Тошкент ислом институтида илмий салоҳиятни ошириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Институт ўқитувчиларининг илмий тадқиқот қилишлари ҳамда докторлик илмий даражаларига эга бўлишига кўмаклашиш учун 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Илмий ишлар ва фан бўйича проректор лавозими ҳамда Илмий бўлим ташкил этилди.
Шу каби ижобий ишлар самараси ўлароқ институтнинг илмий салоҳияти ошиб бормоқда. Жумладан, 2020 йил декабрь ойида Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Абдуманнон Исматуллаев Қуръоншунослик ва Ҳадисшунослик йўналиши бўйича илмий ишини ҳимоя қилиб докторлик даражасига эга бўлди. Яна бир нечта ўқитувчилар мустақил тадқиқотчи сифатида докторлик диссертацияларини ёқлаш арафасида бўлса, бу йил 4 нафар ўқитувчи Ўзбекистон ислом академиясига докторантура босқичига ўқишга кирди.
Ўқитувчиларнинг илмий ишларини жадаллаштириш, манбаа ва адабиётлардан самарали фойдаланиш кўникмасини шакллантириш мақсадида бугун, 19 январь куни Илмий бўлим томонидан мастер-класс ташкил этилди. Бўлим ходими О.Тангиров ҳамроҳлигида бир нечта ўқитувчилар Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташриф буюриб, кутубхонанинг илмий тадқиқот олиб бориш билан боғлиқ бўлимлари билан танишдилар. У ерда керакли манбаларни картатекалардан топиш, фойдаланишга буюртма бериш, электрон базадан китобларни излаб топиш каби жараёнларни амалий ўргандилар.
Институт ўқитувчилари “Алишер Навоий” адабий мерослар зали, “Илм” диссертациялар зали, “Нодир” ноёб манбалар зали ва “Жаҳон” хорижий адабиёт залида бўлиб, манба ва адабиётлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 20 февралдаги № УП-3029 рақамли “Илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони 2002 йил 12 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш ҳақида”ги №123 Қарорига мувофиқ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (2002 йил 12 апрелгача Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси) “Миллий” мақомини олди.
Кутубхона 1870 йили май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган. Фондини ташкил қилишга халқ маорифи вазирлиги, Фанлар Академияси, Оммавий кутубхона, География жамияти, Россия бош штаби ҳамкорлик кўрсатиб, ўз фондларидан совға қилишган. 1870 йил май ойида 2200 томдан (1200 номдаги) ортиқ адабиётлар йиғилиб, кутубхона фондининг асоси яратилди.
2002 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ кутубхонанинг мақоми – миллий ва хорижий адабиётларнинг асосий давлат хазинаси, кутубхонашунослик, библиографияшунослик, китобшунослик соҳасидаги илмий-тадқиқот, методик ишларни олиб борувчи ва муфофиқлаштирувчи илмий марказ этиб белгиланди.
Кутубхона тарихидаги кейинги босқич Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – “Маърифат маркази”нинг бунёд этилиб, ундан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди.
Халқимизнинг илмий, тарихий, маданий ва маърифий меросини авайлаб асраш, унинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини янада кенгроқ намойиш этиш, аждодларимиз яратган бетакорор асарлар, қўлёзмалар ҳамда ноёб нашрлар келажак авлодга етказиш, уларни авайлаб асраш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 9 августда “Нодир, алоҳида қимматли ва ноёб нашрлар сақланишини таъминлаш, уларнинг фондини тизимли кўпайтириш ва бойитиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сон қарорини қабул қилиниши бошланган ишларни давлат миқиёсида ташкил этиш имконини яратди.
ТИИ Матбуот хизмати