islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусидаги анжумани бўлиб ўтди.

Тошкент ислом университетида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган “Конфессиялар аро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита раҳбари Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Дендев Бадарч, Ватикан давлатининг Ўзбекистондаги нунцийси Челестино Мильоре, Тошкент рус проваслав черкови митрополити Викентий, Германия, Исроил, Италия, Польша, Россия, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан ташриф буюрган экспертлар, хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, республикада фаолият кўрсатаётган диний конфессиялар раҳбарлари, олим ва мутахассислар, хорижий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев кириш сўзи билан очиб халқаро анжуманга қимматли вақтини сарфлаб келган меҳмонларга миннатдорчилик билдирди ва  Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, профессор Акмал Саидовга сўз берди.

Акмал Саидов. ушбу анжуман йигирма йилдан буён ўтказиб келинаётгани, йилдан йилга иштирокчилар сони ортиб бораётганини айтаркан, жумладан, бундай деди: “1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”нинг ташаббускорларидан бири марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эди. У  киши ЮНЕСКОнинг Штаб квартирасида туриб, Ўзбекистон қадимдан диний бағрикенглик маскани бўлиб келгани, бу юртда ҳеч қачон диний конфессиялар ўртасида низо чиқмагани, аксинча, диний конфессиялар вакиллари аҳил-иноқ яшаб келганини айтиб, ушбу декларацияни қабул қилиш ҳақида ташаббус кўрсатган эди”.

Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам юртимиздаги бағрикенглик буюк тарихий анъаналарга монанд. Ўзбекистон фуқароларининг виждон ва эътиқод эркинлиги уларнинг миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар тўлиқ кафолатланган. Турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли ва изчили сиёсат амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида мамлакатимиздаги мавжуд конфессия ва миллат вакиллари ўзаро дўстлик ва аҳилликда яшаб, умуммиллий юксалиш йўлида халқимизда миллий ғурур ва ифтихор, ватанпарварлик ва фидокорлик, комил инсонни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Конференцияда турли эътиқод вакилларининг иштирок этиши Ўзбекистон Республикасида диний бағрикенгликнинг таъминланганидан дарак беради.

– Конференция ғоят долзарб мавзуга бағишланганини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Новоапостол черковининг Берлин-Бранденбург округи раҳбари Вольфганг Надольни (Германия). – Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонда худди шундай муҳит қарор топган. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга молик. Ўзбекистондаги ўзаро бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳити тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбирда бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган можароларга теран кўз билан қараш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраб-авайлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, айрим минтақаларда диний ақидапарастлик ва миллатчилик уруш ва низолар келиб чиқишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш имконини бериши алоҳида таъкидланди.

– Ўн йилдан буён Ўзбекистондаман, – деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. – Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қувонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, орзу-ҳавасларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистондаги тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини келтирмоқда.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳитида инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Анжуманда тинчликни мустаҳкамлашда диний бағрикенгликнинг ўрни, бағрикенглик тамойиллари, динлар ва ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро мулоқотнинг жамиятни ривожлантиришдаги роли, ёшларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибасига бағишланган маърузалар тингланди.

Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар, диний ташкилотларда тайёрланган Ўзбекистондаги миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини акс эттирган босма нашрлар кўргазмаси ташкил этилди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

14810cookie-check“Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусидаги анжумани бўлиб ўтди.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: