islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда разоъ ҳукмининг собит бўлиши ва у билан боғлиқ турли ижтимоий масалалар – 3

Чақалоқ икки ёшгача онасидан бошқа аёлни эмса ёки унинг сути ичирилса, разоъ ҳукми собит бўлади. Бунда сут миқдорининг фарқи йўқ, бир томчи сут кирса ҳам разоъ собит бўлади. Разоъ ҳукмига кўра, бегона аёл сутини эмган болага ўша аёл она, аёлнинг эри ота ҳукмида бўлади. Сут эмган бола шу ота-онанинг асл фарзандларидек бўлади. Уларнинг ўз фарзандлари эса  бу болага маҳрам ҳисобланади. Сут эмган бола ўғил ёки қиз бўлишидан қатъи назар, шу маҳрамларига никоҳланиши мутлақо мумкин эмас. Ҳалол ва Ҳаром масаласида эса эмикдошликка ҳам алоҳида эътибор берилади.

Сут она ёллашда  унинг соғлом, серсут, хулқи ва одоби намунали, ўзи ақлли бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади, чунки эмизувчи аёлнинг феъл-атворидаги иллат ва фазилатлар болага ҳам кўчиши аниқланган.

Уламолар ўртасида”Она ўз фарзандини эмизишга мажбурми ёки мажбур эмасми?” деган масала ҳам бор.Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ(:”Агар бола онасидан бошқани эммаса ёки онасидан бошқа аёл бўлмаса ёхуд ота бошқа эмизадиган  аёлга бериш учун ижара маблағига эга бўлмаса, она болани эмизишга мажбур қилинади”, деганлар.Чунки эмиш боланинг нафақаси ҳисобланиб, унга кетадиган барча нафақа отанинг зиммасидадир.

Бу масалада ҳам аёлнинг эрки, озодлиги, шахсий ҳуқуқи эътиборга олингани ва туққан онаси “Мен боламни эмизмайман” деса, уни айблаш ноўрин экани билинади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ (эса: “Туққан она боласини эмизишга мажбурдир дедилар.

Аммо баъзи оналар ҳам бор, сути камлиги, қомати бузилиши,иши кўплиги каби сабабларни баҳона қилиб, боласини эмизиш ўрнига сунъий сут ва бўтқалар билан боқишни афзал кўрадилар. Табиатдаги ҳеч бир нарса она сути ўрнини босолмайди, буни замонавий тиббиёт ҳам исботлаган. Ҳадиси шарифда:”Бола учун она сутидан яхшироқ озуқа йўқ”дейилган. Халқиммизда ўзига хос гўзал бир фазилат ва хусусият бор, ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўлмаган тақдирда, она сутидан бошқа сут ёки маҳсулотга  муддатидан олдин ўтиш боланинг соғлом, баркамол ўсишига салбий таъсир этишидан замонавий тиббиёт гувоҳлик беради.

Эмизиш ҳаражатлари.

Болани эмизишга келсак, агар уни эмизадиган аёл топилса, боланинг маблағи бўлмаган тақдирда, эмизиш отанинг зиммасига тушади.Агар боланинг шахсий маблагғи  бўлса, эмизиш ҳаражати боланинг маблағидан олинади. Бола сутдан чиққандан сўнг, унинг таъминоти ҳам худди шундай, агар маблағи бўлса, ҳаражат шу пулдан олиниб, отага юкланмайди.Боланинг таъминоти билан хотинлар нафақаси ўртасини фарқла. Агар хотин бой бўлса, унинг таъминоти эр зиммасида бўлади.

Эмизиш ота – онанинг бурчи, боланинг ҳаққи. Туғилган бола аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онасининг вазифаси. Онани нафақа билан таъминлаш эса отанинг вазифаси. Шаръий узр сабаб она эмиза олмаса, эмизувчи топпиш ва уни рози қилиш ҳам отанинг вазифаси ҳисобланади.

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўтабар вазифаси фарзандини икки йил эмизишдир.Яъни туғилган гўдакнинг жисми ва руҳининг ўсиб – улғайишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланошига ҳам она сути зарур  озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак.Бу қуръоний ҳақиқатни инсоният  минг тўрт юз йилдан кейингина тушуниб етди. Ҳозирги кунда олимлар “ Гўдак бола учун енг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил емизиш керак”, деган хулосага келишди.

Эмизиш жойи.

Агар она эмизишга мажбур қилинмаса ва боланинг маблағи бўлмаса, ота боласини эмизишга бошқа аёл ёллаши лозим.Келишувга мувофиқ, энага аёл гўдакни унинг онаси ҳузурида эмизади,онасидан ажратмайди.Чунки она боласини ўз бағрида парваришлаши  унинг ҳаққи эканига уммат ижмоъ қилган. Агар келишувда бу ҳол кўрсатилмаган бўлса, энага она уйида қолмаслиги зарур. Чунки бола энагага боғланиб қолмаслиги керак. Агар келишувда уни ҳузурида қолмаслиги шарт қилинган бўлса, энага болани уйига олиб бориб эмизишга ҳақлидир.Агар келишувда энага она ҳузурида қолиши шарт қилинган бўлса, бунга риоя этиш лозим “Жомиъу-р – румуз”да шундай дейилган: Ёш болани парвариш қилиш ва у болага сут эмизиш онасига тегишлидир. Лекин жабр қилинмагай, яъни боланинг онаси парвариш қилишни ихтиёр қилса, ундан бола зўрлик билан олинмагай ё  боланинг онаси парвариш қилишни ихтиёр қилса, ундан бола зўрлик қилиб олинмагай. Ё парвариш қилиш ва  эмизишга олинмаса, унга бола зўрлик қилиб топширилмагай. Хоҳ у хотин талоқ қилинган бўлсин, хоҳ талоқ қилинган бўлмасин, хоҳ у жудолик талоқ билан бирга бўлсин, хоҳ ўлим билан бирга бўлсин, хоҳ бошқа сабаб билан бўлсин.

“Кофийда шундай келган:Фақат ёш боланинг онаси тарбия қилишга муносиб ва лойиқ эмас, бордию, диндан қайтган бўлса, ё фожира, ёки фисқу фужур ишни қилиб, тоъгъри ёълдан чиқувчи бўлса ва оманат сақлайдиган бўлмаса, унга берилмагай.

“Муҳит” да шундай дейилган: ёш боланинг парвариш қилишга муносиб бўлган хотинларнинг ҳар қайсилари бўлсин, боланинг маҳрами бўлмаган бегона кишига никоҳланиш сабаби бирла улардан тарбия қилиш ҳақи соқит бўлгай. Қози ёш болаларни улардан хоҳлаган жойга қўйғай. Аммо боланинг маҳрамига никоҳланиш сабаби бирла тарбия қилиш ҳақи соқит бўлмагай.

Шубҳа эмизиш туфайли ҳаром бўлишга таъсир қиладими? Қози имом Фахруддин”[1]нинг «Фатово»сида шундай дейилган: Гўдак бола билан гӱдак қиз ўртасида ҳакикатда билинмайдиган даражада эмизилганлик шубҳаси бор. Уламолар шундай дейишган: Агар бу хусусда бирор киши хабар бермаган бўлса, ўзаро никох қуришида зарар йук. Агар одил, ишончли, сўзи эътиборли киши хабар берган бўлса, никоҳ жоиз эмас. Агар хабар никохдан кейин берилса, эр ва хотин вояга етган бўлса, эҳтиёт шарт ажралишидир. Бу Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан ҳам ривоят қилинган бўлиб, у зот бундай кишиларни ажратишга буюрганлар.

Бир гӯдак қизни бир қишлоқ аҳлидан кўпчилик аёл эмизиб, улар кўп ёки кам бўлишидан қатъи назар, қайси бири эмизгани маълум бўлмаса ва кейин ўша қишлоқ ахлидан бири унга уйланмокчи бўлса, Абул Қосим Саффор[2] айтишича, агар бирор аломат аник булмаса  ёки бирор ким бунга гувохлик бермаса, бундай қизга уйланиши мумкин.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай эмикдошлар орасидаги никоҳ масаласини баён қилган ҳадисларида: «Насаб буйича ҳаром бўлган нарса, разоъ-эмиш буйича хам ҳаром бўлади», деганлар. Мазкур ҳадиси шарифга биноан насаб бўйича бир-бирига никоҳи ҳаром бўлган ҳар-бир жуфт орасидаги никох эмикдошлик орқали ҳам ҳаром бўлади. Бир аёлни сутини эмган йигит билан қиз уйлансалар ака-сингил эру хотин бўлган бўлади.

Қурьони каримда: «.. эмизган «она»ларингиз, эмишган «опа-сингил»ларингиз»нинг никоҳи ҳаром қилинди (Нисо, 23)[3]. Бу жумлада эмиш оркали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмокда. Ояти каримада Фақат икки тоифа- эмиш гуфайли аслга айланган, яъни она бўлганлар ва уларнинг шохобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр килинмокда. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) эса бу борада”Насаб жиҳатидан”  (никоҳи) харом булганлар эмиш жиҳатидан ҳам ҳаром бўладилар», деганлар. Яъни насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларга никохланиш ҳаром бўлса, сут қардошлик туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.

Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа сутли аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса oтасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлари ҳам эмган болага қариндош бўладилар. Бу хукмнинг ҳикмати тўлалигича Аллоҳнинг Ўзига маълум. Аммо баьзи ҳикматлари ушбу ояти карима нозил бўлганидан бир неча асрлар ўтиб, маълум бўлди. Гўдакнинг суяги ва эти она сутидан шаклланар экан. Бир онанинг сутини эмиб катта бўлган инсонларнинг физиологик хусусиятлари бир хил шаклланганлиги туфайли улар орасида никоҳ алоқаси бўлса, ўзларига ҳам, улардан бўлган болаларга ҳам катта зарар етади. Буни мусулмонлардан бошқалар энди-энди тушуниб келмокдалар.

4-курс талабаси Холмирзаева Дилноза

[1] Фахрулислом Қозихон-Фахруддин Ҳасан ибн Мансур ибн Абул Қосим Маҳмуд ибн Абдулазиз Узжандий Фарғоний 592/1197 йили вафот этган. У Козихон ва Фахруддинхон номлари билан машҳур. Унинг тӳртта катта китобдан иборат «ал-Фатово» ва икки катта жилдли «Шарҳ ал-жоме ас- сағир» асарлари мавжуд. (Ал-Фавоид ал-баҳия. – Б.78; ал-Жавоҳир ал-мудия.- Ж. 2.- Б.93; Кашф  аз-зунун.-Б. 1.-Б. 36-37,- Ж. 2. Б. 1227).Б .79

[2]  Абул Қосим Саффор-Ахмад ибн Исмат Абул Косим Саффор 326/938 йили, баъзи бир манбаларда 336/948 йилда вафот этган, деб кўрсатилади. (Ал-Фавоид ал-бахия.- Б. 29).

[3]  Шайх Абдулазиз Мансур.Қуръони карим маънолариниг таржимаси ва тафсири – Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси,  –  Б.81.

144200cookie-checkИсломда разоъ ҳукмининг собит бўлиши ва у билан боғлиқ турли ижтимоий масалалар – 3

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: