Рамазон ойи ҳижрий ойларнинг тўққизинчи ойи бўлиб, мусулмонлар учун энг муборак ойдир. Зеро бу ойда муминларнинг даражалари кўтарилади, дўзах эшиклари ёпилади, жаннат эшиклари очилади, шайтонлар кишанланади, раҳмат ва мағфират эшиклари очилади. Қуръони карим айнан мана шу ойда нозил қилинди, унда минг ойдан афзал бўлган қадр кечаси яширинган ҳамда исломнинг беш устунидан бири бўлган рўза ҳам мана шу ойда тутилади. Рамазон рўзасининг ҳикматлари ҳам беқиёсдир. Чунки у инсонни турли шаҳватлардан ҳимоя қилади, Аллоҳдан қўрқишни ўргатади, рўзадорнинг ифтор пайтида ва роббисининг ҳузурига боргандаги хурсандчилиги сабаб қалб дунё ва охират саодатига эришади. Хўш бундай фазилатли онларни оламларга раҳмат қилиб юборилган зот-Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
Рамазон ойи рўзаси ҳижрий иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида тўққиз йил рамазон рўзасини тутдилар. Чунки ҳижрий ўн биринчи йили дорул бақога рихлат қилган эдилар.
Расули акрам алайҳиссалом доимо рамазон ойини хурсандчилик,шодлик билан кутиб олар эдилар. Бу ойни ибодат, солиҳ амаллар билан ғанимат билиш учун аввалан тайёргарлик кўрардилар. Бунинг учун шаъбон ойини рўза тутиш билан ўтказар эдилар. Саҳобаларига Рамазон ойининг келиш хушхабарини берар, унинг фазилатини доим ўргатар, кеча ва кундузларини ғанимат билишга чақирар эдилар. Рўзага тааллуқли шаръий ҳукмларни баён қилиб берардилар.
Рамазон ойининг ҳар кунида тонг отишидан олдин рўзани ният қилиб, аёлларидан бирлари билан саҳарлик қилар, таомдан озгина миқдорда ер эдилар. Кўпинча бир нечта хурмо ёки оз миқдорда таом ва сув билан саҳарлик қилар эдилар. Саҳарликни бомдод вақтидан олдинги пайтгача кечиктирар ва умматларини ҳам мана шунда бардавом бўлишга чақирганлар. У Зот айтадилар: “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бор”. Саҳарликни қилиб бўлгач, бомдод намозига азон айтилгунича, эллик оят тиловат қилгунчалик миқдорда намоз ўқир эдилар. Сўнг бомдод намозининг суннатини уйларида енгил ўқиб олиб, кутиб ўтирар, Билол разияллоҳу анҳу бомдоднинг фарзига қомат айтганида аёлларининг ҳужраларидан намоз ўқиш учун чиқар эдилар. Чунки аёлларининг ҳужралари масжидга ёнма-ён эди.
Масжидда қуёш чиққунга қадар зикр қилар эдилар. Қуёш чиққандан тахминан 20 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт ўтгач, икки ракаат намоз ўқир эдилар ва кимки шундай қилса ҳаж ва умра савобини қўлга киритишининг хабарини берганлар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақир-мискинларга яхшилик қилар, садақа берар, ҳожатмандларнинг эҳтиёжини чиқарар эдилар. Бу сахийликлари, эҳсонлари, Қуръони каримни тиловат қилишлари Рамазон ойида яна ҳам зиёдалашар эди. Ҳаттоки саҳобалари у зотнинг эҳсонлари, яхшиликлари кўплигидан эсаётган шамолга ўхшатишган. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг Рамазон ойидаги энг сахийликлари Жаброил у кишига йўлиққан пайтда бўларди. Жаброил алайҳиссалом у кишига йўлиққанида яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида аёлларида ёрдамлашар, ҳатто рамазон ойида ҳам улар билан ҳазиллашар, уларга лутф кўрсатар эдилар.
