islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

​АЛВИДО, ГУНОҲ АМАЛЛАР!

Азиз биродарим, айтингчи, бу ой давомида қанчалар савобсевар бўла олдингиз, қанчалик гуноҳлардан тийилишга, Аллоҳнинг қайтариқларидан ҳазар қилишга ўргандингиз?

Яратган Роббимизга беадад ҳамду санолар бўлсин, мана Моҳи Рамазон ҳам тугади. Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилиб савоблар захирасини кўпайтирадиган, гуноҳларга тавба қилиб, маъсиятлардан тийилишга ёрдам берадиган муборак Рамазон ойини ато қилди. Рамазон ҳақиқатдан ҳам мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий чиниқиш, тобланиш мактаби ҳисобланади.

Келинг, бугундан бошлаб гуноҳ, маъсият, Яратган қайтарган ҳаром ишларга АЛВИДО деймиз! Рамазонга эмас, айнан бизни залолатга бошлагувчи амалларга алвидо дейлик. Рамазонни, яъни унда ўрганиб, кўникиб қолганимиз солиҳ амалларни йил давомида ўзимизга ҳамроҳ қилиб олайлик! Атрофимиздагиларга меҳр кўрсатиш, саховатда пешқадам бўлиш, Қуръон ва ҳадисларни ўқиб, ўрганиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш, ота-онамизга ғамхўрлик, аҳлимиз, биродарларимиз, дўсту ёрларимизни эъзозлаш, умуман, ҳақиқий мўминга хос сифатлар билан хулқланиш бизлар учун дастурул амалга айлансин! Бу борада шижоат кўрсатайлик, жидду жаҳд қилайлик!

Зеро, Рамазонда ҳам бошқа ўн бир ойда ҳам Роббимиз ягона, Рамазонда солиҳ амалларга ундаган Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам битта ва У зотнинг кўрсатмалари ҳам айнан бир хил. Биз фақатгина Рамазонда намозга буюрилмаганмиз, балки Роббимиз бизга намозни доимий фарз қилган. Ҳаромдан тийилиш, етим-есир, бева-бечора, фақир инсонларга саховат кўрсатиш, меҳр-шафқатли бўлиш ва бошқа хайрли амаллар ҳам худди шундай. Шундай экан, Рамазондаги барча солиҳ амалларимизни кейин ҳам йил давомида тўхтатиб қўймасдан, давом эттиришимиз лозим.

Биз учун ҳақиқий байрам қачон бўлади?
Гуноҳлардан тийила олган кунимиз, маъсиятларга алвидо деган онимиздан биз учун ҳақиқий байрам бошланади!

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазондан онадан янги туғилган чақалоқдай гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда чиқишимизни насиб қилсин!
Яратган Эгам нуқсонлик билан қилган барча солиҳ амалларимизни Ўз ФАЗЛИ ва КАРАМИГА мос тарзда қабул қилсин! Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин!!!

ТИИ ўқитувчиси ҒИЁСИДДИН ҲАБИБУЛЛОҲ

143270cookie-check​АЛВИДО, ГУНОҲ АМАЛЛАР!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: