2017 йили «Ахборот» дастурида «аср қурилиши» деб эътироф этилган «Сардоба» сув омборида шу йил 1 май куни «аср ўпирилиши» рўй берди ва ҳаммаёқни сув босди. Сув омборда ўпирилган тупроқ кўпроқми ё ўмарилган пулларми, ҳали буни аниқлаштириш керак бўлади, токи уни қурганлар сувдан қуруқ чиқа олишмасин.
Айни дамда энг хижолатлиси — ўзимиз қолиб, қўшни Қозоғистонда ҳам одамларнинг уйини сув босиб турибди. Сирдарёда хавфли ҳудудлардан 90 мингга яқин киши эвакуация қилинган бўлса, Қозоғистонда 31 мингдан зиёд аҳоли ўз турар жойини тарк этишга мажбур бўлди. Албатта, ҳали ўзимизда ҳамма ҳам ёрдам ололмас, аммо Қозоғистонга етказилган нинадек зарар учун ҳам товон пули тўлаб берилса керак.
Дастлаб сув омбори тўғони девори бузилишига кучли шамол ва кучли ёмғир сабаб бўлгани айтилди. Ўзбекистонда ҳар йили баҳор фаслида жаладан сўнг у ёки бу қишлоқларда, ҳатто шаҳарларда сув тошқинлари юзага келиши кузатилади. Кўпчилик бу сафарги ҳодисага ҳам бошида ана шундай аҳамият билан қарагани рост. Лекин кўп ўтмай оқибат ниҳоятда аянчли экани маълум бўла бошлади: сув тошқинига аслида турмаган шамол ва ёғмаган ёмғир мутлақо алоқадор эмаслиги ҳам, 4 киши ҳалок бўлиб, 1 киши бедарак йўқолгани ҳам, соғ уйнинг ўзи қолмагани ҳам…
Сув омбори қурилиши
«Сардоба» сув омбори Жанубий Мирзачўл каналининг марказий тармоғи оқиб ўтган ҳудудда барпо этилган, қурилиш ишлари 2009 йилда бошланиб, 2017 йилда якунланган.
Уни қуришдан мақсад Сирдарё ва Жиззах вилоятлари экин далаларини суғорадиган сув билан таъминлаш, кейинчалик бу ерда мини-ГЭС ҳам барпо этиш бўлган (Тақдирнинг ўйинини қарангки, сув омборида мини-ГЭС учун тамал тоши қўйилгани ҳақидаги хабарлардан 10 кун ўтмасдан ушбу техноген фалокат юз берди).
Сув сиғими қарийб 922 млн метр куб бўлган «Сардоба» сув омбори қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси бошчилигида олиб борилгани маълум қилинмоқда.
Сув сатҳи баландлиги 28,8 метр бўлган ва 404 миллион АҚШ доллари эвазига барпо этилган сув омбор энди қанча зарар келтиргани маълум эмас.
Юзаси 67,4 км² бўлган сув омборидан оқиб чиққан сув Қозоғистоннинг ўзида қарийб уч баробар каттароқ юза – 175,29 км² жойда тошқин ҳосил қилиб турибди.
Ўпирилишга нима сабаб бўлган?
Google Earth архивига мурожаат қилиб, «Сардоба» сув омборининг қурилиши тарихига эътибор қилинса, ўша «сув уриб кетган 6-пикет» деб аталаётган жой энг сўнгги босқичда бунёд этилгани, у ер энг хавфли участка ҳам эмаслиги, сув омборнинг энг саёз жойларидан бири экани ойдинлашади (спутникдан туширилган сўнгги фотосуратлардан кўринмоқдаки, сув омборининг чуқурроқ қисмларида ҳали ҳам сув сақланиб турибди).
«Сардоба» сув омборининг дамбалари грунтли кўтарма шаклида барпо қилинган. Юртимизда тоғ ён бағирларида эмас, текисликда барпо этилган сув омборларда бундай кўтармалардан азалдан фойдаланиб келинади.
Бироқ, сув босими тупроқни ювиб кетмаслиги учун Сардобада барча ишлар рисоладагидек амалга оширилганмикан? Чунки ижтимоий тармоқларда ўша ўпирилган 6-пикет ҳудудида анчадан буён сув оз-оздан сизиб, нам бўлиб тургани ҳақида ёзишмоқда.
Юртимизда грунтдан тўғонлар барпо этиш бўйича ягона қурилиш меъёрлари қоидалари қабул қилинган. У Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси раисининг 1998 йил 20 мартдаги буйруғи билан СНиП 2.06.05-84 ўрнига қабул қилинган ҚМҚ 2.06.05-98 дир.
