islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сафарда намозларни машинада ўқиш мумкинми?

❓CАВОЛ: Мен ишим юзасидан сафарда кўп бўламан. Намоз пайти бўлганда, машинада ўтирган ҳолатимда намозларимни ўқиб оламан. Чунки, машинадан тушиб намозларни адо этадиган бўлсам, вақт кўп кетиб қолади. Шу ишим тўғрими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мусофир киши беш вақт фарз ва витр намозини енгил машина ёки юк уловларида узрсиз ўтириб ўқиши жоиз эмас. Сабаби, бундай намоз ўқилганда намознинг тик туриш, руку, сажда каби фарз амалларини ерга тушиб бажаришга қодир бўла туриб бажармаган ҳисобланади. Натижада, ўқилган намоз дуруст бўлмасдан қолади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:

كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يُصَلِّي فِى السَّفَرِ عَلَى رَاحِلَتِهِ حَيْثُ تَوَجَّهَتْ بِهِ يُومِئُ إِيمَاءً صَلاَةَ اللَّيْلِ، إِلاَّ الْفَرَائِضَ (رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)

яъни: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам сафар пайтида уловлари қаерга қараб кетишидан қатъий назар фарзлардан бошқа намозларни имо-ишора билан улов устида ўқир эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

“Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя” китобида шундай дейилган:

عند الحنفية ما يعتبر واجبا عندهم من غير الفريضة كالوتر لا يجوز على الراحلة بدون عذر وكذلك سجدة التلاوة

яъни: “Ҳанафийларнинг наздида фарздан бошқа вожиб амаллар ҳам бор. Масалан, витр намози. Витр намозини узрсиз улов устида ўқиш жоиз эмас. Шунингдек, тиловат саждасини ҳам улов устида адо қилиш жоиз эмас”.

Уламоларимиз юқоридаги маълумотларга суяниб, фарз ва вожиб ҳамда жаноза намозларини енгил ёки юк автоуловларида узрсиз ўтириб ўқиш дуруст эмас дейдилар. Фиқҳий китобларимизда қуйидаги узрли ҳолатларда сафарда фарз намозларни уловда ўқиш мумкин экани айтиб ўтилган:

1. Уловдан тушса, ер лой ёки сув бўлиб, ерда намоз ўқишга умуман шароит бўлмаса;

2. Уловдан тушса, ўзига, молига ёки уловига йиртқич, ўғри ёхуд душман томонидан тажовуз қилиши хавфи бўлса;

3. Уловдан тушса, беморлиги зиёда бўлса ёки кексалиги сабабли уловга қайта минишида қаттиқ машаққат юзага келса (Манба: “Муҳит” ва “Фатавои Ҳиндийя” китоблари).

Демак, фарз ва вожиб намозларини юқорида зикр қилинган узрлардан бири топилса, мусофир киши машинада ўтириб, имо-ишора қилиб адо қилиши мумкин. Узр сабабли улов устида ўқилган намозни узр кетгандан кейин қайта ўқилмайди. “Хулосатул фатаво” китобида фарз ва вожиб намозларни узр сабабли уловда ўқиётган киши имкон бўлса, албатта, қиблага юзланиб ўқийди. Мабодо, қиблага юзланишнинг имкони бўлмаса улов кетаётган тарафга қараб намозини адо этиши мумкин дейилган. Аммо узрлардан бири топилмасдан туриб машинада ўтириб фарз ва вожиб намозларини ўқилса намоз дуруст бўлмайди.

Шунингдек, мусофир киши сафари давомида фақат нафл намозларни барча авто улов турларида, хоҳ у енгил ёки юк машина бўлсин, хоҳ сувда юрувчи ёки ҳавода учувчи восита бўлсин, ўтириб, имо-ишора қилиб ўқишига шариатимиз рухсат беради. Бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтадилар:

أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي التَّطَوُّعَ وَهُوَ رَاكِبٌ فِي غَيْرِ الْقِبْلَةِ (رواه الإمام البخاري عَن جَابِرَ بْنَ عَبْدِ اللَّهِ رضي الله عنهما)

яъни: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозларини улов минган ҳолатларида қиблага йўналмасдан ҳам ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

Нафл намозларини улов устида ўқиш ҳақида “Ал-Мавсуъатул фиқҳийя ал-Кувайтийя” китобида шундай дейилган:

اتفق الفقهاء على أنه يجوز للمسافر صلاة النفل على الراحلة حيثما توجهت به

яъни: “Мусофир киши нафл намозларни улов қайси тарафга қараб кетишидан қатъий назар улов устида ўқиши жоиз эканига уламолар иттифоқ қилганлар”.

“Ҳидоя” китобида фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторига киради дейилган. Лекин, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқиш афзал, чунки у бошқаларига нисбатан таъкидлироқ деганлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

177160cookie-checkСафарда намозларни машинада ўқиш мумкинми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: