Давлат раҳбари томонидан 2017 йил 15 июнь куни муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда белгилаб берилган вазифалар, “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон Фармони, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунининг имзоланиши. (Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган), 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатнинг БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг диний-маърифий соҳага оид қарорлари ҳақида маълумот бериш.
Мамлакатимизда диний – маърифий соҳани янада барқарорлаштириш, ислом дини софлигини сақлаш, жамиятда соғлом вазиятни мустаҳкамлашга қаратилган ҳаётий муҳим вазифалар давлат раҳбарининг 2017 йил 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда белгилаб берилди. Жумладан, улар қаторига қуйидагилар киради:
– халқимиз тарихи ва маданияти ҳамда мутафаккир аждодларимизнинг диний-маърифий меросини ўрганиш ва тиклаш ишларини чуқурлаштириш;
– дин ниқоби остидаги ҳаракатларнинг олдини олиш, экстремистик оқимлар таъсири оқибатларини бартараф этиш;
– имом-хатибларимизнинг ижтимоий масъулиятини янада ошириш, улардаги дахлдорлик ҳиссини юксалтириш ҳамда улар ўзларининг юксак маънавияти, одоб-ахлоқи ва шахсий ибрати билан намуна бўлишлари зарурати;
– адашган юртдошларимиз ва уларнинг яқинларини жамиятимиз ҳаётидан изоляция қилинишига асло йўл қўймаслик.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2018 йилнинг 16 апрель санасида “Диний маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу фармон диний маърифий соҳа туб ўзгаришлар ва соҳага оид тузилмаларда такомиллашишларга сабаб бўлди.
Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.
Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:
Қуйидагилар асосий йўналиш сифатида қабул қилинди:
“жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш;
ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;
динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;
жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;
жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;
диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш;
диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш.
Шунингдек фармонда қуйидаги масалалар баён этилган бўлиб, унга кўра:
Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этиш, унинг асосий вазифалари белгилаш;
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш ва ушбу таълим муассасасининг таълим йўналишлари ва вазифалари белгилаш;
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилиши;
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази мамлакатимизда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларимизнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилувчи, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказувчи асосий медиа тузилма сифатида шакллантириш ҳамда уни алоқа воситалари, кенг қамровли Интернет тармоғи, замонавий телестудия, телевизион ускуналар жамланмаси, компьютер техникалари, дастурий таъминот ва бошқа техника воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилиш;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши мазкур фондни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этиш ва унинг асосий вазифларини белгилаш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2018 йил 1 июлга қадар ўрганиш натижалари асосида муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларни “Вақф” хайрия жамоат фондига фойдаланиш учун ижарага бериш ҳуқуқи билан бириктириб беришни назарда тутувчи қарорни қабул қилиш ва ҳ.к.;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар академияси, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва кенг жамоатчиликнинг ислом илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз довруғини жаҳон миқёсида кенг ёйиш ишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган шахсларни рағбатлантириш мақсадида “Имом Бухорий” давлат мукофотини таъсис этиш ҳақидаги таклифи қўллаб-қувватлаш ва таъсис этиш масалалари назарда тутилган.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси – Ўзбекистон ташаббусининг халқаро эътирофи. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиш таклифи билан чиқди. Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Таҳлиллар натижалари сўнгги 10 йилда терроризм оқибатида жаҳон иқтисодиётига 583 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилганини кўрсатмоқда. Кейинги 15 йилда террорчилик ҳаракатлари натижасида 91 минг бегуноҳ инсон ҳалок бўлган. Уларнинг аксарияти болалар, аёллар ва қариялардир.
Минг афсуски, айрим манфаатдор кучлар томонидан террор тушунчасини тинчлик ва инсонпарварлик дини бўлган ислом билан ёнма-ён қўйиш, зўравонликни фақат исломга боғлаш орқали 1,6 миллиардлик дунё мусулмонларига нисбатан салбий кайфиятни шакллантириш, исломофобияни кенг ёйишга ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса жаҳоннинг турли минтақаларида этно-конфессионал зиддиятлар вужудга келиши, янгидан-янги низо ўчоқлари пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Терроризмни нафақат ислом, балки христианлик, яҳудийлик каби бошқа динлар билан боғлаш ҳам асло мумкин эмас. Бинобарин, барча илоҳий таълимотлар асосида инсонни улуғлаш, унга муносиб иззат-ҳурмат кўрсатиш ғоялари ётади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида ушбу долзарб масалага алоҳида эътибор қаратиб: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, – дея таъкидлаган эди.
