islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Мўминнинг зулми

“Агарда Аллоҳ одамларнинг қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Қачонки, ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар”. (Наҳл 61)

Агарда Аллоҳ одамларнинг қилган зулмларига биноан тутганида, оятнинг бу қисмида зикр қилинган, жонзотларнинг ҳалокати сабаб бўлиши мумкин бўлган «зулм» ҳақида «Тафсири жалолайн»да инсондан содир бўладиган маъсиятлари деб тафсир қилинади. Тафсири Насафий соҳиби эса куфрни ҳам бунга қўшимча қиладилар. (Ал-иклийл ала мадорику ут-танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийл). Тафсийр ул-важийз ала ҳамиш ал-Қуръан ал-азийм муаллифи «зулм» сўзидан ширк ҳам назарда тутилганини ёзадилар.

… ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Ояти кариманинг бу қисмидаги «дабб» калимасини ҳам муфассирлар кенг маъноларда тафсир қиладилар. Ал-иклийл ала мадорику ут-танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийлда «ҳар бир жонзот» деб келтирилади, лекин шу билан бирга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳар «бир нафас олиб турган мушрик» назарда тутилган деган қавл ҳам ривоят қилинганини қўшиб келтирадилар. Аммо тафсир китобларининг аксариятида «нафас олиб турган жонзот борки барчаси» ҳалок бўлади деб айтилади. Бу гапни мулла Алий қорининг бу оятга қилган тафсирлари ҳам қўллайди. “бу калимадан мурод шундайки, ҳар бир нафас олиб турган руҳ эгаси борки, шу деб назарда тутилган ва бу «дабба» сўзининг луғавий маъноси” дедилар.

Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Ибн Касийр роҳматуллоҳу алайҳ шу оятнинг Фотир сурасидаги муташобиҳига қилган тафсирида шундай дейди: «Қиёмат кунигача муҳлат берилди. Ўша кунда ҳисоб қилинади, ҳар амал қилувчи борки, унга амали учун ваъда қилинган нарсани берилади, Аллоҳ учун тоқат қилганлар савоб билан мукофатланса, шайтон йўлида юриб, маъсият қилганлар иқоб билан жазоланади» дедилар.

Мулла Али қори бу борада шундай ёзадилар: одамлар умрларинининг интиҳоси ва шаҳарлари вайрон бўлиши бошланмай туришлиги бану Одамнинг кўпайиши ва улар билан олам низомининг тугал бўлиши учундир, уларнинг офият билан ризқлантирилиб турилганлари эса тоат аҳлининг сабабидандир.

Қачонки, ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар.

«Тафсийри мунийр» шундай келтирилади: «Агарда азоб вақти келса, ҳеч ким уни бир дақиқага ҳам олдинга ёки орқага сура олмайди», дейдилар. Бу борада юқоридаги мўътабар тафсир соҳиби қуйдаги ҳадисни келтириб ўтадилар: Абу Хотим Абу Дардо розиаллоҳу анҳудан ривоят қилади: у киши дедилар: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида зикр қилдик, шунда у киши дедилар: «Албатта, Аллоҳ таоло бирор нарсанинг ажали етиб келса, уни орқага сурмайди. Албатта, умрнинг зиёдалиги солиҳ фарзанд биландир. Аллоҳ бандани у билан ризқлантиради, у ўтгандан сўнг, унинг ҳаққига дуода бўлади, фарзандининг дуоси қабрида унга юзлаштирилади. Мана шу умрнинг зиёдалагидир дедилар».

«Тафсири ҳилол» соҳиби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу оятни шундай тафсир қиладилар: “Аллоҳ таолонинг ўзи тақдири азалда ҳар бир банданинг ажалини белгилаб қўйган. Ўш ажал муддати келгунича бандалар бу дунёда яшаб турадилар. Одамлар буни тушунмай, шунча гуноҳлар қилсак ҳам, ҳеч нарса бўлмаяптику, деб ўзларидан кетадилар. Мутакаббирлик ила кўпроқ гуноҳга – зулмга қўл урадилар. Шундай қилиб белгиланган ажалга етиб келганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар.

Ваҳба Зуҳайл роҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида: «Бу Аллоҳ таолонинг халойиққа бўлган ҳилмидан бир нишонадир, чунки агарда гуноҳлари ва маъсиятлари сабабидан инсон боласи ушлаганда ва жиноятлар боисидан ўша захоти иқоб қилинганда эди, бани Одамга қўшилиб, ер юзидаги жамики жонзотлар ҳалок бўлиб кетарди. Лекин буюк жалол соҳиби Ҳалийм, Саттор, Ғофур ва Роҳийм Зотдир. Шунинг учун ҳам белгиланган муддатгача кечиктирди ва иқобни тезлаштирмади. Зеро, шундай қилганда ҳеч ким қолмаган бўларди» дейдилар.

Имом Байҳақий Абу Ҳурарадан ривоят қиладилар. У киши бир одамнинг “агар золим зумл қилса ўзигагина зарар беради, холос, деганини эшитиб қолдилар. шунда: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, золимнинг зулми сабабидан тувдоғ (турна туркумидан бўлган улкан қанотли қуш) ўз инида ўлади. – дедилар.

Ибн Хотим Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилади: У киши «Одам боласининг гуноҳи сабабидан уясида қўнғиз ҳалок бўлади» дедилар.

Ояти кариманинг тафсиридан олинадиган хулосалар:

1. «Зулм» деганда нафақат динсиз ва мушрикларнинг куфри ёки ширки, балки мусулмонлар томонидан бўладиган гуноҳ ва маъсиятлар ҳам шу борадан эканлигини билишимиз.

2. Одамларнинг зулми сабабидан нафақат ўша зулм қилган одамнинг ўзи зарар кўришлиги, балки бошқа одамлар ва жонзотлар, ҳаттоки инида турган қўнғиз ҳам зарар кўриши мумкинлигини англашимиз.

3. Гуноҳу маъсиятларимизга Аллоҳ таоло азобни кечиктириб роҳатни давомий қилиб турган бўлса, бундан ҳотиржамликка берилмаслик, мутакаббирликка йўл қўймаслик, балки Аллоҳ белгилаган вақт яқин эканлигини сезиб, унга ҳаракат қилиш лозимлигини тушуниш.

4. Солиҳларнинг савобга эришуви ва ёмонларнинг эса азобга эриши белгиланган муддатгача – қиёмат кунигача суриб қўйилганини билиб, ундан ибрат олган ҳолда гуноҳларга тавба қилишимизга фурсат туғилганидан фойдаланиб қолишимиз.

5. Неники вақти келса, уни ҳеч ким ортга сура олмаслигини тушушинишимиз кераклиги ва фақат умрнинг зиёдалиги ундан қабрларимизга дуоси етиб турадиган солиҳ фарзанддан эканлигини ҳис қилган ҳолда фарзандларимизнинг тарбиясига ҳар доимгидан кўпроқ аҳамият бера бошлашимиз.

Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси талабаси
Муҳаммадиброҳим Исмоилжон ўғли

105790cookie-checkМўминнинг зулми
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!