Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузурида Вақф хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, 12 май куни Адлия Вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Фонднинг ижрочи директори этиб Тошкент ислом ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси мудири лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Ҳамроқулов тайинланди. Бугун 16 май куни «Таҳфизул Қуръон» кафедрасида институт раҳбарияти, ўқитувчилар ва ходимлари иштирокида мажлис ўтказилди. Ректор У.Ғафуров йиғилганларни Рамазони шариф билан муборакбод этиб, «Таҳфизул Қуръон» кафедрасининг Қуръони карим қироати ва тажвид фани ўқитувчиси, кўплаб қориларнинг устози Жаҳонгир қори Неъматовни кафедра мудири лавозимига тайинланганини эълон қилди. Анъанага кўра Қуръон тиловат қилиниб, Аҳмаджон домла Бобомурод мудир Жаҳонгир Неъматовнинг бошланажак масъулиятли меҳнати баракали ва фойдали бўлишини сўраб дуо қилди. Мажлис давомида устозлар томонидан кафедранинг салоҳияти ва мақомини ошириш бўйича олдинда турган режалар ва уларнинг ижроси тўғрисида таклифлар ўртага ташланди. Тадбир якунида «Таҳфизул Қуръон» кафедраси устозлари Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Элёржон қори Аҳматқулов бугун бошланажак Рамазоннинг биринчи таровиҳ намозида Хатми Қуръонни бошлашлари муносабати билан кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматовдан дуо олдилар ва келажакда кафедра фаолиятида ҳамда Қуръон таълимида бир тану бир жон бўлиб аҳилликда меҳнат қилишга ният қилдилар. Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир қори Неъматов бу йилги Рамазони шарифда ҳам Тошкент шаҳридаги «Минор» жомеъ масжидида Қуръон хатмига ўтади. 596
Бугун 16 май куни «Кўкалдош» мадрасасида ЎМИ тасарруфидаги диний таълим муассасалари Ҳадис фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Иштирокчилар танловда қуйидаги 4 та йўналиш бўйича билим ва маҳоратларини намойиш этишди: а) оғзаки савол-жавоб (дарсни ташкил қилиш, дарс ўтиш асносида фойдаланадиган услублар, жамиятни маънавий савиясини ошириш учун амалга оширилиши керак бўлган чоралар ва шу каби педагогнинг маҳоратини намойиш қиладиган саволлар берилди). б) билет асосида берилган масалани ҳадисларни шарҳлаш орқали ечиш. (Ҳар бир билет 1 та саволдан иборат бўлиб, ҳадис илми, мазҳаб ва мазҳаббошилар ҳақидаги турли ихтилофли қарашларга қарши ҳадисларни шарҳлаш орқали раддия берилди). в) билет асосида берилган ҳадисни шарҳлаб бериш (ҳадис таржима қилиниб, унга доир ҳукмларни баён қилинди). г) оғзаки савол-жавоб (билет саволлари асосида жавоб берилади. Ҳар бир билет 3 та саволдан иборат бўлиб, муҳаддислар ҳаёти, ҳадис асарлари, уларнинг турлари ва мусталаҳул ҳадис қоидаларига оид саволлар қўйилди). Танловда I- ўринни Имом Бухорий номли Ислом институти Ҳадис фани ўқитувчиси Ғиёсов Асқар Тиркашевич, II- ўринни Мир-Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Қудратов Эркин, III-ўринни Мир-Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Саидов Ибоҳим Каримович эгалладилар ва улар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Қолган иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Тошкент ислом институти жамоасини навбатдаги ютуқ билан муборакбод этамиз! 447