Қурбон байрами оила даврасида ўтказилиши тавсия қилинган.
«Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти маълумот учун қабул қилинди ва маҳаллий ҳокимликларга тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилди.
Фуқароларга Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ҳамда халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш тавсия этилди», дейилади комиссия ахборотида.
Бундан аввалроқ президент қарори билан Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами 31 июль куни нишонланиши белгиланганди. Байрам тадбирлари карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши маълум қилинганди.
Июль ойи бошида Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар қатъий карантин жорий этилганди. Бугун, 26 июль куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан карантин 15 августгача узайтирилди.
Эндиликда 15 августга қадар тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказилмайди, истироҳат боғларидаги аттракционлар, умумий овқатланиш объектлари, сартарошхоналар ва гўзаллик салонлари ёпиқлигича қолади.