгиланган. ЎМИ матбуот хизмати 253