Албатта, сув омборининг шимол тарафдаги сув чиқадиган ва кучли босимли сувни тутиб турадиган қисми барча шарт ва талабларга риоя қилиб қурилган бўлиши керак. Бироқ, тахмин қилиш мумкинки, айнан босим нисбатан камроқ бўлган (1), саёз (2) ва энг охирида (3) барпо этилган қисмида (6-пикет) тупроқни шиббалаш ишлари, дамбани сув ўтказмайдиган, зич ҳолатда барпо этиш қурилиш ташкилоти томонидан ниҳоятда ўлда-жўлда бажарилган.
Ўпирилган жой яқинида балиқчилик хўжаликлари фаолият кўрсатгани сабабли фожиага уларнинг ҳам таъсири бўлгани текшириб кўрилиши керак.
Сангиновлар оиласи
Ижтимоий тармоқларда кўпчилик ёппасига «Ўзгидроэнерго» АЖ раҳбари Абдуғани Сангинов ва унинг қариндошларини айблашга тушиб кетди. Эмишки, «Сардоба» сув омбори шу инсоннинг бевосита раҳбарлиги остида барпо этилган. Шу йил апрель ойида тамал тоши қўйилган ва келгуси йилнинг июль ойида ишга туширилиши керак бўлган 10,7 МВт.лик «Сардоба» ГЭС эса Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмонов раҳбарлик қилаётган «TO‘PALANG HPD HOLDING» МЧЖ таркибидаги «Topalang HPD irrigation systems» УК томонидан қурилаётгани ҳам буни исботлайдигандек.
Хўш, чиндан ҳам «Сардоба» сув омбори қурилишида А.Сангинов бевосита алоқадор фирма ё ташкилотлар иштирок этганми? Иштирок этган!
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ матбуот хизматига кўра, ўша вақтда 10 субпудратчи ичида «Резаксой сув қурилиш» МЧЖ (ҳозирги номи – «To‘palang Water Construction» МЧЖ) томонидан ишлар олиб борилган, бироқ бажарилган ишлар ўпирилиш содир бўлган ҳудуддан бошқа жойда бўлган.
Маълумот учун, Абдуғани Сангинов 2017 йилнинг май ойида, «Сардоба» сув омбори очилганидан сўнг янги ташкил этилган «Ўзгидроэнерго» АЖга раҳбар этиб тайинланган.
Сангиновлар оиласига тегишли «Резаксой сув қурилиш» МЧЖ 2003–2010 йилда Наманган вилояти Чуст туманидаги «Резаксой» сув омбори қурилишини олиб боради. Шундан сўнг ташкилот «Сардоба» сув омбори қурилишига ҳам қўшилади.
Абдуғани Сангинов раҳбар бўлган «Ўзгидроэнерго» АЖ матбуот хизмати Сангиновларнинг ўпирилган жойга алоқаси йўқлигини маълум қилмоқда. Лекин улар бўлмаса, барибир кимдир ўша участкани қурган-ку? Текшириш якунларига кўра, уларнинг ҳам номи ҳам маълум бўлиши тайин.
Қурилиш соҳасидаги ўпириш ва ўпирилишлар
Ўзи нега сув омбори қурилиши «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга берилгани ҳам жуда катта савол бўлиб турибди. Темирйўлчилар шунчалик уста қурувчилармидики, Ўзбекистондаги темир йўлга тегишли бўлган ва тегишли бўлмаган барча «ёғли» жойлар уларга насиб этаверса?!
Темирйўлчилар қурган Қамчиқ довонидаги темирйўлда кўчки ва ўпирилиш содир бўлганини эсланг. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ орадан 2 йил ўтиб (!) бу воқеага изоҳ беришга ўзида куч топа олган эди.
Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўлида ҳар йили тупроқ ва селдан ўпирилиш бор. Ҳар йили!
Юнусобод метро линияси қурилиши вақтида тупроқ оддий ёмғирдан ўпирилиб, 6 ўғлонни босиб қолганига кўп вақт бўлмади.
400 миллион АҚШ доллари чакана пул эмас ахир! Шунчаки 27888 м масофага тупроқни суриб қўйиш 400 миллион долларга тушмаса керак? Балким хорижлик (айтайлик, Хитой компанияси) шу ишни 100 миллион долларга сифатли ва кафолатли қила олган бўлармиди. Кимдир шу масаланинг ҳам охирига етармикин?
