Уммат “Саҳиҳайн”ни розилик ила қабул қилишлари маъноси
Уламолар икки саҳиҳ китобни розилик ила қабул қилиш маъносини баён қилишда ихтилоф қилиб бир неча фикр билдирганлар. Шайхимиз Баҳрул улум ҳафизаҳуллоҳ бунинг тафсилотини қуйидагича айтиб ўтганлар :
Биринчиси: Баъзилар айтади: Уммат икки саҳиҳ китобни розилик ила қабул қилганликларининг маъноси иккисининг мазмунига амал қилишга ижмо қилганликларидир.
Иккинчиси: Баъзилар айтади: Розилик ила қабул қилишдан мақсад уммат бу иккисида келган ҳадисларга амал қилишни вожиблигига ижмо қилганликларидир. Яъни бу иккисидаги ҳадисга амал қилиш билан бўйинсунамиз, деганлар.
Бундан қатъий ва яқиний илмни ифода этиши келиб чиқмайди. Чунки уммат оҳод хабарларда мақбул ҳадис шартлари жамланса, унга амал қилиш вожиблигига ижмо қилган. У хабар истеълоҳий саҳиҳ ёҳуд ҳасан бўлиши мумкин. Бундай хабарлар эса зонни ифода этади. Демак, “Саҳиҳайн”нинг ҳадислари ҳам зонни ифода этади. Яъни, амал қилиш вожиблигига ижмо қилинганлиги истеълоҳдаги саҳиҳликни лозим тутмайди. Зеро саҳиҳга амал қилиш вожиб бўлганидек ҳасан ҳадисга ҳам амал қилиш вожиб.
Учинчиси: Уммат қабул қилганининг маноси улар икки саҳиҳ китобдаги ҳадисларни истеълоҳий саҳиҳлигига ижмо қилганлигидир. Яъни “Саҳиҳайн”даги ҳадислар жумҳурнинг наздида эътиборга олинган шартларни тўлиқ қамраган деганидир. Бу эса ҳадислар Набий алайҳиссаломдан содир этилганлигига кучли зонни ифода этади.
Тўртинчиси: Баъзилар айтади: Уммат қабул қилишидан мақсад, “Саҳиҳайн”даги ҳадис ҳақиқатда саҳиҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит эканига ижмо қилинмоғидир.
Баҳрул улум Абдулалий Муҳаммад ибн Низомуддин Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Фаватиҳур роҳамут” китобида айтади: “Саҳиҳайнда ривоят қилинган ҳадислар Набий алайҳиссаломдан собит деган гапга келсак, бунга асло ижмо йўқ. Икки саҳиҳ китобда келган ҳадисларнинг бир овоздан саҳиҳлигига ижмо бўлмагандан кейин қандай қилиб у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эканига ижмо бўлсин. Икки саҳиҳ китобнинг ровийларини ичида қадарий ва бошқа аҳли бидъатлар бор. Аҳли бидъатларни ривоятини қабул қилишда ихтилоф қилинган. Қандай қилиб қадарийлардан ривоят қилинган ҳадисларни саҳиҳлигига ижмо бўлиши мумкин” .
Бешинчиси: Баъзилар айтади: “Уммат икки саҳиҳ китобнинг ҳадисларини розилик ила қабул қилишларидан мақсад, бу иккисида келган ҳадислар бошқа ҳадис китобларда келган ҳадислардан кўра саҳиҳроқ эканига ижмо қилганликларидир. Чунки “Саҳиҳайн”нинг муаллифлари улуғ, саҳиҳларни келтириш борасида муқаддам, саҳиҳларни саҳиҳ бўлмаганидан фарқлашда алоҳида ажралиб турганлар. Ўзларининг китобларида саҳиҳликка кучли эътибор қаратганлар. Бу иккиси лозим тутган гапга уламолар ҳам тўлиқ шоҳид бўлганлар. Лекин баъзи жойларда эътирозлар ҳам бор. Шундай бўлсада, уларнинг кўпидан жавоб ҳам берилган. Шунинг учун ҳасан ҳадислар Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳнинг китобларида камроқ. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг китобида унданда кам” .
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси А.Ғиёсов