Бундай адолатли ёндашув халқаро доираларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2017 йил 21 декабрдаги 2396-сонли резолюциясида: “Терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак”, деб қайд этилди.
БМТ томонидан 2018 йил 12 декабр куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилинди ва жаҳоннинг етакчи давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашдаги аҳамиятини қуйидаги жиҳатларда кўриш мумкин:
Биринчидан, резолюция Ўзбекистон Президентининг диний-маърифий соҳага оид ташаббуслари нафақат халқимиз, балки халқаро жамоатчилик томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси – буларнинг барчаси халқаро даражадаги йирик лойиҳалардир. Ушбу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, илм-маърифат, маданият замини бўлган Ўзбекистондан маърифий ислом ғоялари тарқалиши, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик таълимотларини ёйиш бўйича Мовароуннаҳрда шаклланган тарихий мактаблар анъанасининг давом этиши “Жаҳолатга қарши – маърифат” билан курашишнинг энг самарали ечими бўлади.
Иккинчидан, “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунё жамоатчилигини безовта қилаётган терроризм, экстремизм, зўравонлик, муросасизлик каби бугунги куннинг ўткир муаммоларига ечим сифатида илм-маърифат, ўзгаларга адолатли ва бағрикенг ёндашув ҳамда тинчликпарвар сиёсатни тарғиб қилади.
Жаҳоннинг етакчи эксперт ва илмий доира вакиллари таъкидлаётганидек, хавфсизликка таҳдидларни куч ишлатиш йўли билангина ҳал этиш усули бугунги кунда кутилган натижани бермаяпти.
Дунё бўйлаб экстремистик ташкилотларнинг 38 йиллик фаолияти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, радикал гуруҳлар фаолиятининг 7 фоизи қуролли аралашув натижасида тўхтатилган бўлса, уларнинг 40 фоизи тинч йўл билан – сиёсий музокаралар ўтказиш воситасида барҳам топган.
Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш, Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор тараққиётни қўллаб-қувватлаш борасидаги таклиф ва ташаббуслари ҳам мазкур ғояни ўзида ифода этади.
Учинчидан, ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат.
АҚШнинг Иқтисодиёт ва тинчлик институти хулосаларига кўра, зўравон терроризмнинг олдини олиш, тинчликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири бу – таълимга йўналтирилган инвестиция ҳисобланади. Айниқса, мусулмон дунёсида фан-таълим тизимига катта эътибор қаратиш, соҳага замонавий, илғор тажрибаларни жорий этиш, ёшларни бугунги ҳаёт талабларига мос тарзда ўқитиш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тўртинчидан, ушбу резолюция жамиятда барқарор маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шарти сифатида дини ва эътиқодий қарашлари турлича бўлган инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш қадриятларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни илгари суради.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки давридан бошлаб мамлакатда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик каби ғояларни тарғиб этишни, ўзбек халқи ва жаҳон ҳамжамиятини шу эзгу мақсад, яъни тинчлик, адолат, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат ғоялари атрофида бирлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ҳамда унинг қонуний асосини ҳам яратишда муҳим қадамлар ташлади. Бош қомуси, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ва бошқа қарор ва фармонлар орқали диний маърифий соҳа ва диний ташкилот ва унинг ходимлари фаолияти ҳамда уларни ташкил этишда ўз тажрибаси ва йўналишига эга бўлди. Чунки ҳозирги глобаллашув жараёнида диний ва миллий қарама-қаршиликлар, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда ғоявий курашлар авж олаётган бир вақтда ўз йўли ва мақсадиниианиқ белгилаб олиш ҳамда унга тегишли ҳуқуқий ва маънавий-маърифий манбаларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг бу борадаги белгилаган ҳуқуқий ҳужжатлари ва унинг маърифий асоси жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.
Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев