Жорий йилнинг 14 апрель куни Ислом дунёсининг машҳур олими Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ юртимизга ташриф буюрдилар. Шайхул ислом Москва ташрифидан сўнг, тўғридан-тўғри Бухорои шариф йўл олдилар. Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ Бухоро аэропортида ҳурмат ва эҳтиром ила кутиб олинди. Шундан сўнг азиз меҳмон тунги Бухорои шарифнинг диққатга сазовор жойларини, хусусан, Эски шаҳар, қадим мадрасалар ва масжидларни, тунги чироқлар ёғдусида дилларга ҳузур бахш этиб турган Мир араб мадрасасини ҳам томоша қилдилар. Хуфтон намози Масжиди Камонда Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ иштирокида адо этилди. Шу аснода азиз меҳмоннинг биринчи кунги зиёратлари ўз ниҳоясига етди. Шу ўринда Шайхул ислом Муҳаммад Тақий Усмонийнинг таржимаи ҳолларига қисқача тўхталиб ўтсак: Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Шайх, муфтий Муҳаммад Шафеъ ибн Шайх Ёсин ибн Халифа Таҳсин Али ибн Миёнжий ҳофиз Каримуллоҳ ибн Миёнжий Хайруллоҳ ибн Миёнжий Шукруллоҳ ҳазратлари 1362-ҳижрий, 1943-мелодий санада Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топдилар. Ҳинд тилида Миёнжий деган сўз муаллим, деганини билдиради. У кишининг силсилалари Усмон ибн Аффонга бориб тақалади. Муҳаммад Тақий Усмоний Дубай, Баҳрайн, Британия, Америка ва Австралия каби бир неча давлатларда илмий сафарда бўлганлар. Холид Муҳаммад Бушофеъ айтадилар: «Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим». Манба: Islom.uz 452
Фарзанд тарбиясида ота-онадан катта маҳорат, улкан масъулият, теран ақл ва чуқур мулоҳаза талаб қилинади. Боланинг феъл-атворини синчковлик билан ўрганиб, унга меҳр ва тадбир билан ёндашилса, иншааллоҳ, кўзланган мақсадга эришилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада бизга энг гўзал намунадирлар. У зот (алайҳиссалом): “Фарзандларингизни хурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” (Ибн Можа ривояти), деб биз умматларга шу каби кўплаб фазилатли тавсияларини берганлар. Насиҳатларига амал қилган киши ҳатто тунда ҳам йўлидан адашмай, қоқилмай манзилига етади. У зот (алайҳиссалом) болаларга салом бериш ва унга муносиб алик олишни ўргатишдан бошлаганлар. Кўчадан ўтиб кетаётиб ҳам уларга биринчи салом берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Мен болалар билан ўйнаётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнимга келиб, бизга салом бердилар”. У кишидан (розияллоҳу анҳу) яна бир ривоятда: “Эй ўғлим, аҳли оиланг ҳузурига кирадиган бўлсанг, салом бер. Чунки саломинг сенга ва оиланга барака келтиради”, деб марҳамат қилганлар. Болага ёлғон гапирманг ва уни алдаманг, чунки сиз унга намунасиз. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу бундай ҳикояни қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйда ўтирган эдилар. Онам мени чақирдилар: “Қани, бу ерга кел-чи, сенга бир нима бераман”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга нима бермоқчисан?” деб сўрадилар. Онам: “Бир дона хурмо бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарда унга бирор бир нарса бермасанг, сенга ёлғон ёзилади”, дедилар”. Фарзандларни жазолашда ўта қаттиққўллик ярамайди. Жазо унга яраша бўлиши учун юзга уриш ёки тупуриш ва бошқа нарсалар билан болани таҳқирланмайди. Чунки юз мукаррамлик белгисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз урадиган бўлса, юзга уришдан сақлансин”, деб марҳамат қилганлар (Табароний ривояти). Ўғрилик барча даврларда инсонларнинг нафратига сазовор бўлган жирканч одатдир. У ижтимоий муҳитни издан чиқаради ва жамиятни таназзулга олиб боради. Айрим ота-оналар фарзандларининг ёшликда қилган ўғирлигига бепарво бўлиб, қилмишини гўдакликка йўядилар. Бу мутҳиш хатодир. Бундай бепарволик болада ўзгалар молига хиёнат қилишдан қўрқмаслик ҳиссини уйғотади. Қуйидаги ҳикоя сўзимизнинг далилидир: Маҳкамалардан бирида ўғрилик билан қўлга тушган ўғрини жазолашга ҳукм чиқарилади. Ҳукм ижро этиладиган кун келганда ўғри овозининг борича бундай деб бақиради: “Мени эмас онамни жазоланг! Биринчи бор қўшнимизникидан тухум ўғирлаганимда у мени койимади ва эгасига қайтариб беришимни талаб қилмади. Аксинча, қилган ишимдан қувониб: “Ҳудога шукр! Менинг ўғлим ҳақиқий эркак бўлибди”, деган эди. Агар онамнинг тили бўлмаганида эди, мен ўғри бўлмасдим”. Сўкиш ва ҳақорат сўзларни айтиш ёшлар орасида энг кўп тарқалган ёмон иллатлардандир. Бунда катталарнинг “хизмати” катта. Чунки энди тили чиқаётган болага: “Битта сўкиб қўй”, деб ёмон одатни сингдириб боришади. Айрим ота-оналар жаҳл отига миниб, ўзаро тортишиб уятсиз сўзларни айтишлари фарзандларида маънавий аҳлоқсизликни шаклланишига, шунингдек, уларни кўча-кўйда қаровсиз қўйиб, хулқи бузуқ болалар билан ўртоқлашиб қолишига сабаб бўлишади. Бунинг учун бола тарбияси узлуксиз равишда диққат марказида туриш керак. Бугунги кунда кўпчилик ёшлар ахлоқий меъёрлар буткул таназзулга юз тутган оломонча маданиятга кўр-кўрона тақлид қилаётганлари боис ахлоқий бузуқликка юз тутмоқдалар. Тарбияга масъул шахслар ёшларни маънавий ва моддий ҳужумлардан ҳимоялашлари, уларни доимо эзгулик сари чорлаб, панд-насиҳатлар қилишлари лозим. Юртимизда ота-оналарга бу борада ёрдамчи бўла оладиган диний-марифий, касб-ҳунар ва спорт ташкилотлари бисёр. Улардан унумли фойдаланиш барчамизнинг қўлимизда. “Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини ҳам қўшамиз. Уларга қилган амалларидан бирор нарсани камайтирмаймиз. Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир” (Тур сураси, 21...