islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Оддийгина” чанг

Ҳар йили бир неча ўн минг одам оддий чанг орқали тарқалган касалликлардан вафот этади. Бу ҳақида статистик ахборотлар орқали жар солинмагани учун ҳам, бехабармиз. Яхшиямки шундай.

АҚШнинг Аризона университети профессори Палома Бимер оддий чанг таркибини тадқиқ қилади.

Унинг ёзишича, жиҳозларимизга ўрнаб қоладиган чангларнинг 60 фоизи ташқаридан киради, қолган 40 фоизи ичкарида пайдо бўлади. Чангнинг аниқ таркибини белгилашнинг имкони йўқ. Унинг таркиби кунига ўзгариб туради, органик моддаларни ҳам, ноорганик моддаларни ҳам топасиз ундан.
– Уйингиздаги ҳар кунлик чанг таркибида одам терисининг парчаларидан тортиб, асбестгача, кўз илғамас ҳашаротлардан тортиб, хавфли микробларгача бор, – дейди Палома хоним.

Эътиборингизга ҳавола қилаётганим – икки суратнинг бирида уй жиҳози устидаги бир кунлик чанг таркибининг микроскоп остидаги тасвири (500 марта катталаштирилган); иккинчисида эса оддий чанг таркибидаги ҳашарот (русча айтганда, клещ) – у ҳам ўзига етгунча хавфли.


Энди диққат қилинг: биз шу чангларни ҳар куни оддий нам латта билан осонгина артиб ташлаймиз. Унинг таркибидаги ҳар турли хавфлар ҳақида тасаввуримиз ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам хотиржаммиз. Чанг артгандан кейин қўлимизни алоҳида дезинфекция ҳам қилмаймиз, оддийгина совун билан ювамиз, бўлди. Анави чанг ҳашароти бурнимизга кириб қолса, бир-икки аксириш билан масаласини ҳал қиламиз. Тамом.
Биз чангдан қўрқмаймиз, чунки у ҳақида негатив ахборотлар йўқ бизда. Чанг ваҳимаси йўқ.
Энди яна Палома хонимга юзланайлик. Хўш… унинг айтишича, ҳар йили бир неча ўн минг одам оддий чанг орқали тарқалган касалликлардан вафот этади. Бу ҳақида статистик ахборотлар орқали жар солинмагани учун ҳам, бехабармиз. Яхшиямки шундай. Бўлмаса, биз учун уйимиздаги оддий чанг ҳам катта хавф манбаи ҳисобланарди.
Кўча-кўйдаги чанг-тўзонлар ҳақида-ку, айтиб ўтириш ҳам шарт эмас. Агар кўча чангининг микроскопик тасвирини кўрсатсам, остонангиздан противогазсиз ҳатлолмай қоласиз.
Атрофимиздаги оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган – кўз илғамас микродунё мўъжизаларга тўла бўлганидек, турли хатарларга ҳам тўла. Меҳрибон Раббимиз бизларни ҳар сонияда ана шундай хатарлардан асраяпти. Ҳозир айтганларим – асралаётганимизнинг энг майда, энг оддий кўриниши. Катталари ҳақида кейинроқ айтиб бераман.
Айтмоқчиманки, ваҳимани эмас, шукрни кўпайтирайлик.

Дилфуза Комил

166990cookie-check“Оддийгина” чанг

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: