Иймон эътиқодли кишининг шукроналик, сабр-бардош ва қаноат туйғуси ўз-ўзидан унинг хулқ-атворда, шахс сифатларида ва оилавий муносабатларида қанчалик акс этиши, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Алишер Навоий ҳазратлари асарларида келтирилган қаноат, шукр сўзларининг мазмун-моҳиятига аҳамият берсак, нақадар гўзал ҳолатда васф қилинганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол учун, “Маҳбубул–қулуб” асарида “Қаноат шундай бир чашмаки, унинг суви ҳеч қачон қуримайди, бир хазинаки, сарф этган билан камаймайди. Шундай бир зироатгоҳки, уруғидан иззат ва шафқат ҳосили унади. У гўё бир дарахтки, унинг шоҳида ҳурмат меваси пишади…”– каби фикрларини баён этган. Мутафаккир инсондаги иродани қаноатга ўхшатади, уни сабрли бўлишга чорлайди. Муқаддас динимиз таълимотларида қаноатли бўлиш борасида келган илоҳий ўгитларга қулоқ солсак. قال النبي – صلى الله عليه وسلم -: وَارْضَ بِمَا قَسَمَ اللهُ لَكَ تَكُنْ أَغْنَى النَّاسِ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, шунда инсонларнинг энг беҳожатига айланасан” (Имом Термизий ривояти). “Ризо” (яъни берилган нарсаларга розилик) аччиқланиш ва ғазабланишнинг акси демакдир. Имом Муслим саҳиҳ тўпламида келтирилган ҳадиси шарифда бу маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «أَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ» “(Аллоҳим) Сенинг розилигинг ила ғазабингдан паноҳ сўрайман” дея ўргатган дуоларида ўз тасдиғини топган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Ул Зот шундай дейдилар: إن الله إذا أحب قوما ابتلاهم، فمن رضي فله الرضا، ومن سخِط فله السَّخَط صحيح سنن الترمذي. “Аллоҳ таоло агар бир қавмни яхши кўрса, ўша қавмни (мусибат ила) имтиҳон қилади. Кимда ким (бу қисматга) рози бўлса, (қиёмат кунида) унга ҳам розилик бордир. Кимда ким (бу қисматга) ғазаб қилса (қиёмат кунида) унга ҳам ғазаб бордир” (Имом Термизий ривояти). Уламоларимиз берилган нарсаларга розиликка қуйидагича: “Ризо – қалбнинг Парвардигор ихтиёрига таскин топмоғидир” деб таъриф берилган бўлса, яна бошқа бир таърифда “Ризо –тақдирнинг аччиқлиги сабабидан ҳам қалбнинг хурсанд бўлишидир”, дейилган. Бошқа олимлар: “Ҳар қандай ҳукмни хурсандчилик ила қарши олиш”, яна бир таърифда эса “Ҳар қандай ҳукм ўқилганда ҳам жазавага тушмаслик – ризодир” деб келтирилган. Розилик таслим бўлиб қўл қовуштириш эмас. Чунки аслида таслим бўлиш дегани бу – мағлубиятга учрамоқ ва мақсадга эришиш учун жидду жаҳд қилмасликдир. Ҳақиқий розилик бўлса, мақсадга етишиш учун бор имкониятни ишга солиш, мабодо эриша олмаса, ана шунда ҳеч қандай жазавага тушмасдан, ғазабланиб, аччиқланмасдан Аллоҳ таоло тақсимлаб берганига рози бўлишдир. Бу айни турмуш қуриб фарзанд кўра олмаган, дардга чалиниб шифо топа олмаётган, Аллоҳ таолонинг тақдири ила фақирлик, ҳоли тангликка учраб қанча ҳаракат қилса ҳам бундан қутула олмаётган кишиларнинг розилигидир. Қуйида Аллоҳ таоло ёзиб, тақдир қилган нарсаларга рози бўлишдек сифат ила зийнатланишнинг шундай мартабалари келадики, натижада қалб доимий сурурни, нафс муқаррар неъматлар ҳиссини туя бошлайди. Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: “Розилик – Аллоҳ таолонинг улуғ эшиги, дунё жаннати (энг буюк неъмати) ва обидлар чироғидир”. Абу Абдуллоҳ Баросий айтади: “Кимга розилик инъом этилган бўлса, фазилат даражаларнинг энг юқорисига етишибди”. Абу Усмон Ҳайрий: “Қирқ йилдан буён Аллоҳ таоло мени мен ёмон кўрган ҳолга ташламади ва ўша ҳолатдан мени мен ғазабланадиган бошқа бир ҳолга кўчирмади” (яъни ҳар қандай ҳолда ҳам мен норизо бўлмадим, ёмон ҳам кўрмадим, ҳеч қачон ғазабланмадим). Алқама розияллоҳу анҳу: وَمَنْ يُؤْمِنْ بِاللَّهِ يَهْدِ قَلْبَهُ “Ким Аллоҳга иймон келтирса Аллоҳ унинг қалбини ҳидоятга бошлайди” ояти борасида шундай дейди: “Бу кишига етган мусибат бўлиб, киши уни Аллоҳнинг ҳузуридан эканини билади ва унга таслим ила, рози...
Париж шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро мусулмонлар форумида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари маъруза билан иштирок этдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Муфтий ҳазратлари бугунги глобаллашув жараёнлари ўзининг салбий жиҳатларини ҳам намоён этаётгани, айниқса, ахборот хуружи ёш авлодга кучли таъсир этаётгани, ёшлар орасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ўсиб бораётгани ва буларга қарши ўз вақтида чора-тадбирлар қўллаш зарурлигини алоҳида қайд этдилар. Бундай муаммоларни бартараф этишда, энг аввало, келажак авлодни дину диёнатли, имон-эътиқодли, савоб ва гуноҳни фарқлайдиган қилиб тарбиялаш, бу борада уламолар, дин пешволари, таълим-тарбия ишига мутасадди бўлган ҳар бир кишининг олдида турган долзарб вазифларни муфтий ҳазратлари таъкидладилар. Дунёнинг кўп минтақаларида мусулмонлардан ҳадиксираш, исломофобия ҳолатлари кузатилаётганининг энг асосий сабабларидан бири Ислом динининг асл моҳиятидан бехабарлик эканини очиқладилар. Муфтий ҳазратлари ҳозирги мураккаб даврда айрим кучлар мусулмонлар ўртасида тарафкашлик келтириб чиқаришга уринаётган шундай паллада бундай қарашларга имкон бермаслик, кескин қарши курашиш учун мўмин-мусулмонлар ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашлари зарурлигини атрофлича баён этдилар. 882
Мўмин-мусулмонларнинг жуда кўп қисми, шу жумладан, россиялик мусулмонлар учун Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари асрлар давомида ислом илмларининг ўчоғи бўлиб келган. Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнутдин жаноблари Париж шаҳрида бошланган “Ислом ва глобаллашув муаммолари” мавзусидаги XIV халқаро мусулмон форумида алоҳида таъкидлади. Шайх Равил Гайнутдиннинг сўзларига кўра, 2018 йилги ушбу анжуман доирасида мусулмон тамаддунининг бир неча буюк мутафаккирлари номлари улуғланади. Шайх мана шундай мўътабар зотлар қаторида таваллудининг 700 йиллиги нишонланаётган Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ва таваллудининг 400 йиллиги нишонлаётган Бобурийлар сулоласининг вакили Султон Муҳаммад Аврангзеб Баҳодирни алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, у қуйидаги сўзларни баён этди: – Ушбу юбилей саналарига ҳамоҳанг равишда мазкур анжуман иштирокчиларининг жўғрофий уйғунлашувида ҳам жуда катта рамзий маъно-мазмун бор. Бугун “Чишти” жамғармаси раиси Саид Салмон Чишти ушбу йиғинда иштирок этмоқда. Мазкур тариқат асосчиси – Шайх Муйниддин Чишти ҳазратлари билимларининг кўп қисмини Бухоро, ҳозирги Ўзбекистон заминида олган. Ўзбекистон муфтийси Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам бугун бизнинг орамизда файз бағишлаб ўтирибдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси бугунги кунда кўп асрлар давомида Ўзбекистон заминида тўпланган улкан диний меросни қайта тиклаш йўлида жуда катта ишларни амалга оширмоқда. Мусулмон жамоаларнинг жуда катта қисми, шу жумладан россиялик мусулмонлар учун ҳам Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлар асрлар давомида ислом билимларининг ўчоғи бўлганини эътироф этамиз”, дея ўз сўзларини якунлади Россия мусулмонлари раҳбари Шайх Равил Гайнутдин жаноблари. 747
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан жорий йилнинг 11-декабрь кунидан бошлаб Андижон вилоятида фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари ва отинойилари учун олти кунлик малака ошириш ўқувлари бошланди, деб хабар берди ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллиги. Малака ошириш ўқувларига қатнашаётган 1-давра тингловчиларига Андижон қурилиш ва транспорт коллежида дарслар ташкил қилинди. Малака ошириш ўқувларида Ўзбекистон халқаро ислом академияси Магистратура бўлими бошлиғи М.Муҳаммадсиддиқов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходими Б.Аҳмедов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти А.Исматуллаев, Андижон давлат университети катта ўқитувчиси З.Хаитматов, “Саййид Муҳйиддин маҳдум” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари С.Сайдаралиев ва Н.Тўрабоевлар дарс беришлари учун жалб қилинди. Малака ошириш ўқувлари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ишлаб чиқилган махсус режа ва ўқув дастур асосида ташкил қилинаётган бўлиб, ҳар куни тингловчилар учун 5 жуфтлик (пара)дан дарслар ўтказилмоқда. Малака оширишнинг дастлабки кунида тингловчилар учун маърузачилар томонидан “Ҳаракатлар стратегияси ва диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти”, “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили”, “Марказий Осиёда ёзилган тафсирлар ва уларнинг қўлёзма нусхалари”, “Жамоат намозининг бузулишига сабаб бўладиган қироатдаги хатолар” ва ўтилган дарслар муҳокамаси каби мавзулар илмий асосланган ҳолда кенг ёритилиб берилмоқда. Диний-маърифий соҳа ходимлари учун ташкил қилинган малака ошириш ўқувларининг даслабки кунида дарсларни Андижон вилояти ҳокими ўринбосари С.Тошбоев, ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаровлар очиб бердилар ва тингловчиларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб ўтдилар. 735
“Баракалла”, дейиш миллатимиз орасида кенг тарқалган. Зеро, Биз шундай халқмизки, миллий ва диний қадриятларимиз чамбарчас боғланиб кетган. “Баракалла” ибораси ҳам айнан шундай одатларимиздан биридир. Чунки унинг келиб чиқиши айнан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига боғлиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга ким бирор яхшилик қилса уни мукофотлангиз. Агар мукофотлашга бирор нарса тополмасангиз унинг ҳаққига дуо қилинг”, деганлар (Абу Довуд ривоят қилган). Яна бир ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо бундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қўй ҳадя қилинди. У зот менга: “Уни тарқатиб юборинг”, дедилар. Тарқатиб қайтган ходимадан ҳадяни олганлар нима деганларини сўрадим. У: “Аллоҳ сизга барака берсин”, дедилар, деди. Мен ҳам уларнинг ҳаққига “Аллоҳ уларга ҳам барака берсин”, деб улар каби дуо қилдим ва шу билан ҳадямиз беғараз бўлди”. Демак, кимдандир яхшилик кўрсак уни мукофотлашимиз керак экан, агар бирор нарса тополмасак унинг ҳақига дуо қилишимиз зарур бўларкан. Қўни-қўшнилар бир-бирларига тансиқ овқат чиқарганда товоғига бошқа нарса солиб қайтариш одати ҳам ушбу ҳадисдан келиб чиққан. “Баракалла” сўзи аслида арабча “Баарака Аллоҳу фикум” деган жумла бўлиб, маъноси “Аллоҳ сизларга барака берсин”, “Аллоҳ сизларга баракотли қилсин” каби маъноларни англатади. Демак, бирор яхшилик қилган одамнинг ҳақига дуо қилишимиз Пайғамбаримизнинг юқоридаги сўзларидан, айнан “баракалла” дейишимиз эса саҳобаларнинг бир-бирлари ҳақларига қилган дуоларидан келиб чиққан экан. Яхши иш қилган кишига “молодцы” демасдан, “баракалла” десак, бу билан ҳам урф-одатимизга ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига амал қилган бўламиз. «Тиллар» кафедраси мудири Ш.Чўлпонов 825