islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Садақа ёмонлик эшикларини ёпади ва катта бало-офатларни даф этади

Рофеъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақа ёмонликнинг етмишта эшигини тўсади”, дедилар. Ҳадисда “етмишта эшик” дейилиши фақат етмишта эшикни назарда тутмайди, балки ёмонликнинг барча кўринишини тўсишига далолат қилади, чунки бу ўринда “етмиш” саноғи кўплик маъносини билдириш учун келган.

Шу боис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саховатли бўлишга ва буни имкон қадар куннинг аввалида қилишга буюрганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақани эртароқ қилинглар. Чунки бало-офат уни ҳатлаб ўта олмайди”, деганлар. Яъни садақа бало-офат қаршисида катта тўғон бўладики, ундан ўтиб кета олмайди.

Бир ривоятда: “Садақа бало-офат турларидан етмиштасини қайтаради. Уларнинг энг енгили махов ва пес касаллигидир”, дейилган.

Бир ривоятда: “Эрталаб қилинган садақа бало-офатни қайтаради”, дейилган. Бу “бало-офат” диний ва дунёвий офатларни ҳам ўз ичига олади.

Демак, садақа қилишнинг фойдаларидан бири мол-дунё фитнасидан омонда бўлишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда: “Албатта, мол-давлатларингиз ва фарзандларингиз фитнадир” (Тағобун сураси 15-оят), деб марҳамат қилган. Чунки имон келтирган киши садақа қилса, ўз жонини ва мол-давлатини Аллоҳга бўйсундирган бўлади. Шу орқали инсон Аллоҳ таолога ҳақиқий банда эканини кўрсатади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилингани каби, садақа ёмон ўлимдан (яъни, ўлим ҳолатида содир бўладиган ёмон ҳолатлардан) сақлайди. Турбуштий раҳимаҳуллоҳ: “Ёмон ўлим деганда оқибати мақтовли бўлмаган ва бахтсизлик каби ҳолатлар назарда тутилган. Масалан, бечорахоллик, сурункали касаллик, ношукрлик, зикр қилишни унуттирадиган қаттиқ оғриқлар, нима фойдаю нима зарар эканидан чалғитадиган турли касалликларни мисол қилсак бўлади”, деб ёзган.

Тийбий раҳимаҳуллоҳ: ““Ёмон ўлим”ни “Ҳаётининг ёмонлик билан якунланиши ва охиратда азобланиш, оқибати ёмон бўлиши”, деб тушунган яхшироқ”, дейди.

Абу Зуръа раҳимаҳуллоҳ айтади: “Унинг маъноси бандага ёмон ўлим тақдир қилинган бўлса, садақа кишидан уни даф қилади, дегани эмас. Сабаблар тақдир қилинганидек, унинг натижалари ҳам тақдир қилингандир. Кимга ёмон ўлим тақдир қилинган бўлса, демак, унга садақа қилиш тақдир қилинган бўлмайди, аксинча, кимга ёмон ўлим тақдир қилинмаган бўлса, демак, унга садақа қилиш тақдир қилинган бўлади”.

Омирий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёмон ўлимга вайрона остида қолиш, зотилжам бўлиш, ёниб кетиш каби қийин ҳолатда ўлишлар киради. Айрим ҳолатларда бидъатчи бўлиб, шак-шубҳа билан ёки катта гуноҳларни доим қилиб юриш каби диндаги ёмон ҳолатда ўлиш билан бўлиши мумкин. Шу нарсаларни кетказиш учун садақа қилишга тарғиб этилади”.

Ҳудайбияда қатнашган Рофеъ ибн Мукис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтидорнинг чиройли бўлиши ўсиш, хулқнинг ёмон бўлиши бахтсизлик, яхшилик умрни узайтиради, садақа ёмон ўлимдан сақлайди”, деганлар.

Садақа бало-офатни кетказувчиларнинг энг яхшиси, ёмонлик йўлини тўсувчиларнинг энг каттаси ҳисобланади.

Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг изни билан бўлади. Аллоҳ таоло ҳақиқий ман қилувчи ва фойда келтирувчидир. Садақа ва бошқалар сабаб, холос. Бало-офат, ёмонлик Аллоҳнинг қазои қадари билан бўлганидек, садақа ёмонликларни қайтариши ҳам Аллоҳ таолонинг тақдиридандир. Бу ҳақда ўзидан келиб чиқиб гапирмайдиган, айтган сўзлари ваҳийдан бўлган Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар.

Кўп садақа уни қилган кишига кенг ризқ келтиради, эҳтиёжларини қондиради, зафар, муваффақият, шифо ва орзуларига етишишига сабаб бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб: “Эй инсонлар, вафот этишларингдан олдин тавба қилинглар, банд бўлиб қолишларингдан олдин солиҳ амалларга шошилинглар. Аллоҳни кўп зикр қилиш, махфий ва ошкора кўп садақа қилиш билан ўзларинг ва Раббиларинг орасини боғланглар, шунда ризқланасизлар, ёрдамланасизлар ва тўлдириласизлар”, дедилар” (имом Ибн Можа ривояти).

Муҳаммад Ҳасанийнинг “Энг шарафли уммат” китобидан Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

Манба: fitrat.uz

127120cookie-checkСадақа ёмонлик эшикларини ёпади ва катта бало-офатларни даф этади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: