islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

АБДУЛҚОДИР АНДИЖОНИЙ

Муҳаммад Қодир Холмирза 1912 йили (ҳижрий бир минг уч юз ўттизинчи) Андижонда туғилган. Ҳаётлари: Ёшлик чоғларида Афғонистонга ҳижрат қилиб, ўша ерда истиқомат қилиб қоладилар. Кейинчалик Маккаи мукаррамага ҳижрат қиладилар. У ерда Умра ибодатини бажарганидан сўнг Мадинаи мунавварага сафар қиладилар. Бошланғич илмларни Андижондаги устозларидан ўрганган эдилар. Сўнг Қуръони каримни пухта ёд оладилар. Шундан сўнг фиқҳ, усулул фиқҳ ва алоҳида турли илмлар билан шуғулланадилар. Ўша пайтда Мадинаи мунавварадаги қори-ю қурролар ҳузурларига бориб «Шотибийя» матнини мукаммал ёд олиб, Шотибий йўналиши бўйича етти хил қироатдан ижоза олган эдилар. Илм олишдан ортган вақтларида инсонларга Қуръони карим тиловати ва тажвид фанидан дарс берар эдилар. Қироат ва тажвид илмларини Шайх Кароматуллоҳ Махдум ва Шайх Абдул Мажид Ободийлар билан устозларининг ҳузурида, тонгдан бошлаб то пешин намозигача «Манзуматуш Шотибийя» китоби асосида ўрганишарди. Муҳаммад Қодир Андижоний Шайх Кароматуллоҳ Махдум билан Қуръон ва қироат бўйича олган илмларини етти йил такрорлайдилар. Устозлари: Шайх Зиёуддин, у кишидан Қуръони каримни Ҳафс Осимдан қилган ривояти асосида ёд олади. Фасоҳатли фақиҳ Шайх Низомуддин Яъқуб, у кишидан фиқҳ, усулул фиқҳ илмларини ўрганадилар. Устозлари билан, у киши то Ҳижозга кетгунларига қадар бирга бўладилар. Шайх Ҳабибуллоҳ, у кишидан алоҳида турли фанларни то вафот этгунларига қадар ўрганганлар. Шайҳ Ҳасан шоир, у кишидан «Манзуматуш Шотибийя фи қироаатис сабъ» ни таълим олиб ёдлайдилар. Сўнг униинг маъноларини сўзма сўз, жуда ҳам диққат эътибор ила ўтказадилар. Шундан сўнг Қурони каримни тўлалигича етти қироат йўналиши бўйича у кишига ўқиб берадилар. Шундан сўнг «Манзуматуд дурратул музийя фи қироаатис саласил мутаммима лил аъшр» ни пуҳта ёд оладилар. Шу билан «Шотибийя» ва «Дурра» йўллари орқали ўн қироатни эгаллайдилар. Шайх Бинямин Соъаатий Андижоний, ҳар йили ёз фаслида Тоиф шаҳрига у кишининг ҳузурига борардилар. У кишидан ҳадис илмидан сабоқ олиб, «Саҳиҳул Бухорийни» ни тўлиқ ўқиб ўтказганлар. Асарлари: Рисалатун фит тавҳид Итҳаафул фузалои мухтасар манорил ҳудо фи баянил вақфи вал ибтидаи Вафоти: Мадинаи мунавварада 1995 (ҳижрий бир минг тўрт юз ўн олтинчи) йили саксон олти ёшларида вафот этдилар. Жанозалари Масжидун набавийяда ўқилиб, Бақеъ қабиристонига дафн қилинганлар. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 944