Хуллас, мана шундай оқибати қўшни давлатга ҳам зиён етказадиган лойиҳаларни халқаро миқёсда экспертизадан ўтказиб, тендер эълон қилиб, имкони бўлса маҳаллий қурувчиларни умуман яқинлаштирмасдан хорижлик номдор қурилиш компаниялари иштирокида қуриш керакмиди?
Фақат шаффофлик бизни қутқаради
Умуман, энг коррупциялашган ҳисобланувчи қурилиш соҳаси қачон шаффофлашади? Нега бизда улкан қурилишда хорижий компанияларнинг иштирокига йўл қўйилмайди? Нима учун фақат ўзимизникилар ўз аммасининг ўғли, тоғасининг жияни номига очилган фирмалар ёрдамида номигагина ўтказиладиган тендерларда ғолиб чиқиб, объектни «мендан кетгунча эгасига етгунча» тарзида қуриши керак?
Давлат аҳамиятидаги лойиҳалар нега аллақайси амалдорнинг жимжимадор имзоси билан амалга ошириб кетилмоқда?
Ана шундай лойиҳалардан бири туфайли Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКО рўйхатида Афғонистондаги Бамиён водийсида «толибонлар» томонидан портлатилган буддалар ҳайкали билан битта рўйхатда турибди. Яъни, Шаҳрисабзни обод (аслида вайрон!) қилган ўша лойиҳани тасдиқлаганлар ва толибонларнинг фарқи йўқ, моҳиятан.
Яна бир масала: қурилиш объектларини маълум бир санага мўлжаллаб, ҳайбаракаллачилик ва шошма-шошарлик билан қуриб топширишга қачон барҳам берилади?
Олотда кўрдик намунавий уйларнинг аҳволини. Мен қўрқаманки, шаҳар ва туманларда қурилаётган 2 қаватдан 7 қаватгача бўлган арзон турар жой бинолари 5-6 баллик зилзилага дош берармикан? Худо кўрсатмасин-у, 7-8 баллик зилзила рўй берса қартадан ясалган уйчадек барчаси қулаши аниқ. Қурилиш соҳасида қанақа ўғриликлар бўлишини ҳатто тасаввур ҳам қилиш қийин. Сифат эса энг охирги ўринда бўлиб қолмоқда.
«Қишлоққурилишинвест», «Шаҳарқурилишинвест» деб аталадиган юҳо ташкилотларнинг ҳам барча тендерларини шаффофлаштириш керак. Фақатгина шаффофлик ва кучли жамоатчилик назорати билан қурилиш соҳасидаги қинғирликларга барҳам бериш мумкин. Бўлмаса, енг ичида иш битириш бўйича бу инсонлар фарангларга ҳам дарс беради. Ўзларига бало ҳам урмайди. Керак бўлса, Сардобанинг сувидан ҳам қуруқ чиқишади улар. Жабрини эса ҳар доимгидек оддий халқ тортади.
Кеча президент Шавкат Мирзиёев ҳам видеоселекторда қурилиш соҳасидаги сифатсиз ишларга эътибор қаратди.
«Қаерда сифат бўлган бўлса, натижаси кўриниб турибди. Қаерда сифат бўлмаган бўлса, коррупция, ўғрилик, тендерларни «ура-ура» қилган ташкилотлар… бош вазир ўринбосарлари, «бажарамиз», «есть» қиламиз, деган одамлар энди ишлолмайди. Бу ишнинг якуни бошқача бўлади. Жуда катта таҳлил қиламан, мажбурман таҳлил қилишга. Кўп одамлар билан хайрлашишга мажбур бўламан… Энди бундай ишлаш бўлмайди. Аллоҳ таоло бу сафар ҳам айтяпти: «Эй, бандам, кўзингни оч! Халққа ҳалол меҳнат қилиш керак, деяпти. Ҳалол!» дея гапирди президент. Бу сўзлар президент матбуот хизмати томонидан ҳам, «Ахборот» пропаганда дастурида ҳам келтирилмаган.
Президент одамларнинг дилидаги, қилиниши шарт бўлган ишларни гапирмоқда. Лекин кимлардир шунча кўргуликлардан кейин ҳам президентнинг бу сўзларига қаршидек, ўзгаришлар бўлмаслигини, барчаси аввалгидек қолишини истаётгандек…
«Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда бўлса ҳам чиқади», дейишган. У эски замонларнинг гапи. Ҳозирги тезлашган замонда бундай «миси чиқиши»-ю, «фош бўлиш»лар 4 йилга ҳам бормаяпти. Ўзимиз ақл билан ўзгарайлик, йўқса она табиат барибир ўзгартиради бизни.
Шуҳрат Шокиржонов,
Кун.уз