islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 14, 2018

Day

Мулойимликнинг яққол намунаси

Ҳар бир инсоннинг туғилиши унинг ривожланиш ва камолот сари қўйган дастлабки қадамидир. У жисмонан улғайиш баробарида маънавий жиҳатдан ҳам камол топиб боради. Бу жараённи эса жамиятсиз, жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айни пайтда эса маънавияти юксак шахсни эътиқодсиз, инсоний аъмолсиз тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Мана шу икки узвий жиҳатни эътиборга олган ҳолда, мазкур мақолада  жамият аъзолари орасидаги ўзаро мулоқот масаласини исломий эътиқод нуқтайи назаридан таҳлил қилиб кўрмоқчимиз. Таҳлил обекти сифатида инсоний фазилатлардан бири – мулойимликни танладик. Зеро, Навоий ҳазратлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарида таъкидлаганидек, “Ҳилм (мулойим табиатлик) инсон вужудининг хушманзара мевали боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Ҳилм — ахлоқли одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир”. Ҳозирги кунда барча психологлар томонидан мулоқот маданиятининг муҳим узви ҳисобланувчи мулойимлик Исломда ҳам марказий тушунчалардан биридир. Бу хусусда Қуръони Каримда ҳам, Ҳадиси Шарифларда ҳам кўп бора марҳамат қилинган. Жумладан, қуйидаги ҳадисга диққатни қаратайлик:  Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинади. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, бомдод намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга чиқмаяпман. Бунга фалончининг бизга имом бўлиб, намозни жуда ҳам чўзиб юбораётгани сабаб бўляпти”, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик ғазабланганликларини ҳеч кўрмаган эдим. Бу гапни эшитиб Расулуллоҳ: “Сизларнинг ичингизда инсонларни диндан узоқлаштирадиганлар бор. Қай бирингиз одамларга имом бўлса, (ҳолатга қараб) намозни қисқа қилсин. Чунки уларнинг орасида заифлар, ёши улуғ инсонлар бор”,- дедилар.  (“Манҳал  Ҳадис” китобидан )   Эътибор беринг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилаётган киши намозни чўзиб юбораётган инсоннинг исмини айтмаяпти. Бунчалар гўзал хулқ!  Ваҳоланки, ўша одам уларнинг ичида эди. Расулуллоҳ шикоятни эшитиб, албатта, ғазабландилар, лекин айбдорни айнан койимадилар, балки ўша ерда ўтирган барчага хитоб қилдилар. Бу эса у зотнинг меҳрибон ва юксак олижаноб хулқ эгаси эканлигидан далолат беради. Қолаверса, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эди. Агар шу пайтда айбдор шахснинг ўзинигина койисалар, бошқалар орасида хижолат бўлар ва диндан кўнгли совир эди. Намозни қисқа ўқишга бўлган буйруқдан намознинг қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилиб ўқишлик тушунилади. Агар намозхонлар ичида ҳадисда айтилган сифатли инсонлар бўлмаса ва одамлар намозни узоқроқ ўқишга рози бўлсалар, узоқроқ ўқиш зарар қилмайди, дейди уламоларимиз. Агар тафаккур қиладиган бўлсак, ушбу ҳадисда мулойимлик, дўстининг  шаънини сақлаш каби инсон маънавий оламини безайдиган гўзал хулқлар тарғиб қилиняпти. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ ғазаблансалар ҳам ғазабини барчага сочмадилар, балки ғазабларини босиб, ўз умматига меҳрини яна бир бор намойиш этиб, ҳалимлик билан шариат ҳукмини ўргатдилар. Агар ҳар бир воқеага қаттиққўллик билан қараганларида, инсонлар у зотнинг  атрофидан қочиб кетар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни енгил қилиб кўрсатишни буюрдилар, чунки Ислом дини енгил, енгилликдир. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ҳар бир инсон жамиятнинг бир узви экан, ўзи мансуб бўлган мазкур жамиятнинг ҳар бир аъзосини ҳурмат қилмоғи, ҳар қандай муаммоли вазиятда ҳам мулойимлик билан муомалада бўлмоғи даркор. Зеро, мулойимлик замонавий мулоқот психологияси томонидан ҳам, буюк алломаларимиз томонидан ҳам, шунингдек, Исломда ҳам эътироф этилган ва улуғланган фазилатдир. 4-курс талабаси Ҳасанбой Эргашов 256

