islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШъАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (тўртинчи мақола)

31. Аллома Абу Мансур Абдулмалик ибн Муҳаммад ибн Исмоил Саолибий Найсабурий раҳматуллоҳи алайҳи (429-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-жавоҳирул-ҳисон фий тафсирил-Қуръон» китобида қуйидаги оятни тафсир қилиб айтадиларки:

وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – وهو العلي: يراد به علو القدر والمنزلة لا علو المكان لأن الله منزه عن التحيز. العظيم: هو صفة بمعنى عظم القدر والخطر لا على معنى عظم الأجرام

У – олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).

У олийдир: яъни, ундан қудрат ва даражанинг юқорилиги ирода қилинган, маконнинг юқорилиги эмас. Чунки Аллоҳ чегараланишдан покдир.

Буюкдир: яъни, у қудрат ва қўрқинчнинг буюклиги маъносидаги сифатдир, жисмнинг катталиги маъносида эмас.

32. Аллома Абу Ҳасан Алий Мовардий раҳматуллоҳи алайҳи (450-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти ҳақида айтадилар:

فيه قولان: أحدهما: استوى أمره على العرش والثاني: استولى على العرش

У ҳақида икки хил гап мавжуд. Биринчиси Аллоҳнинг амри аршга кўтарилди. Иккинчиси У Аршни эгаллади («Ан-нукат вал-ъуюн» номли тафсир китобидан).

33. Муҳаддисларнинг яна бирлари имом Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи (458-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-эътиқод» деган китобларида қуйидагиларни ёзганлар:

و فى الجملة يجب ان يعلم ان استواء الله سبحانه و تعالى ليس باستواء اعتدال عن اعوجاج و لا استقرار فى مكان و لا مماسة لشئ من خلقه لكنه مستو على عرشه كما اخبر بلا كيف بلا أين بائن من جميع خلقه

Хуллас калом билиш вожиб бўладики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг истивоси қийшайишдан тўғриланишнинг баробарлашуви ҳам, бирор маконга жойлашиш ҳам, Ўзи яратган бирор нарсага тегиш ҳам эмас. Лекин хабар берилганидек, Аллоҳ Ўз Аршига қандайликсиз, қаердаликсиз истиво қилувчидир. У барча яратган нарсаларидан фарқлидир.

34. Имом ва муҳтадий аллома Абу Шакур Муҳаммад Солимий кеший раҳматуллоҳи алайҳи (460-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ат-тамҳид фий баянит-тавҳид» номли китобида шундай деганлар:

واحتجوا بما روي الكلبي عن ابن عباس رضي الله عنهما أنه قال في تفسير قوله تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أي: استقر وفي رواية امتلأ العرش فمنه الجواب قلنا معناه استقر العرش من هيبته أو من خشيته…

Ва ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг «Раҳмон Аршга истиво қилди» оятини «қарор топди» деб, бошқа бир ривоятга кўра «Арш (Аллоҳ билан) тўлди» деб тафсир қилганликлари ҳақидаги имом Калбий ривоят қилган гапни ҳужжат қилиб келтиришган. Биз эса унга жавобан айтамизки, унинг маъноси «Аллоҳ таоло Аршга Ўзининг улуғворлиги ила ёки Ўзининг қўрқинчи ила қарор топди» деганидир (Зоти ила эмас)…

والأصح أن نقول إن الله تعالى صانع العالم وهو جل ذكره ليس في العالم ولا خارج العالم لأنا لو قلنا إنه في العالم فإنه يكون أصغر من العالم ويكون في المكان في الظرف وهذا كفر ولو قلنا إنه خارج العالم لا يخلو إما أن يكون متصلا بالعالم أو مباينا عن العالم فإن كان متصلا بالعالم فإنه يكون من جنس العالم ويكون من العالم والعالم مع أجناسه مصنوع وليس بصانع ولو قلنا إنه مباين عن العالم فإن البينونة عبارة عن القطع والفصل وإنه يوجب التحديد والمحدود المقدور فلا يكون صانعا فنقول إنه صانع العالم بلا أينية ولا كيفية

