islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 30, 2018

Day

Оила – бахт қўрғони

Инсониятнинг тарихий тажрибаси ва тараққиёт йўли оила ҳар биримиз учун энг азиз ва мўътабар гўша – чинакам ҳаёт ва тарбия ўчоғи эканлиги, ҳеч ким ундан айро яшай олмаслиги, усиз камолга етмаслигини аллақачон исбот қилган. Оиланинг жамиятда тутган ўрни беқиёс ва ҳеч нарсага алмашилмайди. Унинг таърифи ҳам мураккаб, мазмун-моҳияти эса ниҳоятда теран, сурати ранг-баранг ва бир-бирига асло ўхшамайди. Ҳаёт гашти – турмуш тотувлигида. Аммо, турмуш тотувлиги ўз-ўзидан юзага келмаслигини унутмаслик лозим. Оддийгина бир эътиборсизлик ҳам баъзи ҳолларда турмуш маромини издан чиқариши мумкин. Оила-ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Юртимизда ибратли ва намунали оилалар жуда ҳам кўп. Хўш, оилавий тотувликнинг боиси нимада? Бизнингча бу саволнинг жавоби кўпгина омилларга бориб тақалади ва уни биргина сўз билан ифодалаш амри маҳол. Турмуш тажрибаси иноқлик, тотувлик, баҳамжиҳатликка эришиш йўллари ҳар хил, ниҳоятда кўп ва ранг-баранглигини кўрсатади… Бунда намунали деб ҳисобланган бир оиланинг тажрибаси бошқа оилага асқотмаслиги ҳам мумкин. Негаки, ҳар оилада ҳар хил шароит, ҳар хил вазият. Лекин, ҳамма оилалар учун умумий бўлган сув билан ҳаводек зарур баъзи неъматлар ҳам бор. Бу, авваламбор, хонадон соҳибларининг барчага ибрат бўларлик намунали хуш хулқи, инсонийлик фазилатлари, меҳнатсеварлиги, фидойилиги, ҳалоллиги, поклиги, фарзанд тарбиялаш салоҳиятидир. Ёмон муҳит ҳукмрон жойда эзгулик уруғи униши амри маҳол. Оилавий ажралишлар ёмонликнинг бисёрлиги, эзгуликнинг танқислиги нишонасидир. Бир оиланинг нўноқлиги, ундаги беқарор вазият қўни-қўшни хонадонларга ҳам кўчиши ва ҳукм сураётган ижобий ҳолатларга зарба бериши турган гап. Оилавий тотувлик авваламбор хонадон соҳибларининг уй-рўзғор юритиш, мустақил ҳаёт қучоғига қадам қўйган фарзанд-келинларга турмуш сир-синоатларидан оқилона сабоқ бериш соҳасидаги салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Аммо, фарзандларга оила тилсимларидан сабоқ бериш нарёқда турсин, ҳатто ўзига тўғри йўл тополмаётган ота-оналар ҳам, афсуски, орамизда учраб туради. Бундайларга шу оиладаги фарзандлар ёки хонадоннинг бошқа аъзолари аксарият ҳолларда ўз таъсирларини ўтказа олишмайди. Бундай пайтларда ибратли тарбия ўчоғи саналган маҳалла жамоатчилиги оёққа қалқимоғи даркор. Оилавий муҳитни соғломлаштириш, барқарорлаштириш, аҳиллик ва тотувликни таъминлашда таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш тадбирларининг аҳамияти янада катта. Ҳаёт тажрибаси ёшларнинг бахтиёр оилавий турмушига томонлар ҳали қуда-андачилик остонасига етмасдан мустаҳкам пойдевор қўйишлари мумкинлиги ва зарурлигини тақозо этади. Гап томонлар бир-бирини яқиндан танимай-билмай, синашта бўлмай туриб, унашувни никоҳга уламаслик ҳақида кетаётганлигини яна бир бора эслатмоқчимиз. Шу билан бирга ёшларнинг чинакам бахти-тахтини тор ва шахсий манфаатлар йўлидан излаш, қуда-андачиликка мансаб ёки мол-дунё илинжида бел боғлашнинг оқибатлари ҳам аксарият ҳолларда яхшилик билан тугамайди. Турмушнинг энг яхши ва ибратли удумлари, анъаналари, ҳаёт синовидан ўтган талаб ва тақозолари асосига қурилган оила ҳеч вақт завол топмайди. Демак, оила мустаҳкам бўлиши ҳамда жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши учун, аввало, ота – оналар фарзанд тарбиясига ва янги оила қураётган ёшларни ўз тенгларини топишга маъсулият билан ёндашишса, ота-оналарнинг ўзлари бу ишларда намуна бўлишса бизлар орзу қилган жамият барпо қилинади. Тошкент Ислом институти битирувчиси Ишаев Жўрабек 2 229

Сийратнависликда янгича услуб

Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишлари, одоб-ахлоқлари, шунингдек, туғилишларидан то вафотларига қадар бўлган ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи илм “сийрат илми” деб аталади. Бу илм шариат илмларининг асосларидан ҳисобланади. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб оятлари сийрат воқеалари асосида тафсир қилинади. Чунки, аксар оятларнинг нозил бўлишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида турли муносабатлар билан содир бўлган воқеалар сабаб бўлган. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш орқали инсон онгида ёру дўстларига садоқатли, оиласига вафодор, фарзандларига меҳрибон ота, бир сўз билан айтганда, чин маънодаги комил инсон намунаси гавдаланади. Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33-оятида “Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг расулида гўзал намуна бор”, – деб марҳамат қилган. Оиша онамиз розияллоҳу анҳа эса, у зотнинг хулқлари Қуръон бўлганини таъкидлаганлар. Шунга кўра, уламолар ислом тарихининг илк даврларидан бошлаб сийрат илмига катта аҳамият қаратганлар. Сийрат борасида илк асарларни Урва ибн аз-Зубайр, Аббон ибн Усмон, Ваҳб ибн Мунаббаҳ, Шураҳбил ибн Саъд ва Ибни Шиҳоб аз-Зуҳрийлар ёзганлар. Лекин, уларнинг таълифотлари бизгача етиб келмаган. Фақат айрим қисмларигина имом Табарий ривоятлари орқали етиб келган. Ваҳб ибн Мунаббаҳ ёзган сийратнинг бир қисми эса Германиянинг Ҳейделберг шаҳрида сақланади. Шу тариқа сийрат илми ривожланиб, Муҳаммад ибн Исҳоқ, Абдулмалик ибн Ҳишом каби етук сийратнавис уламолар ҳам етишиб чиқдилар. Сўнгги даврларга келиб сийрат илмида янги услуб вужудга келди. Аввалгиларидан фарқли ўлароқ, ушбу услубда ёзилган сийрат китобларида муаллиф воқеа-ҳодисаларни чуқурроқ таҳлил этиб, унинг фиқҳ, ақида ҳамда одоб-ахлоққа доир жиҳатларини кенгроқ ёритишни мақсад қилади. Ана шу услубда ёзилган асарлардан бири замонамиз олимларидан Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Фиқҳ ас-сийра ан-набавия” асаридир. Муаллиф ушбу асарда, дастлаб, сийратни ўрганувчига муҳим маълумотларни муқаддима сифатида келтириб ўтган. Жумладан, сийрат илмининг аҳамияти, унинг вужудга келиши ва ривожланиш босқичлари каби мавзуларда батафсил маълумот берган. Шундан сўнг муаллиф сийрат воқеаларини баён қилиш асносида улардаги фиқҳий, ақидавий ҳамда ахлоқий жиҳатларни кенг тарзда ёритиб берган. Ҳар бир воқеа сўнггидан ундан олинадиган ибрат ва панд-насиҳатларга алоҳида урғу берган. Ўз ўрнида сийратнинг айрим жиҳатлари нотўғри талқин этилган баъзи фикрларга муаллиф илмий равишда асосли раддиялар бериб ўтган. Сийрат воқеалари сўнггидан хулафои рошидин даври ҳам юқоридаги услубда баён қилинган. Китобнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, унинг сўнггида фойдаланувчига қулайлик туғдириш мақсадида мавзуларнинг фиқҳий кўрсаткичи келтириб ўтилган. Ушбу асар ўзининг бетакрор услуби, илмий – амалий аҳамияти, воқеаларнинг сабаб ва натижалари теран таҳлил этилгани сабабли катта шуҳрат қозонган. Тошкент ислом институти битирувчиси Шавкат Алибоев 169