islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 8, 2018

Day

«Жим юрган киши нажот топди»

Тил – Aллоҳнинг улуғ неъмати, латиф санъатидир. Гарчи у жисман кичик бўлса ҳам, итоати туфайли топадиган савоби ёки итоатсизлиги туфайли содир этадиган гуноҳи жуда каттадир. Чунки, куфр ҳам, иймон ҳам фақат тил гувоҳлигида аён бўлади. Куфр ва иймон эса тоат ва исённинг бошланиш ҳудудларидир. Кимки тилнинг жиловини бўш қўйиб юборса, шайтон уни йўлдан оздиради, жар ёқасига ҳайдаб, ҳалокатга судрайди. Фақат шариат билан жиловланган тилгина бу офатдан нажот топади.  Бас, шундай экан, тил дунё ва охиратга фойдаси бор нарсани гапириш демакдир. Тил яна, ҳозир ё келажакда зарари тегадиган нарсани гапиришдан тийилиши лозим бўлади. Шунинг учун шариатимиз кўп гапиришдан қайтаради, жим юришни мақтайди ва сукутга ундайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтган эдилар: «Жим юрган киши нажот топди» (Термизий ривояти).  Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий). Абу Ҳурайра айтади: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди», деган. Ҳакимларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан. Сафвон ибн Салимдан ривоят қилинади: «Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Ибодатнинг энг осон ва бадан учун энг енгилини айтайми? Бу жим юриш ва гўзал хулқ!» (Муттафақун алайҳ). Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб деди: – Мени жаннатга киритадиган амални айтинг. – Очларни тўйдир, ташналарни қондир, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар. Агар буларга қодир бўлмасанг, фақат хайрни гапир, йўқса, тилингни тий, дедилар Расули акрам» (Ибн Абу Дунё ривояти). Авзоъий айтади: «Жим юрган киши ўзида иккита фазилатни жамлайди: динда саломатлик ва дўстни тушиниш». Ҳасан айтади: «Муовия раҳимаҳуллоҳ ҳузурида кўпчилик гапирди, Аҳнаф ибн Қайс эса жим эди. Шунда Муовия: – Эй Абу Баҳр! Нега гапирмаяпсан? деди унга. – Гапим ёлғон бўлса Aллоҳдан, рост бўлса сендан қўрқаяпман, деди Аҳнаф». Жим юришнинг фазилати улкан. Албатта, жим юриш қуруқ сукутдан иборат феъл эмас. Унда охират ғами, давомли вазминлик, тафаккур учун имкон, зикр, ибодат жамланади. Жим юрган инсон бу дунёда сўзлар чарчоғидан, охиратда у сўзлар учун ҳисоб беришдан халос бўлади. Аллоҳ таоло дейди: «У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир» (Қоф, 18). Сулаймон ибн Довуд алайҳимуссалом айтди: «Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир». Аллоҳ таоло барчаларимизни кумуш (сўз)дан унумли фойдаланиб,  олтин (сукут)ни лозим тутишлигимизни ва ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан тийилишлигимизни, кам сўзлайдиган, кўп тафаккур қиладиган, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин, омин! Манбалар асосида Фахриддин ар-Розий номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Толибжон Ғофуров тайёрлади 371

2020 йилда Бухоро шаҳри Ислом маданияти пойтахти бўлади

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ISESCO) “Фан, таълим ва маданият” тузилмасининг 2005-2025 йилларда Ислом маданияти пойтахтини белгилаш бўйича қабул қилган дастурига кўра Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳар йили мусулмон мамлакатларидаги 3 та шаҳарни Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилади. Уларнинг бири араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон мамлакатлардаги шаҳарлардир. Ташкилотдаги маданият вазирлари IX Ислом конференциясида 2020 йилда Бухородан ташқари Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарларини ҳам Ислом маданияти пойтахти сифатида тасдиқланган. Якунига етган 2017 йилда Амман (Иордания Ҳошимийлар Қироллиги), Машҳад (Эрон Ислом Республикаси), Кампала (Уганда) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилган эди. Ушбу йилда Маданият вазирларининг X Ислом конференциясида меҳмон сифатида иштирок этган Сеннар (Судан) шаҳри ҳам истисно тариқасида 4-Ислом маданияти пойтахти мақомини олди. Администратор 411

Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди

6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шу кунга қадар мусобақани ўтказиш бўйича қилинган ишлар ва галдаги муҳим вазифалар келишиб олинди. Йиғилишда Абдулҳаким қори Матқулов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича берган кўрсатмалари ва шу йўналишдаги диний идора раҳбарияти топшириқларининг ижроси бўйича ташкилий қўмита томонидан бажарилган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, у жойларда иштирокчиларни рўйхатга олиш давом этаётгани, 22 нафар ҳакамни тайёрлаш бўйича машғулотлар ўтказилгани, иштирокчиларни рўйхатга олиш ва тайёргарлик жараёнларини кўздан кечириш мақсадида, ҳакамлар вилоятларга хизмат сафарига юборилгани, мусобақа баннерлари ва нишонлари ишлаб чиқилгани ҳамда мазкур жараёнлар интернет сайтларида кенг ёритиб борилаётганини баён қилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилишда сўз олиб, мусобақанинг ҳар бир жиҳатига жиддий ҳозирлик кўриш, мусобақани жуда кенг кўламда ўтказиш, туман-шаҳар ва вилоят босқичларини ҳам юқори кайфиятда бўлишини таъминлаш борасида кўрсатмалар бердилар. Мусобақа иштирокчиларининг чиқишларини баҳолашда адолат ва шаффофликка қатъий амал қилиш, таниш-билишчиликка мутлақо йўл қўймасликни алоҳида қайд этдилар. Ҳатто хориждаги мутахассислар ҳам мусобақани катта қизиқиш билан кутишаётгани ва бу ишлар келгусида халқаро мусобақа ўтказиш учун замин бўлишини таъкидладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, муҳтарам Президентимиз Қуръон мусобақасини энг юқори даражада ўтказиш учун барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб бераётганларини катта мамнунлик билан изҳор қилдилар. Муфтий ҳазратлари сўзларининг якунида, Давлатимиз раҳбари томонидан биз мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар ва ушбу мусобақани ўтказиш борасида ҳам кутилмаган хушхабарлар ҳали олдинда эканини билдириб ўтдилар. Муфтий ҳазрат бир ҳафта давомида Диний идорада баҳолаш мезони буйича жиддий тайергарликдан ўтган ҳакамларнинг бундан кейинги ишларига Аллоҳдан мадад сўраб, муваффақият тиладилар. Ўзбекистонлик қориларнинг энг табаррук устози Яҳё қори Турдиев зоти шарифларининг хайрли дуолари билан йиғилиш якунланди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 140