islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Исломда жиҳод тушунчасининг талқини

“Жиҳод” луғатда куч ва имконият сарфлаш маъносини англатади. Бу аслида ҳарбий маънога эга бўлган сўз эмас. Балки, ватанни душманлар тажовузидан ҳимоя қилиш ва ҳоказолар ҳам куч ва имконият сафарбар қилинадиган ишлардан бўлганлиги учун у ватан озодлиги, эътиқод эркинлиги йўлида курашиш маъносида ҳам қўлланила бошлаган. Ҳолбуки, “жиҳод” тушунчаси жуда ҳам кенг маъноларни ўз ичига олади. Чунончи, нафснинг ҳавойи истак-хоҳишларига қарши курашиш “жиҳодун-нафс”, шайтонга қарши курашиш “жиҳодуш-шайтон” деб аталади, ва ҳоказо. Шундай экан, “жиҳод” сўзига фақат ҳарбий маъно бериш тўғри эмас.

Маълумки, босқинчилик, тинч аҳолига қарши ҳужум уюштириш ва ҳоказолар Исломда қаттиқ ман қилинган. Бир бегуноҳ кишини ўлдириш гўёки барча одамларни ўлдириш билан баробар қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади: “…кимки, бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса, ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят). Бошқа бир ояти каримада эса битта мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирган одамнинг жазоси дўзахда абадий қолиши, Аллоҳнинг ғазаб ва лаънатига учраши айтилиб, бундай ёвузликдан қаттиқ огоҳлантирилган. “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган, ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Аммо, бугунги кунда дин йўлида жиҳод қилаётганликларини даъво қилаётган террорчи кимсалар юқоридаги ояти карималарга заррача парво қилмаган ҳолда кўплаб бегуноҳ одамларнинг жонига зомин бўлмоқдалар. Улар амалга ошираётган биродаркушликлар, қўпорувчилик ҳаракатлари, бозор, масжид, метролар каби одамлар билан доимо гавжум бўладиган жойларда бир онда ўнлаб, балки, юзлаб бегуноҳ кишини ҳаётдан олиб кетадиган мудҳиш террорчилик амалиётлари Ислом қонун-қоидаларига, динимиз руҳиятига тамоман зид ва бегонадир. Бундай ишларни умуман жиҳод деб бўлмайди. Балки, булар улкан гуноҳ ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас.

“Ал-Қоида”, “ат-Такфир вал ҳижра”, “ал-Жиҳод” каби кўплаб гуруҳлар турли жойларда ҳокимиятни қўлга киритиш учун уруш эълон қилишган. Улар динга хизмат қилишнинг асослари бўлган, нафсни тарбия қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, оиласига тўғри тарбия бериш, уларни маърифатли қилиш, одамларни эзгу ишларга тарғиб этиб, ножўя ишлардан қайтариш, илмий-адабий эшитириш, кўрсатувларда иштирок этиш, маърифий нашрларда эл-юрт равнақи, дину диёнат ривожи учун хизмат қиладиган мақолалар ёзиш каби демократик асослар билан мустаҳкамлаб қўйилган кўплаб имкониятлардан воз кечиб, дин кўрсатмаларига зид бўлган уруш йўлини тутишган.

Улар мавжуд ҳокимиятга очиқчасига қуролли қаршилик кўрсатишга имкон тополмагач, инсонлар жонига суиқасд қилиш ёки ҳукумат идораларига ҳужум уюштириш каби аянчли ва хоинона усуллардан фойдаланишади. Бу усуллар кўплаб бегуноҳ инсонлар, ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келади. Боз устига бу ишлар оқибатида улар ўзлари кўзлаган “исломга хизмат қилиш” мақсадига эришишлари ҳам амри маҳолдир.

Ҳатто уруш вақтида ҳам тинч аҳолини ўлдириш ислом шариати томонидан таъқиқланганлиги маълум. Энди қанчадан-қанча мусулмонларни ҳаётига зомин бўлаётган хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганларга нима дейиш мумкин? Ваҳоланки, ҳадиси-шарифда “Бир бегуноҳ мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳ ҳузурида дунёдаги ҳаётнинг йўқ бўлиб кетишидан оғирроқ”, – дейилган.

Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги (яъни тажовуз қилиш мумкинмаслиги), жони дахлсизлиги кўплаб ҳадисларда баён қилинган. Набий алайҳиссалом видолашув ҳажида қилган машҳур хутбаларида шундай сўзларни айтганлар: “Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу кунингиз ҳурмати, ушбу ойингиз ҳурмати ва ушбу шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматли, ҳаромдир” (Саҳиҳи Муслим: 4384).

Нафақат, мусулмон балки, бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Кимки, бир муоҳадни (мусулмонлар билан ўрталарида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у Жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ривояти).

Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган фикрни олға сурадилар. У киши зўравонликни «жиҳод» деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли китобида қуйидагиларни ёзади:
«Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки ҳавойи нафснинг ҳукмронлигидан келиб чиқади. Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом «элчи»ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг исломини ҳозиргача биз Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган деб билган исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Биз билган ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари баёни, қатъий шаръий далиллар, собит фиқҳий қоидалар, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодлари тақозо қилган нарсаларни лозим тутишдан иборатдир».

“Тиллар” кафедраси кабинет мудири
Асроров Козимхон

106970cookie-checkИсломда жиҳод тушунчасининг талқини
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!