islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 2019

Month

Бирлашган Араб Амирлиги делегацияси Тошкент ислом институтига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 1 май куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация Тошкент ислом институтига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни ТИИ раҳбарияти муносиб тарзда кутиб олди. 314

ИХЛОС ВА НИЯТ (2-қисм)

Худди шу сарлавҳали мақоламизнинг биринчи қисмида амалдаги ихлос ва ниятга доир бир неча ривоятлар келтириб ўтилган эди. Амалда ният ва ихлоснинг ўрни муҳим бўлгани учун бу мавзудаги мақолани яна давом эттиришни мақсад қилдик. Чунки ният ва ихлос ҳақида қанча кўп ёзилса ҳам арзийди. Саҳобалар айтар экан: “Биз амал қилиб чарчамас эдик. Лекин амалардаги ниятларимизни тўғрилаб чарчар эдик”. Бу нимани англатади, ният амал қилувчидан жиддий эътибор талаб қилишини англатади. Дарҳақиқат Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Мўминнинг нияти амалидан яхшидир”. Келинг бу мақолада ҳам ўзимиздан эмас, салафларимиздан ният ва ихлос ҳақида айтилган пандномаларни келтирсак: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Ҳамза исмли ўғли айтади: “Ибодат ва дуосини ихлос ила адо этганларга, кўзига кўринган нарсалар қалбини чалғитмаганларга, қулоғига эшитилган нарсалар билан Аллоҳни унутиб қўймаганларга, бошқаларнинг ютуқлари қалбини маҳзун қилмаганларга Жаннатдаги тубо бўлсин!”. Абдулвоҳид ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳи деди: “Ижобат ва ихлос иккови бир йўлда ҳамроҳдир! Асло бир-биридан айрилмайди!”. Муҳаммад ибн Валид раҳматуллоҳи алайҳи ҳикоя қилади: Халифа Умар ибн Абдулазиз бир одамни учратди. У қўлида тош доначаларини ўйнаган ҳолда: “Эй Раббим менга охиратда ҳурлардан завжа бергин”—деб дуо қиларди. Умар ибн Абдулазиз ғазабланиб: “Қандаям нодон хатиб экансан. Қўлингдаги тошларни улоқтириб, ихлос билан дуо қилсанг бўлмайдими?!”—деб койиди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Амалларингизни қабул бўлиши тўғрисида, уни амалга оширишдагидан кўра кўпроқ ташвиш чекинг. Эшитганмисиз, Аллоҳ: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардан қабул қилади”—деб айтган. (Моида -27)”. Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинди: “Одамларнинг кўз ўнгида яхши амал қилиб намоён бўлишингиз мумкин. Аммо ният холис Аллоҳ учун бўлмаса, барибир одамлар сизни ёмон кўриб қолади. Чунки у амалингизни Аллоҳ ёқтирмаган. Баъзида эса одамларнинг наздида ёмон амал қилишингиз мумкин. Аммо ниятингиз холис Аллоҳнинг ризолиги бўлса, Аллоҳнинг муҳаббатига эришиб, бунинг баракоти ила одамларнинг ҳам меҳрини қозонасиз”. Муҳаммад ибн Восиъ раҳматуллоҳи алайҳи деди: “Банда Аллоҳга юзланганда, Аллоҳ одамларнинг қалбини ўша бандасига юзлантириб қўяди”. Абдураҳмон ибн Жарир Абу Ҳозимдан эшитган экан: “Қалблар маънавий иллатлардан покланганда кабира гуноҳлар кечирилади. Банда гуноҳлар таркига қасд қилса, у томон футуҳотлар кела бошлайди”. Яҳё ибн Абу Касир айтади: “Фаришталар банданинг амалини даргоҳи илоҳийга кўтариб чиқишади. Қачонки манзилга етганларида Аллоҳ: уни сижжинга ташланглар, чунки бу амал билан Менинг ризолигим мақсад қилинмаган!—дейди”. Аллоҳ таоло ҳар биримизни амалларимизда тўғри ният ва ихлос неъматига мушарраф қилсин. Ўзидан бошқасини хурсанд қилиш учун, бандасининг кўнглини овлаш учун амал қилишдан асрасин! Ихлос ва тўғри ният ҳамиша ҳамроҳимиз бўлсин! Ибн Абу Дунёнинг “Ихлос ва ният” асари асосида Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми Авазбек Мўминов 238

“Балоғат” фанининг зарурлиги!

Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради. Араб тилини ўрганиш учун ҳам, бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак. Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан иъжози (мўъжизакорлиги) кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади. Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Ушбу фаннинг зарурлигидан келиб чиқиб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Апрель ойи –Балоғат” фани ойи муносабати билан талабалари ўртасида балоғат фани доирасида мақолалар ёзиш танлови эълон қилинган эди. Талабалар тарафидан ёзилган мақолалар ушбу фан ўқитувчилари томонидан текширилиб баҳоланди. Ёзилган мақолалар институт сайтида бериб борилди. Шу муносабат билан 2019 йил 30 апрель куни институт раҳбарлари ва устозлари ҳузурида ушбу танловда ғолиб бўлган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бунга кўра  институтнинг 3-курс талабаси Қурбонов Салоҳиддин ўзининг “Ёруғлик биринчи пайдо бўлганми ёки зулмат” номли мақоласи билан 1-ўрин, 2-курс талабалари Ҳамидхонов Аҳадхон “Энг кичик сурада буюк мўъжизалар” номли мақоласи билан 2-ўрин,  Мираббос Ёров ““Ар-Роҳман” сурасида яширинган мўъжизалар” номли мақоласи билан 3-ўринни эгаллашди. “Тиллар” кафедраси кабинет  мудири Улуғбек Ҳасанов 268

Муборак рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Тобора ривожланиб, чирой очиб бораётган жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида: 1. 2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда: жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга; мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2019 йил 1 май Манба: Uza.uz 160

Араб тили – Қуръони карим тили

Араб тили олтита жаҳон тилларидан бири бўлиб, ер юзининг қарийб ярим миллиард аҳолиси шу тилда суҳбатлашади. Дунё илмий меросининг асосий адабиётлари араб тилида ёзилган. Жумладан, буюк бобокалонларимиз Имом Бухорий, имом Термизий, Хоразмий, Марғилоний, ибн Сино,  араблар “Агар мовароуннаҳрлик чўлоқ бўлмаганида биз ўз тилимизнинг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўлардик” – дея эътироф этган араб тили грамматикаси ривожига ҳисса қўшган ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқалар араб тилида ижод қилишган. Дунё халқлари бу тилни “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили, Қуръони карим тили ҳамда жаннат тили” – дея ўзгача ихлос ва иштиёқ билан ўрганишади. “Апрель ойи – Араб тили ва балоғат” муносабати билан 2019 йил 30 апрель куни соат 15:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабалари ўртасида “Араб тили –  Қуръони карим  тили” мавзуида курслараро мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Тошкент ислом институти У.Ғафуров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Я.Раззақов, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Ф.Маманосиров, “Тиллар” кафедраси ўқитувчилари Ф.Абдулҳамидов, Ғ.Баратов, А.Султонхўжаев, К.Боқиев, Ё.Бухарбаев ҳамда институтнинг талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада ҳар бир гуруҳ 5 нафар иштирокчидан ташкил топган “Сибавайҳ”, “Замахшарий”, “Кисоий” ва “Мулла Жомий” гуруҳлари иштирок этишди. 1-шартда иштирокчилар калималарни тартиблаб, маъноли жумла тузиш ва жумлалар кетма-кетлигига риоя қилиш бўйича жавоб беришди. 2-шартда эса белгиланган вақт мобайнида иштирокчи ўзига кўрсатилган расмларни шеригига араб тилида шарҳлаб топишмоқ тарзида баён қилди ва жамоадоши жавоб берди. 3-шартда ўзбек тилидаги матнни араб тилига таржима қилишди. 4-шартда берилган жумлани грамматик таҳлил қилишди. 5-шарт эса, араб тилидаги овозли матнни эшитиб, тушунганини ўз услубида баён қилишди. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа умумий натижаларига кўра, 4-курс талабаларидан ташкил топган “Мулла Жомий” гуруҳи 342 балл билан биринчи ўринни, 2-курс талабаларидан ташкил топган “Замаҳшарий” гуруҳи 328 балл билан иккинчи ўринни, 3-курс талабаларидан ташкил топган “Кисоий” гуруҳи 324.5 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу  боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Тиллар” кафедраси кабинет  мудири Козимхон Асроров 238
1 23 24 25 26