Сўнг шом вақтидан аввал кечки дуо ва зикрларни айтар, азон айтилса, аёлларидан оғиз очиш учун егулик келтиришларини сўрар ва шом намозидан олдин ифторлик қилар эдилар. Ифторликда ҳўл, янги етилган хурмо, агар у топилмаса қуруқ хурмо билан, мободо у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан билан оғиз очар эдилар.
Ифтордан сўнг масжидда шом намозининг фарзини ўқиб, уйга қайтардилар. Шомнинг суннатини уйда ўқир эдилар. Уйда оиласи ҳузурида то хуфтон намозига қадар ўтирар эдилар. Азон айтилгач масжидга чиқиб, хуфтон намозини одамларга имомлик қилиб ўқиб берар эдилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан масжидда таровеҳ намозини ўқидилар, уч кун жамоат бўлиб ўқишди. Инсонлар кўпайиб кетгач, умматларига бу намоз фарз бўлиб қолишидан қўрқдилар. Шундан кейин таровеҳ намози учун чиқмадилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврларида инсонлар таровеҳ намозини битта жамоат бўлиб ўқишди ва бу суннат ҳозирги кунгача сақланиб келмоқда.
Набий алайҳиссалом хоссатан, Рамазон ойида, тунги намозларни ўқишда бардавом бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан Муҳаммад алайҳиссаломнинг намозлари ҳақида сўрашганда, у зот: “Рамазон ойида ҳам, бошқа пайтларда ҳам ўн бир ракаатдан зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракаат намоз ўқир эдилар, унинг гўзаллигини, узунлигини сўрама. Сўнг яна тўрт ракаат ўқир эдилар, унинг гўзаллиги ва узунлигини сўрама. Сўнг уч ракаат ўқир эдилар”,деганлар. (Имом Бухорий ривояти ) Намозни тугатиб, витр намозини ўқишдан олдин бироз ухлар эдилар. Оиша онамиз: Эй Аллоҳнинг расули, витр намозидан олдин ухлайсизми? деб сўраганларида, у Зот: Эй Оиша, кўзларим ухлайди, қалбим эса ухламайди, деб жавоб бердилар. Демак, витр намозини ўқимасдан ухламаслик суннат амаллардандир. Рамазон кечаларида нафл ибодат қилиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ким Рамазонда иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур”. (Бешовлари ривоят қилганлар)
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида қадр кечасининг савобини топиш мақсадида эътикоф ўтирар эдилар. Бир марта рамазоннинг аввалги ўн кунида, кейингисида Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикофга кирдилар. Қадр кечаси рамазоннинг охирги ўн кунлигида эканлиги маълум бўлгач, ўша пайтларда масжидда эътикофга кирадиган бўлдилар. Рафиқул аълога рихлат қилгунларига қадар шу ҳолда бардавом бўлдилар. Ҳаётларининг охирги йилларида йигирма кун эътикоф ўтирдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар” бешовлари ривоят қилган. Термизийнинг лафзида: “Охирги ўн кунликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар”, дейилган. Қадр кечасида кўп дуо қилишни яхши кўрар эдилар. Термизийнинг сунанларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Эй Аллоҳнинг расули, қадр кечасини топсам, қандай дуо қилай?”, дедим. У зот: “Аллоҳумма иннака ъафуввун каримун, туҳиббул ъафва фаъфу ъаннии” (Аллоҳим, албатта Сен кечиргувчи, карим зотсан. Кечиришни яхши кўрасан, мени афв эт),деб айт.
Охирги ўн кунида аҳл-оилаларини ҳам ибодат қилиш учун уйғотар эдилар. Уларни ухлаётган ҳолатида қолдирмас эдилар. Бу билан барча эркакларга оиласини дунё ишларига эмас, балки Аллоҳнинг тоатига рағбат қилдиришга ҳарис бўлишда ўрнак бўлганлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўз каломида айтади: “Эй, иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг.” (Таҳрим сураси,6)
Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Зойирова Ҳафиза