“Шайтонни кузата бошладим. У жаннатга олиб борадиган барча йўлларнинг бошида турар эди.
У Аллоҳ берган неъматларни менга ёмон кўрсатиб ношукрлик қилишга ундар эди.
Ҳаёт йўлимда мен билан мадрасада бирга ўқиган бир йигит бор эди. У яхши ўқимади, ахлоқи ҳам ёмон эди. Ёмонликда зарбулмасал бўлди. Охири уни мадрасадан ҳайдашди.
У елиб-югуриб кўп мол ва обрў топди. Шайтон дарҳол ҳузуримда ҳозир бўлди:
– Кўраяпсанми уни, сени илминг ва фазилатинг бўлсада унинг обрўси ва пули кўп?! Сенинг нима гуноҳинг бор эдики, тақдир сенга қиё боқмаяпти?!
Мен унга дедим:
– Овозингни ўчир! Аллоҳ менга берган неъматларга ношукрлик қилишимни истаяпсан шекилли?! Кимда барча неъматлар муҳайё? Нима учун унга қарашим керагу, ўзимдан мол ва обрўда пастдагиларга қарамаслигим керак?! Нима учун дунёда ўзимдан тепадагиларга қараб, динда ўзимдан тепадагиларга қарамаслигим керак?! Нима учун йўқ бўладиган дунёда турли даражаларни олишга уринишим лозиму, абадий охиратда даражам юксалиши учун ҳаракат қилмаслигим керак?! Нима учун унинг моли кўплиги учун унга ҳасад қилишим керагу, ибодатда, илмда ва тақвода ўзимдан ўзиб кетган фалончи дўстимга ҳасад қилмаслигим керак?! Нега мен унинг молига ҳасад қилишим керагу, у менинг илмимга ҳасад қилмаслиги керак?! Илм, хулқ ва закийлик ҳам мол ва обрў сингари неъмат эмасми?!
Бир куни трамвайда кетаётсам гўзалликда беқиёс бир қизни кўриб қолдим. Унинг бўйни, кўкраклари ва оёқлари очиқ эди. Йиллар меҳнат қилиб ўчирган шаҳватимни уйғотиш учун шайтон дарҳол ҳозир бўлди ва васваса қила бошлади. Дарҳол ҳадиси шариф ёдимга тушди:
“(Назарнинг) Биринчиси сеники, иккинчиси сенинг зараринггадир”.
Кўзимни бошқа ёққа олиб фикримни ҳам бошқа мавзу билан чалғитдим.
Шайтон яна қайтиб келди. У қизнинг фитна ўринларини менга тасаввурлантира бошлади. Мен беихтиёр қизга назар солдим. Дарҳол ёдимга Аллоҳ таолонинг ояти тушди:
“У кўзлар хиёнатини ва қалблар яширган нарсаларни ҳам билади”.
Кўзларим менга хиёнат қилди. Қуръоннинг услуби қандай гўзал!
Қарасам шайтон билан бўладиган жангда туриб бера олмайман. Трамвайдан тушдим. Бошқасини кутдим. Ўшанда ёшим элликда эди. Йигирма, ўттизда бўлсам қандай қилар эдим.
Бошқа трамвай келди. Унга миндим. Шайтон ҳам мен билан бирга минганини ҳис қилдим. Минишим билан мени таниганлар салом бериб менга илтифот қила бошлашди. Улар мен ёзган нарсаларимни мақташар, мавъизаларимдан манфаатланаётганларини айтиб раҳматлар айтишар эди. Шайтон бошлади:
“Кўраяпсанми, халқнинг тили Ҳақнинг мақтовидир. Уларнинг мақтови сенинг яхши инсон эканлигингга ишорадир”.
Мен унга дарҳол:
“Сенинг шаррингдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман. Уларнинг мен ҳақимда айтаётган гапларини тасдиқ қилишдан паноҳ сўрайман”, деб жавоб қайтардим.
Трамвайга кийимлари йиртиқ бир исқирт киши минди. У менга яқинлашар экан кийимларимга тегмасин деб кийимларимни йиғиштирдим. Аммо у келиб менинг ёнимга ўтирди. Асабларимда ғазаб оловлари ёнганини ҳис қилдим. Бу сафар шайтон мендан ғолиб келишига аниқ ишонди. Аммо мен ўзимга қайтдим:
“Йўқ! Аллоҳга қасамки, шайтон мени устимдан кулишига йўл қўймайман. Аллоҳга берган аҳдимни эсладим. Ундан ёрдам сўрадим. У менинг устимга сакинатини нозил қилди. Кўзим олдидаги инсонга бўлган ўлчовимни ўзгартирди. Ўлчовлар бунча ўзгарувчан бўлмаса! Ҳарбий хизматда кишиларни бўйига қараб ажратишади. Вазифаларга эса унвон ва даражаларга қараб тақсимлашади. Жангда шижоат ва қаҳрамонликка кўра жойлаштиришади. Солиқларни эса мол-давлатга қараб тайинлашади.
Ўзимни қиёмат майдонида тургандек ҳис қилдим. Унда инсонлар икки қисмга ажратилган. 1. Имтиҳондан яхши ўтиб жаннат хушхабарини олганлар.2. Имтиҳондан ўта олмай жаҳаннамга қулаб хор бўлганлар.
Ўзимга ўзим дедим:
“Эҳтимол бу киши ўзининг эски ва йиртиқ кийимлари билан имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар сафида бўлар. Мен эса, Аллоҳ сақласин-у, ҳалок бўлганлар сафида бўларман. Эҳтимол жирканиш ва кийимларини менга тегмаслиги учун йиғиштириш унинг ҳаққидир”.
Ана шу хаёлларга ғарқ бўлиб трамвайнинг манзилга етиб борганини билмай қолибман”.
Али Тантовий.
“Суратлар ва хаёллар” китобидан.