Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири – Роббиси тайин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандчилик етса, шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса, сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар: Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг ишидан ажабланаман. Албатта, ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди. Агар унга бирор хурсандчилик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади. Агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади”, – дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган. Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусибатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади. Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: “Ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир ёки бутунлай Исломдир, дейилса ҳам, ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади”, – деганлар. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба 935
Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб, мубоҳ амалдир. Арабча “ал-ақийқа” “اًلعقيققة” шаклидаги сўз бўлиб, унинг ўзаги “عقوق”, “уқуқун”, маъноси кесмоқ, қирқмоқдир. Шаръий-истилоҳий маъноси ҳам луғавийсига яқин, албатта. Ақиқа ўғил ёки қиз чақалоқ туғилганининг еттинчи кунида сочини олиб, унинг вазнича тилла ёки кумуш садақа қилиш ёхуд ўғил болага иккита, қиз болага битта қўй сўйишдир. Исломнинг бу ақл бовар қилмас кўрсатмасини бугуннинг тараққий топган тиббиёти ҳозирда ўрганиб, қуйидагича хулоса бермоқдалар! Чақалоқ сочини олишнинг тиббий фойдалари 1. Бола она қорнидалигида қуриб қолмаслиги учун ва онанинг бачадонидан чиқаётгандаги тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун унинг танасини ёғли модда қоплайди. Бу модда гўдакнинг бош терисига микроб ва вирусларни тўплаб, унинг соч илдизларига зарар етказиб, уни заифлаштира бошлайди. Шу ёпишқоқ моддадан халос бўлиш учун биринчи ҳафтасида унинг сочини қириб олмоқ лозим. Ундан кеч қолинса, бактериялар тўпланиб, ўрнашиб олади. Ундан кейин соч олиш унчалик фойда бермайди. 2. Сочни олиш бош-мия тешикларини очиб, ундаги буғланиш-димланишларни чиқариб юбориши билан кўриш, эшитиш ва ҳид сезиш қобилиятининг яхшиланишига ёрдам беради. 3. Сочни олиш соч илдизларини бақувват қилади. Заиф сочдан қутулиб, ўрнига бақувват соч чиқишига сабаб бўлади. 4. Гўдакнинг сочини олиш унинг ташқи кўринишини ҳам покиза ва ёқимтой қилиб қўяди. Бошқалар қалбини унга нисбатан нафрат, ҳасад ва ёқтирмаслик каби нарсалардан тозалайди. 5. Мусулмон одам ўзига берилган буюк неъмат – янги чақалоқ хурсандчилигини бошқалар билан бирга баҳам кўради. Қўй сўйиб, камбағалларга тарқатиши билан ёки гўдакнинг сочи вазнича тилла ёки кумушни садақа қилиши ила бошқаларни ҳам хурсанд қилади. Ақиқа ҳам боланинг соғлигига фойда, ҳам камбағалларнинг шодлигига сабаб, ҳам бу ишларни холис ниятда қилган ота-онага ажр-мукофот олишга қулай имконият, у биргина фарзанд ёки ота-онасига эмас, балки жамиятнинг энг ёрдамга муҳтож вакилларига ҳам манфаат келтирувчи Исломий кўрсатмалардан бири экан. Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир Баҳромжон ўғли Манба 1 272
Инсонлар ҳаётда доимо тўкин ва ҳеч бир жиҳатдан муҳтожлик сезмай яшашга интилади. Бунинг учун бойлик йиғишга, яхши маош олиб ишлашга, савдо билан шуғулланиб тезда кўп мол-дунё ортиришга ҳаракат қилади. Шу сабаб кўпчилик бой-бадавлат бўлгиси келади ва Аллоҳ насиб қилган бўлса ҳаракатлари бир сабаб бўлиб бойликка ҳам, муҳтожликсиз ҳаётга ҳам эришади. Аммо бойлик ва молнинг кўплигини, фақат ўзида бўлишни истаб дунё йиғиш инсонни ёлғизлик ва маънавий қашшоқликка олиб боради. Маънавий қашшоқлик ортидан эса Ислом динида қораланган қатор иллатлар келиб чиқади. Ана шундай ёмон иллатлардан бири – бахиллик бўлиб, унинг ёмон одат экани ҳақида Қуръони каримда қуйидагича келтирилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур. Осмонлару ернинг мероси Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир” (Оли Имрон сураси, 180-оят). Бахил ўзини бахиллик қилмаяпман, ўз молимни ҳимоя қилиб тежамкорлик қиляпман деб ўйлайди ва закотини бермай фақат йиғиб асрайди, аммо оятда айтилаётгандек у ўзи учун ёмонликнинг айни ўзидир. Бу дунёда барака топмагани бир жазо бўлиб умрини зое қиладиган бўлса, қиёматда ўша закоти берилмаган, бахиллик қилган моллари бўйнига ўралиб дўзахга бошлаб кетади. Ушбу оятни тафсир қилиб келган ҳадисда бахилнинг ҳолати яна ҳам очиқ айтиб ўтилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга мол берса-ю, закотини бермаса, қиёмат куни мол унга икки холли улкан илон бўлиб кўринади ва бўйнига ўралади. Сўнгра икки чаккасидан тишлаб туриб: “Мен молингман, мен сен тўплаган хазинангман”, дейди”, дедилар. Кейин “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қиладиганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар”, оятини охиригача ўқидилар” (Бухорий ривоят қилган). Ҳадисда бахилнинг ҳолати аниқ баён этиб берилмоқдаки, бундан ортиқ шарҳга зарурат йўқ, унинг зарари эгасини хорликка судраб кетади. Бахилликнинг зарари шундаки у жамиятда камбағалларнинг