islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyun 2018

Month

Ғолибларимиз умра сафарига жўнаб кетдилар

Ҳаж ибодати мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат бўлиб, бу ибодатни қодир бўлган кишига умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Шунингдек, буюк йўлбошчимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ умр давомида энг камида бир марта умра ибодатини адо этиш суннати муаккада ҳисобланади. Умра ибодати учун энг афзал вақт Рамазон ойи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда “Ҳазрати Имом” мажмуасида давлат, жамоат ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биргаликда Республикада оммавий тарзда ва турли босқичларда Қуръон мусобақаларини ўтказиш бўйича топшириқ берган эдилар. Ушбу топшириққа биноан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” таълим йўналиши бўйича Тошкент ислом институти талабалари бир неча босқичда ғолибликни қўлга киритган эди. Жумладан, эркаклар ўртасида Республика босқичида “Олий мукофот” соҳиби 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов ва аёллар ўртасида “Олий ўрин” соҳибаси 3-курс талабаси Нажмиддинова Робия ҳамда   1-ўринни қўлга киритган 1-курс талабаси Саидалиева Муфаззалалар улкан мукофот муборак умра сафарини қўлга киритдилар. Жорий йилнинг 6 июн куни Тошкент халқаро аэропортидан “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ғолиблари ва уларнинг оила аъзолари Тошкент – Жидда авиарейси орқали Умра сафарига жўнаб кетдилар. Қуръон мусобақаси мукофоти асосида 30 киши сафарга отланган бўлиб, улар 16 эркак ва 14 аёлни ташкил этади. Уларни Тошкент ислом институти ТТЖ мудири А.Олимов ва талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова кузатиб қўйишди. Умра сафари 10 кун давом этиб, зиёратчилар 16 июн куни Тошкентга қайтишлари режалаштирилган. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 736

Қуръон шифодир

Куръони карим ва ҳадиси шарифларда инсон саломатлигига доир кўрсатмалар етарлича топилади. Бу нарсани тўлиқ ўрганган, яна бу соҳага тегишли  бошқа  нарсаларни ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Улар ўша таълимотлар асосида бу соҳада фидокорлик кўрсатиб фаолият олиб бора бошладилар[1]. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бир дардни  нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир”, дедилар. Имом Муслим ривоят қилган лафзда:“Ҳар бир дарднинг давоси бор. Қачон даво дардни топса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир” деган. Шу кунларидан бошлаб бу маъно мусулмонларнинг ақидасига айланиб бўлган эди. Ҳар бир мусулмон табиб ҳар қандай дарднинг давосини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай дардига даво талабида бўлар эди. Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётлари билан мақтанишни, бир бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишларини ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди, деб қўйиб кетаверар эдилар[2]. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Эй одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тан-сиҳатлик, хотиржамлик сўра” деб марҳамат қилган. Яна ояти каримада марҳамат қилади: وَإِن يَمْسَسْكَ اللّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يَمْسَسْكَ بِخَيْرٍ فَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدُيرٌ “Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, Унинг Ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ…”.(Анъом сураси, 17-оят)[3]. Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратди, ўзи унинг яшаш тарзини белгилаб берди ва уни бахти учун нималар қилиши кераклигини ҳам ўзи яхшироқ билади, буйруқ ва кўрсатмаларининг асоси ҳам шундан келиб чиқади. Инсон Аллоҳ таолога бандалик қилсин, гўзал ва чиройли ҳаёт кечирсин. Мана шунинг ўзи унинг азалий орзу қилган бахтга, хотиржамликка кафил бўлади. Динимизнинг ғоялари мана шундай. [1] “Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 20-б. [2]“Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 270-б. [3]“Тафсир ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2-жузъ. 2008-й. 165-б. Тошкент ислом институти битирувчиси Намозов Нусратилло 455

Бағрикенглик тушунчаси

Бағрикенглик— бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда хур фикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир. Бағрикенглик ён бериш, андиша ёки хушомад эмас. Бағрикенглик энг аввало инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим. Бағрикенглик инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (шу жумладан, маданий плюрализм), демократия, ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик ақидабозликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир. Бағрикенгликни намоён қилиш инсон ҳуқуқларига эҳтиром билан ҳамоҳанг. У ижтимоий адолатсизликка нисбатан сабр-тоқатли муносабатда бўлишни, ўз иймон-эътиқодидан воз кечиш ёхуд бошқаларнинг эътиқодига ён беришни англатмайди. У шуни англатадики, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини тан олмоғи лозим. У яна шуни англатадики, одамлар ўз табиатига кўра ташқи кўриниши, қиёфаси, ўзини тутиши, нутқи, хулқи ва қадриятлари жиҳатидан фарқланиши эътирофга лойиқлиги баробарида, улар дунёда яшашга ва ўзларининг ана шу индивидуаллигини сақлаб қолишга ҳақлидирлар. У яна шуни англатадики, бир кишининг қарашлари бошқаларга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Тошкент ислом институти битирувчиси Муратбаев Нурислам 3 831

Имом Абу Ҳафс Насафийнинг “Тилбатут талаба” асарида Рамазон таърифи

Муфти ас-сақолайн[1] (инсу жин муфтийси) Имом Нажмиддин Абу Ҳафс Насафий  ҳазратлари ислом оламида беназир зотлардан биридир. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул ул-фиқҳ, луғат, адаб ва бошқа илмларда моҳир бўлиб, ушбу фанларга доир ўзидан қимматли асарлар қолдирган. “Тилбатут талаба” асари шулардан бири бўлиб, ислом оламида илк фиқҳга оид энциклопедик китобдир. Китобнинг рўза бобида, Имом Насафий рамазон ва унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини таърифлаб, ундаги маъноларнинг ҳикматини қуйидагича келтиради: “رمضان” – ирмоз (إرماض) сўзининг ўзагидан ясалган бўлиб, унинг бир неча маънолари бор. Шулардан бири: – “куйдириш” маъноси. Яъни, Рамазон рўзаси банданинг гуноҳларини куйдиради, уни ўчиради. – “ўткирлаш”, “чархлаш” маъноси. Яъни, Рамазон қалбларни бу ойда ибодат ва яхшиликларни кўпайтиришга чархлайди, уни ўткирлайди. – “кутиш”, “интизор бўлиш” маъноси. Яъни, бу ойда мўминлар Аллоҳ таолонинг савоб ва мукофотини интизор бўлиб кутади. – “чарчатиш”, “ҳолдан тойдириш” маъноси. Арабларда “رمضت الظبي” ибораси мавжуд бўлиб, бу сўз кийикни овлаган овчига нисбатан ишлатилади. Унинг кўриниши қуйидагича: – одатда кийик чаққон жонивор бўлиб, овчининг тўрига тушиши қийин. Уни овлаш учун, овчи унинг изидан тушади ва қизиб турган тошлоқ ерга уни ҳайдаб боради (араб диёрларида иссиқ қаттиқ бўлганидан, қум ва тошлоқ устида овқат тайёрлаш мумкин). Унинг устида кийикнинг туёқлари нозик бўлгани учун куяди, қавариб кетади ва тўхтаб қолади. Натижада, овчи уни осонгина қўлга киритади. Рамазони шарифнинг бундай номланишидаги ҳикмат шуки, мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан бу ойда рўза тутиш ва кечаларини қоим қилишга буюрилади. Кундузи рўзадор бўлиб, оч қолади, чанқайди, чарчайди. Кечаларини бедор ўтказиб ҳолдан тойади, кучи кетади. Натижада, шаҳват-у лаззатларига берилишидан тўхтайди ва ўзини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога батамом топширади. Яъни, Рамазон ойи бамисоли қизиб турган тошлоқ бўлиб, унинг устида мўмин киши ўзининг Аллоҳ таолонинг бандаси ва қули эканлиги тан олади ва У зотга ўзини топширади”. Бундан кўриниб турибдики, Рамазони шариф савобу мукофотларга тўла ва ғанимат билишга ҳақли ойдир. Зеро, бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда минг ойдан афзал Қадр кечаси бор. Энг асосийси, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бу ойни Ўзининг ойи эканлиги ва унда қилинган ибодатнинг савобини Ўзи беришини таъкидлаган. Мана, бу йилнинг Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб бормоқда. Аллоҳ таолодан бу ойнинг шарофатидан тўла манфаат олган ҳолда, Ўзининг ва Расули (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг розилигини топиб, онадан туғилган кундагидай гуноҳлардан покланиб чиқишимизни сўраймиз.Омин! [1]Имом Мулла Али Қорий айтади: “Инсоният ва жинларга таълим бергани учун шундай ном олганлар”. Тошкент ислом институти  4-курс талабаси Халилуллоҳ Юсуф 567

