islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 2019

Month

“Арбаъин”ҳадис тўпламлари

“Арбаъин” – “қирқта” дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат тўпламларга айтилади. Ушбу услубда асар яратиш ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من حفظ على أمتي أربعين حديثا في أمر دينها بعثه الله فقيها و كنت له يوم القيامة شافعًا و شهيدًا “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан”. Бу ҳадис жуда кўп муҳаддислар томонидан ривоят қилинган машҳур ҳадис ҳисобланади. Жумладан, уни имом Байҳақий Абу Дардо ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан, Дайламий Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан, Абу Нуъайм ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан, Ибн Жавзий эса Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Мазкур ҳадиси шарифнинг илҳоми билан кўпчилик муҳаддислар ва уламолар “Арбаъин” асарларини яратишган. Бу тур ҳадис китобларини икки қисмга ажратиш мумкин: Маълум бир мавзудаги ҳадислардан қирқтасини жамлаган асарлар. Масалан, одоб-аҳлоқ, илмнинг фазилати, Мадинанинг фазли ҳақида, ҳажга ёки табобатга оид ҳадислардан тузилган арбаъинлар каби. Исломнинг умумий асосларини ифода этувчи ҳадислардан тузилган арбаъинлар. Буларда мавзу чекланмайди. Бу тур арбаъинлар ичида энг машҳур ва мътабари имом Нававийнинг “Арбаъин”лари эканига шубҳа йўқ. Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикларида шахсларига итоат қилиш билан бўлса, У зот вафотларидан кейин эса, суннатларига, ҳадисларига амал қилиш билан бўлиб келмоқда. Кези келганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг итоатидан ташқари  нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳ таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари воситаси ила келган амрларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда. Қуръон Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган ожиз қолдирувчи ваҳийсидир[1]. Суннат-ҳадис эса, маъноси Аллоҳдан лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дин-диёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шахсий фикрларини эмас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида: “У ҳаводан гапирмас. Бу фақат  қилинадиган ваҳийдир[2]”, деган. Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат хусусида айтган ҳар битта гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан ҳам кўриниб турибдики, Суннат шариатимизнинг иккинчи манбаидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилмасдан, У зотнинг ҳукмларига таслим бўлмасдан туриб, иймон даъвосини қилиш мумкин эмаслигини Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда очиқ-ойдин баён қилиб қўйгандир. 401-гуруҳ талабаси Абдураҳим Абдулбосит [1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Кифоя”. Тошкент, Ҳилол нашр. 2008. – Б. 29. [2] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент.: Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси,  2004. Нажм сураси, 3-4 оятлар. 215

Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ зуҳд аҳлидан эдилар

Ҳасан ибн Зиёд ҳаёти даввомида ибодат билан машғул бўлди, ҳаромдан тийилди ва Ислом буйруқларига риоя қилишда жидду жаҳд қилди. У зот ўта мулойим ва парҳезкор эди. Бу ҳақида Аҳмад ибн Абдулҳамид Ҳорисий шундай деган эдилар: Ҳасан ибн Зиёд ниҳоятда одобли, хушхулқ ва ҳалим инсон бўлган. Ўзи қандай қийматли либос кийса хизматкор қулларини ҳам ўшандай кийинтирган. Хулқи гўзал, ҳалим одам бўлган”. Дарҳақиқат, ҳизматкорларига ўзи еган нарсалардан едирар, ҳудди ўзи кийган кийимлардек либослар олиб берар эди. Олим кечалари ухламасдан дарс ва ибодат билан машғул бўлганлар. Қўлидан китоб тушмас эди. У кишининг “қирқ йил давомида кечалари дарс қилдим. Ҳатто қўлимда китоб, олдимда чироқ билан ухлаб қолган тунларим бўлган” – деган хабари ривоят қилинган. У ўзи билан бирга яшайдиган яқинларига ерталаб бомдод намозига тараддудланар экан, барча таёр бўлгунича ҳикоялар айтиб берар эди. Кеча-ю кундузини бекор сарфламайдиган Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ бомдод намозидан сўнг илм мажлиси ташкил қилиб, турли масалалар айтардилар. Бу ҳолат тушга қадар давом этарди. Пешиндан олдин баъзи уй ишларини бажарар ва хайр-эҳсон қилишга одатланган эди. Пешин намозидан кейин ҳам одамларнинг саволларига жавоб берар эди ва кеч пайтигача шаръий масалалардан таълим берар эди. Аср, шом хуфтон намозларини ўқиб бўлгач ўйига қайтиб, кечанинг учдан бир қисмига қадар яна илм билан машғул бўлар эди. Сўнгра ибодатлар қилиб, озгина дам олиб яна мазмунли ибодат ва илм суҳбатларига бой кун тартибини бошлар эди. Ушбу берилган маълумотлар ва таърифлар шуни кўрсатадики, Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ замонасининг буюк мужтаҳиди, мужтаҳиди бўлиши билан бирга ўта парҳезкор, зуҳд аҳлидан эди. Ҳанафий мазҳабининг шакилланиши ва тарқалишида ўзининг беқиёс ҳизматини қўшган Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ барча замонларда илм аҳли томонидан юқори мартабаларга кўтариб келинган ва бундан кейин ҳам унинг ҳизматлари, ҳаёти ва илмий мероси муътабар манба сифатида чуқур ўрганилади десак муболаға бўлмайди. 4-босқич  талабаси Жумабоев Аваз Алижон ўғли 184