кўпайиб муҳтожлик ва табақаланиш кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ислом дини эса инсонлар орасида муҳтожлик ва молига қараб табақаланишдан сақлашга чақиради. Мол тўплаш бандасига қанчалик ёқмасин, агар Аллоҳ унинг тақдирига мол бериб бой бўлишни ёзмаган бўлса бойлик унга етмайди. Энди Аллоҳ унга Ўз фазлидан мол ва бойлик берса-ю, у банда Аллоҳнинг фазлини инкор этиб ўзим топганимни нега бераман деса, бу дунёдан-ку шу ҳолатда яшаб ўтар, аммо Аллоҳ уни қиёматда моли билан азобланувчилардан қилиб қўяди. Аммо закоти берилмаган моллар шу дунёдаёқ ўз эгасига кулфатлар олиб келаверади. Мол эгаси ё саломатлиги ёки фарзандлари, ёки уй-жойи, ёхуд касби-коридан балоланаверади. Шундай экан, бахиллик фақат ва фақат инсоннинг ўзига зарардир. Бахиллик нафақат молда, балки инсон, оддий ҳолатдаги буюмлари ва бошқа жиҳатларини қизғанишида ҳам кўринади. Инсонлар жамиятда қўшни бўлиб яшайди шу сабаб ҳам қўшнининг ҳаққи Ислом динида жуда катта ўринда туради. Қўшни у ҳамма тушунадиган уй-девор қўшни бўлса, бундан ташқари, мактаб, коллеж, институт ва ҳамкасблар ҳам бир-бирлари ҳаёт йўли давомида қўшни бўлиб яшашда давом этади. Шу жиҳатдаги қўшниларга ҳам бахиллик қилиш мусулмон кишига хорлик ва жамиятдан узилиш, Аллоҳнинг ғазабига йўлиқиб дунё-охиратда баракасиз ва савобсиз Аллоҳнинг даргоҳидан ва фазли ила жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки хислат мўминда жам бўлмайди: бахиллик ва бадхулқлик”, дедилар (Термизий ривояти). Мўмин кишининг хулқи ва одоби ҳақидаги бу ҳадисда бутун ҳаёт йўлини изга солиб турувчи ҳикмат бор....
Дунё шу пайтга қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек мукаммал, барчага ўрнак бўла оладиган гўзал ахлоқ соҳиби, дунёдаги барча яхши сифатларни ўзида мужассам этган зотни кўрмаган ва бундан кейин ҳам кўрмайди. Келинг, аввал у зотнинг айрим сифатларини эслаймиз: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا “Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” (“Аҳзоб” сураси, 21-оят). عَبْد اللَّهِ بْنَ عَمْرٍو ، يَقُولُ : إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلا مُتَفَحِّشًا ، وَإِنَّهُ كَانَ يَقُولُ : إِنَّ خِيَارَكُمْ أَحْسَنُكُمْ أَخْلاقًا Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабиҳ сўзларни гапирмас ва фаҳш ишларни қилмас эдилар. У зот: “Сизларнинг яхшиларингиз ахлоқи яхшиларингиздир”, – дер эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар”. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон на қўл остидаги ходимларини ва на аёлларини урмаганлар. Урушдан бошқа пайтда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлаган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом – ўч олмаганлар. Агар Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина, Аллоҳ таоло учун интиқом олганлар”, – дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалимликлари энг олий даражага етган эди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Саънаҳ исмли мадиналик яҳудийдан хурмо бериш эвазига пул олдилар. У бир неча кунга мухлат берган эди. Ваъдаси тўлмай туриб, хурмо сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан ушлаб: “Эй Муҳаммад, ҳақимни шу чоққача нега бермайсан? Ҳошимийлар муомаласи яхши эмас, деб эшитган эдим, тўғри экан!” – деди: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва барча улуғ саҳобалар шу ерда эдилар. Умар розияллоҳу анҳунинг ғазаблари келиб: “Эй одам, сизлар билан ўртамиздаги аҳдноманинг бузилишидан қўрқмасам эди, таъзирингни берар эдим!” – деб ўринларидан сапчиб турдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жилмайиб: “Эй Умар, иккимиз орамиздаги гапга бундан яхшироқ сўз ҳам бор эди. Мени яхши муомала қилиб беришга ва уни яхши гапириб олишга буюргин. Қайтарилиши керак бўлган кунга ҳали 3-4 кун бор эди. Энди, эй Умар, бунинг ҳақини сен бериб қўй. Уни қўрқитганинг учун 20 соъ ошиқча хурмо қўшиб бер”, – дедилар. Бу сўзни эшитган ўша одам ҳайрон бўлиб: “Эй Муҳаммад, Таврот ва Инжилда охирзамон пайғамбари сифатларини ўқигандим, уларнинг ҳаммаси сизда тўғри келди. Синалмаган ёлғиз шу иш қолган эди. Китобда: “Ўзи учун ғазаби келмайди”, дейилган. Энди буни ҳам синаб кўрдим. Сизнинг Пайғамбар эканингизга ҳеч қандай шубҳа қолмади!”– деб шу вақтнинг ўзида дарҳол мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига қанчалик даражада шафқатли эканликларини билдириб Қуръони каримда бундай зикр қилинади: لَقَدْ جَاءكُمْ رَسُولٌ مِّنْ أَنفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُم بِالْمُؤْمِنِينَ رَؤُوفٌ رَّحِيمٌ “Дарҳақиқат, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга эришишингизга) ташна бўлган, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди” (“Тавба” сураси, 128-оят). Ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида у зотдек ўзгаларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Келинг, энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жаҳон тан олган олимларнинг фикрлари билан танишиб чиқайлик. Буюк немис файласуфи Ёханн Волфганг Гёте бундай деб ёзган: “Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган барча салтанату бойлик,...