Ҳадя (совға) улашишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ушбу тарғиб қилинган амални адо этишга имкон қадар ҳаракат қилиши фазилатли иш ҳисобланади. Мазкур фазилатли ишга тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар: Биринчи одоб – эзгу ният қилиш. Ҳадя берувчи аввало Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида бир мусулмоннинг кўнглини шод қилишни ният қилиши лозим. Зеро, амаллар ниятларга кўра бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя улашишнинг қандай самаралари борлигини шундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, бир-бирларингизга муҳаббатли бўласизлар”, – дедилар”. Имом Байҳақий ривоят қилган. Яъни ҳадя жамият вакилларининг ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга сабаб бўлади. Иккинчи одоб – ҳадяни қавму қариндош ва қўни-қўшнилардан бошлаш. Ҳадяни қавму қариндошлардан бошлаш афзал ҳисобланади. Чунки бу иш силаи раҳм бўлиб, ўртадаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ҳадя улашишда қўни-қўшнилардан ва улар орасидан ҳам аввало ён қўшнилардан бошлаш афзал саналади. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан”, – деганлар. Яъни қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг яхши-ёмон кунларида доимо ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода дастлаб қўшнисига ҳадя бериш яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади. Учинчи одоб – ҳадяни арзимас санашдан сақланиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни ўзаро ҳадя улашишга тарғиб қилиб шундай деганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзаро ҳадя улашинглар, чунки ҳадя кўнгилдаги норозилик туйғусини кетказади. Бирор аёл ҳам қўшни аёлга қўй туёғининг ярмини бўлса ҳам (ҳадя қилишни) ҳаргиз арзимас санамасин”, – дедилар”. Имом Темизий ривоят қилган. Яъни ўзаро ҳадя улашиш жамият вакиллари орасида ўзаро меҳр-оқибат ришталарининг боғланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳадя берувчи ҳам, уни олувчи ҳам ҳадяни асло арзимас санамаслиги лозим бўлади. Чунки ҳадя берувчи агар уни арзимас санаса, одатда ҳадя берилмай қолиб, ундан кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади. Ҳадяни қабул қилувчи ҳам берилган ҳадя ҳар қанча оддий бўлмасин, асло арзимас санамаслиги керак. Шунингдек, ҳадяни ёки берувчисини камситадиган гапларни ҳазиллашиб гапиришдан ҳам қатъий равишда тийилиши лозим бўлади. Чунки бундай қилиш ораларини бузиш учун шайтонга имконият эшигини очиш бўлади. Шунинг учун ундан тийилиш вожиб бўлади. Тўртинчи одоб – ҳадяни қайтармаслик. Ҳадяни қабул қилиш дўстлик рамзи ва ҳадя берувчини ҳурмат қилиш белгиси бўлади. Ҳадяни қабул қилмай қайтариш эса берилган ҳадяни ёқтирмаслик ёки ҳадя берувчини камситиш каби маъноларни ифодалайди. Бу эса ўртада совуқчилик тушишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ҳадяни қайтармасликка алоҳида буйруқ келган: Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳадяни қайтарманглар ва чақирувчини(нг) (чақирувини) қабул қилинглар ва мусулмонларни урманглар”, – дедилар”. Байҳақий ривоят қилган. Аммо ҳадяни қабул қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам бор. Масалан, агар берилган ҳадяни пора ўрнида берилганини билса, ёки берилган ҳадядан кўпроғини ундан “ундириш” ёки бошқа бирор ғаразли ниятини амалга ошириш илинжида бераётганини сезса, ҳадяни қабул қилмаслик мумкин бўлади. Бешинчи одоб – ҳадя берувчини тақдирлаш Ҳадя олган киши ҳадя берувчига ташаккур айтиб, уни мукофотлаши ҳам суннат ҳисобланади. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадяни қабул қилар эдилар ва унга кўра тақдирлар эдилар”. Имом Термизий ривоят қилган. ...
МУҲАРРАМ ОЙИ Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши бўлгани, урушлар ҳаром бўлгани, ўнинчи куни Ашуро куни бўлгани учун муҳтарамдир, муҳаррамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳаррам ойидаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза деганлар, Рамазондан кейин рўза тутилса, муҳаррамда тутиш афзаллигини айтиб, «У Шаҳруллоҳдир (Аллоҳнинг ойидир). Аллоҳ шу ойда бир қавмнинг тавбасини қабул қилган, бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилади», деганлар. АШУРО КУНИ «Ашуро» сўзи луғатда «ўнинчи» деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳурдир. Бу кун барча умматлар томонидан қадимдан ҳурматлаб келинадиган фазилатли кундир. Ислом кириб келган даврда насронийлар ҳам, яҳудийлар ҳам бу кунни улуғлашарди. Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ашуро куни рўза тутганлар, саҳобаларига ҳам рўза тутишни буюрганлар. Буни эшитган баъзи саҳобалар бу кунни бошқа дин вакиллари ҳам улуғлашини эслатишган, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ундай бўлса, келаси йили муҳаррам ойининг фақат ўнинчи кунида эмас, тўққизинчи кунида ҳам рўза тутамиз», дедилар. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутадилар. Ашуро кунининг рўзаси ниҳоятда фазилатли нафл ибодатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умид қиламанки, Ашуро кунининг рўзаси ўтган йилнинг гуноҳларига каффорот бўлади», деганлар. Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати, хислати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунлари рўзғорни бут қилиб қўйишлари суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради. Имом Тобароний ва Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», деганлар. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро деб номланиши ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Машориқул анвор» асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида «фоъуло» вазни ишлатилмаган, дейдилар. Бинобарин, бу куннинг Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлиқдир. Ашуро кунида инсоният тарихидаги жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Танбиҳул ғофилин» номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин». Демак, инсон бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, бунинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар эдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида: «Мен шу кунда туғилганман, шу куни пайғамбар бўлганман», деб жавоб берганлар. Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Манба 978
Ҳадис илми вужудга келган даврдан бошлаб муҳаддислар илм талабида ўзга юртларга сафар қила бошладилар. Мана шу жараён Мовароуннаҳр ерларида ҳадис илмининг тараққий этиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди. Манбаларда Мовароуннаҳрга 55/674-675 йилда кириб келган тўққиз кишининг номини келтиради. Улар: Саъид ибн Усмон ибн Аффон; Қусам ибн Аббос; Абулъолийа Руфайъ ибн Миҳрон; Муҳаммад ибн Восиъ; Бард (Молик ибн Анаснинг мавлоси); Даҳҳок ибн Музоҳим; Лайс ибн Аби Сулайм; Зиёд ибн Миҳрон; Хулайд ибн Ҳассон. Шу сабабли ҳам бу ўлканинг турли жойларидан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар. Шу асрнинг иккинчи ярмига келиб Хуросондаги ҳадис мактаблари орқали Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийнинг (118/736 -181ҳ.й.) ҳамда Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кешийнинг (170ҳ/786м-249ҳ/863м) Мовароуннаҳрлик шогирдларидан маҳаллий ислом уламолари етишиб чиқа бошладилар. Илк ҳадис мактаблари яратиб, ҳадис илмини Мовароуннаҳрда ривож топишига ҳисса қўшган муҳаддис алломалар: Имом Дохилий ал-Бухорий, Муҳаммад ибн Салом ал-Пойкандий, Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ал-Бухорий, Муҳаммад ибн Юсуф ал-Пойкандий, Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Маснадий ал-Бухорий, Иброҳим ибн ал-Ашъас ал-Бухорий, Салим ибн Мужоҳид ал-Бухорий, Абу Абдураҳмон Шайбоний ал-Бухорий (ваф. 919 й.) ва Абу Ҳафс Аҳмад Сикижкасий ал-Бухорий (ваф. 927 й.), Имом Абдуллоҳ ас-Субазмуний (872м-?), Абу Аҳмад Толиб ибн Али ибн Ҳасан ибн Турхор аш-Шийракасий, Абу Касир Сайф ибн Ҳафс Зоҳид аз-Зоминий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Яздоз ар-Розий аз-Зоминий, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Муҳаммад ибн ад-Дабусий ар-Роғиний, Абдулғушайм Зулайм ибн Ҳатит ал-Жаҳзамий ад-Дабусий Самарқандий, Абу Саъийд ал-Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Сурайж ибн Маъқил аш-Шоший, Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Макҳул ибн Фазл, Муҳаммад ибн Маҳмуд Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва Абул Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб Маҳбубий. Мовароуннаҳрдаги ҳадис мактаблари ривожи асосида етишиб чиққан дунёга машҳур муҳаддис алломалар: Абдулҳамид ибн Ҳумайд ибн Наср Абу Муҳаммад Ҳофиз Кеший, “Муснад” ҳадис тўплами муаллифи; Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуъафий (810—870), “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадис тўплами муаллифи; Имом Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо Даҳҳок Суламий Термизий (824–892), “ас-Сунан” ҳадис тўплами муаллифи; Имом Абу Мухаммад Абдуллох ибн Абдуррахмон ибн Бахром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Хофиз ас-Самарқандий ад-Доримий (181ҳ/797м-255ҳ/869м), “ас-Сунан” ҳадис тўплами муаллифи; Абу Саъид Ҳайсам ибн Кулайб ибн Сурайж (баъзи манбаларда Шурайҳ деб келтирилган) ибн Маъқил аш-Шоший (335ҳ/947-335/947), “Муснад ал-Кабир” ҳадис тўплами муаллифи; Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, ас-Самарқандий (461ҳ/1069 м), “ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд” тўпламининг муаллифи. Манбаларда келтирилишича, 8-асрнинг ўрталаридан 15-асрнинг ўрталаригача ҳадис илми билан Мовароуннаҳрнинг турли шаҳарларида мингдан зиёд ровий муҳаддислар шуғулланган. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 1 263
Бугунги кун давр талаби барча соҳалар каби диний соҳа вакиллари олдига ҳам бир қатор муҳим вазифа ва талабларни қўймоқда. Республикамиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўқув режа ва фан дастурлари янада такомиллаштирилди ҳамда таълимнинг узвийлиги таъминланди. Бунда узвийлик ва узлуксизлик нуқтаи назардан қиёсий қайта кўриб чиқилди, такрорий фанлар қисқартирилиб, ихтисосликка йўналтирилган фанлар ҳажми оширилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган мажлис қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2017 йил 29 майдаги 08/1-856-сонли топшириқ хатига мувофиқ Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлими 2017-2018 ўқув йилидан илк бор ўз фаолиятини бошлади. Институт махсус сиртқи бўлими Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2017 йил 29 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғига асосан Республикамизда фаолият юритаётган масжидларни олий диний маълумотга эга мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилиб, 2017-2018 ўқув йили Сиртқи бўлим учун ўтказилган қабул имтиҳонлари натижаларига кўра, Махсус сиртқи бўлимининг 1 курсига ўқишга қабул қилинган 60 нафар талабалар учун 2017-2018 ўқув йилининг дарс машғулотлари 2017 йилнинг ноябрь ва 2018 йилнинг март ойларида бўлиб ўтди. Тошкент ислом институти Махсус сиртқи бўлими 2 курс талабалари учун 2018-2019 ўқув йили 3 семестр ўқув жараёнлари жорий йилнинг 10 сентябридан бошланди. Дарс машғулотлари 2018 йил 6 октиябрга қадар давом этади. Махсус сиртқи бўлим талабалари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Уларга институтнинг юқори малакали, узоқ йиллик тажрибага эга бўлган профессор-ўқитувчилари дарс беришмоқда. Талабалар институт махсус фан ва ўқув аудиторияларидан, ахборот ресурс марказидаги дарсликлар, манба ва адабиётлардан, компютер хоналаридан фойдаланишлари учун имкониятлар яратиб берилган. Институт Махсус сиртқи бўлим услубчиси Ж.Акрамов 937
Уламолар, устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар. Улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар. Уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етадилар. Бинобарин, олимларни рисоладагидек ҳурмат қилмай туриб, ҳақларини муносиб равишда адо қилмай туриб, фарзандларимизни эл-юрт, жамият, қолаверса, бутун дунё учун фойдаси тегадиган етук шахслар, олиму зиёли, шифокору муҳандис, тадбиркор инсонлар этиб улғайтириш мумкин эмас. Бу – бамисоли уруғни ерга қадамасдан туриб ҳосил кутишдек гап. Ҳурмат ибодатдан яхши, деган ўз ўрнида ҳақ сўз бор. Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ибодат. Ҳаж сурасининг 30-оятида бундай марҳамат қилинади: «(Гап) шудир. Кимки Аллоҳ ҳаром этган нарсаларни катта иш деб билса (риоя қилса), бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир». Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан далолат экани Қуръони каримда таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Рабби қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар. Қуръони каримда бундай дейилади: «(Гап)шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Оятда “шиорлар” дея таржима қилинган сўз “шаъааироллоҳ” калимаси билан келган. Аслида буни бир сўз билан бошқа тилга ўгириш мумкин эмас. Тафсир китобларида айтилишича, “шаъааироллоҳ” деб Аллоҳ томонидан фазилати билдирилган барча нарса тушунилади. Устоз ва илм муаллимлари илм шарафи туфайли улуғланадилар. Илм аҳлларининг қадри нақадар улуғ экани қуйидаги оятда ҳам баён этилади: «…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодила сураси, 32-оят).Илм ва олимларнинг фазилатлари, икки дунёда эришадиган даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан олим кишининг бир кунлик ибодати илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг экани, қиёматда шафоат қилиши, агар у таълим ҳам берса, Ер ва осмонлардаги барча жонзот Аллоҳдан унга мағфират сўраши ва бошқа кўп башоратлар саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган. Сулаймон (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло илм, бойлик ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганида у илмни танлайди. Илмнинг шарофатидан унга бойлик ва подшоҳлик ҳам қўшиб берилади. Ўтган улуғ зотлар, устозлар, уламоларнинг ҳақларини тўлиқ адо этиб, уларнинг қадрлари нечоғли баланд эканини ҳис этишган. Бу борада Ҳазрат Алишер Навоий айтади: “Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила. Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила”. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Устозим Имом Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, уйларимизнинг орасида еттита кўча бор эди. Ҳар намозда ота-онамнинг қаторида у зотга мағфират сўрайман. Шунингдек, бошқа барча устозларимнинг ҳақларига дуо қиламан”. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўттиз йилдан буён бирор кечада устозим Имом Шофиъийнинг ҳақига дуо қилмай ухламаганман”, дейди. Уламоларга кибр қилиш, уни менсимаслик ёмон хулқдир. Набий (алайҳиссалом): “Ё Аллоҳ, олимга эргашилмайдиган, оқилдан ҳаё қилинмайдиган замон келиб қолмасин!”, дея уламолар ҳурмат қилинмайдиган замон келишидан паноҳ сўраганлар (Имом Аҳмад ривояти). Булар уламоларга кўрсатиладиган одоблар уммонидан айрим томчилар холос. Мухтасар қилиб айтсак, инсон олимларнинг розилигини топишга интилиши ва уларни норози ва хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим. Уйғун Ғофуров Тошкент ислом институти ректори Манба 771