“Фириб – оғир жиноят ёхуд мўминлик сифати ва исломий биродарликка таҳдид”

Бандаларини ўзаро муомалаларини ҳалол йўллар билан амалга ошириш ва ҳаром йўллардан четланишга амр қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин! Умматига бир-бирлари билан бўладиган муомалаларини батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни кўрсатиб берган Ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломларимиз бўлсин! Муқаддас динимиз ҳаёти дунёда ҳалол пок яшаш, ҳалол йўллар билан ризқ топиш, ибодатларни ўз вақтида бажариш ва инсонлар билан ҳусни-хулқ, адолат, ва ростгўйлик асосида ҳаёт кечиришга буюради. Ҳамда заррача миқдорда гуноҳ, адолатсизлик ва зулм қилишдан қаттиқ қайтаради. Маълумингизки, инсоннинг Роббиси билан боғланиши ибодат ҳисобланса, бир-бирлари билан ўзаро алоқаси эса муомалот ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзига қилинадиган ибодатни гўзал бўлишини талаб қилганидек, Бандалари бир-бирларига ҳам гўзал хулқ ила муносабатда бўлишга амр қилди. Олди-берди масалаларида эса бир-бирининг ҳуқуқини риоя қилиш ва ҳалол йўллар билан муомала қилишга буюрди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ ۚ Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизни молларини ботил йўл билан еманглар, магар ўзаро розилик асосида тижорат бўлса, майли”, (“Нисо” сураси, 29 – оят)”. Бировнинг молини ботил – ҳаром йўл билан ейишга рибо, порахўрлик, зулм ила тортиб олиш, коҳинлик ила пул топиш, ёлғондан гувоҳлик бериш, ўғрилик, товламачилик, алдамчилик – фирибгарлик ва бошқалар киради. Ояти каримадаги “еманглар” деган амр фақатгина ейиш ёки ичишга чекланиб қолган эмас, балки ноҳақ ўзлаштириб олиб, ҳар қандай услубда фойдаланиш тушунилади. Ўзлаштириб олишдан одатда ейиш мақсад қилингани учун ояти каримада шу лафз билан ишлатилди. Бундай йўл билан тановул қилиш, шубҳасиз ҳаром. Шариатда қатъий таъқиқланган. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужралари олдида жанжал овозини эшитиб, ташқарига чиқдилар ва дедилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Балки бирингиз бошқангиздан сўзга чечангроқ бўлиб чиқарсиз ва мен уни рост гапиряпти, деб, шунга қараб ҳукм чиқараман. Лекин билиб қўйингки, мен кимга бирор мусулмоннинг ҳаққини олиб бераётган бўлсам, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган уни олмасин” (Имом Бухорий ривояти). Фириб луғатда –алдамчилик, йўлдан оздириш, кишини қасддан тойилтириш, қўлга тушуриш, чув тушуриш, ҳийла-найранг, макрга ишлатилади. Фирибгар эса – алдовчи, товламачи, макру ҳийла билан шуғулланувчи, ҳийлагар одамдир. Фириб умумий ҳолда ёлғон турига кириб, бир қанча ҳолатларда намоён бўлади. Байдаги фириблар: 1. Тарозидан уриб қолиш. Бу жуда оғир жиноятлардан бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: وَيْلٌ لِلْمُطَفِّفِينَ ثُمَّ إِنَّهُمْ لَصَالُو الْجَحِيمِ “Ўлчовдан уриб қолувчиларга вайл бўлсин. … сураниннг давомида “Сўнгра, албатта, улар жаҳиймга кирувчилардир”, деб марҳамат қилади (“Мутоффифун” сураси, 1-16 оятлар).” Шунингдек Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уюм таом (буғдой) олдидан ўтдилар ва қўлини унинг ичига солиб кўрдилар, шунда қўли нам бўлди. У зот: “Эй таом эгаси! Бу нима?!” дедилар. “Ёмғир тегиб қолганди, эй Аллоҳнинг расули”, деб жавоб берди. “Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан эмас!” дедилар” (Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривояти). 2. Сифатсиз кийим-кечак ёки бошқа ҳар қандай молни жудаям сифатли деб алдаб сотиш. Ўзи аслида унинг моли сифатсиз, бир-икки марта кийсангиз ёки ишлатсангиз яроқсиз ҳолга келиб қоладиган бўлади-ку, у уни сифатли деб мақтаб, алдаб сотади. 3....