islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 19, 2018

Day

Соғлом эътиқод сабоқлари: дуо ва сабабият қонунлари

Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар” (Термизий ривоят қилган). Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади.  Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир. Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин: Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш, беодобликдир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса,  мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир. Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба: Muslim.uz 208

Сочга тегишли шаръий ҳукмлар

Муқаддас динимизда инсон ҳаётида керак бўладиган барча нарсалар ҳақида батафсил кўрсатмалар берилган. Жумладан, инсоннинг ўз тана аъзоларига қандай муносабатда бўлиши ҳам батафсил баён қилинган. Шу маънода инсон сочига тааллуқли бўлган кўплаб кўрсатмалар келган. Ҳадиси шарифда сочи бор инсонлар уни парвариш қилишлари лозимлиги буюрилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ كَانَ لَهُ شَعْرٌ فَلْيُكْرِمْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُد Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин”, – дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган. Шунинг учун сочи бор инсонлар уни ювиб-тараб парваришлаб юришлари лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарашни яхши кўрганлари ва баъзида Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг сочларини тараб қўйишлари ривоят қилинган. Соч қандай таралади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни ўнг томондан бошлашни яхши кўрганлар ва инсонларни ҳам шунга тарғиб қилганлар. Жумладан, соч тарашда ҳам у зот ўнг томондан бошлаганлар. عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا  قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُحِبُّ التَّيَمُّنَ مَا اسْتَطَاعَ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ فِي طُهُورِهِ وَتَرَجُّلِهِ وَتَنَعُّلِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида: покланишларида ҳам, соч тарашларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам, қодир бўлганича ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган. Шунинг учун сочни тарашда ўнг томондан бошлаб тараш мустаҳаб  бўлади. Сочни вақти-вақтида тараб туриш суннат бўлади. Аммо ҳаддан зиёд кўп тараш макруҳ бўлади.  Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الْمُغَفَّلِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم    عَنْ التَّرَجُّلِ إلَّا غِبًّا       رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إلَّا ابْنَ مَاجَه Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч тарашдан қайтардилар, фақатгина вақти-вақти билан бўлса (рухсат бердилар)”. Ибн Можадан ташқари бешови ривоят қилишган. Ҳадисдаги “вақти-вақти билан” дея таржима қилинган “ғиббан” сўзини баъзи уламолар “кун ора тараш” деб тушунтирганлар. Шунинг учун мазкур меъёрни сақлаш соч тараш одобига риоя қилиш бўлади. Инсон сочи покми? Инсон сочи пок ҳисобланади. Яъни тирик инсоннинг сочи ҳам, вафот этган инсоннинг сочи ҳам, бошда турганда ҳам, кесиб олинганда ҳам соч пок ҳисобланади. Инсон сочи пок деганда уни ишлатиш мумкин, деган маънода эмас, балки кийимга ё бирор аъзога тегса, уни нопок қилмайди деган маънода тушунилади. Масалан, биров кесилган сочни кўммоқчи бўлиб, ё бошқа бирор сабаб билан чўнтагига солган бўлса-ю, кейин шу ҳолатда намоз ўқиган бўлса, пок кийимда намоз ўқиган бўлади. Сочнинг поклигига уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олинган муборак сочларини Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга узатганлари ва у зотнинг уларни одамларга бўлиб берганларини далил қилиб келтирганлар. Сочни сотиш мумкинми? Уламолар инсон сочини сотиш ёки ундан бошқа бирор мақсадда фойдаланиш ҳаромдир, деганлар. Чунки Қуръони каримда одам болалари азизу мукаррам қилиб қўйилгани хабар берилган:   وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ  “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[1]. Ушбу оятдаги азизу мукаррамликдан уларнинг табиий хилқатлари мукаррам қилингани тушунилади. Шунга кўра, сочми, тирноқми инсон аъзоларининг бирортасини сотиш Аллоҳ азиз қилган нарсани хорлаш бўлиб қолади.  Шунинг учун сочни сотиш асло мумкин эмас. Балки, кесилган ва таралганда тушган сочларни кўмиш лозим бўлади. Соч улаш мумкинми? Ҳадиси шарифда соч улашнинг жоиз эмаслиги ҳақида шундай...