СИДДИҚЛИК ҲАҚИДА

Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган «садоқат», «содиқлик», «ростгўйлик» каби сўзлардан кўзланган маъно арабча «сидқ» шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин, «Қувват» маъносини англатади. Бу сўз «кизб»нинг – ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган. Уламоларимиз сидқ ҳақида бир-бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифлар айтганлар. Роғиб «Муфрадот»да: «Сидқ гапнинг виждонга ва хабарини берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса, сидқ тугал бўлмайди», деган. Журжоний «таърифот»да: «Сидқ ҳукмининг воқеъага тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган. Жунайд роҳматуллоҳи алайҳидан сидқ ва ихлос ҳақида: «Икковлари бирми ёки ораларида фарқ борми?» деб сўралганда: «Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фаръдир. Сидқ арабча нарсанинг аслидир. Ихлос фақат амалларни бошлагандан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган. Имом Абдулкарим Қушайрий: «Сидқ аҳволингда аралашган нарса эътиқодинингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган. Уламоларимиз сиддиқликнинг турларини учга бўлишган: Гап – сўздаги содиқлик. Бунда гап-сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган. Амалдаги содиқлик. Бунда қилинадиган ишнинг фармонга тўғри бўлиши кўзда тутилган. Ҳолдаги содиқлик. Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга мувофиқ келиши кўзда тутилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. Ул зотнинг энг машҳур сифатларидан бири «Содиқ» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда сидқ сифати барча тарафдан мукаммал таризда намоён бўлган. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадилар: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. Ул зот содиқу масдуқдирлар: «Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки бахтлилигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», – дедилар». Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу севимли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: «Ул зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода қилади. Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум. Масдуқликлари, яъни росгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир. 4-курс талабаси Баҳодиров Ҳожиакбар 189

“Арбаъийн” ҳадис тўпламлари муаллифлари

Ислом фатҳи етиб келган барча халқлар ҳаётида, анъаналарида, қадриятлари-ю, урф одатларида ислом ўз аксини топади. Зеро, барча мусулмонлар ислом шариатига мувофиқ турмуш кечиришга интилган. Шунинг учун бошқа барча амаллар қатори “арбаъийн” ҳадис тўпламларини ёзиш уламо-ю, шоирларнинг мақсадига айланган. Биз қўйида уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз. Муҳиддин Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий (ҳижрий 631-676 ). Имом, хофиз, фақиҳ, муҳаддис Яҳё ибн Шараф ибн Муррий ибн Ҳасан ал-Ҳизомий ал-Ҳувроний ан-Нававий Ислом оламининг мўътабар олимларидан саналади. Кунялари — Абу Закариё, лақаблари — Муҳйиддин. У зот “Арбаъийн” ҳадис тўпламини таълиф қилган. Муҳаммад ибн Яҳё ибн Мансур Абу Саъд Муҳиддин Найсобурий (вафоти ҳижрий 548 йил). Ўз асрининг Нишопур шаҳридаги шофеъийларнинг раиси эди. Нишопурнинг Турисис деб номланган жойида дунёга келганлар. Имом Ғаззолий қўлларида фиқҳ фанини ўргандилар. Нишопурдаги талабаларга дарс берганлар. У киши “Ал-мухийт фий шарҳил васийт”, “Ал-интисоф фий масаилил хилоф” каби китобларни ёзганлар.[1] Розиюддин Абул Хасан Муаббад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Солиҳ Тусий Найсобурий. Ҳижрий 524 йилда туғилганлар. Саҳиҳи Муслимни 30 ёшларида Фуровийдан ўқиб ўргандилар. Саҳиҳи Бухорийни Абул Маолий Форисийдан эшитиб ўргандилар. Имом Моликнинг “Муватто” асарларини Ҳибатуллоҳ ас-Саййидийдан эшитиб ўрганганлар. Тусий 617 йил, шаввол ойининг 20-куни вафот этдилар.[2] Юсуф ибн Ҳасан ибн Аҳмад Ибн Ҳасан ибн Абдул Ҳодий ас-Солиҳий Жамолиддин ибн Мибрад. (1436-1503 м, 840-909 ҳ). Ҳанбалийларнинг машҳур фақиҳ уламоларидан. Дамашқда дунёга келганлар.[3] Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Али ибн Осим ибн Зазон ал-Хозин ал-Асбаҳоний Абу Бакр ибн Муқрий. (754-837 ҳ). Қизил денгиз бўйидаги, Яман соҳилларидан биридаги Шаржа минтақасида дунёга келдилар. Бошланғич илмларни ўлкасидаги олимлардан олади. Илмга чанқоқлиги учун кейинчалик турли давлатларга сафар қилади. Ибн Муқрий фиқхга жуда қизиқар эди. Фиқҳ, тарих, наҳв фанларига оид кўплаб асарлар ёзганлар.[4] Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Мусо ал-Аздий ас-Суламий. Тасаввуф олимлардан бири. (936-1021). Нишопур шаҳрида тўғилиб вафот этганлар. Имом Заҳабий айтадилар: У киши сўфийларнинг шайхи эдилар. Суфийликнинг тарихи ва табақалари тўғрисида кўплаб асарлар ёзган. Суламий юздан ошиқ асарлар ёзганлар. Тафсир фанига оид “Хақоиқ ат-тафсир”, “Тобақотус суфия”, “Муқаддамут тасаввуф” рисолалари, “Минҳожул орифийн”, “Рисолат фий ғолатотус суфия”, “Адабул фақри ва шароитуҳу”, “Адабус суҳбати” каби кўплаб китобларни ёзганлар.[5] Абдурразоқ ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ат-Тобасий. У киши Нишопур шаҳрида яшаган. Самъоний айтадилар: Тобасий узоқ юртлардан келган кишиларга китобларни ўқиб берар ва уларга кўплаб фойдаларни келтирганлар. Айтишларича, Саҳиҳ Муслим китобини 18 марта Муҳаммад ибн Фазл Фаровийга ўқиб берганлар. У киши ҳижрий 538 йили робиул аввал ойида Нишопур шаҳрида вафот этдилар.[6] Тобасий “Арбаийн ал-мустахражату минас сиҳоҳи мин риваяти Муҳаммадийн” номли арбаийнларини ёзганлар. Тобасий ҳижрий 537 йили вафот этганлар. Али ибн Хасан ибн Ҳибатуллоҳ Сиқотуд дийн ибн Асокир ад-Димашқий (ҳ. 499-571 м. 1105-1176). Шом диёрининг муҳадиси, Самъонийнинг сафардаги шериклари эдилар. Дамашқ шаҳрида дунёга келдилар. У киши кўплаб китоблар ёзганлар, улардан: “Тариху Димашқ ал-кабийр”, бу китоб “Тарих ибн Асокир” номи билан машҳур. Абдул Қодир Бадрон ушбу китобни мухтасар қилиб “Таҳзийб тарихи ибн Асокир”. Ушбу мухтасар китоб ҳозирда ҳам чоп қилинмоқда. Ибн Асокир “Арбуъна ҳадисан мин арбаъийна шайҳан мин армиъийна мадийнатин” номли арбаъийнларини ёздилар.[7] Аҳмад ибн Абдурраззоқ ибн Шайҳ Муҳаммад ибн Зайд ибн Иброҳим ибн Шайҳ Анқарий. Анқарий улумул қуръон ва қироатдан мутаҳасисликка эга эдилар. Аҳмад ибн Абдуррраззоқда Қуръонни ёдладилар. Ҳадис илмини Абдуллоҳ...

156 нафар ўзбекистонлик Яқин Шарқдаги қуролли ҳудуддан Ўзбекистонга қайтарилди

Давлатимиз томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди. Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади, дейилади хабарда. “Спутник”нинг ANHA агентлигига асосан хабар тарқатишича, Сурия курдлари ИШИД жангариларининг хотинлари ва болаларини Ўзбекистон ҳукуматига топширган. Суриянинг Камишли шаҳрида ўтказилган матбуот-анжуманида курдларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари жангарилар оилалари аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига топширилгани ҳақида эълон қилган.  Манба: www.kun.uz 141
1 2 3 4 5 6 26