islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУНОСИБ ТУҲФА

2020 йили Бухоронинг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан бухоролик зиёлилар тарихи ҳақида янги китоб чоп қилинди.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, асрий орзуларимиз рўёбга чиқиб, юртимизда диний-маърифий соҳада юз бераётган улкан ислоҳотлар туфайли қадриятларимиз тикланмоқда, ўзлигимизни таниб, тарихимизни ўрганмоқдамиз.

Бу борада буюк алломалар юрти бўлмиш жонажон ватанимизда яшаб ўтган, мустабид тузум тазйиқ остида динимизни кўз қорачиғидек авайлаб, ширин жонини тикиб, қўлда чўғ тутгандек сақлаб, биз бахтиёр авлодларга етказиб берган улуғ аждодларимиз тарихи бебаҳо қийматга эгадир.

Маълумингизки, Бухорои шарифдаги «Чор Бакр» жомеъ масжиди имом-хатиби, «Жўйбори Калон» мадрасаси директори Азизхўжа Хайруллоҳ ўғли Иноятов бир гуруҳ тарихчи, таржимон ва муҳаррирлар ижодий жамоаси билан бирга ана шу ватандошларимиз ҳақида маълумотларни тўплаб, «Зулматдаги зиёкорлар» номли китоб таълиф қилинган эди. Китобда даҳрийлар замонининг ўқилмаган, изтиробли янги саҳифалари ёритилган бўлиб, XIX асрнинг иккинчи ярмидан бизнинг кунларимизгача яшаб, даҳрий тузум истибдоди ва қатағонини бошидан кечирган бухоролик зиёлиларнинг шукуҳли, аммо фожиаларга тўла ҳаёти қаламга олинган эди. Шафқатсиз сиқув, қирғин, сургун, қамоқ, таъқиблар ҳам бу зоти шарифларни динидан айира олмади, улар эътиқодда собит қолдилар. Ана шундай чинакам ватанпарвар, фидойи инсонлар туфайли динимизнинг табаррук силсиласи узилмай, бугунгача давом этиб келмоқда ва Қиёматгача давом этиб боражак, иншааллоҳ.

Барчамизга маълумки, ЮНЕСКОнинг Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти ISESCO томонидан 2020 йилда Бухоро шаҳри Ислом олами маданияти пойтахти деб эълон қилиниб, жорий йилда шу муносабат билан йирик халқаро маданий ва маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

«Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ушбу хайрли тадбирларга муносиб туҳфа ўлароқ, «Зулматдаги зиёкорлар» китобининг навбатдаги жилдини нашрга тайёрлаб, чоп қилди. Умид қиламизки, тарихимизнинг энг оғир кунларида бугунги ёруғ кунлардан умид узмаган, динида собит туриб, аждодларига муносиб авлод бўла оган бу улуғ зотларнинг тарихи нафақат ёшларимизнинг тарбиясига, балки халқимизнинг келажагига, дину диёнатига, эътиқодига бевосита таъсир кўрсатади. Ушбу китобни ўқиб, табаррук ота-боболаримизнинг диндаги саботи, матонати, ғайрат-шижоати, ихлоси қандай бўлганини ўргансак, улардан ўрнак олсак, иншааллоҳ, бу табаррук заминдан яна Бухорийлар, Нақшбандийлар, Термизийлар етишиб чиқади, халқимиз ўзининг шонли тарихидаги мақомини тиклайди.

Аллоҳ таолодан ушбу китоб устида меҳнат қилаётган ижодий жамоанинг барча аъзоларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаймиз, бу ва бошқа барча хайрли ишларига бардавомлик сўраймиз, мазкур асарнинг кейинги жилдларини ҳам халқимизга тез кунларда тақдим қилишларини кутиб қоламиз.

Манба: Islom.uz

167360cookie-checkМУНОСИБ ТУҲФА

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: