Асмо бинти Язид ансорий аёллардан бўлиб, кучли иймон, сабр, шижоат, ақл эгаси эди. Унда ҳотирлаш, таъсирчан гапириш, чиройли ўқиш қобиляти мужассам эди. У бизга Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи васаллам) ҳақларидаги қиссаларни ўзига ҳос усул билан етказиб берганлардан биридир. Ибн Ҳожар бундай дейди: “Асмо бинти Язид ибн Саккон ибн Рофеъ ибн Имриул Қайс ансорлардан бўлиб авс қабиласнинг ашҳал уруғидандир. “Умму Омир” ва “Умму Салам” кунялари бор. Асмонинг Қурон карим оятларини, ҳадиси шарифни ўрганиншга ўта моҳир эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалар даврасида ўтирганларида Асмо бинти Язид ҳузурларига келди ва: “Ота, онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳни элчиси! Аёллар номидан келдим. Улар сўзимни мақуллашди. Аллоҳ таоло сизни эркак аёлга пайғамбар қилган. Биз аёллар ҳомиладор бўламиз. Эркаклар жамоат намозларида иштирок этишади, ҳамда Аллоҳ йўлида сафарга чиқиш билан даражалари юксалади. Қачон сафарга кетишса, биз уларни болаларини ва молларни қўриқлаймиз. Айтинг-чи, савобда улар билан тенг бўламизми?” деб сўради. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга “Дини ҳақида яҳши савол берган аёлларнинг сўзини эшитдингизми? – дедилар. Сўнгра яна Асмога юзланиб: “Эй Асмо ортингдаги аёлларга билдир, улардан қайси бири эрига яхши хотин бўлса, унинг розилигини истаб яхшиликларига эргашса, барча савобда эри билан тенг шерик бўлади” деб марҳамат қилдилар. Асмо бинти Язид (розияллоҳу анҳо) бундай ривоят қилади: “Бир куни тенгдош аёллар орасида турган эдим. Ёнимиздан Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўтиб қолдилар. Бизларга салом бериб: “Куфрони неъмат қилишдан сақланинглар”, дедилар. Сўрашга журатлироғи мен эдим. “Эй Расулуллоҳ, куфрони неъмат нима?” деб сўрадим. У зот марҳамат қилдилар: “Сизлардан бирингиз ота–онаси билан яшайди. Сўнгра Аллоҳ таоло унга эр берса, эридан фарзанд ато қилса, у ғазабланади. Ҳатто унга: “Мен сендан ҳеч яхшилик кўрмадим” дейди. Бу воқеа аёлларга Пайғамбаримиз тарбияларининг бир кўриниши эди. Амр ибн Қатода (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) энг биринчи байъат берган аёллар Умму Саид, Кабашата бинти Рофе Умму Омир (Асмо) бинти Язид ибн Саккон ва Ҳаво бинти Язид ибн Саккондир”. Асмо биринчи байъат қилганидан фахрланиб: “Мен Расулуллоҳга байъат қилган аёлларнинг биринчисиман”, дер эди. Асмо бинти Язид ишларни ишонч ва диққат билан ўрганар эди. Оиша (розияллоҳу анҳо) мақтаб: “Ансор аёллар қандай ҳам яхшидир, динни ўрганишда ҳаёлари уларни (масала) сўрашдан тўсиб қолмади”, деганларида Асмо бинти Язид каби аёлларни назарда тутганлари шубҳасиз. Саҳийлик ансорларнинг олий сифати эди. Асмо бинти Язид ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйимизга ташриф буюрганларида: “Бу уйларда қандай яхшилик бор, бу арсорларнинг яхшилигидир”, деб марҳамат қилдилар. Асмо бинти Язид яна шундай фазилатлари боис Расулулллоҳнинг ҳурматларини қозонди. Ҳудайбиядаги дарахт остида Асмо Ризвон байъатини берган эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “дарахт остида байъат берганлардан ҳеч бири дўзахга кирмайди”, деганлар. Манбалар асосида Тошкент ислом институти битирувчиси Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли тайёрлади Манба 4 232
Абу Аббос Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларидан уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола!” – дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин – У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган” (Термизий ривоятлари). Яна бир ривоятда шундай дейилган:“Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин – оғир кунларингда У Зот сени танийди. Билгинки, нима сени четлаб ўтган бўлса, унинг сенга тегиши (тақдирда) йўқ эди. Сенга етган нарсанинг (тақдири азалда) сени четлаб ўтиши йўқ эди. Билгинки, албатта ғалаба сабр билан, ёруғлик-ечим машаққат билан қўлга киритилади, шубҳасиз, оғирлик билан бирга енгиллик ҳам келур”. Ибн Ражаб Ҳанбалий ёзадилар: “Мазкур ҳадис Исломнинг энг муҳим умумий қоидаларини ва улуғ насиҳатларини ўзида жамлаган. Ҳатто уламолардан бири бундай деган эдилар: “Ушбу ҳадис устида фикр юритиб, ханг-у манг бўлиб қолдим. Ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Эвоҳким, мазкур ҳадис маъноларини биз ҳали ҳам тўла-тўкис англаб етмаганмиз ёхуд ундан мутлақо ғофилмиз!”. «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Ш.Сулаймонов 1 326
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий Термизий милодий 824-825 – 892 йиллар оралиғида яшаган машҳур муҳаддисдир. Имом Термизий Термиз яқинидаги Буғ қишлоғида туғилди. Ёшлик чоғларидан илмга катта қизиқиш ва иштиёқ кўрсатди. Самарқанд, Бухоро, Марв каби шаҳарлардаги машҳур уламо ва муҳаддислар асарларини ўргана бошлади. Имом Термизий ҳадис ўрганиш ва уларни йиғиш учун қарийб 20 йил ўзга юртларда бўлди. Нишопурда Имом Бухорий билан учрашиб, кўпгина ҳадислар хусусида фикр алмашди. Имом Бухорий билан беш йил биргаликда яшаши “Сунани Термизий” асарининг яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. Имом Термизий ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқлашда “Сунан”да «саҳиҳ»дан кейин «ҳасан» даражасини ҳам киритди. Термизий “ҳасан” иборасини ўз китобида бундай таърифлайдилар: “Ушбу китобимизда “Бу ҳадис ҳасан” деган пайтимизда биз санадининг ҳасан эканлигини назарда тутганмиз. Чунки ровийси ёлғончи деб тахмин қилинмаган ҳар бир ҳадис, деярли бошқа сабабдан ривоят қилинса ва шоз(з) бўлмаса, у ҳадис, бизнинг фикримизча, ҳасандир”. Абу Исо Муҳаммад Термизий Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар билан ҳам илмий суҳбатда бўлиб «Сунан»дан ташқари «Шамоили Набавия», «Китоб уз-зуад” («Зоҳидлик китоби») «Асмоъ ус-саҳоба» («Саҳобаларнинг исмлари»), «ал-Асмоъ вал-куно» («Исмлар ва кунъялар»), «Китобул-илал» («Иллатлар китоби») ва бошқа асарлар ёзган. 1990 йилда Абу Исо Муҳаммад Термизий таваллудининг 1200 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2017 йил 14 февралда 2774-сонли “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Марказ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида ташкил этилди. Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш Имом Термизий халқаро марказининг асосий вазифаси этиб белгиланди. Марказ Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 14 мартда давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 1 381
2018/2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 27-28 ноябрь кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-2 курс талабалари учун ташкил этилган очиқ мулоқотда ректор У.Ғафуров, ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири М.Насриев, Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров, “Тиллар” кафедраси мудири Ш.Чўлпонов,“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов, куратор вамураббийлар З.Бегматов, И.Ғофуров иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 815
Мавлид ойи муносабати билан барча диний таълим муассасалари ва юртимиз масжидларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сийрат ва суннатларини ҳар тарафлама мукаммал ўрганилмоқда. Имом Бухорий номли Тошкент Ислом институтида ҳам 2018 йил 29 ноябрь куни ҳижрий 1440 йил Рабиъул аввал мавлид ойи ҳамда ноябрь ойи – ислом тарихи ва сийрат фан ойлиги муносабати билан “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир” шиори остида сийрат мусобақаси ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги “Вақф” хайрия жамоат фонди, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими масъул ходими ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуо-и хайрдан сўнг институт ректори Уйғун Ғафуров нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар. Мусобақада учинчи курслар ўртасида бўлиб, учта гуруҳ иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч гуруҳдан ҳар бирининг шартлар бўйича берган жавоблари ҳакамларимиз томонидан холисона баҳолаб борилди. Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Икки ярим соат қандай ўтиб кетгани ҳам билинмай қолди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Ибн Саъд“ гуруҳи иштирокчилари 154 баллдан тўплаб, биринчи ўринга, “Ибн Исҳоқ“ гуруҳ иштирокчилари 153.5 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва “Ибн Ҳишом“ гуруҳ иштирокчилари 144 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди. Ғолиб гуруҳ ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга “Вақф” хайрия жамоат фонди ва институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, Тошкент ислом институти телеграм канали орқали эълон қилинган «Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми» номли савол-жавоб танловининг ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институт ректори Уйғун Ғафуровнинг нутқи ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси Халилов Искандар домланинг хайрли дуолари ила якун топди. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси кабинет мудири Ю.Абдурахимов 855