Азадорлик одоблари

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, мустақилликка эришганимиздан кейин, халқимиз миллий ва диний қадриятларини тиклаш йўлида кўплаб ижобий ютуқларга эришди. Хусусан, диний соҳада амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ. Жумладан, республикамизда бир қанча диний уқув юртлари ўз фаолиятини бошлади. Натижада, диний илмларни чуқур эгаллаган имом хатиблар, мударрис устозлар каби соҳа ходимлари шаклланди. Бу эса, ўз навбатида халқимизнинг муқаддас динимиз доирасидаги кўникмаларга эга бўлишларига замин яратди. Шунга қарамай бугунги кеча-кундузимизда омма халқ орасида кузатилаётган баъзи шариатимизга тўғри келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Шу маънода, биз бутун башарият ҳаётида кун келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу, яъни азадорлик ва унинг одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор. Биринчи навбатда мусибат етган хонадонга таъзия учун борадиган кишиларнинг риоя қилиши керак бўлган одоблари ҳақида сўз юритсак. Биринчидан, аза бўлаётган ерда овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш яхши иш саналмайди. Зеро, таъзия жойида бундай ишларни қилиш динимизга ҳам, инсонийлик нормаларига ҳам тўғри келмайди. Иккинчидан, таъзияга борган киши ўзини меҳмонман деб ҳисоблаб, мезбон томонидан шунга яраша муомала кутиши тўғри эмас. Баъзи таъзияларда, афсуски, худди шундай меҳмондорчиликка ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Бу эса ҳам шаръан, ҳам одоб жиҳатидан ҳам номаъқул ишдир. Учинчидан, мусибат эгаларидан ҳол аҳвол сўраганда кулиш, эътиборсиз муносабат кўрсатиш жоиз эмас, балки мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида насиҳат қилган ҳолатда кўнгил сўралади. Бунинг энг яхши кўринишларидан бири “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олсин ва сизга сабру жамил берсин”, дейишликдир. Таъзия айтишдан асосий мақсад ҳам айнан мусибат етганларнинг қайғуларини озгина бўлса ҳам енгиллатиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлишга чақириб панд насиҳат қилишдир. Юқорида таъкидлаганимиз “меҳмондорчилик” кўринишидаги таъзиялар ҳақида узоқ гаплашиш мумкин. Бундай бидъат ва хурофотлардан бирлари пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш, йигирмалик, қирқлик дея катта қозонларда ош дамлаб, кўплаб меҳмонлар чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савобини ўтганларга бағишлаб эҳсон ва садақалар қилишга тарғиб қилган. Лекин, бу шаръан мажбурий иш эмас. Шу билан бирга ҳаддан ошиб, исроф қилиш натижасида савоб эмас, балки бу ишимиз уқубатга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бундай ишлар шариатимиз буюрмаган амаллардан экани фиқҳий китоблардан маълумдир. Бу ҳақда уламолар: “Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, унда на маййитга ва на хонадон соҳибига савоби бор”, деб огоҳлантирадилар. Ҳаттоки, баъзи бир мусулмонлар ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини тўғри тушунмаганлари туфайли бу маросимларни фарз ҳукми ўрнида кўриб, унга шундай катта эътибор билан қарайдиларки, гўё бутун мусулмончилик шундан иборатдек. Мусулмонлар бундай бидъатларга берилмаслиги керак. Ҳолбуки хайр эҳсонлар қилиш мустаҳаб амаллардандир. Аксинча, уларни шариатга мувофиқ тарзда амалга ошириш шартдир. Маҳалла куйда хижолат қиламан деб, қарз олиб ёки борини ишлатиб худойи қилишлик, бу айни шариат номақбул санаган гуноҳнинг ўзидир. Шундай экан, биз мана шу ҳолатларни тўғри амалга оширишимиз, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган баъзи-бир ишларни қилишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мамаюсупов Маъмуржон 935
1 11 12 13 14 15 18