Энг тўғриси, Аллоҳ таоло оламнинг яратувчиси, бироқ, оламнинг ичида ҳам эмас, оламнинг ташқарисида ҳам эмас, демоғимиздир. Чунки, агар У зот оламнинг ичида десак, унда оламдан кичкина бўлиб қолади ва бирор маконда бўлиб қолади. Бундай дейиш эса куфрдир. Агар У зот оламнинг ташқарисида десак, ё оламга ёпишиб турувчи ёки оламдан ажралиб турувчи бўлиб қолиши истисно эмас. Агар оламга ёпишиб турадиган бўлса, унда У зот оламнинг жинсидан бўлиб, оламга тегишли ҳисобланиб қолади. Олам эса ўзининг барча жинслари билан биргаликда яратилмишдир, яратувчи эмас. Агар оламдан ажралиб турувчи десак, ажралиш узилиш ва бўлинишдан иборат. У эса чегараланишни вожиб қилади. Чегараланадиган, миқдорланадиган нарса асло яратувчи бўлолмайди. Шу боис айтамизки, Аллоҳ таоло ҳеч бир «қаерда»лик ё «қандай»ликсиз ҳолда, оламнинг яртувчисидир.

35. Аллома Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Алий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳи (476-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-ишора ила мазҳаби аҳлил-ҳаққ» китобида айтадилар:

الاستواء بمعنى الاستيلاء واستوى على العرش بمعنى استولى عليه يقال استوى فلان على الملك بمعنى استولى عليه

Истиво эгаллаш маъносидадир. Аршга истиво қилди дегани уни эгаллади деган маънода. Фалон киши мулкни истиво қилди деб унга эга бўлди деган маънода айтилади.

36. Шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад Домағоний Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» оятида ҳақида айтганларки:

الاستواء بمعنى القهر والقدرة

Истиво – ҳукмронлик ва қудрат маъносидадир («Ислоҳул-вужуҳ», Домағоний).

37. Икки Ҳарам имоми Абул Маолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ Жувайний Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-иршод» китобида айтадилар:

إذ العرب تقول استوى فلان على الممالك إذا احتوى على مقاليد الملك واستولى على الرقاب وفائدة تخضيض العرش بالذكر أنه أعظم المخلوقات في ظن البرية

Агар араблар фалон киши мамлукларга истиво қилди деса, мулкнинг калитларини қўлга киритди ва унга эга бўлди дегани бўлади. Аршни зикр қилиб хослашнинг фоидаси шуки У инсонларнинг фикрида халойиқнинг энг улуғидир.

38. Имом Мутаваллий Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (478-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-ғуня» китобида шундай деганлар:

فإن قيل الاستواء إذا كان بمعنى القهر والغلبة فيقتضي منازعة سابقة وذلك محال في وصفه قلنا والاستواء بمعنى الاستقرار يقتضي سبق الاضطراب والاعوجاج وذلك محال

Агар истиво ҳукмронлик ва ғалаба маъносида бўлса, ўтмишда жанг қилганини тақозо қилади, бу эса Аллоҳни сифатлашда маҳолку дейишса, қарор топиш маъносидаги истиво ўтмишда изтироб ва қийшайиш ўтганини тақозо қилади, бу эса маҳолдир деймиз.

39. Ҳужжатул Ислом имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи (505-ҳижрий санада вафот этганлар) «Қоваъидул ақоид» номли асарларида шундай ёзганлар:

و انه لا يحده المقدار و لا تحويه الاقطار و لا تحيط به الجهات و لا تكتنفه الارضون و لا السموات

Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, йерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди.

40. Аллома Абул Муъийн Маймун ибн Муҳаммад Насафий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (508-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Табсиратул-адилла» китобида шундай деганлар:

الاستواء في معنى الاستيلاء فعلى ذلك يحتمل أن يكون المراد منه استولى على العرش الذي هو أعظم المخلوقات وتخصيصه بالذكر كان تشريفا له

Истиво эгаллаш маъносидадир. Шунга биноан, истиво оятидан Раҳмон махлуқотларнинг энг буюги бўлган Аршни эгаллади, деган маъно ирода қилинган бўлиши эҳтимол қилинади. Аршни зикр қилиб хослаш эса уни улуғлаш учун бўлган.

Тошкент ислом институти битирувчиси

Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли

105520cookie-checkИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШъАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (тўртинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: