islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

ИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ДЎСТЛИК ДИНИ

Бугун юртимизда бузғунчи ёт мафкураларга қарши кураш чора-тадбирлари “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш каби вазифаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Ушбу масалалар жуда ҳам долзарб экани жорий йилдаги Олий Мажлисга мурожаатномада ҳам алоҳида қайд этилди: “Мамлакатимизда “жаҳолатга қарши – маърифат” деган эзгу ғоя асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадларга хизмат қилишини тарғиб этиш кун тартибимиздаги доимий масалалардан бири бўлиб қолади”.

Жорий йил 11 февраль куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокимлигида ҳудуддаги мутасадди ташкилотлар вакиллари ва маънавий-маърифий ишларга масъуллар учун “Жамиятда мутаассиблик ва радикаллашувга қарши ғоявий-мафкуравий кураш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Тошкент ислом институтининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ж.Мелиқўзиев ва “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Я.Абдураҳмонов қатнашдилар ва тегишли мавзуларда маърузалар қилдилар.

Маърузаларда Ўзбекистонда давлатнинг дин ва диний ташкилотлар билан ўзаро муносабати, ислом динининг тинчликпарварлик моҳияти ҳамда ислом динида мутаассиблик ва жаҳолатнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ғоясининг аҳамияти каби бугунги куннинг бир қатор долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг моҳияти, мутаассиблик, экстремизм ҳамда терроризмнинг салбий жиҳатлари, ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган бузғунчи оқим ва ҳаракатларнинг юзага келиш тарихи, уларнинг мақсади, ғоявий-ақидавий асослари, молиявий манбалари, фаолият услублари ва ғайриисломий моҳияти кенг қамровли маълумотлар ва далиллар асосида очиб берилди.

ТИИ Ахборот хизмати

119660cookie-checkИСЛОМ – ТИНЧЛИК ВА ДЎСТЛИК ДИНИ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!