Устозни ғанимат билиш

Толиби илмларга қилинадиган насиҳатлардан энг муҳими – бу устозни, унинг билимини ва илм мажлисларини ғанимат билиш, пайтида улардан фойдаланиб қолишдир. Қанчадан-қанча шахслар замондошлари бўлмиш уламоларга етиша олмаганлари, бунинг учун ҳасрат-надоматда қолганлари тарихдан маълум. Хатиб Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Риҳлат” номли китобининг сўнггида бир боб қилиб, уни “Бирор шайх томон унинг олий санадини талаб қилиб йўлга чиққанлар ва ўша шайхлар ўлиб қолиб, муродига ета олмаган талабгорлар зикри” деб атаган. Абдуллоҳ ибн Довуд Ҳарибий айтади: “Басрага Ибн Авн билан учрашиш учун кирган эдим. Бани Доро кўпригига келганимда Ибн Авннинг вафот этгани хабари келди. Менга нима етганини Аллоҳ билади”. Қаранг, мазкур кишилар бирор-бир дунё матоҳи, бойлик, қаср ё бошқаси учун надомат қилаётганлари йўқ. Чунки булар топиладиган нарсалар. Аммо уламоларнинг ўринларини ҳеч ким боса олмайди. Ўтмишдан биламизки, биргина ҳадис ривояти, биргина фиқҳий масала ечими учун кишилар узоқ масофали жойларга йўлга тушганлар. Ваҳоланки, ўша пайтларда шароитлар оғир эди. Олимларнинг, илмнинг қадрини билганларидан оғир машаққатларга ҳам рози бўлганлар. Аммо ҳозирги кунда қулайлик ва кенг имкониятлар бўла туриб биз устозларимиздан фойдаланишни билмаяпмиз. Уламолар ғанимат экани ҳадиси шарифда очиқдан-очиқ баён қилинган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Албатта, Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар”, деганларини эшитдим” (Имом Бухорий ривоят қилган). Қаранг, илм уламоларнинг вафоти сабаб кўтарилар экан. Яъни, илмни ушлаб, сақлаб турадиганлар уламолардир. Уларнинг заволлари илм заволи экан. Имом Заҳабий уламолардан уч киши бир вақтда вафот топганларида: “Шаҳар бир йил ичида ана ўша уч киши кабилардан холи қолса, унда нуқсон зоҳир бўлибди”, деган экан. Емак ва ичимлик бадан озуқаси бўлса, қалб озуқаси илмдир. Қалбларни тирилтирадиганлар олимлардир. Нафақат қалбларни, балки оламни тирик тутадиганлар олимлардир. Мана шунинг учун ҳам: “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими”, дейилган. Олим оламнинг руҳи, нури ва ҳаётидир. Узоққа бормай, яқин даврдан мисол келтирадиган бўлсак, раҳматли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари вафот этганларидан кейин у кишининг илмларидан, ақалли у зотни бир кўришдан, дуоларини олишдан баҳраманд бўлмай, ҳасратда қолганларнинг саноғи йўқ. У кишига етиша олмаганлар у ёқда турсин, гарчи шогирдлик бахтига муяссар бўлган бўлсалар-да, маърифат булоғидан айрилиб қолганлари учун қанчалар ўксинишди. Қалбимиздан у зотдан кейинги катта бир кемтикни, ўрни тўлмас бир бўшлиқни ҳис қилганимизда “Биргина инсон дунёни шунчалар мунаввар қилиб турганмиди?!” деймиз бехосдан. Ҳа, биргина инсон дунёни хайрга тўлдириб турган эдилар. Мана шу хайр илм нури, илм барокати эди. Аммо олим кетди, деб буткул ноумидликка тушиш нотўғри. Олимлар аслида барҳаётлар. Улар нариги дунёга ўтишган бўлса-да, халафларини, яъни ўринбосарларини қолдиришган. Биз энди улар қолдирган мерослари ва меросхўрларини ғанимат билайлик. Одинахон Муҳаммад Юсуф Манба 872

ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА ТАҒАННИЙ (1-қисм)

Қуръони каримни оҳанг  билан ўқиш масаласида саҳобалар ва тобеинларда бўлганидек, фақиҳ имомларимиз ўрталарида ҳам ихтилоф мавжуд. Биз қуйида уларнинг бу борадаги фикрлари ва далилларини келтириб ўтамиз: Моликий ва ҳанбалий мазҳаблари Ушбу мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг  билан ўқишни макруҳ дейдилар. Бу сўз Анас ибн Молик, Саид ибн Мусайяб, Саид ибн Жубайр, Қосим ибн Муҳаммад, Ҳасан Басрий, Иброҳим Нахаий, Ибн Сирийнлардан нақл қилинган. Ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари Бу мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг  билан ўқишни жоиз дейдилар. Бу ҳукм Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдурраҳмон ибн Асвад ибн Зайдлардан нақл қилинган. Муфассирлардан Абу Жаъфар Табарий, Абу Бакр ибн Ал-Арабий ушбу фикрни қўллаганлар[1]. Моликий ва Ҳанбалийларнинг далиллари Мазкур мазҳаб соҳиблари Қуръони каримни оҳанг билан ўқиш макруҳлигига қуйидаги ҳадисларни далил сифатида келтирадилар: Ҳузайфа ибн ал-Ямонидан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Қуръонни арабларнинг оҳанглари ва овозларида ўқингиз. Аҳли фисқ ва аҳли китобларнинг оҳангларидан четланинг! Чунки, мендан кейин бир қавм келиб Қуръонни қўшиқчилар, роҳиблар ва вафот этган одамга йиғловчиларнинг оҳангига ўхшатиб оҳанг билан қироат қиладилар. (Қуръон) уларнинг томоқларидан пастига ўтмайди. Уларнинг ва уларнинг ишини ёқтирган кишиларнинг қалблари фитналангандир. Улар Қуръонни ўзларига “най” қилиб оладилар. Улар  фақиҳ ҳам, олим ҳам бўлмаган кишини олдинга чиқариб қўядилар. Уни ўзларига куйлаб бериши учунгина олиб чиқадилар”,-дедилар”. Байҳақий “Шуабул иймон” да ривоят қилган. Имом Жазарий: “Ҳадисдаги “لحون” сўзи “لحن” калимасининг кўплиги бўлиб, ундан овозни тараннум билан чиқариш, Қуръон, шеър ёки қўшиқда овозни гўзал қилиш тушунилади”-дейдилар. Юқоридаги ҳадисдаги аҳли фисқдан мурод: бирор ҳарфни зиёда қиладиган ёки камайтирадиган даражада Қуръонни ўзининг аслидан чиқариб қироат  қиладиганлардир. Чунки, бу иш барча уламоларнинг ижмосига кўра ҳаромдир. Аҳли китоблар эса яҳудий ва насоролардир. Уларнинг оҳанги билан ўқиш деганда уларнинг Таврот ва Инжилни ўқиганлари каби ўқиш тушунилади[2]. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади. У зот айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг татриб (яъни оҳанг) билан азон айтадиган муаззинлари бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:  “Азон енгил, мулойимдир. Агар (сенинг ҳам) азонинг енгил, мулойим бўлса, (азон айтгин). Борди-ю, ундоқ бўлмаса, азон айтма”,-дедилар”. Дориқутний ўз сунанида ривоят қилган. Ривоят исноди жуда заиф[3]. Абдулваҳҳоб ал-Моликийдан ривоят қилишича, имом Молик Қуръонни оҳанг  билан қироат қилиш ҳаромлигини айтган. Буни Абу Тоййиб Табарий, Мовардий, Ибн Ҳамдон Ҳанбалий аҳли илмларнинг кўпчилигидан ривоят қилганлар. Ибн Баттол, Иёз, моликийлардан Қуртубий, Банданийжий, Ғаззолий бу иш макруҳ эканини ривоят қилишган. Ва яна айтадилар: албатта оҳанг  ва куйга солиб тиловат қилиш Аллоҳнинг каломига зиёдаликни олиб келади яъни мад йўқ жойни мад қилиб тиловат қилади шу сабали бир ҳарф бир неча ҳарфга зиёда бўлади вахоланки бу ҳолат жоиз эмасдур. Шунингдек оҳанг ва куйга солиб тиловат қилиш эшитувчиларнинг қалбларини оҳанг  ва куй ила банд қилади ва Қурони карим маъноларига эътиборни, тадаббур ва тафаккурни йўқ бўлишига олиб келади. Имом Моликдан намозда оҳангга солиб тиловат қилиш ҳақида сўралганида, У зот менга ёқмайди, албатта у куйдур, пул топиш учунгина уни куйга соладилар деган эканлар. Имом Аҳмад: лаҳнга солиб ўқиш менга ёқмайди, лаҳнга солиб ўқиш бидъатдир, унга қулоқ тутмагин (эшитмагин) деганлар. Ва яна У зотдан тиловатдаги лаҳн ҳақида сўралганида, сўровчига, исминг нима дедилар, сўровчи Муҳаммад деган эди, сени исмингни Муууҳаааамааад деб айтилиши сенга ёқадими дедилар[4]. Ҳанафий ва Шофеийларнинг далиллари Мазкур...

Қуръон – қалб ғийбатининг шифоси

Одамларда кўп учрайдиган қалб касалликларидан бири ёмон гумон қилишдир. Қуръони каримда бадгумонликдан қайтарилган. Зеро, бир одам қалбида қандай ният борлигини – қалб сирларини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Кўзи билан кўрмагунча биров ҳақида ёмон гумон қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунончи, гумонга суяниб иш тутиш, ўзгалар ҳақида юзаки хулоса чиқариш тўғри эмас. Қуръони каримда шундай хитоб қилинган: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан сақланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилиб юрманг, бир-бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрадими?! Ахир ёмон кўрасизлар-ку! Аллоҳдан қўрқинг! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят). Бу ердаги “гумон”дан мурод – бир одам ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далили бўлмай туриб шубҳаланиш. Кўринишдан салоҳиятли, туппа-тузук инсон ҳақида ёмон гумон қилинмайди. Чунки бу туҳмат саналади. Туҳмат қилган, биродаридан шубҳаланган одам гуноҳга ботади. Гоҳида инсон хотирига кимдир ҳақида кутилмаган ўйлар, баъзи иккиланишлар келиб қолади. Буни бадгумонлик билан аралаштирмаслик керак. Ёмон гумонга нафс суянади, қалб мойил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Сизлар бадгумонликдан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, бадгумонлик энг ёлғон сўздир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингизни ёмон кўриб қолманг, душманлик қилманг, Аллоҳнинг ака-ука бандалари бўлинглар”. Яна бир ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон банда биродаридан шубҳаланса, Парвардигоридан шубҳаланибди. Чунки Аллоҳ “кўп гумонлардан сақланинглар”, деган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбани тавоф қилдилар. Кейин Каъбатуллоҳга юзланиб: “Сен нақадар поксан, ҳидинг нақадар хушбўй! Қанчалик улуғсан, ҳурматинг қанчалик баланд! Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасамки, бир мўмин банда ҳурмати Аллоҳ наздида сенинг ҳурматингдан улуғроқдир. Моли, қони, фақат яхши гумонда бўлиш (ҳурмати ҳам сеникидан улуғроқдир)”, дедилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Умматим орасида учта иллат: шумланиш, ҳасад ва бадгумонлик бўлади, – дедилар. Шунда бир киши сўради: – Ё Расулуллоҳ, улардан қандай қутулиш мумкин? – Агар (қалбингда биродарингга нисбатан) ҳасад пайдо бўлса, (Аллоҳга) истиғфор айт. Бировдан ёмон гумон қилсанг, (унга суяниб) иш тутма. Агар шумлансанг, (қилмоқчи бўлган ишингни тўхтатиб қўйма,) уни амалга ошир. Мусулмон одам биродари ҳақида яхши гумон қилади, ҳеч қандай далили бўлмай туриб ҳар хил ёмон хаёлларга бормайди. Зеро, яхши гумон қилиш Аллоҳга итоат этиш саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши гумон қилиш (Аллоҳга) чиройли ибодат қилиш сирасидандир”, деганлар. Ёмон гумон – маъсият, яхши гумон эса ибодатдир. Мўмин ака-укаларидан яхши гумон қилган инсон Аллоҳнинг амрига чиройли итоат этган бўлади, Парвардигорига қурбат ҳосил қилади. Кўнглида кири йўқ, шубҳа-гумонлардан холи инсонни Аллоҳ яхши кўради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Биродаринг оғзидан чиққан сўзни яхшиликка йўйиш имкони бўлса, ундан ёмон гумон қилма”. Шунга кўра, мусулмон одам биродари қилаётган ишни, гапираётган гапини имкон қадар яхшиликка йўяди, “Бу билан нима демоқчи”, “Гап бу ёқда экан-да, мен билмай юрганаканман”, деб бўлар-бўлмас гапларни айтиб мусулмон биродари ҳақида гап тарқатиш яхши эмас. Салафи солиҳлар тавсиясига кўра, мўмин биродари сиртдан номаъқул иш қилаётганини кўриб қолса, унга етмишта узр қидирилади. “Мен билмаган бирон сабаби бордир”, “Бекорга бундай қилмаётгандир”, деб яхши гумонда бўлинади. Бадгумонликдан йироқ инсоннинг қалби хотиржам бўлади. Чунки бировнинг кетидан тушиб, хатосини қидириш, ғийбат қилиш билан киши ҳаёти пароканда бўлади, тинчи бузилади. Одамлардан яхши гумон қиладиган инсоннинг кўнгли тоза, ҳаёти осуда бўлади. Зиёвуддин РАҲИМ, “Қуръон – қалблар шифоси” китобидан Манба 1 053

Имом Табарий – тафсир илмининг отаси

Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим  ўн икки  ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат  қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари: Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон; Китобут-тарих; Китобул-қироот; Вал-адад ват-танзил; Китоб ихтилофил-уламо; Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини  ажратувчи олим эдилар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар. “Тафсири Табарий” ҳақида “Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ  айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва  машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”. “Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат  Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 335
1 1 341 1 342 1 343 1 344 1 345 1 555