Қишнинг совуқ кунларидан бири эди. Саиднинг бутун бадани музлаб борар эди. Чунки унинг эски, йиртилган оёқ кийимларидан сув ўтарди. У биринчи маротаба оиласининг бечораҳол эканлигидан афсусланди.
“Қани эди, яхши кўйлак, қалин палто, иссиқ пояфзал сотиб олишга пулимиз бўлса”, деди хаёлга чўмиб. Бу вақтда у йўл юзидаги катта жомеъ масжиди олдига келиб қолган эди. Масжидда Пешин намозига азон айтилгани боис дарҳол масжид томон шошилди. Саид катта жамоат билан намоз ўқишни хуш кўрарди.
У таҳорат олиш учун таҳоратхонага кирди. Сумкасини кириш эшиги олдидаги ўриндиқда қолдириб таҳорат олиш учун енгларини шимарди. Бу пайтда кўпчилик мусулмонлар таҳорат қилаётган эди. Саид таҳорат олишга ўтириб пояфзалларини ечди ва пайпоқлари ёмон бўлиб кетганини кўриб ғазаб билан уларни ерга ташлади.
Шунда ногаҳон битта оёғини юваётган кишига кўзи тушди. Унинг бошқа оёғи йўқ эди. Саид яхши пояфзали йўқлиги учун жаҳл қилганидан уялиб қолди. Чунки эҳтимол ёнидаги инсоннинг жуда кўп оёқ кийим сотиб олишга пули бордир, аммо у оёқ сотиб ола олмайди.
Саид бу дунёда пулга сотиб олинмайдиган қимматбаҳо неъматлар ҳам бор эканлигини тушуниб етди. Шу куни Пешин намозидан кейин у Аллоҳ таолога соғлом оёқлар бергани учун шукр қилиб дуога қўлларини очди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада қандай ҳам яхши сўзларни айтганлар:
و كن قنعا تكن أشكر الناس
“Қаноатли бўл! Инсонларни энг шукр қилувчиси бўласан! (Ибн Можа, Зуҳд 24)
Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва
Муаттар Абдулқаюм таржимаси